Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 77 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


ЭЛ РОЗИ БЎЛСА – ЖАМИЯТ РАВНАҚ ТОПАДИ

×

 2017-07-10 10:58:15    105

PDF юклаш
Чоп этиш


Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси вилоятимиз аҳолиси билан юзма-юз мулоқотларда бўлди


Маълумки, 2016 йилнинг 23 декабридан эътиборан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонаси ишга тушди. Аниқроғи, “Pm.gov.uz” Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига айлантирилди.

Виртуал қабулхонага келиб тушган мурожаатлар, халқнинг йиғилиб қолган муаммоларини инобатга олган ҳолда, Президентимиз кириб келган 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилди.

Жонли, очиқ мулоқотлар, юзма-юз учрашувлар, самимий суҳбатлар, аниқ таклифлар. Инсон манфаатлари олий қадрият саналган, кишиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинадиган юртимизнинг ҳар бир ҳудудида бўлиб ўтаётган сайёр қабулларда одамларни қийнаб келаётган турли муаммоларга ечим топилмоқда.

 Халқ билан мулоқот одамлар орасига кириш, ҳамюртларимизнинг муаммоларини тинглаш, кишилар манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш демакдир. Мулоқот ва манфаат тушунчаси эса  халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойилга асосланиши билан аҳамиятлидир.

Халқ билан мулоқот қилиш мақсадида жорий йилнинг 6-7 июль кунлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси Турсинхон Худайбергенов бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи аъзолари Президентимиз номидан вилоятимизда сайёр қабуллар ўтказдилар.

6 июль куни Фарғона туманидаги сўлим маскан – “Чинор таги” истироҳат боғида бошланган сайёр қабулда Марғилон ва Қувасой шаҳри, Фарғона, Тошлоқ, Қува туманлари аҳолиси билан учрашув ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари, жиноят ишлари бўйича ҳайъат судьяси Х.Ёдгоров, О.Ҳайитов, Бош прокурор ўринбосари Э.Йўлдошев, Ички ишлар вазирининг ўринбосари А.Мирзаев, Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Тергов Департаменти бошлиғининг ўринбосари А.Алламурадов, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш Бош бошқарма бошлиғининг ўринбосари Ф.Турсунов, Соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Д.Камилова, Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г.Маърупова ва бошқа вазирлик, қўмиталари раҳбарияти иштирокидаги самимий мулоқотларда жисмоний ҳамда юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғридан-тўғри тингланди.

Сайёр қабулларда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев, вилоят ҳокими ўринбосарлари, бошқарма, корхона, ташкилот раҳбарлари, жойлардаги халқ қабулхоналари мудирлари ҳам иштирок этдилар.  

Аҳолидан энг кўп тушаётган мурожаатлар уй-жой таъминоти, иш билан таъминлаш, саломатликни тиклаш, кредит олиш, суд масалалари, фуқаролик боғлиқ муаммолар, пенсия, алимент ва нафақа юзасидан бўлаётганлигини кузатиш мумкин. Соя-салқин масканнинг турли жойларида йўналишларга бўлинган ҳолда олиб борилган сайёр қабулда 60 нафардан зиёд юртдошларимиз билан мулоқот олиб борилди.

Қува туманидаги “Дўстлик” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Ёрқиной Турдалиева ҳам сайёр қабулда мутахассислардан ўз мурожаатига ижобий жавоб олди. Унинг 13 ёшли ногирон фарзандини таълим муассасасига жойлаштириш масаласи ечимини топди.

– Қизим билим олишга интилади, ҳунарли бўлишни жуда хоҳлайди. Уни ўқитиш учун махсус мактаб-интернатларга кўп қатнадим, – дейди биз билан суҳбатда Ёрқиной Турдалиева. – Афсуски, бу мақсадим айрим сабаблар билан амалга ошмай қолган эди. Ҳозирги қабулдан хурсанд бўлиб қайтяпман. Чунки пойтахтдаги махсус мактабда таълим олиши учун қизимга вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан йўлланма берилди.

