Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 134 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


ШУҲРАТ ҒАНИЕВ: ТИЛ ВА АДАБИЁТ МИЛЛАТНИНГ ВИЖДОНИ

×

 2020-06-29 20:44:23    80

PDF юклаш
Чоп этиш


Фарғона вилояти ҳокимининг “Миллат тафаккурининг бебаҳо хазинаси” амалий анжуманидаги нутқи

Ассалому алайкум, азиз устозлар, қадрли ёшлар!

Ўзбекистон Республикаси Президенти Муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2019 йил 21 октябрда қабул қилган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонлари бутун юртимизда кўтаринкилик билан кутиб олинди. Ўзбек тили тараққиётига давлатимиз раҳбари томонидан қаратилаётган бу юксак эътибор барчамизга, айниқса, тилшунос ва адабиётшунос олимларимизга қувонч бағишлайди.

Яхши биласизларки, Фарғона филологлар мактабининг шаклланиши Фарғонада олий таълим муассасаси ташкил этилишидан бошланади. 1943 йилда она тили ва адабиёти факультети ташкил этилди. Ўтган давр мобайнида вилоят ва мамлакатимиз учун малакали кадрлар етказиб бериш билан бирга ўзбек тилшунослиги ва адабиётшунослиги фани тараққиёти учун салмоқли ҳисса қўшилди.

Бу илм-зиё мактабидан 3 нафар академик, 20 га яқин фан доктори, профессорлар етишиб чиқди. Шуни фахр билан айтиш керакки, битирувчилар орасидан 3 нафарлари Ўзбекистон халқ шоирларидир (Охунжон Ҳакимов, Иқбол Мирзо, Энахон Сиддиқова).

Бу борада Қўқон давлат педагогика институти ўзбек тили ва адабиёти факультетининг ҳам алоҳида ўрни бор. Айниқса, бугунги кунда факультетнинг фидойи олимлари томонидан олиб борилаётган ишларни эътироф этиш керак.

Вилоят ҳокимлиги ҳомийлигида Амирий девонининг нашр эттирилганлиги бу нафақат адабиётимиз, балки Ватанимиз маънавий ҳаёти учун улкан ютуқ бўлди, десак адашмаймиз.

Азиз устозлар!

2017 йилдан Фарғона давлат университети ҳузурида илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш фаолият бошлагани Фарғонада филология мактабининг нуфузи, тажрибаси республика олий ўқув юртлари ўртасида анча юқори эканлигини кўрсатиб турибди.

Кенгаш таркибига киритилганларнинг

8 нафари университет олимлари эканлиги Сизларнинг фаолиятингизга, самарали меҳнатларингизга берилган юксак баҳо, деб биламан.

Фарғона буюк аллома ва фозилларни, адабиётимиз дарғаларини камолга етказган замин эканлигини яхши биламиз. Афсуски, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Ўзбекистон халқ шоирлари-Охунжон Ҳакимов ва Анвар Обиджон орамизни тарк этди. Эл суйган бу икки ижодкорнинг шеърларида катта ҳаётий фалсафа, инсоний кечинмалар бор. Айниқса, Охунжон аканинг кўп шеърлари қўшиққа айланиб, халқимиз қалбидан жой олган. Мен ўзим ҳам у кишининг шеърияти мухлисиман.

Фориғ юрайин десанг жабру ситамдан

Нафсингни тийиб, ўйлаб бос қадамингни.

У кишининг мана шу ёзган сатри доимо хаёлимда туради.

Қувалик Шокирхон Ҳакимийнинг халқона шеърлари қўшиқ бўлиб, дилдан дилга кўчиб юрганлиги бежиз эмас. Чунки унинг шеъриятида ўзига хос фалсафийлик мужассам.

 Шу кунларда шаҳар ва туманларда мактаб битирувчилари ва ёшлар билан учрашувлар ўтказяпман. Афсуски, улар адабиёт ҳақидаги оддий саволларга жавоб беролмаяпти. Фарғона фарзанди Озод Шарофиддинов, академиклар Азиз ва Лазиз Қаюмовлар ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас. Бу жуда ташвишланарлидир. Биз Муқимий, Фурқат, Ҳазиний каби ижодкорлар билан фахрланишимиз керак. 

