Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 224 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


Бир йил сарҳисоби: Ёшлар – буюк истиқбол бунёдкорлари

×

 2018-07-03 22:59:47    109

PDF юклаш
Чоп этиш


2017 йил 30 июнь –  Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилди ва мазкур сана мамлакатимизда Ёшлар куни деб эълон қилинди.

2017 ЙИЛ, ИЮЛЬ

*2017 йил 5 июль – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ёшларга  оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон  ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди.

*Вилоят Тадбиркорлар марказида давлатимиз раҳбарининг “Ёшларга  оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги Фармони мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга қаратилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди.

Унда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Дилноза Каттахонова иштирок этиб, барчани 10 миллиондан ортиқ ўғил-қизларни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштирадиган янги ташкилот – Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилганлиги билан қутлади.

*Фарғона ҳуқуқшунослик коллежида “Касб-ҳунар коллежи битирувчи қизларининг энг яхши бизнес лойиҳаси” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда 19 та йўналишда 57 нафар иштирокчининг бизнес ғоялари саралаб олинди.

*Ўзбекистон туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 17 спорт тури бўйича бўлимлар ташкил этилди.

*2017 йилнинг 1-8 июль кунлари Таиланднинг Бангкок шаҳрида бокс бўйича ёшлар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида муваффақиятли иштирок этган Ўзбекистон миллий терма жамоасининг фарғоналик аъзолари Билолбек Мирзараҳимов ва Лазизбек Муллажоновлар вилоятда тантанали кутиб олинди. Чемпионларни шарафлашга бағишланган тантанада вилоят ҳокими  Шуҳрат Ғаниев томонидан уларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

*Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши мажлислар залида барча давлат ва нодавлат-нотижорат ташкилотлари раҳбарлари, дахлдор мутасаддилар иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда Ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлашга доир муҳим вазифалар белгилаб олинди.

*Вилоят Таэквандо Федерациясининг 8 нафар спортчилари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг  “Ҳеч нарса мамлакатни спортчалик тез дунёга танита олмайди” лойиҳаси гранти ҳисобидан Германияда ўтказилган халқаро турнирда иштирок этиб, 7 та олтин, 3 та кумуш медалларини қўлга киритишди.

*Қувасой шаҳридаги “Меҳнат – роҳат” болалар оромгоҳида Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими томонидан “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилди.

АВГУСТ

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида 2017 йилнинг 2-3 август кунлари шаҳар ва туманлардаги ёш тадбиркор ва фермерлар билан учрашувлар ташкил қилинди.

*Фарғона шаҳрида “Маҳоратли ишлаб чиқариш таълими устаси ва иқтидорли шогирд” кўрик-танловининг республика босқичи ўтказилди. Унда фарғоналик ёшлар жамоаси ғолиблар қаторидан жой олди.

*Республикамиз бўйлаб ташкил этилган “Ёшлар поезди” тарғибот-тадбирлари 16-17 август кунлари вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида кўтаринки руҳда ўтказилди.

“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида “Ёш оилалар ва қизлар” I республика Форуми ўтказилди. Форум доирасида ёшларнинг тажрибали фермерлар, тадбиркорлар, санъаткорлар, олимлар ҳамда ижодкорлар билан учрашувлари уюштирилди.

*5-10 август кунлари Бешариқ тумани болалар ва ўсмирлар спорт мактабига қарашли “Рапқон” спорт мажмуасида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллигига бағишланган “Биз – буюк юрт фарзандларимиз!” шиори остида анъанавий 15-халқаро турнир ўтказилди. Унда Қирғизистон, Қозоғистон Республикалари ва юртимизнинг барча вилоятларидан 250 нафардан зиёд спортчилар иштирок этишди.

*Фарғона гарнизонида  жойлашган  ҳарбий қисмлар ва муассасаларнинг муддатли ҳарбий хизматчилари, 30 ёшгача бўлган шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари иштирокида  “Биз –Ватанга таянчмиз!” маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтди.

*Президентимиз қарори билан Қўқон шаҳрида Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти Фарғона минтақавий филиали ташкил этилди.