– Бизнинг маҳалламизда истиқомат қилувчи Татъяна Кравченко шаҳримиздаги халқ қабулхонасига мурожаат қилган эди, – дейди Қувасой шаҳар “Зийнат” МФЙ раиси Ҳалима Алиева. – У ўз мурожаатида Москва вилоятида ишлаётган қизи Элвира Ҳайрутдинованинг Ўзбекистонга қайтариш учун моддий ёрдам сўраган. Мулоқотда унинг илтимоси ижобий ҳал этилиб, ҳокимлик, маҳалланинг ҳомийлигида фуқаромиз Ватанимизга, оиласи ва фарзандлари бағрига қайтади!

Мухлиса Ҳошимова 1993 йилда Марғилон шаҳрида туғилган. Болалигида қаровсиз қолган қиз шаҳардаги 1-сонли “Меҳрибонлик уйи”да тарбияланган. Шу ерда тарбияланган йигит билан оила қуриб, фарзандли бўлишган. У бугун шу муассасада меҳнат қиляпти. М.Ҳошимова сайёр қабулда уй-жой масаласи билан мутасаддиларга юзланганди, унга ҳам арзон турар-жойлардан бири ажратиладиган бўлди.

Бугун мамлакатимизда юртимга нафим тегсин, деган одам кам бўлмаяпти. Тадбиркорларнинг турли муаммолари ҳал этилмоқда. Айниқса, сармоя ва иш самарадорлигини ошириш борасида ишбилармонларимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётир.

 Қабулда айни шу йўналишдаги мурожаатлар ҳам кўриб чиқилди. Марғилонлик Абдупаттоҳ Нурматов етакчилик қилаётган “Зиё боқий барака” корхонасида 2014 йилдан буён трикотаж маҳсулотлари тўқилиб, улардан сифатли маҳсулотлар тайёрланмоқда. 87 нафар ишчи фаолият олиб бораётган корхона маҳсулотлари Россия ва бошқа хориж мамлакатларига экспорт қилиняпти. Тадбиркор ўз фаолиятини янада кенгайтириш учун қўшимча жой масаласи кўпдан буён ҳал бўлмаётганлигини таъкидлади. Унинг муаммоси ҳам ўз ўрнида ечим топгани эса шу кунги сайёр қабулнинг натижасидир.

– Шаҳар ҳокимлиги ва яна бир қанча ташкилотларга бу масала бўйича кўп марта мурожаат этган бўлсам-да, ижобий жавоб ололмаётгандим,  – дейди тадбиркор А.Нурматов. – Мана, Марғилон шаҳрида ташкилланаётган кичик саноат зонасидан бизнинг корхона учун ҳам ниҳоят, жой ажратиладиган бўлди. Бу лойиҳам орқали 400 та бўш иш ўрни яратишни мақсад қилганман. Шаҳримиз ва вилоятимиз иқтисодий тараққиётини юксалтиришга ўз ҳиссамни қўшмоқчиман.

– Укам Маъмуржон Олимовда ўтган йили саратон ташхиси аниқланди. Вилоят онкология диспансерида ҳам уни даволашнинг имкони йўқлигини айтишди, – дейди Қува туманидан келган яна бир юртдошимиз Сабохон Олимова. – Бугунги қабулда республика тиббиёт тизими вакиллари томонидан берилган маслаҳат ва амалий ёрдам туфайли мамнун бўлиб қайтяпман. Укамни пойтахтда жарроҳлик йўли орқали даволаниши мумкинлигини таъкидлашди. Бундай самимий, оддий мулоқот учун, ғаму ташвишларимизни бемалол тўкиб-солишга имконият яратиб бергани учун Президентимизга раҳмат айтаман.

– Неварам Абдусалом Маҳаммадалиев 9 ёшда. Унинг бошидаги нейрофиброматоз ўсимтасини даволаш учун кўп югурганмиз. Вилоят мутахассислари кўрувидан сўнг республика онкология марказида жарроҳлик амалиёти ўтказиладиган бўлди. Неварам ҳам дарддан халос бўлиб, соғлом болалар қатори қўшилишини хоҳлайман ва бу савобли ишга ҳисса қўшаётганларнинг барчасидан миннатдорман, – дейди мамнуният билан марғилонлик Маҳаммаджон Мирзаев.

