Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 192 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгашининг РЕГЛАМЕНТИ

 2017-09-19 16:50:19    277

PDF юклаш
Чоп этиш


(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг  2015 йил
22 июндаги КҚ–28-III-сонли Қарорига асосан ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган )

 I боб. Умумий қоидалар

             1-модда. Вилоятлар, туманлар ва шаҳарларда (туманга бўйсунувчи шаҳарлардан, шунингдек шаҳарлар таркибига кирувчи туманлардан ташқари) халқ депутатлари Кенгашлари давлат ҳокимиятининг вакиллик органларидир. 

            Халқ депутатлари вилоят Кенгаши (бундан буён матнда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши деб юритилади) ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламентига мувофиқ амалга оширади. 
            2-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг фаолияти масалаларни коллектив бўлиб ва эркин муҳокама қилишга, ошкораликка, жамоатчилик фикрини ҳисобга олишга асосланади.

            3-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ўз фаолиятининг асосий йўналишларини Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сессиясида (бундан буён матнда сессия деб юритилади)  тасдиқланган иш режаси – жорий, йиллик ёки Кенгашнинг ваколатлари муддатига мўлжалланган иш режаси асосда белгилаб олади. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши фаолиятининг асосий йўналишларини ўз ичига оладиган Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг иш режаси асосида Халқ депутатлари вилоят Кенгаши доимий комиссияларининг йиллик иш режалари тузилади. 
            Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг иш режаси депутатлар, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссиялари (бундан буён матнда доимий комиссиялар деб юритилади), ҳокимликнинг бўлим ва бошқармалари, тегишли ҳудудда жойлашган корхона, муассаса ва нодавлат нотижорат ташкилотлар таклифлари, шунингдек ҳудудий вакиллик органи сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

            Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг иш режаси сессияда қабул қилинади ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади. 

            Халқ депутатлари вилоят Кенгаши иш режасининг бажарилиши унинг сессияларида, сессиялар оралиғида эса унинг доимий комиссиялари мажлисларида муҳокама қилинади.

            Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг иш режасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масаласи Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг раҳбари (бундан буён матнда Кенгаш раҳбари деб юритилади), доимий комиссиялари ва депутатларнинг таклифига биноан сессияда кўриб чиқилади. Ушбу масала юзасидан қарор Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда қабул қилинади.

            Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг иш режаси бажарилишини ташкил этиш, шунингдек доимий комиссияларнинг иш режалари доимий комиссиялар томонидан ўз вақтида бажарилиши учун Кенгаш раҳбари – ҳоким масъул ҳисобланади.

            «4-модда. Ҳоким - халқ депутатлари вилоят Кенгаши раҳбари (раиси) халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ишини ташкил этади, халқ депутатлари вилоят Кенгашига кўриб чиқиш учун киритиладиган масалаларни тайёрлашга умумий раҳбарлик қилади, унинг сессиялаларида раислик қилади.

            Ҳоким ўз фаолияти тўғрисида халқ депутатлари вилоят Кенгаши олдида ҳисоб беради»;

            Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ваколат муддати – беш йил.

«5-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши тегишли ҳудуд учун умумий бўлган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш вазифалари амалга оширилишини, жойларда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, вилоят ҳокими қарорлари ижро этилишини, шунингдек давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги алоқани, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ижтимоий шерикликни, аҳолини тегишли ҳудудни бошқаришга жалб этишни таъминлайди»;

            Халқ депутатлари вилоят Кенгаши тегишли ҳудудда ўзини ўзи бошқаришнинг ривожланишига кўмаклашади, ўзини ўзи бошқариш органларининг фаолиятини йўналтириб туради.

            6-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг асосий ваколатларига:

            Вилоят ҳокимининг тақдимига биноан ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган дастурларини, туман, шаҳарнинг бош режаси ва уни қуриш қоидаларини тасдиқлаш;

            вилоят маҳаллий бюджетини вилоят ҳокимининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда қабул қилиш;

            вилоят маҳаллий бюджетининг, тегишли даврдаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини ҳокимининг тақдимномасига биноан кўриб чиқиш ҳамда тасдиқлаш; 

            маҳаллий солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг ставкаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорлар доирасида белгилаш;

            ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимга тасдиқлаш, ҳокимни ва унинг ўринбосарларини лавозимдан озод этиш, уларнинг фаолиятига доир ҳисоботларини, шунингдек вилоят ҳокимининг вилоят, туман ва шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботларини тинглаш;

            “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ҳолларда ҳоким қарорларини тасдиқлаш;

            халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Иш тартибини, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий ва бошқа комиссиялари тўғрисидаги Низомларини тасдиқлаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

            халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий ва муваққат комиссияларини, бошқа органларини тузиш, сайлаш ва тугатиш, уларнинг таркибини ўзгартириш, улар ишига доир ҳисоботларни тинглаш;

            қонунларда белгиланган ҳолларда ва тартибда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларининг ваколатларини эътироф этиш ва муддатидан олдин тўхтатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;

            ижроия ҳокимияти бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаш;

            халқ депутатларининг сўровларини қараб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

            ҳокимнинг ва қуйи Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш;

            ҳокимнинг тақдимига биноан ҳокимлик таркибий тузилишини, унинг ходимлари штатлари ва иш ҳақи фондини тасдиқлаш киради.

            Халқ депутатлари вилоят Кенгаши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни таъминлашга, атроф муҳитни муҳофаза қилишга доир ўз ваколатларига берилган масалаларни, ташкилий масалалар ва Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ назорат этишга доир бошқа масалаларни ҳал этади»;

            «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган ҳолларда ҳоким қарорларини тасдиқлаш;

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламентини, доимий ва бошқа комиссиялар тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

            Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий ва муваққат комиссияларини, бошқа органларини тузиш, сайлаш ва тугатиш, уларнинг таркибини ўзгартириш, уларнинг иши ҳақидаги ҳисоботларни тинглаш;

            қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда ва тартибда халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларининг ваколатларини эътироф этиш ва муддатидан олдин тўхтатиш, уларни жавобгарликка тортиш учун розилик бериш;

            ижро ҳокимияти бўлимлари, бошқармалари, бошқа таркибий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаш;

            депутатлик сўровларини кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

            ҳокимнинг ва қуйи Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ўзбекистон Республикаси қонунларига мос келмайдиган қарорларини бекор қилиш;

ҳокимнинг тақдимига биноан ҳокимлик тузилмаларини, унинг ходимлари штатлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тасдиқлаш.

            7-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши берилган ваколатлари доирасида умум манфаатини ифодаловчи тадбирларни ўтказиш мақсадида вилоят, шаҳар ва туманларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан шартномавий муносабатлар ўрнатишга ҳақлидир.

            8-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ўз фаолиятини сессиялар, доимий ва муваққат комиссиялар, Кенгашнинг бошқа органлари орқали, шунингдек депутатларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда ўз ваколатларини рўёбга чиқариш йўли билан амалга оширади.

 

II боб. Сессия чақириш ва уни ўтказиш

 

            9-модда. «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг асосий шакли сессиядир.

            Сессия Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ваколатига киритилган ҳар қандай масалани кўриб чиқишга ҳақли.

            10-модда. Сессиялар Кенгаш раҳбари – ҳоким, у йўқлигида эса унинг ўринбосарларидан бири томонидан заруратга қараб, бироқ йилига камида икки марта чақирилади. 

            Сессиялар Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларининг камида учдан икки қисми ташаббуси билан ҳам чақирилиши мумкин.