*Фарғона политехика институти ташкил топганига 50 йил тўлиши муносабати билан илм даргоҳида тантанали тадбир ўтказилди. Унда олийгоҳнинг иқтидорли ва изланувчан талабалари сони йилдан йилга кўпаяётганлиги қайд этилди.

СЕНТЯБРЬ

*Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида ўтказилган “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган вилоят кўрик-танловининг 37 номинацияси бўйича ғолиб ва совриндорларни тақдирлаш маросимида турли соҳа ва тармоқларда меҳнат ва ижод қилаётган бир гуруҳ ёшлар номлари эътироф этилди.

*Фарғона шаҳрида қизлар ўртасида “Яшил майдон маликалари” республикаси мусобақасининг минтақавий босқичи ўтказилди.

*Фарғона шаҳар 40-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби ўқувчиси Нияра Абдишаева Болгариянинг Кранево шаҳрида ёшлар ва хотин-қизлар ўртасида ўтказилган шашка бўйича жаҳон чемпионатида кумуш медаль соҳибаси бўлди.

*Аҳмад Фарғоний номидаги истироҳат боғида “Соғлом ва маънавий етук авлод – юрт келажаги!” шиори остида “Болалар китоби”  III  республика фестивали ўтказилди. Унда вилоятимиз шаҳар ва туманларидан минглаб ўқувчи-ёшлар иштирок этишди.

*Фарғона шаҳар Тўқимачилар ўйингоҳида “Менинг армиям – менинг фахрим” шиори остида ўтказилган тадбир ҳарбий соҳага иштиёқманд ёшлар, хусусан, ҳарбий-техника йўналишидаги Фарғона академик лицейи ўқувчилари учун маҳорат мактаби бўлди.

*Фарғона шаҳридаги “Янгийўл” МФЙда барча қулайликларга эга, кўркам Ёшлар уйи фойдаланишга топширилди. Шинам уй-жойга имтиёзли шартлар асосида эга бўлган ёшлар орасида она тили ва адабиёти фанидан республика фан олимпиадаси ғолиби Инъомжон Нишонов, спортнинг муай-тай тури бўйича халқаро мусобақалар ғолиби Иқболжон Асқаров, “Ўзбекистон белгиси” кўкрак нишони соҳибаси Гўзал Охуновалар ҳам бор.

ОКТЯБРЬ

*Ўзбекистон Миллий тикланиш демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан “Навоий ворислари” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда 34-умумтаълим мактаби ўқувчиси Хосиятхон Сирожиддинова 1-ўриннни қўлга киритди.


       *Президентимизнинг 2017 йил 18 июлдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини такомиллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Ўздавдонинспекция” тизимида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти тузилди. Унга 22 нафар ёш мутахассислар аъзо қилинди.

НОЯБРЬ

*Вилоятимиздаги олий ўқув юртлари талабалари иштирокида “Биз ёт ғояларга қаршимиз!” шиори остида тарғибот тадбирлари бўлиб ўтди. Хусусан, Фарғона давлат университети ва Фарғона политехника институтида “Маърифий ислом ақидапарастликни қоралайди” мавзусида ўтказилган тадбир ёш авлод онгида ёт ғояларга қарши мафкуравий иммунитетни шакллантириш,  уларни истиқлол ғоялари руҳида тарбиялашга хизмат қилди.

*Фарғона шаҳридаги Кимёгарлар саройида “Нафосат –2017” кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди. Унда 24 нафар ёш дизайнерлар иштирок этиб, миллий ҳунармандчилик борасидаги иқтидорларини намойиш этишди.

*Қўштепалик ёш тадбиркор Шукрулло Сайдуллаев бошчилигидаги “Шукур давлат” кўп тармоқли фермер хўжалигига Германия давлатидан 132 бош Голштейн наслли қорамоллар келтирилди. Бу эса ёш тадбиркорнинг туманда 2000 минг бош қорамол боқишга мўлжалланган чорвачилик комплексини ташкил этиш мақсади сари яна бир дадил қадам бўлди.

*Республика олимпия захиралари коллежи 3-босқич ўқувчиси Бобуржон Аҳмадалиев спортнинг акробатика тури бўйича Болгарияда ўтказилган жаҳон чемпионатида синхрон сакраш йўналишида жаҳон чемпиони деган шарафли номга сазовор бўлди.