Фуқароликка қабул қилиш, ҳорижга чиқиш, визаларни расмийлаштириш масалалари бўйича ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Хусусан, қабулда иштирок этган ҳудудлар аҳолиси ҳаётида ҳам шу билан боғлиқ муаммолар учраб туради. Қувасой шаҳар, Найман МФЙда истиқомат қилувчи Замира Буркашеванинг ҳам ана шу йўналишдаги мурожаати эътиборсиз қолмади.    

Жойларнинг ўзида бошқармалар раҳбарлари, масъул мутасаддилар иштирокида муаммоларга ечим топилиб, уни бажариш муддати белгиланганлиги фуқароларда давлатимизга нисбатан уларнинг ишончини янада мустаҳкамламоқда. Юртдошларимиз эса ҳеч бир мурожаат эътибордан четда эмаслигини дилдан ҳис этяптилар.

–  Халқ қабулхоналарига келаётганларнинг кети узилмайди. Бу ҳолат одамларда муаммоларнинг кўпаяётганлигидан эмас, балки давлатга нисбатан халқнинг ишончи ортиб бораётганидан, улар билан самимий мулоқот шаклланаётганидан дарак беради, – дейди Давлат тест маркази бўлим бошлиғи Зафарбек Олимбеков. – Мурожаатлар орасида олий таълим тизимига оид ариза ва шикоятлар ҳам анчагина. Хориждаги олий таълим муассаси томонидан берилган ҳужжатлар эквивалентлигини тасдиқлаш, ана шу тарзда олинган дипломларни ностерификация қилиш ва шу каби бошқа масалаларда 12 нафар фуқаро билан суҳбатлашдик. Уларга мурожаатларнинг қонуний тартибда қандай ҳал этилиши ҳақида айтиб, тегишли тавсия ва маълумотларни бердик.

Фуқароларнинг ўз дардини очиқ-ойдин баён эта олиши демократияга асосланган давлатнинг бош тамойили саналади. Халқнинг дардидан хабардор бўлиб туриш, яхши биламизки, мамлакат ҳаётидаги барқарорликни таъминлайдиган ҳамда халқнинг ҳукуматга ва юртнинг эртанги кунига ишончини мустаҳкамлайдиган муҳим омилдир.

Бу каби учрашувларда, мулоқотларда халқнинг кўнглида гаплар кўпдан йиғилиб қолганига қайта-қайта амин бўляпмиз. Халқ қабулхоналарига ва сайёр қабулларга келаётганларнинг кўпчилиги чиндан ҳам асосли шикоят ва талаблар билан мурожаат қилади. Лекин баъзан улар орасида ноўрин талаблар, пуч даъволар билан келаётганлар ҳам йўқ эмас. Афсуски, шундай мурожаат қилувчилар ҳам борки, уларнинг талабларини қонун кўтармайди. Шундай бўлса-да, халқ қабулхоналарида ва сайёр қабулларда  уларнинг талаблари амалга ошиши мумкинлиги тушунтирилмоқда, зарур маслаҳатлар бериляпти. Фуқароларга янги қабул қилинган қонунлар, қарор ва фармонлар мазмун-моҳияти ҳам тушунтириб берилмоқда.

Ха, узоқни кўзлаган халқнинг қалбида ғайрат ва шижоат ҳам шунга яраша юксак ва улуғвор бўлади. Мамлакатимизда кечаётган бугунги шиддатли жараён, қўлга киритилаётган муваффақиятлар буюк келажагимиз сари янги уфқларни очмоқда.

***

Сайёр қабуллар куннинг иккинчи қисмида вилоят Тадбиркорлар марказида давом этди. Уни олиб борган Президент Девони Шўъба мудири Улуғбек Муҳаммедов мамлакатимизнинг 93 та шаҳар ва туманларида 110 та шу каби сайёр қабуллар ўтказигани, 10 мингдан зиёд фуқаролар билан юзма-юз учрашиб ташкил этилиб, улардан 7 мингдан зиёдининг муаммолари ижобий ҳал қилинаётганлигини айтиб ўтди. Бироқ, мурожжатлар асосли, қонуний бўлиши лозимлигини таъкидлади.