            11-модда. Сессиянинг кун тартиби Кенгаш раҳбари, партия ва депутатлар гуруҳлари, доимий комиссиялар ва депутатлар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда тайёрланади.

            Сессия муҳокамасига киритилаётган энг муҳим ва долзарб масалаларни тайёрлаш учун Кенгаш раҳбари томонидан тегишли тармоқлар мутахассислари ҳамда олимларни жалб этган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил этилиши мумкин. Ишчи гуруҳ масалани тайёрлаш чоғида сайловчилар, ҳокимликнинг бўлимлари, бошқармалари ва бошқа таркибий бўлинмалари, шунингдек тегишли ҳудуддаги корхоналар, муассасалар ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олади. 

            Сессия муҳокамасига киритилаётган масалалар дастлабки тарзда тегишли доимий комиссиялар томонидан кўриб чиқилади, улар томонидан тайёрланган қарор лойиҳалари ва кун тартиби бўйича бошқа ҳужжатлар Кенгаш раҳбарига берилади.

Сессияда кўриб чиқилиши керак бўлган масалалар сессия кун тартиби лойиҳасига киритилиб, уларни кўриб чиқиш навбати, ҳар бир масалани кўриб чиқиш учун тайёрлашга масъул бўлган доимий комиссиялар, маърузачилар (қўшимча маърузачилар), шунингдек бошқа маълумотлар кўрсатилади.

            Сессия кун тартиби Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори билан тасдиқланади.

            12-модда. Сессияни, шу жумладан навбатдан ташқари сессияни чақириш ҳақидаги қарор Кенгаш раҳбари томонидан қабул қилинади.

            Сессия ўтказиладиган вақт, жой ва кун тартиби депутатлар эътиборига сессия очилишидан камида етти кун олдин етказилади. Депутатларга танишиб чиқиш учун тегишли ҳужжатлар ҳам юборилади.

            Сессияни чақириш тўғрисидаги хабар оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилиниши мумкин.

            Сессия, қоида тариқасида, тегишли ҳудуд марказида ўтказилади, зарурат бўлганда эса, сессия шу ҳудуддаги бошқа жойга бориб ўтказилиши мумкин. 
            Сессиялар очиқ, ошкора ўтказилади ва оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилади.

            Зарур ҳолларда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияни ёпиқ ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Бундай қарор, агар бу ҳақдаги таклиф Кенгаш раҳбари – ҳоким, доимий комиссиялар томонидан киритилган бўлса, қабул қилиниши мумкин.

            13-модда. Агар сессияда депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, у ваколатли ҳисобланади.

            Депутатларни рўйхатга олиш сессия очилишидан олдин ва унинг ишидаги ҳар бир танаффусдан кейин амалга оширилади.

            Агар сессияларни ўтказишга мўлжалланган бинода электрон овоз бериш тизимидан фойдаланиш кўзда тутилган бўлса, ҳар бир депутат учун доимий ўрин ажратилади.

            14-модда. Сессияларда иш давлат тилида олиб борилади ва зарурат бўлганда Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори асосида бошқа тилларга синхрон таржима таъминланади.

            15-модда. Сессияларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, шунингдек тегишли ҳудуддаги давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар, корхоналар, муассасалар, оммавий ахборот воситаларининг таклиф этилган вакиллари ҳамда бошқа шахслар ҳозир бўлиши мумкин.

            Сессияга таклиф этилган шахслар муҳокама этилаётган масалалар юзасидан қарор қабул қилишда овоз бериш ҳуқуқига эга эмас, шунингдек Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламентида белгиланган тартибга риоя қилишлари ва раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунишлари шарт.

            Сессияга таклиф қилинадиган шахсларнинг сони ва таркиби Кенгаш раҳбари томонидан ҳал этилади.

            Сессияда раислик қилувчи сессияга таклиф этилган шахслар таркиби ва сони тўғрисида депутатларга ахборот беради.

            Сессияга таклиф қилинган шахслар учун мажлислар залида махсус жойлар ажратилади.

            16-модда. Янги сайланган Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг биринчи сессияси ҳоким томонидан сайловдан кейин кечи билан уч ҳафта муддат ичида чақирилади.

Биринчи сессия кекса депутатлардан бири томонидан очилади, у халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан Кенгаш раҳбари тасдиқлангунга қадар сессияни бошқаради.

            Сессияларда ҳоким, у йўқлигида эса Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарорига ёки ҳоким топшириғига биноан мазкур Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутатларидан бири раислик қилади.

            17-модда. Депутатларнинг ваколатларини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор янги сайланган Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг биринчи сессиясида сайловни ўтказган сайлов комиссиясининг тақдимига мувофиқ қабул қилинади.

            Бўшаб қолган депутатлик ўрнига сайлов ўтказилганида депутатнинг ваколатини тасдиқлаш тўғрисидаги қарор ҳам сессияда сайлов комиссиясининг тақдимига мувофиқ қабул қилинади.

            18-модда. Сессия ўз ишини кун тартибини тасдиқлашдан бошлайди.
Сессия кун тартибидаги масалалар раислик қилувчи томонидан бандма-банд ёки бутунлай овозга қўйилиши мумкин.

            Сессиянинг кун тартиби бўйича таклиф ва мулоҳазалар депутатлар томонидан оғзаки ёки ёзма шаклда берилади ва сессияда раислик қилувчи томонидан келиб тушиш тартиби бўйича эълон қилади. 

            Сессия кун тартиби бўйича қарор депутатлар билдирган таклифларни ҳисобга олган ҳолда қабул қилинади.

            19-модда. Ҳар бир сессияни ўтказиш вақтида депутатлар орасидан сессия котиби сайланади ёки сессия котибияти тузилади. 

            Сессия котиби ёки котибияти:

            сўзга чиқувчиларни  рўйхатга ёзади;

            депутат сўровлари, депутатлардан тушадиган саволлар, маълумотномалар, хабарлар, аризалар, таклифлар ва бошқа материалларни рўйхатга олади;

сўзга чиқиш учун ёзилганларнинг рўйхати ва тушган материаллар ҳақида раислик қилувчига ахборот беради;

            сессия ишига тааллуқли масалалар юзасидан депутатларга  тушунтиришлар беради; 

            сессия якунлари юзасидан ахборот тайёрлайди; 

            баённома ёки стенограмма юритилишини ташкил этади.

            Сессияда сессия котиби ёки котибияти томонидан тайёрланган ахборот тингланади.

            20-модда. Сессияда баённома ёки зарур ҳолларда стенограмма юритилади. Баённома сессияда раислик қилувчи томонидан имзоланади.

            Сессия баённомасида қуйидагилар кўрсатилади: 

            Кенгашнинг номи, сессиянинг тартиб рақами (чақириқ доирасида);

            сессияни ўтказиш санаси ва жойи; 

            ҳозир бўлган ва қатнашмаётган депутатлар сони, шунингдек таклиф этилган шахсларнинг сони; 

            сессиянинг кун тартиби, сессия муҳокамасига киритилган ҳар бир масала юзасидан маърузачи ва қўшимча маърузачининг фамилияси ҳамда лавозими; 

музокараларда сўзга чиққан, шунингдек маърузачилар ва қўшимча маърузачиларга сўров йўллаган ёки саволлар берган (ёзма ёхуд оғзаки тарзда) депутатларнинг фамилиялари, сайлов округларининг рақами ва лавозимлари;

қабул қилинган, «ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деб берилган овозлар сони кўрсатилган қарорлар рўйхати.

