Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Mart 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 48 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


Фарғонада энг улуғ, энг азиз байрам тантаналари

×

 2018-09-05 11:33:45    95

PDF юклаш
Чоп этиш


Бугун жондан азиз Ўзбекистонимиз муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар ва эзгу ташаббуслар орқали  дунё саҳнасида янги қиёфа касб этмоқда. Қўшни давлатлар ҳамда узоқ-яқин хорижий мамлакатлар билан дўстона ва ўзаро муносабатларда янги саҳифалар очилмоқда. Шу маънода мустақил юртимизда ислоҳотларнинг янги босқичи – юксак ривожланиш даври бошланди.

Бу борада мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимизнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш, муносиб ҳаёт ва турмуш шароити барпо этиш устувор вазифа сифатида белгиланаётгани нақадар қувонарлидир.

2018 йилда вилоятимизда 408 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, 2696 та арзон ва намунали лойиҳалар бўйича қурилаётган янги уйлар фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда. Бу хонадонларни ажратишда бюджет ташкилотлари ходимлари, ўқитувчилар, имконияти чекланган шахслар ҳамда ёш оилаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани юксак ғамхўрликлардан дарак беради.

Айни жараёнда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ҳаётга жорий этилган янги тизим – “Обод қишлоқ” дастури қишлоқлар, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда яшаётган аҳолига ҳар томонлама зарур шароит яратиб бериш, турмуш тарзи сифати ва даражасида сезиларли ижобий ўзгаришлар амалга оширилишига замин яратмоқда.

Ўтган қисқа вақт ичида “Обод қишлоқ” дастури асосида 15 та тумандаги 30 та маҳалла фуқаролар йиғинида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилиши натижасида 8 мингдан зиёд хонадонлар, 55 та кўп қаватли уй-жойларда таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Белгиланган ишлар доирасида 84,5 км тоза ичимлик суви, 84 км электр тармоқлари тортилди ва 19 дона сув минораси реконструкция қилинди. 142 км ички ва хўжаликлараро йўллар таъмирланди. Бундай хайрли ишлар вилоятимизнинг яна 30 та қишлоғида олиб борилиши кўзда тутилмоқда. Вилоятимиз аҳли истиқлолнинг жорий йилги шодиёналарини ҳар бир соҳада ана шундай ютуқлар билан кутиб олмоқдалар.

29 август. Файзли оқшом таровати байрам қатнашчилари кайфиятига ўзгача хушнудлик бахш этади. Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номли вилоят Театр-концерт саройида “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 27 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтди.

Байрам тадбирида вилоятимизнинг барча ҳудудларидан таклиф этилган нуронийлар, меҳнат фахрийлари, давлатимизнинг юксак унвонлари, орден ва медалларига сазовор бўлган ҳамюртларимиз, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари ва вакиллари, ёшлар, ишлаб чиқариш фаоллари, хорижлик меҳмонлар  иштирок этдилар.

Санъат саройи фойесида Фарғона санъат коллежи ўқувчилари томонидан ишланган тасвирий санъат намуналари намойиш қилиниб, ўзбек миллий куйлари ижро этилди.

 Чорлов мусиқаси янграб, байрам шодиёнаси бошланди.

Табрик учун сўз вилоят ҳокими,  Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниевга берилди.

Вилоятимиз раҳбари шодиёна иштирокчилари ҳамда улар орқали Фарғона аҳлини энг улуғ, энг азиз байрам  – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 27 йиллиги билан самимий муборакбод этди.

Вилоят ҳокими ўз сўзида юртимизнинг ҳар бир туман ва шаҳрида, энг аввало, олис ва табиий иқлим шароити оғир ҳудудларда аҳолининг моддий аҳволини яхшилашга қаратилган “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида амалга оширилаётган эзгу ташаббусларга тўхталиб ўтди.

–Бу дастур доирасида жорий йилнинг ўтган даврида тижорат банклари томонидан 1932 та лойиҳага жами 29630,0 миллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди, – деди вилоят ҳокими ўз табрик сўзида –  Дастур доирасида янги корхоналар, тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажми ортиши таъминланди. Бевосита “Yoshlar – kelajagimiz” давлат дастури ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган бўш иш ўринлари ярмаркаси ва бошқа тадбирлар натижасида 2 мингга яқин ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланишига эришилди.