*Шахмат бўйича жаҳон чемпиони Нодирбек Абдусатторов 13 ёшида халқаро гроссмейстер даражасига эришиб, вилоятда у билан турли учрашувлар ўтказилди.

ДЕКАБРЬ

*Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган куннинг 25 йиллиги байрами арафасида фарғоналик боксчи ёшлар Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида 11 та медаль жамғариб, умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритишди. Ғолибларни кутиб олиш маросими катта тантанага айланди.

*Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Йилнинг энг яхши китобхони” форуми ташкил этилди. Унда “Кутубхонанинг китобсевари”, “Матубот нашрлари ишқибози”, “Янги авлод китобхони”, “Энг кичик китобхон” сингари номинациялар бўйича ғолиблар аниқланиб, ёш китобхонлар муносиб тақдирланди.

2018 ЙИЛ, ЯНВАРЬ

*Тошкент Тиббиёт академияси Фарғона филиалида тиббий профилактика иши йўналишининг 53 нафар бакалавриат ва клиник орденатура бўлимининг 12 нафар битиувчиларига тегишли ихтисосликлар бўйича сертификатлар топширилди. Тизимда илк маротаба муддатидан илгари сертификатларнинг топширилиши ёш шифокорларнинг тиббиёт муассасаларида меҳнат фаолиятларини бошлашларига кенг йўл очди.

*Ёшларимизни илм-маърифат, яхшилик ва бунёдкорлик руҳида тарбиялаш мақсадида вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида “Маърифат ва бағрикенглик – тинчлик ва тараққиёт гаровидир”, “Диний экстремизм ва тероризмнинг мудҳиш қиёфаси” номли фотокўргазма ва умумпрофилактик тарғибот тадбирлари ўтказилди.

Тадбирлар давомида ҳудудлардаги касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар, болалар мусиқа ва санъат мактаби, умутаълим мактаблари иқтидорли ўқувчилари ўртасида расмлар танлови ҳам бўлиб ўтди.

*Рапқон бокс мактаби тарбияланувчиси Шоҳжаҳон Эргашев АҚШда профессионал бокс бўйича  рақиби Сони Фредриксонни нокаут билан мағлуб этиб, Ватанимиз байроғини баланд кўтарди.

*Фурқат ва Қува туманларида ёшларни спортга кенг жалб қилиш, Уларга спорт билан шуғулланишлари учун қулай шароит яратиш мақсадида янги спорт зал, ёпиқ сузиш ҳавзаси очилди.

*Ўзбекистон ёшлар иттифоқи марказий Кенгаши томонидан жорий йилнинг 17-21 январь кунлари “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бошланғич ташкилотлари фаолиятини янада такомиллаштириш ва жонлантириш сафарбарлиги” эълон қилинди. Шу муносабат билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят  Кенгашининг катта мажлислар залида кенгайтирилган йиғилиш ўтказилиб, унда ҳудудларда ёшлар билан ишлаш механизмини жонлантириш масаласига эътибор қаратилди.

*Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши ташаббуси билан юз нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва фаол ёшлар вакилларидан иборат ўғил-қизларнинг Самарқанд шаҳрига саёҳати ташкилланди.

*Жорий йилнинг 9-27 январь кунлари Хитойда 23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси олтин медалга сазовор бўлди.

Терма жамоамиз сафида зафар қучган азамат ўғлонларнинг 8 нафари – Достон Турсунов, Ҳусниддин Ғофуров, Абдужамол  Исроилов, Рустам Ашурматов, Акрам Комилов, Ислом Қобилов, Ойбек Рустамов, Аббос Отахоновларнинг Фарғона футбол мактаби тарбияланувчилари эканлиги ғоят фахрланарлидир.             

ФЕВРАЛЬ

*Вилоят Тадбиркорлар марказида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар сиёсати масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси, Марказий Кенгаши раиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг таълим муассасалари тизимидаги “Камалак” болалар ташкилоти сардорлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Очиқ мулоқотда муассасалардаги кутубхона, спорт заллари шароитини яхшилаш, иқтидорли болалар учун махсус газета ва журналлар сонини кўпайтириш, кам таъминланган оила фарзандларини бепул спорт машғулотлари ва қадимий шаҳарлар бўйлаб саёҳатларга жалб этиш сингари масалалар юзасидан саволлар ўртага ташланди.