            Баённомада сессиянинг кун тартиби кўрсатилади; сессия кун тартибига қўйилган масалаларнинг моҳияти очиб берилади; сессияда сўзланган нутқларнинг моҳияти қисқача баён этилади; шунингдек сессия кун тартибидаги масалалар юзасидан овоз бериш якунлари қайд этилади. 

            Сессиянинг баённомасига депутатлар ва таклиф этилган шахсларнинг сессиядаги маърузалари матнлари, сессияда ҳозир бўлган ва қатнашмаётган депутатлар рўйхати, таклиф этилган шахслар рўйхати ва бошқа материаллар илова қилинади.

            Сессия баённомаси ёки стенограммаси сессия тугаганидан сўнг уч кундан кечиктирмай тайёрланади ҳамда сессия вақтида раислик қилган шахс томонидан имзоланади.

            Сессия баённомаси ва стенограммасининг асл нусхаси ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳида сақланади. 

            Сессия баённомаси ва стенограммаси Кенгаш депутатларининг талабига биноан танишиб чиқиш учун уларга берилиши мумкин. 

            Ёпиқ сессия стенограммаси ҳокимликнинг тегишли бўлимида «махфий ҳужжат» белгиси билан сақланади.

            Ёпиқ сессия стенограммаси ва унга илова қилинган материаллар билан депутатларни таништириш бевосита ҳокимият аппаратида тилхат олиниб амалга оширилади.

            21-модда. Сессияда раислик қилувчи: 

            сессия ишининг умумий боришига раҳбарлик қилади, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламентига риоя этилишини таъминлайди;

            маърузачилар ва қўшимча маърузачиларга ҳамда музокараларда сўзга чиқувчиларга навбати билан сўз беради; 

            зарур ҳолларда сўзга чиқиш навбатини ўзгартириб, сабабини тушунтиради;             муҳокама қилинаётган масала юзасидан хоҳлаган пайтда сўзга чиқиши мумкин;

            Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламентида белгиланган тартибни қўпол равишда бузган депутат ёки иштирокчини тартибга чақиради;

депутатларнинг ёзма сўровлари, аризалари, таклифлари, фикр-мулоҳазаларини ўқиб эшиттиради; 

            депутат сўрови юзасидан сўзга чиқиш, савол, таклиф, фикр-мулоҳаза бўйича сўзлаш, шунингдек сессияни олиб бориш тартиби бўйича даъволар билдириш учун, қарор лойиҳаларига тузатиш, овоз бериш масаласи бўйича таклифлар киритиш учун депутатга унинг илтимосига кўра сўз беради;

            муҳокама тугаганидан кейин қарор лойиҳаларини овозга қўяди ва овоз бериш натижаларини эълон қилади;

            сессияда қабул қилинган қарорларни ва сессия баённомаларини имзолайди;

муҳокама жараёнида сўзга чиққан депутатлар ёки бошқа иштирокчилар фикрини бирон-бир тарзда баҳолаш ёки шарҳлашдан, шунингдек қарор қабул қилишда тазйиқ ўтказишдан ўзини тийиши лозим.

            Сессияда раислик қилувчи: 

            Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламенти талаблари қўпол равишда бузилган тақдирда депутатни огоҳлантиришга, такроран бузишга йўл қўйилганида эса, уни бутун сессия куни давомида сўздан маҳрум қилишга;

            сессия ишига халақит бераётган таклиф қилинган шахсларни сессия залидан чиқариб юборишга ҳақли.

            22-модда. Ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ва энг муҳим муаммоларни муҳокама этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмиталари ва Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қўшма мажлислари ўтказилиши мумкин.

            Қўшма мажлис Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қўмитасининг раиси ва Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг раҳбари ўртасида келишув бўйича ўтказилади.

            Қўшма мажлис кун тартибидаги масалалар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмитаси томонидан Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли доимий комиссияси билан ҳамкорликда тайёрланади.

            Қўшма мажлисни чақириш, уни ўтказиш жойи, вақти ва бошқа масалалар Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламентига мувофиқ ҳал этилади.

 

 

III боб. Сессияда масалаларни кўриб чиқиш тартиби

 

            23-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши тегишли ҳудудда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида сессияларда қонунийлик ва ҳуқуқий-тартиботни, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривожланиш, қонун ҳужжатларига мувофиқ маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, маҳаллий солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар миқдорларини белгилаш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва бошқа масалаларни кўриб чиқади ҳамда тегишли қарорларни қабул қилади.

            24-модда. Сессия муҳокамасига киритилган кун тартибидаги ҳар бир масала, жумладан маҳаллий бюджет ва унинг ижроси тўғрисидаги ҳисобот, ҳоким ва унинг ўринбосарлари, ҳокимлик бўлимлари, бошқармалари ва бошқа бўлинмалари фаолияти ҳақидаги ҳисоботлар тингланади ҳамда эркин муҳокама қилинади.

Муҳокама жараёни муайян масала юзасидан ҳоким, унинг ўринбосарлари, доимий комиссиялар раисларининг маърузалари ва қўшимча маърузаларини ёки депутатларнинг маърузалари ва қўшимча маърузаларини тинглаш, шунингдек таклиф этилган шахсларнинг фикр билдириши шаклида амалга оширилади.

Айрим ҳолларда муҳокама этилаётган масаланинг мазмунини ҳисобга олган ҳолда, сессия мазкур масаланинг мазмунига доир қисқача ахборотни тинглаб ёки доимий комиссиялар раислари ёхуд депутатларнинг тушунтиришлари билан чекланиб, уни муҳокама этмасдан қарор қабул қилиши мумкин.

            25-модда. Сессияда раислик қилувчи томонидан маърузачилар ва қўшимча маърузачилар билан келишувга кўра, қоида тариқасида, маъруза учун – 30 дақиқагача, қўшимча маъруза учун - 20 дақиқагача ва якунловчи сўз учун  15 дақиқагача вақт белгиланади.

            Музокараларда сўзга чиқувчи депутатларга 10 дақиқагача вақт берилади. Музокараларда такроран сўзга чиқиш учун, шунингдек сессия ишини олиб бориш тартиби, овоз бериш асослари, номзодлар бўйича сўзга чиқиш учун, аризалар, саволлар, таклифлар, хабарлар, маълумотлар учун - 3 дақиқагача вақт берилади.

            Сессияда ҳозир бўлган депутатлар кўпчилигининг розилиги билан раислик қилувчи сессия кун тартибига киритилган масалани муҳокама қилишнинг умумий вақтини, саволлар ва жавоблар учун ажратиладиган вақтни белгилаб қўйиши, сўзлаш вақтини узайтириши мумкин.

            Сессияларда депутат айни бир масала бўйича музокараларда кўпи билан икки марта сўзга чиқиши мумкин.

            Музокараларни тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилингандан кейин маърузачи ва қўшимча маърузачи якунловчи сўзни айтиш ҳуқуқига эга.
Агар сўзга чиқувчи ажратилган вақтдан ортиқ сўзласа ёки муҳокама этилаётган масала юзасидан фикр билдирмаётган бўлса, сессияда раислик қилувчи уни аввал огоҳлантириб, кейин сўздан маҳрум қилади.

 

IV боб. Сессияда қарорлар қабул қилиш ва уларни эълон қилиш тартиби

 

            26-модда. Сессияда қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Зарур ҳолларда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорига асосан яширин овоз бериш ўтказилиши мумкин. 

