Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Mart 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 103 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


Журналист текшируви, Фарғонамизни ёмонотлиқ қилишдан ким манфаатдор?

 2018-03-03 12:48:51    82

PDF юклаш
Чоп этиш


Кейинги пайтларда хорижий ва айрим ўзбек сайтларида Фарғона вилояти борасида турли ёлғон маълумот, фитналар кўп тарқала бошлади. Уларнинг айримлари бўйича ҳақиқий ҳолат аниқланиб, Интернет тармоғи сайтларида қатор рад этувчи чиқишлар қилинди. Жумладан, вилоятнинг Марғилон шаҳридаги реконструкция қилиниб ногиронлиги бор шахслар ва эҳтиёжманд оилаларга берилган хонадонлар борасидаги ozodlik.org сайти тарқатган миш-мишлар ва ҳоказо уйдирмаларнинг ёлғонлиги исботланди. Навбатдаги шундай уйдирмалардан бири Риштон туманидаги марказий бозорнинг бузилиши ва тадбиркорларнинг дўкони учун товон пули тўлаб берилмаётганлиги ҳақида BBCUZBEK.COM сайти тарқатган хабардир. 

Биз, энг аввало, масалага ойдинлик киритиш учун Риштон тумани ҳокимлигига кириб бориб мутасаддилар билан боғландик. Бу ерда туман ҳокимлигининг қурилиш масалалари бўйича бош мутахассиси Фурқатжон Ўринбоев бизни кутиб олди. Унинг айтишича, Бош режа асосида 21 та турар жой, 3 та нотурар жой бузилади. Бузилган объектларнинг майдони қанча бўлса, шунча ер майдони ажратиб берилади ва бузилган дўконлар учун зарар қоплаб берилади. Фақат бу иш комиссия хулосасига кўра бино бузилгандан кейин далолатнома тузилиб амалга оширилади. Чунки бузилган дўконлардан чиққан материаллар ҳам дўкон эгасининг ихтиёрига кўра пулга ҳисоб-китоб қилиниши мумкин. Тўлов миқдори ва компенсация турини белгилаш бўйича 11 кишидан иборат комиссия тузилган. Баҳолаш эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 15 ноябрдаги “Риштон шаҳар Бош режасини амалга ошириш, 2012-2015 йилларда ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1641-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 май кунги № 97-сонли қарори талабларига кўра баҳоланади.

Риштоннинг марказий бозорига йўл оламиз. У ерда бозор маъмурияти ходимлари келгунларича дўконлари бузилишга тушган тадбиркорлар билан суҳбатлашишга ҳаракат қиламиз. Мадаминов Зафаржон, Мамажонов Зафаржон, Абдуҳакимов Абдусаломларнинг бозор реконструкцияси бўйича фикрлари билан қизиқдик. Улар ўз талабларида бузишдан олдин огоҳлантириш хати берилиши кераклиги, бузилган дўкон майдони ўрнига ер берилиш кераклиги, зарар қопланиши кераклигини талаб қилаётганликларини айтишди. Олдиндан билганимизда тайёргарлик кўриб турардик, бу савдомизга таъсир қиляпти, дейишди. Бозорнинг кўча қисмида жойлашган икки қаватли дўконнинг эгасиман деб ўзини таништирган Абдуллаев Билолиддин дўкони бузилишидан норози. Менинг биноимнинг нимаси замонавий эмас, дейди.

Албатта, тинчгина савдо қилаётган жойининг бузилишини ҳеч ким истамайди. Лекин вилоят бўйича қарор асосида барча туманларда деҳқон бозорлари қайта қурилади. Шу шикоят қилувчиларнинг айримларининг дўкони бузилмаётган экан. Билолиддиннинг дўкони эгаси эса бошқа одам экан.

Бу орада етиб келган бозор МЧЖ раҳбари Орифжонов Исломжон ҳеч ким ҳеч нарсага куймаслигини, шунингдек, дўконларнинг кўпи ёнғин хавфсизлиги қоидаларига зид равишда қурилганлиги, машина кириши учун йўл йўқлигини, дўкон эгалари янги қурилган дўконларга акциядор бўлиб киришини тушунтирди. 