* Қўқон давлат педагогика институти талабаси Шарофатхон Исмоилова 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган  мамлакат китобхонлари ўртасида ўтказилган “Ёш китобхон” республика кўрик-танловида мутлоқ ғолиб бўлиб, Президент совғаси – “Спарк” автомобили калитини қўлга киритди. Жойларда иқтидорли китобхон иштирокида учрашув ва китобхонлик кечалари ўтказилди.

МАРТ

*Президентимизнинг 2018 йил 2 мартдаги “Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирлаш тўғрисида”ги қарорига асосан 28 нафар иқтидорли қизлар Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирландилар.

       Улар орасида Фарғона вилоятидан В.Успенский номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейининг 10-синф ўқувчиси Севара Жўраева ва Фарғона политехника институтининг 2-босқич талабаси Зулайҳо Эрматова ҳам бор.

*Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят Кенгашининг мажлислар залида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан 4 та сектор раҳбарлари ўқув семинари ўтказилди.

*Вилоятимизда “Мамлакат тараққиётига ҳисса қўшишга тайёр тур!” шиори остида Ёшлар ҳафталиги бўлиб ўтди. Ҳафталик доирасида ўтказилган турли лойиҳаларга фарғоналик фаол, ташаббускор ва истеъдодли ёшлар жалб этилди.

*Келажагимиз ворисларини ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида вилоятимизда Ёшлар фестивали ўтказилди. Фестиваль доирасида югуриш марафони ёшлар марафони ҳам бўлиб ўтди.

*Вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида Қуролли кучлар таркибидан захирага бўшатилган ёшлар учун меҳнат ярмаркалари ўтказилди. Унда муносиб иш ўрнига эга бўлган ёшлар яратилган имкониятлардан миннатдор бўлдилар.

АПРЕЛЬ

Фарғона шаҳридаги “Нефтчи” маданият саройида марғилонлик, Олтиариқ туманидаги 14-болалар мусиқа ва санъат мактабида риштонлик ва олтиариқлик ҳарбий ёшлар учун иш ўринлари таклиф этилди. Юз нафарга яқин меҳнат ярмаркаси иштирокчиси ишли бўлди.

*Ўзбекистон Композиторлар ва бастакорлар уюшмасининг Фарғона вилоят бўлими ташкил этилди. У Фарғона мусиқа санъати камолоти, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш йўлида хизмат қилмоқда.

*“Ёш чегарачилар” ҳарбий-ватанпарварлик мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди. Унда Қўқон шаҳрининг “Қалқон” жамоаси ғолиб бўлиб, мусобақанинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

*Олтиариқ туманидаги маиший хизмат касб-ҳунар коллежида “Касб маҳорати” кўрик-танловининг “Пайвандлаш иши” бўйича вилоят босқичи бўлиб ўтди.

*Ўзбекистон карлар жамияти вилоят бўлими томонидан Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг вилоят Кенгаши билан ҳамкорликда “Сенинг интилишинг –келажагингни ўзинг қуришинг!” грант лойиҳаси доирасида тадбир ўтказилди.

*Жорий йилнинг 21-22 апрель кунлари Фарғона олимпия захиралари коллежида спортнинг таэквандо WTF йўналиши бўйича “Олимпия келажаги” жамоавий мусобақаларининг 1-ҳудудий босқичи бўлиб ўтди. Водий вилоятлари ёш спортчилари ўртасида ўтказилган мусобақада  фарғоналик ёшлар шоҳсупага кўтарилдилар.

*Германиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Гюнтер Оверфельд жаноблари икки кун давомида Фарғонанинг таълим масканларида бўлиб, университет, академик лицей ва немис тилига ихтисослаштирилган умумтаълим мактаблари талаба ва ўқувчиларининг иқтидорига юқори баҳо берди.

*Жорий йилнинг 29 апрель куни Президентимиз ташаббуси билан қурилган  Фарғона туманининг Миндонобод массивида кўп қаватли уй-жой бинолари фойдаланишга топширилди. Ногиронлиги бўлган ёшлар ва эҳтиёжманд ёш оилалар янги уйларнинг калитларини хурсандчилик билан қабул қилиб олдилар.