            Электрон овоз бериш тизимлари ўрнатилган залларда очиқ ёки яширин овоз бериш электрон овоз бериш тизимидан фойдаланган ҳолда ўтказилади.

            27-модда. Депутат ўзининг овоз бериш ҳуқуқини шахсан амалга оширади.
Ҳар бир депутат бир овозга эга бўлади ва муҳокама қилинаётган масала юзасидан «ёқлайман», «қаршиман» ёки «бетарафман» деб овоз беради.

            Овоз бериш вақтида ҳозир бўлмаган депутат кейинчалик овоз беришга ҳақли эмас.

            Очиқ овоз бериш овозлар мутлақ кўпчиликни ташкил этган тақдирда овозларни санамасдан, агар ҳеч бир депутат бошқача тартибни таклиф этмаса ёки овозларни қайта санаб чиқишни талаб қилмаса, ўтказилиши мумкин.

            28-модда. Сессияларда яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини ҳисоблаш учун депутатлар орасидан саноқ комиссияси сайланади. 

Саноқ комиссияси ўз таркибидан комиссия раиси ва котибини сайлайди. Саноқ комиссиясининг қарорлари комиссия аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

            29-модда. Сессияда яширин овоз беришни бюллетенлардан фойдаланган ҳолда ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, овоз бериш учун зарур ахборотга эга бўлган яширин овоз бериш бюллетенлари саноқ комиссияси назорати остида тайёрланади.

            Яширин  овоз бериш ўтказиладиган вақт ва жой, уни ўтказиш тартиби саноқ комиссияси томонидан белгиланади.

            30-модда. Яширин овоз бериш бюллетенлар ёрдамида ўтказилганида саноқ комиссияси ҳар бир депутатга биттадан бюллетень беради.

            Бюллетенни тўлдириш депутат томонидан яширин овоз бериш кабинасида ёки хонасида бюллетендаги ўзи ёқлаб овоз бераётган номзод фамилиясининг қаршисида ўнг томонда жойлашган бўш квадратга белгикрестик қўйиш, қарор лойиҳасига оид бюллетенда эса, агар у тегишли қарорни ёқлаб овоз бераётган бўлса, «қаршиман» деган сўзни ўчириш, таклиф этилаётган қарорга (қарор вариантига) қарши овоз бераётган бўлса, «ёқлайман» деган сўзни ўчириш орқали амалга оширилади. 

            Белгиланмаган нусхадаги бюллетенлар, шунингдек депутатларнинг хоҳиш-иродасини аниқлашга имкон бермаган бюллетенлар овозларни ҳисоблаб чиқиш вақтида  ҳақиқий эмас деб топилади. Бюллетенга киритилган қўшимчалар овозларни ҳисоблаб чиқиш чоғида эътиборга олинмайди.

            31-модда. Агар сессияда электрон овоз бериш тизими ёрдамида яширин овоз беришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, саноқ комиссияси овоз бериш бошланишидан олдин электрон тизимнинг созлигини текшириши ҳамда яширин овоз бериш учун депутатлар умумий сонига мос миқдорда карточкаларнинг тўлиқ комплектини рўйхатга олиши керак.

            32-модда. Очиқ ёки яширин овоз бериш натижалари тўғрисида саноқ комиссияси баённома тузади, у комиссиянинг барча аъзолари томонидан имзоланади. 
            Саноқ комиссиясининг маърузасига асосан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши яширин овоз бериш натижаларини тасдиқлаш тўғрисида очиқ овоз бериш йўли билан қарор қабул қилади.

            33-модда. Сессияда қабул қилинган қарорлар раислик қилувчи томонидан имзоланган вақтдан эътиборан, агар ҳужжатнинг ўзида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, кучга киради.

            Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлар тегишли ҳудудда жойлашган барча корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқароларнинг ижро этиши учун мажбурийдир.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарорлари унинг доимий комиссияларига, ҳокимликнинг бўлимлари, бошқармалари ва бошқа таркибий бўлинмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда тегишли корхоналар, муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар, мансабдор шахсларга ва қуйи турувчи ҳокимликларга тарқатилади. 

            Тегишли ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича сессияда қабул қилинган қарорлар ва бошқа муҳим қарорлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

 

V боб. Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимини тасдиқлаш
тартиби

 

            34-модда. Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тегишли халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳар бири билан маслаҳатлашувлар ўтказилганидан сўнг халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

            35-модда. Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани тегишли Халқ депутатлари вилоят Кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдимнома киритилган кундан эътиборан уч кун ичида кўриб чиқади

            36-модда. Вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига номзодга депутатларнинг саволларига жавоб бериш учун 30 дақиқагача вақт ажратилади. Номзодни сессияда муҳокама қилиш учун 20 дақиқагача вақт ажратилади.

            37-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодини тасдиқлаш ёки рад этиш тўғрисидаги қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилиниб, кечи билан уч кун ичида Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

            38-модда. Тегишли Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзоди тасдиқланган ҳисобланади.

            39-модда. Агар овоз бериш вақтида вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодлари тегишли Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти мазкур лавозимларга номзодларни партия гуруҳлари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан сўнг бир ой ичида яна икки марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

            40-модда. Тегишли Халқ депутатлари вилоят Кенгаши тақдим этилган вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими номзодларини уч марта рад этган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси Президенти вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчини тайинлаш, тегишли Халқ депутатлари вилоят Кенгашини тарқатиб юбориш ҳуқуқига эга. Бунда халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайлов тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида ўтказилади.

 

VI боб. Туман, шаҳар ҳокимини тасдиқлаш тартиби

 

            41-модда. Туман, шаҳар ҳокими номзодлари вилоят ҳокими томонидан халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашига тасдиқлаш учун тақдим этилади.

            42-модда. Туман, шаҳар ҳокими номзодларини тасдиқлаш тўғрисидаги масалани тегишли Халқ депутатлари вилоят Кенгаши вилоят ҳокими томонидан тақдимнома киритилган кундан эътиборан уч кун ичида кўриб чиқади

            43-модда. Туман, шаҳар ҳокими лавозимига номзодга депутатларнинг саволларига жавоб бериш учун  20 дақиқагача вақт ажратилади. Номзодни сессияда муҳокама қилиш учун 10 дақиқагача вақт ажратилади.

            44-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг туман, шаҳар ҳокими номзодини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилиниб, кечи билан уч кун ичида вилоят ҳокимига юборилади.

            45-модда. Тегишли Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари умумий сонининг кўпчилик овозини олган туман, шаҳар ҳокими номзоди тасдиқланган ҳисобланади.

 

VII боб. Ўзбекистон  Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини сайлаш тартиби

 

            46-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг аъзолари (бундан буён матнда Сенат аъзолари деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари депутатларининг қўшма мажлисларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан тенг миқдорда - олти кишидан  мазкур депутатлар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

            47-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси (бундан буён матнда Марказий сайлов комиссияси деб юритилади) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоят, туман ва шаҳар халқ депутатлари Кенгашларига сайлов якунлари эълон қилинганидан кейин уч кунлик муддатда Сенат аъзоларини сайлаш учун депутатларнинг қўшма мажлислари ўтказилишини эълон қилади.

            Марказий сайлов комиссиясининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шунингдек Тошкент шаҳрида депутатларнинг қўшма мажлисларини ўтказиш санаси, вақти ва жойи кўрсатилган қарори оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

            48-модда. Депутатларнинг қўшма мажлиси очилиши олдидан депутатлар рўйхатдан ўтказиладилар. 