Мен болалигимда бувимни қўлида тарбия топганман. У киши мумтоз адабиётни жуда яхши билишган Бувим ҳали мактабга бормасимдан “сизга ўғлим фозилларнинг шеърларидан ўқиб бераман” дея Фузулий, Навоий ғазалларини қулоғимга қўйганлар. Фозилу фузало тушунчасининг улуғлигини ўшандан бошлаб англай бошлаганман.

Яқинда тасодифан Марғилон шаҳридаги Увайсий уй-музейи олдидан ўтиб кетаётиб, тўхтадим. Ярим соат турдим. Бирорта ёшни бу масканга кирганини ёки чиқиб кетаётганини кўрмадим. Ўз ҳамшаҳримизнинг меросини ўрганмасак, у ҳақида бирор нарсани билмасак бундан ёмони йўқ. Исмини айтмай, шу маҳалла раисидан Увайсий ҳақида сўрадим. Ичкарига кирайлик ўша ерда маълумотлар бор деди. Ишончим комил, бу амалдор Увайсий ҳақида ҳеч нарса билмайди. Олдиндан оққан сувни қадри йўқ деб шунга айтишади-да.

Сизлардан азиз устозлар, журналистлар ва ўқитувчилар бу борада аниқ таклифлар кутаман. Қандай қилсак, она тилимиз нуфузини ошира оламиз? Қандай қилиб, ёшларни адабиётга қизиқтириш мумкин? Бу ишларни бажариш учун вақт, ташкилий ишлар ва маблағ масаласида мен доимо ёрдамга тайёрман. Ҳеч қандай муаммо йўқ. Демоқчиманки, биз ҳаммамиз ҳаётдан кўриб билиб хулоса чиқаришимиз ва шу асосда режалар тузиб, амалга оширишимиз лозим. 

Сиз азиз устозлар билан бугунги учрашувимизнинг бош мақсади ҳам шу. Тилимиз софлигини асраш, мавқеини кўтариш учун биргаликда қайғуришимиз талаб этилади.

Алишер Навоий бобомизнинг:

Нафъинг агар халққа бешак эрур,

Билки, бу наф ўзингга кўпрак эрур, деган ҳикматли сўзларининг маъносини Сизлар янаям чуқурроқ англайсизлар.

Ҳурматли анжуман иштирокчилари!

Фурсатдан фойдаланиб, бугунги тадбиримизда қатнашаётган Сиз азиз тил жонкуярларига ўз таклифларимни билдирмоқчиман:

Биринчидан, Сиз азиз устозларнинг тажрибаси, билим ва маҳоратидан самарали фойдаланиш мақсадида Аҳмад Фарғоний номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказининг инглиз, немис, корейс, рус тили тўгараклари фаолиятидаги тажрибасидан келиб чиқиб, Азиз Қаюмов номидаги “Она тили” тўгарагини ташкил этиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман.

Тўгаракда ўзбек тилига қизиқувчилар учун профессор-ўқитувчилар томонидан тасдиқланган режа асосида маҳорат дарслари олиб борилса ҳамда улар вилоятдаги телеканаллар ва давлат органларининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида ёритилса, ўйлаймизки, ўз самарасини беради.

Қолаверса, ёш тилшунос ва адабиётшуносларнинг илмий-тадқиқот ишларини муҳокама қилиб бориш ёшларнинг шу йўналишга бўлган қизиқишларини оширишга хизмат қилади, албатта.

Иккинчидан, давлат муассаса, ташкилотларида давлат тилида иш юритишга амалий ёрдам бериш, тушунтириш ишларини олиб бориш, ўрни билан жойларга бориб, ўқитишларни ташкиллаш лозим.

Учинчидан, вилоят миқёсидаги тарихий манбаларни тадқиқ этиш, хусусан, зиёли, ижодкор аждодларимиз ҳаёти ва ижоди билан қизиқиш, уларни ўрганиш, халққа, илм аҳлига таништириш, улар ҳақида китоблар нашр этиш. Масалан, “Фарғона мумтоз адабиёти намояндалари”, “XX-XXI аср Фарғона адабиёти намояндалари”, “Фарғона олимлари” номли китоблар чоп этилса, ўйлаймизки, ёшларимиз учун беназир миллий маънавий мерос яратган бўламиз. Шу каби асарлар тайёрланса, уни қўллаб-қувватлаш, молиявий манбасини аниқлашни биз ўз зиммамизга оламиз.