МЕҲНАТГА ЯРОҚСИЗ, УЙГА ЭҲТИЁЖМАНД НОГИРОНЛАРГА ПРЕЗИДЕНТИМИЗ ТОМОНИДАН АЛОҲИДА ИМТИЁЗ ЯРАТИЛДИ

Республика ишчи гуруҳлари ва вилоятимиз вакиллари биргаликда ўрганишлар асосида, уй-жойга ўта муҳтож бўлган  27 нафар ногирон  хотин-қизларга янги қурилаётган уйлардан турар-жой ажратишга қарор қилинди ва дастлабки тўловлари учун уларнинг шароитига қараб 10 миллион сўмдан 18 миллион сўмгача Президент маблағлари ажратиб берилди. 

Юқоридаги аёлларнинг махсус кийимлар, этаклар, қўлқоплар, чойшаблар тикиб, касаначилик қилишлари учун барча шароит яратиб берилди. Уларга сайёр қабулда тикув машинаси ва ногиронлик аравачалари топширилди.

Аксарият юртдошларимизнинг жисмоний имконият чекланганига қарамасдан, ўз меҳнати ва ишбилармонлиги билан бошқаларга бемалол намуна бўла олади.

Масалан, Марғилон шаҳрининг “Ёвқочар” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Соҳибахон Шаропованинг тикувчилик маҳоратини барчага ибрат қилиб кўрсатса арзийди. Унинг 3 сотихли хонадонида 7 нафар киши яшайди. Оилавий шароити, турмуш тарзи ўрганилгандан сўнг С.Шаропова Президентимиз томонидан ажратилган молиявий маблағ орқали янги уй-жойга эга бўлди. Шаҳарнинг “Ипак йўли” маҳалласида яшовчи Фотимахон Муқимова ҳам худди шундай имтиёзга лойиқ деб топилди.

– Ўзим иккинчи гуруҳ ногирониман. 7 сотихли хонадонимизда 4 та оила – 20 нафар киши истиқомат қиламиз. Мендан ташқари ҳам ногирон ва меҳнатга лаёқатсиз яқинларим бор. Шу сабабли тикувчиликни йўлга қўйганмиз. Президентимиз томонидан ажратиб берилаётган уй-жойлардан бизга ҳам насиб этганидан ғоятда шодман, – дейди опа қувонч билан.

Ана шундай самимий миннатдорчиликларни Ёзёвон туманилик Ферузахон Ҳамролиева, Зулфияхон Холматова, Отабек Нурматов, Тошлоқ туманидан Дилафруз Қамбарова, Мавлуда Мамасидиқовалар ҳам изҳор этдилар.

– Юртбошимизга раҳмат, фаолиятимни ривожлантиришим учун бугун менга тикув машинаси туҳфа қилинди, – дейди қувасойлик Моҳигул Эрматова. – Кўп йиллардан бери парда ва либослар тикиб келаман. Бу юмушда синглим менга яқин кўмакчи. Бундай эътибор ва ғамхўрликлардан сўнг юртимиз тараққиёти йўлида янада кўпроқ изланиб, меҳнат қилишни ўз олдимга мақсад қилиб қўйдим.

         Қувасой шаҳрининг “Ҳувайдо” маҳалласида яшовчи иккинчи гуруҳ ногирони Мастурахон Юсуфжонова ҳам қувонч кўз ёшларини яширолмай шундай дейди:

– Очиғи, оилавий шароитимиз оғирлиги, ташвишлар сабаб ҳаётдан умидимни узиб қўйгандим. Халқимиз манфаати йўлида шунча ишлар амалга оширилаётганини ҳис қилиб, ҳаётий қарашларим умуман ижобий томонга ўзгарди. Бизга уй-жой ажратиб берилди, тикув машинасига ҳам эга бўлдим. Ҳаммаси учун раҳмат. Ватанимиз бундан ҳам гуллаб-яшнайверсин!  