Мустақиллигимизнинг 27 йиллик байрами муносабати билан кўплаб ҳамюртларимиз қатори бир гуруҳ вилоятимиз фаоллари ҳам муҳтарам Президенимизнинг Фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирландилар. Байрам шодиёнасида улар фахр билан тилга олиниб, гулдурос қарсаклар билан олқишландилар.


– Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ тантаналари арафасида давлатимизнинг юксак мукофоти – “Шуҳрат” медали билан тақдирланганимдан бошим кўкка етди, - дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят Кенгаши раиси Дилбархон Мамажонова. –Бу ишонч, бу рағбатга муносиб фаолият олиб бориш энди менинг кундалик фаолиятимнинг асосий мезонига айланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янграб, байрам тадбирининг бадиий дастури карнай-сурнай садолари остида “Шодиёна” куйи билан бошланди.

Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори Севара Жўраева ижросида “Салламно” қўшиғи янграганидан сўнг, Ўзбекистон халқ артистлари Султонали Маннопов, Шафоат Раҳматуллаева, Муҳаммадсоли Юсупов, Ёрқиной Ҳотамовалар томонидан севимли шоиримиз Эркин Воҳидов қаламига мансуб “Ўзбегим” қасидаси ижро этилди. Шеърга монанд саҳнада буюк аждодларимиз Аҳмад Фарғоний, Мирзо Улуғбек, Навоий, Бобур тимсоллари намоён бўлди.

Эртамиз эгалари бўлган бахтиёр болаларнинг  шодон ашулалари,  чиройли рақслари байрам иштирокчиларига завқ улашди.

Байрам дастурида турли миллат вакилларининг кўнгиллардаги орзу-умидлар, эзгу мақсадлар  бир-бирига уйғун эканлиги куйланаётган қўшиқ ва рақсларда акс этди.

Файзли оқшом тантанасида санъат усталари ва ёш эстрада хонандаларининг куй-қўшиқлари шодон олқишлар, рақсларга уланиб кетди. Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Абдулҳай Каримов, таниқли санъаткорлар Аҳрор Усмонов, Хуршид Расулов, Шаҳло Рустамова, Абдужалил Қўқонов, Отабек Муҳаммадзоҳид,  Хумора Шокирова, Нуриддин Асқаров, Муҳаррам Муродова, Қиличбек Мадалиев, Икром Абдуллаев, Баҳриддин Шаропов, “Зиё”, Файз” гуруҳлари, “Алёр”, “Аср”, “Новель”, “Қиргуллари”, “Элнора”, “Самира”, “Фаввора” рақс жамоалари ўз чиқишлари билан барчага байрам шукуҳини ҳадя қилдилар.

Театр-концерт саройининг катта монитори орқали эса дилбар Фарғонамизнинг бугунги жамоли,  чароғон оқшомлари, олиб борилаётган бунёдкорлик ва яратувчанлик ишлари, янги қурилаётган намунали уйлар ва бу каби эзгу юмушлар фидойилари, юртдошларимизнинг бахтли чеҳралари намойиш қилиб борилди.

Фурсатдан фойдаланиб, биз байрам иштирокчиларини суҳбатга чорладик.

– Фарғона ёшлари номидан вилоятимиз аҳлини гўзал юртимизнинг энг севимли байрами билан чин юракдан табриклайман, –дейди Зулфия номидаги давлат мукофоти соҳибаси Муштарийбегим Қурбонова. –Ўғил-қизлар учун яратилган беқиёс имконияту шароитлар учун Президентимизга самимий миннатдорчилигимизни билдирамиз. “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури мамлакатимизда навқирон авлоднинг ёрқин истиқболи йўлида яна бир улкан қадам бўлди. Вилоятимизнинг шаҳар ва туманларида 131 та “Yoshlar mehnat guzari” ҳамда йигит-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш мақсадида 19 та “Yosh tadbirkorlar” коворкинг марказлари ташкил этилаётгани ғамхўрликлар намунасидир.

Энг улуғ, энг азиз байрамнинг “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган эзгу шиори юрак-юраклардан жой олиб, ҳар биримизда юрт равнақи ҳамда халқимизнинг тинч-фаровон ҳаёти йўлида фаол ва фидойи бўлиш туйғуларини юксалтираверсин!

 

Ботир МАДИЁРОВ,

Соҳиба АБДУРАҲМОНОВА,

Шоҳидбек АСЛОНОВ,

Шерзод ҚОРАБОЕВ(суратлар),

“Фарғона ҳақиқати” махсус мухбирлари.