-Биноларнинг бузилиш ё қолиши ҳақида яна мутахассис чақирамиз, балки айримлари бузилмас. Аммо уларнинг кўпи ноқонуний қурилган, – дейди Исломжон. – Бозор олдига автомашиналар учун стоянка қурамиз. Худо хоҳласа, 1 сентябрга Мустақиллик байрамига замонавий кўринишдаги бозорни топширмоқчимиз. Дўконлари бузилган тадбиркорлар учун вақтинча жойлар қилиб берганмиз. Бу эса савдонинг тўхтаб қолмаслигини таъминлайди.

Биз туман ҳокими Таваккалжон Раҳимовга ҳам қўнғироқ қилиб ҳолат бўйича ахборот беришини сўрадик.

 -Бузишдан олдин ҳамма тадбиркорларни йиғиб мажлис ўтказиб тушунтириш берганмиз. Қўлларига Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли қарори тарқатиб берилган, - дея изоҳ берди ҳоким ва ҳеч ким мулкига куймаслигини, ҳаммаси қонун доирасида бажарилаётганлигини таъкидлади.
Дарҳақиқат, бу борадаги ишларнинг барчаси давлат раҳбарининг қарори доирасида бажарилмоқда. 2017 йил, 27 март куни имзоланган “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида деҳқон бозорларида хавфсизлик чоралари, хусусан, бино ва иншоотларда ёнғин хавфсизлиги талаблари, санитария қоидалари ва нормалари, гигиена нормативлари тўлиқ инобатга олиниши, автотранспорт воситалари турар жойлари, сотувчилар учун етарли жой бўлиши кераклиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, “республиканинг қишлоқ жойларидаги деҳқон бозорлари ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қурилишига – Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг маблағлари, шаҳарларда эса – тадбиркорлик субъектларининг ўз маблағлари ҳамда тижорат банкларининг кредитлари...молиялаштириш манбалари этиб белгилансин” деб кўрсатилади. Шу билан бирга, қарорда тадбиркорларга ер участкалари ажратилиши ва зарар қопланиши ҳам белгиланган. Демак, ортиқча ваҳимага ўрин йўқ.

Ozodlik.org сайти тарқатган Кичик Ганжиравон қишлоғида ичимлик суви тармоғига уланиш учун аҳолидан 10 миллион сўмдан пул талаб қилинмоқда, деган хабар бўйича Данғара туманига йўл оламиз. Туман ҳокимлигига кириб бориб, вилоят “Сувоқова ДУК” Данғара туман филиали бошлиғи Жаҳонгир Тожибоевни излаб топдик. Ундан ёзилган ҳолат бўйича изоҳ беришини сўраймиз:

- Кичик Ганжиравон қишлоғида деярли ҳамма хонадон сув билан таъминланган. Хатлов ўтказганмиз, аксарияти ҳали кўчиб келмаган 14 та хонадонга сув олиб кирилмаган, холос. Бу ерда 2 та давлат томонидан қурилган, 1 та аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилган қудуқ бор. 2014 йилда Данғара тумани сувоқова ишлаб чиқариш давлат корхонаси бўлган. Биринчидан, мутахассис йўқ бўлган, Давлат дастурига киритишни ҳам билмаган, иккинчидан, у пайтда МЧЖ лар ҳам аҳолига хизмат кўрсатган. Уларнинг фаолиятидан раҳбарият қониқмасдан ДУКка айлантирди. Кейин Вазирлар Маҳкамасининг 306-сонли қарори билан ичимлик сувга эътибор кучайди. Туманда 4 та сектор раҳбарлари ҳудудларда ичимлик суви тортиб беришни йўлга қўймоқда. Аҳоли фақат кўчадан уйига олиб кириш учунгина харажат қилиши мумкин. Хатлов даврида 10 млн.дан йиғиляпти деб айтган одамни учратмадик, бунга аҳолининг ўзи ҳам ҳайрон.

Капитал қурилиш, ободонлаштириш ва коммуникациялар масаласи бўйича туман ҳокими ўринбосари Улуғбек Собировни суҳбатга тортамиз:

- 2016 йилдаги Вазирлар Маҳкамасининг 306-сонли қарори асосида чет эл агентликлари томонидан олиб келинган тармоқлардан ташқари туман бўйича барча ҳудудлар тармоқлаштиришга тортилади, харажат қилинадиган материаллар ҳисобланяпти. Битта қудуқ 300 млн атрофида туради. Давлат дастурига киритилиб, давлат бюджетидан пул ажратилади.Аҳолидан пул йиғиш ҳақда гап бўлгани йўқ, ўзим аҳоли ичида қарор мазмун-моҳиятини тушунтирганман, - дейди у, - биз қудуқнинг магистраль линиясини тортиб берамиз, аҳолини тўлиқ қамраб оламиз. 