Ёзёвон туманида “Гастон” МФЙ, “Оромгоҳ” кўчаси, 52-хонадонда истиқомат қилувчи Зулфия Холматова 2-гуруҳ, турмуш ўртоғи Отабек Нурматов эса 1-гуруҳ ногирони. Юқоридаги хонадонда уч оила бирга яшайди. Ёзёвонлик тикувчи З.Холматовага арзон уй-жойлар ажратилиб, унинг бошланғич тўлови учун 10 миллион тушириб берилди.

Гавҳарой Сайдалиева қўштепалик. У “Халқабод” МФЙга қарашли 22-хонадон соҳибаси, 3-гуруҳ ногирони. Аммо олма пиш, оғзимга туш, дейдиганлардан эмас. Чеварчилик қилади, эркак ва аёллар либослари учун тинмай буюртмалар олади. Уч фарзанднинг онаси бўлган хонадон соҳибаси бугунги кунда пахта теришга мўлжалланган этакларни тикмоқда. Турмуш ўртоғи 1-гуруҳ ногирони, қайноғаси ҳам меҳнатга лаёқатсиз, қайнонаси бир жойда ётади. Нолишни ёмон кўрадиган, боқимандаликни ҳавас қилмайдиган бу аёлнинг яшаш шароити вилоят, Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганилиб, унга ҳам турар-жой учун бошланғич тўлов шакллантирилди, тикув машинаси ҳадя этилди.

Сўхнинг “Демурсад” маҳалла фуқаролар йиғини, “Табобат” кўчасида кўзи ожизгина 1-гуруҳ ногирони Орастахон Қурбонова яшайди. Турмушидан ажралгани учун анчадан бери 2 нафар фарзанди билан укасининг хонадонида туради.

– Чекка бир қишлоқдаги мендек бир аёлнинг ҳолидан хабар олиниб, уй-жой ажратилиши кўнглимни тоғ қадар кўтарди, – дейди Орастахон ним табассум билан. – Укамнинг уйида бир неча йилдан буён яшаб келмоқдаман. Лекин у ҳам ўғилларини уйлаши учун мен уйни бўшатишим керак эди. Катта муаммом ҳал бўлди, Юртбошимизга қандоқ миннатдорчиликни билдиришни билолмай, ҳаяжондаман. Ҳаммаси учун раҳмат!

Йиллар давомида ҳамиша ижарада яшаб келган, 2-гуруҳ ногирони Умидахон Тожибоеванинг сабри ва матонатига қойил қолса бўлади. Икки фарзандни оқ ювиб, оқ тараган, 2-гуруҳ ногирони бўлган турмуш ўртоғи Рустам Тожибоевни доимо меҳр билан парваришлаган бу аёл ҳеч бекор турмайди. Пишириқ пиширади, невараларига ҳам тарбия беради. Арзон турар-жойлар учун бошланғич тўловнинг унга ҳам шакллантирилиб берилиши одамларни рози қилиб яшаш пировард мақсадимиз деган тушунчанинг амалдаги ифодасидир.

Шундан сўнг халқ қабулхонаси ва Президентнинг виртуал қабулхонасига мурожаат этган фуқаролар турли йўналишлар бўйича мутасадди вазирликлар раҳбарлари билан учрашдилар.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Мажбурий ижро бюроси, Марказий банк департаменти, Олий ва ўрта махсус таълими, Халқ таълими вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, “Ўзбекэенрго” АЖ, “ЖМ Узбекистан”, “Маҳалла фонди, “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси бошқармаларининг мансабдор шахслари томонидан аризалар ўрганилиб, юртдошларимиз мурожаатларига шу ернинг ўзида ечим топилаётганлиги уларни хурсанд қилмоқда.

–  Анчадан бери фирибгарлар қўлига ўтиб қолган уйимни қайтариб ололмай хунобман, – дейди Фарғона шаҳридаги Шароф Рашидов номли кўчасида истиқомат қилувчи Ўктамхон Абдураҳимова. – Республика Олий суди вакиллари жанжалли бу масала қонун доирасида ўрганилиб, ижобий томонга ҳал бўлишида ёрдам беришди. Адолат қарор топаётганлигидан жудаям суйиняпман, бунинг учун Президентимизга оиламиз номидан ташаккуримни айтаман!