Тўртинчидан, мактаб ўқитувчиларининг илмий тадқиқот билан шуғулланишларига амалий ёрдам кўрсатиш, уларга маҳорат дарслари ўтиш, мақола ёзишларига, уларни чоп эттиришга кўмаклашиш.

Бу билан таълимнинг қуйи тизими – мактабларимизда ҳам ўқитувчиларимизнинг салоҳиятини ошириш, улар орқали фарзандларимизни шу соҳага жалб қилишга ёрдам кўрсатган бўламиз. Шу жараёнда умумий ўрта таълим мактаблари ва олий таълим ўртасида ҳамкорлик ўз-ўзидан ривожланади.

Бешинчидан, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини ошириш, фарғоналик тилшунос ва адабиётшунос олимларнинг илмий фаолияти ва изланишларини тарғиб қилиш, ёшларни ўзбек тилини ўрганишга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида «www.ona-tilim.uz» веб порталини ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини яратиш бугунги кундаги энг мақбул ишлардан бўларди. Бу масъулиятли вазифани амалга ошириш вилоятимиз кутубхонасига топширилади ҳамда уларга керакли маблағ ажратилади.

Олтинчидан, вилоят телевидениеларида ўзбек тили ва адабиёти тарғиботи бўйича мунтазам эфирга бериладиган рукнлар ташкил этиш, улар орқали халқимиз саводхонлигини ошириш, тил маданиятини юксалтириш ҳамда фарғоналик филолог олимларнинг илмий фаолияти ҳақида туркум кўрсатувлар тайёрлаш керак, деб ўйлаймиз.

Қадрли устозлар!

Шу кунларда мен Шарқнинг буюк шоирларидан Амир Хусрав Деҳлавийнинг ижодини катта қизиқиш билан ўқиб боряпман.

Маълумки, Хусрав Деҳлавий Низомий Ганжавий тамал тошини қўйган “хамса”чилик анъаналарининг давомчиларидан бири саналади. Маълумотларга кўра, унинг отаси Сайфиддин Маҳмуд асли шаҳрисабзлик бўлиб, мўғуллар босқинидан жон сақлаб қолиш учун туркий сулолалар бошқаруви остидаги Ҳиндистонга кўчиб келган. Деҳли султони Шамсиддин Элтутмиш (1211-1236) уни саройга таклиф қилиб, амирлик унвонини берган. Шу боис Хусрав Деҳлавийнинг исмига Амир унвони қўшиб айтилади.

Буюк бобокалонимиз Мир Алишер Навоий ўз асарларида бир қатор Шарқ алломалари, мутафаккирлари қаторида Хусрав Деҳлавийни ҳам алоҳида ҳурмат-эътибор билан ўз устозлари қаторида санаб ўтганларини биласизлар.

Лекин биз бундай буюк шоир ва ёзувчиларимиз ижодини қаерда муҳокама қиляпмиз, қаерда ёшларимизга оммавий тушунтириб беряпмиз? Ёки ёшларимиз бугун Анбар Отиннинг “Рисолаи фалсафаи сиёҳон”, яъни “Қоралар фалсафаси”ни биладиларми? Бир ўзбек аёлининг жасорати, тенгсиз қудратини шу асарни ўқиб англашимиз ва ёшларимизга ҳам ўргатишимиз керак эмасми?

Биз юқорида таклиф қилган “Она тили” тўгарагининг бош мақсади ҳам шу: келажак қўлида бўлган ёшларимизга тилни, адабиётни севишни ўргатиш, она тилининг қадрини баланд тутишни англатиш, улардан ҳақиқий тил ва адабиёт ҳимоячиларини яратишдир.

Сиз азиз филолог олимларимиз, амалиётчи устозлардан бу эзгу мақсадларни амалга оширишда бизга елкадош, ишончли ҳамроҳ бўласизлар, деб умид қиламиз ҳамда ишонамиз.

 Фарғона вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Facebook, Telegram, Веб сайт, YouTube