            Агар депутатларнинг қўшма мажлисида, депутатлар умумий сонининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлса, у ваколатли ҳисобланади.

            Депутатларнинг қўшма мажлиси ишида Марказий сайлов комиссиясининг вакили иштирок этиши шарт.

            49-модда. Депутатларнинг қўшма мажлисини Марказий сайлов комиссиясининг вакили очади. У мажлисда раислик қилувчининг номзоди бўйича таклиф киритади, бу номзод энг обрўли, катта тажрибага эга, ёши ҳаммадан улуғ бўлган депутатлар орасидан танлаб олинади.

            Депутатлар қўшма мажлисининг иштирокчилари мажлиснинг кун тартибини ва иш регламентини тасдиқлайдилар.

            Депутатларнинг қўшма мажлиси кун тартибига Сенат аъзоларини сайлаш тўғрисидаги масала киритилади.

            50-модда. Депутатларнинг қўшма мажлиси ишини таъминлаш ва олиб бориш учун очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан уч – беш кишидан иборат ишчи ҳайъат тузилади. Турли Кенгашлар депутатлари орасидан ҳайъат аъзолигига номзодлар раислик қилувчи томонидан таклиф этилади.

            51-модда. Депутатлар ваколатини текшириш, тушган таклифларни ҳисобга олиш ва депутатларнинг қўшма мажлиси томонидан кабул қилинадиган қарорларни расмийлаштириш учун уч кишидан иборат котибият тузилади.

            52-модда. Депутатларнинг қўшма мажлисида раислик қилувчи тавсиясига мувофиқ очиқ овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан Сенат аъзолигига номзодлар кўрсатиш бўйича Оқсоқоллар кенгаши (бундан буён матнда Оқсоқоллар кенгаши деб юритилади) сайланади. 

            Оқсоқоллар кенгаши депутатлик фаолиятида катта тажрибага эга бўлган энг обрўли, ёши ҳаммадан улуғ депутатлардан, қоида тариқасида, ҳар бир Халқ депутатлари вилоят Кенгашидан бир вакилдан иборат таркибда сайланади.

            53-модда. Оқсоқоллар кенгаши энг обрўли, ўз сайловчилари томонидан кенг қўллаб-қувватланаётган, давлат ва жамият фаолиятининг турли соҳаларида катта амалий тажрибага эга бўлган ҳамда алоҳида хизмат кўрсатган депутатлар орасидан Сенат аъзолигига номзодларни кўриб чиқади. 

            Яширин овоз бериш бюллетенига киритиш учун Сенат аъзолигига олти нафар номзод бўйича Оқсоқоллар кенгашининг таклифи Оқсоқоллар кенгашининг раиси томонидан ўқиб эшиттирилади. Яширин овоз бериш бюллетенига олти нафар Сенат аъзолигига номзод киритилади.

            54-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, вилоят, туман, шаҳар Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг сайлов кунига қадар йигирма беш ёшга тўлган ва камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган депутати Сенат аъзолигига номзод бўлиши мумкин.

            55-модда. Депутатларнинг қўшма мажлисида Сенат аъзолигига ҳар бир номзод бўйича алоҳида муҳокама ўтказилади.

            Депутатларнинг қўшма мажлисида иштирок этаётган ҳар бир депутат Сенат аъзолигига номзодга саволлар бериш, номзод хусусида ўз фикрини билдириш ҳуқуқига эга.

            Сенат аъзолигига ҳар бир номзод бўйича алоҳида муҳокамадан кейин уни яширин овоз бериш бюллетенига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинади.
Таклиф этилган у ёки бу номзодлар рад этилган тақдирда, муҳокама этиш ва яширин овоз бериш бюллетенига киритиш учун бошқа номзодни фақат Оқсоқоллар кенгаши кўрсатиши мумкин.

            Сенат аъзолигига номзодларни муҳокама қилиш депутатларнинг қўшма мажлиси қарорига биноан тугалланади.

            Депутатларнинг қўшма мажлисида иштирок этаётган депутатларнинг кўпчилиги овоз берган Сенат аъзолигига номзод яширин овоз бериш бюллетенига киритилган ҳисобланади.

            56-модда. Яширин овоз бериш бюллетенининг намунаси Марказий сайлов комиссияси томонидан тасдиқланади.

            Яширин овоз бериш бюллетенида уни тўлдириш тартиби ҳақида тушунтириш берилган бўлиши лозим. Бюллетеннинг олд томонида ўнг юқори бурчакда муҳрва камида икки нафар саноқ комиссияси аъзосининг имзоси бўлиши керак.

            57-модда. Яширин овоз беришни ўтказиш ва унинг натижаларини аниқлаш учун депутатларнинг қўшма мажлисида иштирок этаётган депутатлар орасидан тўққиз нафаргача аъзодан, шу жумладан, комиссия раиси ва котибидан иборат таркибда саноқ комиссияси сайланади.

            Саноқ комиссиясининг таркибига Сенат аъзолигига номзод киритилиши мумкин эмас.

            Саноқ комиссияси: 

            Сенат аъзоларини сайлаш бўйича овоз беришни ташкил қилади ва ўтказади;

депутатлар қўшма мажлисининг иштирокчиларига яширин овоз беришни ўтказиш вақти, жойи ва тартибини эълон қилади;

            яширин овоз бериш бюллетенларини уларга Сенат аъзолигига ҳар бир номзоднинг фамилияси, исми ва отасининг исмини алифбо тартибида киритиш йўли билан, туғилган санаси, лавозими (машғулотининг тури) ва иш жойини кўрсатган ҳолда тайёрлайди;

            овоз берувчиларнинг рўйхатини аниқлайди, уларга яширин овоз бериш бюллетенларини беради;

            яширин овоз бериш бюллетенларининг олд томонига муҳр қўяди ва яширин овоз бериш бюллетенида саноқ комиссияси аъзоларининг имзоси қўйилган бўлишини таъминлайди;

            овозларни санаб чиқади ва яширин овоз бериш натижалари тўғрисида баённома тузади;

            яширин овоз бериш натижаларини депутатларнинг қўшма мажлиси тасдиғига тақдим этади.

            58-модда. Яширин овоз бериш бошланишидан олдин саноқ комиссиясининг раиси яширин овоз беришни ўтказиш тартибини эълон қилади, комиссия аъзолари ҳозирлигида сайлов қутисини текширади ва муҳрлайди.

            Сайлов қутиси унинг ёнига овоз берувчилар албатта яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасидан ўтиб борадиган қилиб жойлаштирилади.

            Депутатларнинг қўшма мажлисида иштирок этаётган депутат саноқ комиссияси аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда овоз берувчилар рўйхатига имзо чекади, шундан кейин унга яширин овоз бериш бюллетени берилади.

            Яширин овоз бериш бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида ўзи ёқлаб овоз бераётган Сенат аъзолигига номзодларнинг фамилиялари қаршисида ўнг томонда жойлашган бўш квадратларга белги-крестик қўйиш йўли билан тўлдирилади.

            Овоз берувчи тўлдирилган яширин овоз бериш бюллетенини кўринарли жойда туриши лозим бўлган сайлов қутисига ташлайди.

            Бузиб қўйилган яширин овоз бериш бюллетени овоз берувчининг илтимосига кўра янгисига алмаштирилиши мумкин.

            Яширин овоз бериш жараёни тугаллангандан кейин, фойдаланилмаган, шунингдек бузиб қўйилган яширин овоз бериш бюллетенлари уларга махсус штамп қўйиш йўли билан бекор қилинади, шундан сўнг улар муҳрланади ва алоҳида сақланади.