***

7 июль куни Бувайда туманидаги “Нуронийлар боғи”да Учкўприк, Бағдод, Бувайда, Риштон туманлари аҳолиси учун сайёр қабул ўтказилди. Президент Девони Шўъба мудири Улуғбек Муҳаммедов, вазирликлар раҳбар ходимлари, вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев, вилоят ҳокими ўринбосарлари, бошқарма, ташкилот ва корхоналар бошлиқлари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотларда фуқароларнинг мурожаатлари ўрганилди.

– Менинг иш масаласидаги мурожжатим бугунги қабулда ижобий натижа билан якунланди, – дейди севинч билан бағдодлик Латофат Набижонова. – Туман бандликка кўмаклашиш марказига меҳнат инспектори бўлиб ишга жойлашганимдан жудаям хурсандман. Самарали меҳнат қилиб, Ватанимизнинг янада гуллаб-яшнашига бир ёш сифатида ваъда бераман!

Учкўприк туманидаги “Оқ олтин” МФЙда истиқомат қилувчи Олтиной Маҳкамова акция масаласидаги ўз мурожаатига ҳам қониқарли жавоб олди.

***

Ўзбекистон туманидаги “Қайнарбулоқ” дам олиш масканида ўтказилган сайёр қабулда қўқонлик, данғаралик, ўзбекистонлик, бешариқлик, фурқатлик фуқаролар иштирок этдилар.

Бешариқ туманидаги “Бешкапа” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Муҳаммаджон Мадалиев ўз мурожаатида невараси фалаж эканлиги, даволатиш учун маблағи йўқлигини баён этган.

Сайёр қабулда Соғлиқни сақлаш мутасаддилари ва вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарлари ёрдами билан М.Мадалиевнинг аризаси қондирилиб, беморнинг даволаниши учун пойтахтга йўлланма ва моддий маблағ ажратиладиган бўлди.

Қўқонлик Шаҳноза Холмирзаева эса фарзандини мактабгача таълим муассасасига жойлаштиролмай юрган эди. Халқ таълими вазирлиги ходимлари ёрдамида унинг боласи Қўқон шаҳридаги 32-мактабгача таълим муассасасида тарбияланиш имконини қўлга киритди.

Мафтуна Муллажонова ўзи истиқомат қилаётган Қўқон шаҳирдаги “Сарбоз” кўчаси, 16 А-уйда  табиий газдан етишмовчилик бор эканлигини билдириб, халқ қабулхонасига мурожаат қилган. Мутахассислар кўмаги билан алоҳида газ қувури тортилиб, бошқа уйлар сингари Мафтуна яшайдиган кўпқаватли уй ҳам газ билан тўлиқ таъминланишидан мурожаатчи хурсанд.

Ўзбекистон туманидаги Яйпан шаҳарчасида яшовчиси Нигора Шодиеванинг онаси ногирон. Республика ишчи гуруҳи томонидан бу хонадон ўрганилганда, тикув машинаси ва уй-жой учун бошланғич маблағ билан таъминланишга лойиқ деб топилди. Касаначилик асосида уй соҳибалари иш билан таъминланадиган бўлди.

Яна шу тумандан Энапошша Холматова, Данғара туманидан Қундузхон Ғофурова, Бувайда туманидан Муяссар Рўзматова Фурқат туманидан Ёқутхон Ўриновалар ҳам ишчи гуруҳининг энг ночор хонадонлар рўйхатига киритилиб, уй-жой учун аванс, тикув машиналари берилгани уларнинг оилаларига янги ҳаёт бағишлади.

Ҳа, мулоқотлар, сайёр қабулларнинг барчаси аҳолининг давлатимизга бўлган  ишончи ортишига хизмат қилаётганлигини таъкидлаш ўринли. Ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати, унинг тақдири ётганлигини англаш фурсати аллақачон келди!

Бу каби эзгу саъй-ҳаракатлар кишилар манфаатлари таъминланишига, турмушимиз, ҳаётимизнинг сифати ва даражаси ошишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Халқ рози бўлса, жамият равнақ топади деган тушунча қалбимизга сингиб борса, бунга ҳар биримиз амал қилиб яшасак эртага нурли манзилларга бирга борамиз!