*O’zLiDeP Фарғона вилоят Кенгаши Ўзбекистон туманидаги “Турон эко цемент” МЧЖ да “Сен ҳам фаол ёшлар сафидасан!”  лойиҳаси доирасида  “Келажак бугундан бошланади”  шиори остида ёшлар форуми ташкил этилди.

МАЙ

*“Ёш қутқарувчи”  мусобақасининг республика босқичига Фарғона вилояти мезбонлик қилди. Қизғин баҳсларга бой ўтган мусобақада вилоятимиз вакиллари – Қувасой шаҳридаги 1-умутаълим мактабининг “Матонат” жамоаси 1-ўринни эгаллади.

*Вилоятдаги касб-ҳунар таълими муассасаларининг “Ватанпарварлик” декадаси бўлиб ўтди. Декада якунига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Давлат Мадҳиясини жўр бўлиб,  профессионал куйлаш” йўналишида фахрли 1-ўринни Фарғона санъат коллежи жамоаси қўлга киритди.

*Вилоятимизда “Мустаҳкам оила” ҳафталиги доирасида “Энг намунали ёш ҳарбий оила” кўрик-танлови ўтказилди. Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг оилалари ўртасида бўлиб ўтган беллашувларда 10 нафар ёш оилалар фаол қатнашди.

*Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадиони ёшлик, баркамоллик  ва спорт байрами  – “Умид ниҳоллари-2018” мусобақаларининг вилоят босқичи ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими катта тантанага айланди.

*Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилган  “Ёш қутқарувчи” мусобақасининг республика босқичида Фарғона маиший хизмат ва педагогика касб-ҳунар коллежининг “Ёш қутқарувчи” жамоаси ғолиб бўлди.

*Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида “Дунёни меҳр устига қурайлик!” шиори остида республика Ёшлар форуми ўтказилди. Унга имконияти чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган Республика касб-ҳунар коллежи ўқувчилари, Фарғона шаҳридаги “Мурувват” уйи тарбияланувчилари таклиф этилдилар.

*Вилоятимиз бўйлаб ўтказилган “Ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш ҳафталиги” доирасида ҳудудлардаги фаол ва уюшмаган ёшларни қамраб олган турли маънавий-маърифий тадбирлар ва лойиҳалар ташкил этилди.

ИЮНЬ

*Республика Олий таълим вазирлигининг таклифига биноан АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси жамоатчилик билан алоқалар бўлими “EDUCATION USA” дастури бўйича консалтинг кенгаш раҳбари Саида Чориева ва Калифорния университети профессори Курт Шургерс Андижон машинасозлик институти, Наманган муҳандислик-технология институтидаги илмий-амалий учрашувлардан сўнг Фарғона политехника институтига ташриф буюрди. Профессор Курт Шургерс олийгоҳ талабаларининг илмий салоҳиятини юксак бахолади.

*“Обод қишлоқ” Дастури доирасида вилоятимизнинг Олтиариқ тумани Қапчуғай қишлоғида “Smart kids” янги инновацион болалар боғчаси очилди.

*Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари Касаба уюшмаси республика кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан ҳамкорликда “Энг фаол ёш дастурчи” танлови ўтказилди. Унда Муҳаммад ал- Хоразмий номидаги ТАТУ Фарғона филиали дастурий инжиниринг кафедраси мудири Ф.Мулайдиновнинг янги инновацион лойиҳаси юқори баҳоланди.

*Фарғона политехника институтида давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси ва Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг вилоят вакиллиги билан ҳамкорликда “Биз –диний эсктремизм ва террроризмга қаршимиз!” шиори остида маърифий тадбир ўтказилди.

*Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида”ги қарорига асосан иттифоқ тизимида самарали меҳнат қилиб, ўзининг етакчилик ва ташаббускорлик фазилатларини намоён қилиб келаётган 14 нафар фаол ёшларга яшаш ҳудудида жойлашган педагогика йўналишидаги олий ўқув юртларидан бирига давлат гранти асосида кириш имтиёзи берилди. Улар орасида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши матбуот котиби Моҳидил Қурбонова ҳам бор.


Соҳиба АБДУРАҲМОНОВА,

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА тайёрлади.