            59-модда. Овозларни санаб чиқиш саноқ комиссияси аъзолари томонидан яширин овоз бериш натижалари аниқлангунга қадар танаффуссиз амалга оширилади.

Сайлов қутисидаги яширин овоз бериш бюллетенларига асосан саноқ комиссияси: овоз беришда иштирок этган депутатларнинг умумий сонини; Сенат аъзолигига ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини; ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар сонини аниқлайди.

            Овоз берувчилар томонидан сайлов бюллетенига қўшимча ёзиб қўйилган фуқороларнинг фамилиялари бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.

Белгиланмаган намунадаги яширин овоз бериш бюллетенлари, овоз бериш вақтида битта ҳам квадратга белги-крестик қўйилмаган бюллетенлар, шунингдек олд томонида муҳр ва саноқ комиссияси аъзоларининг имзоси бўлмаган бюллетенлар ҳақиқий эмас деб топилади.

            Овоз бериш натижаларига кўра овоз беришда қатнашган депутатлар овозининг эллик фоизидан ортиғини олган Сенат аъзолигига номзодлар сайланган деб ҳисобланади.

            Яширин овоз бериш натижалари бўйича баённома тузилиб, у саноқ комиссиясининг барча аъзолари томонидан имзоланади. Баённоманинг қаламда тўлдирилишига ва унга бирон-бир тузатиш киритилишига йўл қўйилмайди.

Саноқ комиссияси раисининг маърузаси бўйича депутатларнинг қўшма мажлисида яширин овоз бериш натижаларини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилиниб, у депутатлар қўшма мажлисининг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомасида акс эттирилади.

            Депутатлар қўшма мажлисининг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомаси икки нусхада тузилиб, раислик қилувчи томонидан имзоланади.

Баённоманинг қаламда тўлдирилишига ва унга бирон-бир тузатиш киритилишига йўл қўйилмайди.

            Агар овоз беришда яширин овоз бериш бюллетенига киритилган номзодлардан кимдир сайланмаган бўлса, бўш қолган ўринларга Сенат аъзоларини қўшимча сайлаш учун янги сайлов тайинланади.

            Сенат аъзоларини қўшимча сайлаш бўйича қўшма мажлис асосий сайлов ўтказилганидан сўнг икки кун ичида ўтказилади. Қўшма мажлисни ўтказиш вақти, жойи ва куни қўшма мажлис қарори билан белгиланади.

            60-модда. Сайланган Сенат аъзоларини рўйхатдан ўтказиш учун депутатлар қўшма мажлисининг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомаси икки кундан кечиктирмай Марказий сайлов комиссиясига топширилади.

Депутатлар қўшма мажлисининг Сенат аъзолари сайловининг якунлари тўғрисидаги баённомасининг иккинчи нусхаси ва Сенат аъзолари сайловини ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳужжатлар тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари архивларида сақланади.

 

“VII1-боб Ҳокимнинг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан эшитиш тартиби

 

            601-модда. Вилоят ҳокимининг вилоят, туман, шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг энг муҳим ва долзарб масалалари юзасидан ҳисоботи (бундан буён матнда Ҳоким ҳисоботи деб юритилади) ҳар йили тегишли халқ депутатлари вилоят Кенгашининг вилоят, туман, шаҳарнинг ўтган йилдаги ижтимоий-нқтисодий ривожланиши якунлари ва жорий йилга мўлжалланган ижтимоий-иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида эшитилади. Мазкур мажлис вилоятда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли мажлиси ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай, туманлар ва шаҳарларда эса вилоятда тегишли мажлислар ўтказилганидан кейин ўн кундан кечиктирмай ўтказилади.

            Сессияни ўтказиш, масалаларни кўриб чиқиш ва қарорларни қабул қилиш тартиби ушбу бобнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ушбу Намунавий регламентнинг II-IV-боблари талабларига мувофиқ амалга оширилади.

            602-модда. Ҳокимнинг ҳисоботини эшитиш юзасидан сессияларни чақириш тўғрисидаги қарор ҳоким ўринбосарларидан бири томонидан қабул қилинади.

            603-модда. Ҳокимлик аппаратининг тегишли таркибий бўлинмаси ҳокимнинг ҳисоботига доир материалларни ҳоким ҳисоботини эшитишга ўн кун қолгунга қадар халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ҳисоботда баён қилинган масалалар ваколат доирасига киритилган доимий комиссиясига (бундан буён матнда масъул доимий комиссия деб юритилади) такдим этади.

            604-модда. Ҳисоботда ҳоким ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан:

            ҳудуд иқтисодиётининг барқарор ўсишини, унинг тармоқлари ривожланишини таъминлаш, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш, экспорт ҳажмини ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш;

            қонун ҳужжатларини, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим давлат дастурлари ва ҳудудий дастурларни бажариш;

            ижтимоий соҳани ривожлантириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш, уй-жойлар қуриш ва аҳоли пунктларини ободонлаштириш, таълим ҳамда соғлиқни сақлаш сифатини яхшилаш, тегишли вилоят, туман ва шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий ривожланишига оид бошқа масалаларни ҳал қилиш юзасидан кўрилган чора-тадбирлар тўғрисидаги маълумотлар акс эттирилади.

            605-модда. Ҳоким ҳисоботи бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори лойиҳаси юзасидан нуқтаи назарни шакллантириш ва таклифлар олиш мақсадида ҳокимнинг ҳисоботига доир материаллар олинган куни масъул доимий комиссия томонидан халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳларининг вакилларига ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларига юборилади.

            606-модда. Ҳоким ҳисоботини эшитиш тўғрисидаги масалани тайёрлаш ва сессия муҳокамасига киритиш масъул доимий комиссия томонидан амалга оширилади. Зарурат бўлганда масъул доимий комиссия ҳоким ҳисоботини эшитиш тўғрисидаги масалани атрофлича тайёрлаш учун бошка доимий комиссияларни ҳам жалб этиши мумкин.

            607-модда. Ҳоким ҳисоботи бўйича материалларни умумлаштириш учун масъул доимий комиссия томонидан тегишли соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда ишчи гуруҳ ташкил этилади.

            Ҳоким ҳисоботига доир материалларни умумлаштириш натижалари бўйича масъул доимий комиссия томонидан тегишли халқ депутатлари вилоят Кенгаши партия гуруҳларининг фикр-мулоҳазаларини ҳисобга олган ҳолда доимий комиссия хулосаси ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори лойиҳаси тайёрланади.

            608-модда. Ҳокимнинг ҳисоботини эшитишда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг рақобатлашаётган партия гуруҳлари раҳбарларидан бири сессияга раислик қилади.

            609-модда. Ҳокимнинг ҳисоботини эшитиш учун маърузачи билан келишилган ҳолда камида 30 дақиқа берилади.

            Ҳокимнинг ҳисоботи бўйича масъул доимий комиссия хулосасининг мазмунини ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори лойиҳасини асосий қоидаларини баён этиш мақсадида масъул доимий комиссиянинг раисига
15 дақиқагача вақт берилади.

            Партия гуруҳлари вакилларига ва тегишли халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатларига маърузачига савол бериши учун 3 дақиқагача ва ҳисобот бўйича музокаралар учун 10 дақиқагача вақт берилади.

            6010-модда. Вилоят ҳокимининг ҳисоботини эшитишга вилоятдан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари, вилоят ижроия ҳокимияти органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.

            Туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли сайлов округларидан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари ва халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, давлат бошқаруви органларининг вакиллари, вилоят ҳокими ёки унинг ўринбосарлари, туман ва шаҳар ижроия ҳокимияти органлари таркибий бўлинмаларининг раҳбарлари таклиф этилади.

            Вилоят, туман, шаҳар ҳокимининг ҳисоботини эшитишга тегишли ҳудудда жойлашган бошқа давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналарнинг, муассасаларнинг, ташкилотларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг, сиёсий партияларнинг, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари ва бошқа шахслар таклиф этилиши мумкин.

            6011-модда. Вилоят ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон   Республикаси   Вазирлар   Маҳкамасининг мажлисида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган холда амалга оширилади.       Туман ва шаҳар ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, шунингдек халқ депутатлари вилоят Кенгашининг мажлисида берилган баҳолар ва белгиланган вазифалар ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

            6012-модда. Вилоят ҳокимининг ҳисоботини муҳокама қилиш якунлари бўйича, шунингдек доимий комиссия хулосаси ва партия гуруҳлари фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори қабул қилинади. Қарорда вилоят ҳокими ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари ишининг самарадорлигига комплекс баҳо берилади, уларнинг ишини такомиллаштиришга доир тавсиялар ва таклифлар, шунингдек қарор амалга оширилишининг бориши устидан назоратни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар назарда тутилади.

            6013-модда. Ҳокимнинг ҳисоботи бўйича қарорнинг ижро этилишини назорат қилиш масъул доимий комиссиянинг зиммасига юклатилади.

            6014-модда. Ҳокимнинг ҳисоботи бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори ва ҳокимнинг ҳисоботи маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрларида ҳамда веб-сайтларида эълон қилиниши шарт.

            6015-модда. Масъул доимий комиссия ҳокимнинг ҳисоботи бўйича халқ депутатлари вилоят Кенгашининг қарори ижро этилишини мониторинг қилади ва қарорда белгиланган муддатларда халқ депутатлари вилоят Кенгашини хабардор қилади”.

 

VШ боб. Доимий ва муваққат комиссиялар

 

            61-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияга киритиладиган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва тайёрлаш учун ўз ваколатлари муддатига жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи доимий ва муваққат комиссиялар тузиши ҳамда улар таркибига ўзгартишлар киритиши мумкин.

Доимий ва муваққат комиссиялар раислигига ҳамда аъзолигига номзодлар сессияга Кенгаш раиси томонидан тақдим этилади.

            Доимий комиссия раислигига номзод бўйича овоз бериш алоҳида ўтказилади.
            Доимий комиссиялар аъзолигига номзодларни сайлаш номзодларнинг ҳар бирини алоҳида ёки комиссиянинг бутун таркибни ялпи муҳокама қилиш йўли билан амалга оширилса, овоз беришда қарор ҳар бир номзод бўйича ёки бутун таркиб бўйича депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

            Доимий ва муваққат комиссиялар аъзолари тегишли Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари орасидан сайланади.

            62-модда. Доимий комиссиялар сони ва таркиби сессияда белгиланади. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши таркибида, қоида тариқасида, қуйидаги доимий комиссиялар тузилиши мумкин:

            маҳаллий бюджетни шакллантириш ва уни ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича;

            қонунийлик, ҳуқуқ-тартибот ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш масалалари бўйича;

            ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари  бўйича;

            ёшлар сиёсати ва соғлом авлодни тарбиялаш масалалари бўйича;

            саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича;

            аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология бўйича;

регламент ва депутатлик одоби масалалари бўйича. 

Зарур ҳолларда Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан янги доимий комиссиялар тузилиши, илгари ташкил қилинган доимий комиссиялар тугатилиши ва қайта ташкил қилиниши, уларнинг таркибига ўзгартишлар киритилиши мумкин.

Доимий комиссиялар фаолияти Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан тасдиқланадиган Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссиялари тўғрисидаги низом билан тартибга солинади.

            63-модда. Доимий комиссиялар ўз мажлисларида раис ўринбосарлари ва котибларни сайлайди. 

            Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутати фақат битта доимий комиссия аъзоси этиб сайланиши мумкин. Доимий комиссия таркибига кирмаган депутат унинг ишида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.

Доимий комиссиялар Халқ депутатлари вилоят Кенгаши олдида масъул ва унга ҳисобдордирлар.

            64-модда. Доимий комиссиялар ўз фаолиятини Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан тасдиқланадиган йиллик иш режалари асосида амалга оширадилар.

            Доимий комиссиянинг сессиялар оралиғида ўтказиладиган мажлисларида иш режасига тегишли ўзгартишлар киритилиши мумкин, кейинчалик улар сессия тасдиғига киритилади.

            65-модда. Доимий комиссиялар ўз фаолиятини мажлис шаклида амалга оширади. 

            Доимий комиссияларнинг мажлислари йилнинг ҳар чорагида камида бир марта ўтказилади.

            Доимий комиссияларнинг қўшма мажлислари улар ўртасидаги келишувга мувофиқ ўтказилади.

            66-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши конкрет вазифаларни бажариш учун депутатлар орасидан муваққат комиссия тузиши мумкин. 

            Муваққат комиссия тузиш тўғрисидаги қарор сессияда қабул қилинади. 

            Муваққат комиссия зиммасига юклатилган вазифаларни бажарганидан сўнг ўз фаолиятини тугатади.

            Муваққат комиссиянинг вазифалари Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан белгиланади.

            67-модда. Доимий ва муваққат комиссияларнинг тегишли ҳудуддаги давлат органлари, корхоналар, муассасалар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва мансабдор шахслар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига юбориладиган қарорлари тавсия хусусиятига эга бўлади ва улар томонидан кўриб чиқилиб, кўриб чиқиш натижалари ёки кўрилган чора-тадбирлар ҳақида бир ойлик муддатда хабар қилиниши шарт.

 

IХ боб. Депутатлик фаолиятини амалга ошириш шакллари

 

            68-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг ҳар бир депутати сессия, доимий ва муваққат комиссиялар ишида ташаббускорлик ва фаоллик билан қатнашиши лозим. Депутат ўз ваколатларини ишлаб чиқаришдан ёки хизмат вазифаларидан ажралмаган ҳолда амалга оширади.

            69-модда. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашларига кўрсатилган депутатлар гуруҳга бирлашишлари мумкин.

            Ҳар бир депутатлар гуруҳи сессия муҳокамасига киритилаётган масалаларни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ва улар юзасидан таклифлар киритиш ҳуқуқига эга.

Депутатлар гуруҳи тузиш тўғрисидаги ариза ва бошқа ҳужжатлар сессияга тақдим этилади. Депутатлар гуруҳи ўз фаолиятини сессияда депутатлар гуруҳини рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан сўнг бошлайди.

            Депутатлар гуруҳи доимий комиссиялар билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб боради.

            70-модда. Партия гуруҳлари сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатлар таъсис йиғилишларида ўз партияларининг сиёсатини уюшган ҳолда ўтказиш учун тузилади. Партия гуруҳлари партия гуруҳи раҳбарининг тегишли аризаси ва таъсис ҳужжатларига асосан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан рўйхатга олинади.
            Партия гуруҳлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

            сессия кун тартибини тузишда иштирок этиш;

            сессия кун тартибидаги ҳар бир масала бўйича музокараларда партия гуруҳи вакилига кафолатланган тарзда сўз берилиши;

            ҳокимга, ҳоким ўринбосарларига, ҳокимликнинг бўлим ва бошқармалари бошлиқларига, шунингдек тегишли Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳудудида жойлашган корхона, муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарларига сўровлар билан мурожаат этиш;

            доимий ва муваққат комиссиялар раислигига номзодлар бўйича таклифлар киритиш;

сессияда муҳокама қилинаётган масала бўйича партия гуруҳининг фикрини депутатлар орасида тарқатиш.

            вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқланган шахсларнинг қониқарсиз фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига асосланган хулосалар тақдим этиш ташаббуси; 

            Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни амалга ошириш.

            Партия гуруҳларининг фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хил хизматлар кўрсатиш ҳокимликнинг ташкилий-назорат гуруҳи томонидан таъминланади.

            71-модда. Депутат:
            сессия самарали ишлашига кўмаклашиши, сессия вақтини тежаши, Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламентига риоя қилиши ва сессияда раислик қилувчининг талабларини бажариши;

            фақат сессияда раислик қилувчининг рухсати билангина сўзга чиқиши;

депутатлик одоби қоидаларига риоя қилиши;

            сессияда иштирок этиши ва унинг ишида фаол қатнашиши;
ўзи таркибига сайланган доимий ёки муваққат комиссиялар мажлисларида иштирок этиши;

            Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламентида белгиланган тартибда овоз беришда шахсан иштирок этиши шарт.

            Депутат сессияда, ўзи таркибига кирган доимий ёки муваққат комиссия мажлисида иштирок этиш имконияти бўлмаган тақдирда, бу ҳақда Кенгаш раиси ёхуд доимий ёки муваққат комиссия раисига олдиндан хабар қилиши шарт.

            72-модда. Депутат сессияда кўриб чиқилаётган барча масалалар бўйича ҳал қилувчи овоз ҳуқуқидан фойдаланади. 

            Депутат:
            доимий ҳамда муваққат комиссияларга сайлаш ва сайланишга;

            сессияда кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;

            сессия кун тартиби, муҳокама қилинаётган масалаларни кўриб чиқиш тартиби ва моҳияти юзасидан таклифлар киритиш ва мулоҳазалар билдиришга;

            Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан сайланадиган, тайинланадиган ёки тасдиқланадиган мансабдор шахсларнинг номзодлари бўйича фикр билдиришга;

музокараларда иштирок этишга, маърузачи, қўшимча маърузчи ва раислик қилувчига саволлар беришга; 

            депутат сўрови билан мурожаат этишга;

            ўз таклифларини асослаб бериш учун сўзга чиқишга ва овоз бериш сабаблари юзасидан изоҳ беришга;

            сессияда раислик қилувчига сессияда муҳокама қилинаётган масала юзасидан ўз нутқи, таклифи ёки мулоҳазасининг матнини топширишга;
таркибига ўзи кирган Халқ депутатлари вилоят Кенгаши органининг қарорига қўшилмаган тақдирда ўз нуқтаи назарини сессияда баён этишга ёки бу ҳақда Кенгаш раҳбарига ёзма равишда маълум қилишга;

            Халқ депутатлари вилоят Кенгашига ҳисобдор бўлган ёки унинг назорати остидаги ҳар қандай орган ёхуд мансабдор шахснинг ҳисоботи ёки ахборотини сессияда эшитиш тўғрисида таклиф киритишга;

            Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ижро этилишини, шунингдек Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарорларининг бажарилишини текшириш тўғрисида кўриб чиқилиши учун масалалар таклиф этишга;

            сессия стенограммаси билан белгиланган тартибда танишишга ҳақли.
Депутат қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

            73-модда. Депутат тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига уларнинг ваколатларига кирадиган масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш ёки ўз нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан депутат сўрови юборишга ҳақли.

            Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг мансабдор шахслари депутат сўровига мазкур сўров олинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай жавоб юборишлари шарт.

            Судларнинг раислари, прокурорлар, суриштирув ва тергов органларининг раҳбарларига йўлланган депутат сўрови уларнинг иш юритувидаги муайян ишлар ва материалларга тааллуқли бўлиши мумкин эмас.

            Депутат сўровлари бўйича ахборот сессияда ёки доимий комиссиялар мажлисида муҳокама қилиниши мумкин.

            74-модда. Депутатни дахлсизликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги масала тегишли ҳудуд прокурори ёки юқори турувчи прокурорнинг тақдимномасига биноан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан ўн кун ичида ҳал этилади. Сенатор этиб сайланган депутатни дахлсизликдан маҳрум қилиш масаласи «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган тартибда ҳал этилади.

            Депутатни жиноий жавобгарликка тортиш, ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш тўғрисидаги прокурор тақдимномаси Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан сессияда кўриб чиқилади, сессиялар оралиғидаги даврда эса Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг раҳбари томонидан ёки унинг вазифасини бажарувчи мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинган қарор кейинчалик тегишли Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутатни дахлсизликдан маҳрум қилишга розилик бериш масаласига доир қарори дарҳол тегишли прокурорга юборилади.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутатни дахлсизликдан маҳрум қилишга розилик беришни рад этиши унга нисбатан жиноят ишини юритишни ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазони назарда тутадиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишни юритишни истисно этадиган ва бундай ишларни тугатишга сабаб бўладиган ҳолат ҳисобланади.

            Агар депутат ўзи Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг депутати бўлган вилоят, туман ёки шаҳар ҳудудидан ташқарида жиноят ёки маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса, депутатни жиноий жавобгарликка тортишга, ушлаб туришга, қамоққа олишга ёки унга нисбатан суд тартибида бериладиган маъмурий жазони қўллашга розилик олиш талаб қилинмайди.

            75-модда. Депутат одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозим. Депутатнинг ўз мақомидан фуқаролар, жамият ва давлатнинг қонуний манфаатларига зиён етказадиган тарзда фойдаланишига йўл қўйилмайди.

            Депутатлик одоби бузилган тақдирда депутатнинг хулқ-атвори тўғрисидаги масала Халқ депутатлари вилоят Кенгаши томонидан ёки унинг топшириғига кўра доимий комиссия томонидан кўриб чиқилиши мумкин.

 

Х боб. Якунловчи қоидалар

 

            76-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқача хизмат кўрсатиш ҳокимликнинг тегишли аппарати томонидан таъминланади.

            77-модда. Тегишли ҳокимликлар депутатни ҳужжатлар, зарур ахборот ва маълумот материаллари, шунингдек депутатлик фаолияти билан боғлиқ масалалар бўйича мутахассисларнинг маслаҳатлари билан таъминлайди.

            Депутатга техник воситалар, алоқа воситалари ва маълумотлар базаларидан фойдаланиш учун шарт-шароит яратилади.

            78-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламенти, унга киритиладиган ўзгартиш ва қўшимчалар Халқ депутатлари вилоят Кенгаши қарори билан тасдиқланади.

            Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламентига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлар доимий комиссиялар, партия гуруҳлари, депутатлар томонидан киритилиши мумкин ва сессия кун тартиби лойиҳасига киритилади ҳамда биринчи навбатда кўриб чиқилади.

            79-модда. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг регламентида назарда тутилмаган Халқ депутатлари вилоят Кенгаши фаолиятига доир масалаларни сессияда кўриб чиқиш тартиб-таомиллари сессияда депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади, баённома тарзида расмийлаштирилади ва қабул қилинган кундан эътиборан амал қилади.

53.59 KB