Шундан кейин аҳоли билан суҳбатлашиш мақсадида Кичик Ганжиравон сари отланамиз. Бу ерда Катта Ганжиравон ҳамда Кичик Ганжиравон ёнма-ён жойлашган экан. Айни шу икки ҳудуд бошланишида ўрнатилган сув чиқариш қудуғига кўзимиз тушди. Бу ўша аҳоли ҳашар йўли билан ўрнатган қудуқ бўлиб, икки маҳаллани сув билан таъминлар экан. Катта Ганжиравонга қарашли Афросиёб кўчаси, 127-уйда яшовчи Маматқулов Тоҳиржонлар оиласи ичимлик суви тармоғига уланишда бор-йўғи 45 минг сўм пул харажат қилганларини айтишди, бу ишнинг бошида турганларга, айниқса маҳалла оқсоқоли Давлатжон акага миннатдорчиликларини билдиришди.

-Бу кўролмаслик оқибати бўлса керак, холос. Бизнинг ҳеч қандай эътирозимиз йўқ. Бўлмаган гап бу, – дейди Кичик Ганжиравон маҳалласи, Халқобод кўчаси, 114-уйда яшовчи фуқаро Шералиев Исоқжон. – биздан ҳеч ким 10 миллион сўм пул сўрагани йўқ.

Шу кўчада яшовчи исми сир қолишини сўраган аёл эса 2014 йилда аҳоли бир миллиондан пул йиғиб қудуқни туширганини, ҳозир эса сувни бекорга истеъмол қилишларини, фақат ойига 10 минг сўмдан қудуқ ишлаши учун электр энергиясига пул тўлашларини айтди. 

-Бирор киши биздан пул сўрамаган. Ойига 10 минг сўмдан светга пул йиғамиз, аммо шуниям қийналган оилалардан олмаймиз. Кўпинча маҳалла оқсоқоли Давлатжон ака улар учун ўзи тўлаб юборади. – деди Халқобод кўчасида яшовчи Маматалиев Акмалжон. - Қудуқни туширишда ҳам қурби етмаган оилалардан умуман пул олинмаган, аммо ичимлик суви хонадонларига улаб берилган.

Юқоридаги фикрларни маҳалланинг барча аҳолиси тасдиқлади. Кичик Ганжиравонликлар сувни илгари неча километрдан ташиб келиб ичганларини, ҳозир эса шароитлари яхшилангани учун миннатдорликларини, ким ёлғон хабар тарқатди экан дея жуда ғазабдаликларини билдирдилар.

Бундай сохта хабарлардан яна бири ozodlik.org сайти тарқатган Қўқон бозорларида тадбиркорларнинг 8 миллион сўмдан ҳомийлик қилишга мажбурланаётгани ҳақидаги гапдир. Шу постнинг остида қўқонлик савдогарлардан Тоҳиржон Тешабоев ва Жўрабек Ботировлар бу ёлғон, ҳеч қандай унақа гап йўқ деб фикр билдирганлар.

Хориж сайтлари ва айрим миллий сайтларнинг ҳам олиб бораётган фаолияти бизни таажжубга солади. Уларнинг мақсади нима? Аниқроғи, улар Фарғона вилоятини ёмонотлиқ қилиб кўрсатишга кимдандир кўрсатма олганлар (балки моддий рағбат олгандирлар, бунисини Худо билади). Энг ёмони ватан тараққиёти йўлида тинч меҳнат қилаётган кишиларни ишдан қўйиб, асабига тегмоқчи бўлишади, шекилли. Аслида аноним тарзда хабар берган кишининг аниқ манзили, исм-фамилияси кўрсатилмаган хабарларга эътибор қаратишимиз ҳам керак эмас эди. Аммо халқимиз фикрини бузишга интилаётган бундай кимсаларга қимматли вақтимизни кетказиб ўз вақтида жавоб беришимиз ҳам керакка ўхшайди.


Гулбаҳор Саидғаниева