Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 156 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


Ферганская правда: Бир шаҳарда икки хил ҳаво бўладими?

×

 2019-01-24 14:53:41    65

PDF юклаш
Чоп этиш


Кейинги пайтларда давлатимиз раҳбарининг мамлакатга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича қатор қарор ва фармонлари имзоланди. Уларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқадиган бўлсак, реновация жараёни, йирик мегаполислар яратиш, катта шаҳарлар қиёфасини замонавийлаштириш масалалари бугунги куннинг долзарб масалалари ҳисобланади.

Шуларга кўра, Фарғона шаҳрида ҳам чет эллик ҳамкорларимиз билан биргаликда иш ўринлари яратиш, туризмни ривожлантириш, хорижий сармоядан унумли фойдаланиш мақсадида бир неча лойиҳалар имзоланиб, улар устида иш бошланди. Жумладан, Алишер Навоий кўчасидаги ўтган асрнинг 1946-47 йилларида қурилган, маънавий ва моддий жиҳатдан эскирган уйлар бузилиб,  ўрнига Жанубий Кореялик ҳамкорлар билан биргаликда янги  кўпқаватли меҳмонхона қуришга келишилди. Бу эски уйларда яшаётган аҳолига эса Фарғона шаҳрида янги қурилган замонавий квартиралар топширилмоқда.

Айни кунларда юқоридаги қарорлар асосида Фарғона шаҳрида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари жараёнларини www.fergana.agency сайти, www.gazeta.uz сайти, “Озодлик радиоси” “Сиздан телеграм” лойиҳаси орқали нотўғри талқин қилаётган мақолаларни ўқимоқдамиз. www.fergana.agency Фарғона шаҳри, А.Навоий кўчасидаги эски уйларнинг бузилиши мавзусида туркум мақолалар эълон қилиб келмоқда.  Уларнинг фикрича, аҳоли яшаб турган уйидан мажбуран чиқарилиб, шароити йўқ жойларга кўчирилмоқда.

Бу сайт мухбири Азиз Якубовнинг 21.01.2019 кунги “Смерть на руинах” мақоласи эса ҳаммасидан ошиб тушди. Бу материалда Гидролиз шаҳарчаси деб аталган ҳудуд — А.Навоий кўчасидаги 32-уйда яшовчи Виктор Аристовнинг вафотини кўчиш билан боғламоқчи бўладилар. Умуман олганда, муаллиф бутун жараённи нохолислик билан қора бўёқларга бўяб чиқади. Янги кўчирилаётган уй жойлашган жой ҳавоси ёмон, уйлар сифатсиз, шароит йўқ ва ҳоказолар иддао қилинади. Бу ҳаммаси қулоқма-қулоқ эшитиб ёзилган ёки тўқиб чиқарилган. Чунки унда иккинчи томон, мутасаддилар ёки янги уйдан рози аҳолининг овози эшитилмайди. Ёпирай, битта шаҳарнинг ҳавоси ҳам ҳар хил бўларканми?

Бу мавзуда 21.01.2019 куни  “Халқ сўзи” сайтида Элёр Эҳсоновнинг “Ҳайдаб чиқаришяпти эмас, янги уйларга кўчиришяпти” мақоласи ҳам эълон қилинди. Унда таъкидланишича: “Фарғона шаҳри, Регистон кўчасида янги қуриб битказилган, тўлиқ таъмирланган замонавий уйлар таклиф этилмоқда ва розилик аризаларига асосан фуқароларга қонуний тартибда ажратиб берилмоқда”, “замонавий уйларнинг биринчи қавати савдо ва маиший хизмат кўрсатишга мослаштирилган. Ушбу ҳудудда Фарғона марказий “Истиқлол” ўйингоҳи, унга туташ футбол мактаби, вилоят адлия бошқармаси, автомобиль транспорти вилоят бошқармаси ҳамда аниқ фанларга ихтисослаштирилган “Парвоз” ўрта таълим мактаби фаолият кўрсатади”.

Хўш, ким ҳақ? Кимга ишониш керак?

Мақолада кўрсатилган ҳолатларга аниқлик киритиш мақсадида “Ферганская правда” таҳририяти ушбу бузилаётган уйлар ва аҳоли кўчирилаётган янги уйда бўлиб, жараённи ўрганди.

Маҳалла фуқаролар йиғинида маълумот берилишича, вафот этган фуқаронинг сурункали касалликлари мавжуд бўлиб, унинг ўлими ҳеч қандай кўчиш жараёни билан боғлиқ бўлиб чиқмади. Қўлимизда унинг касаллик тарихи билан боғлиқ ҳужжатлар ва шаҳар прокуратураси хулосаси  мавжуд. Вафот этган кишининг руҳини безовта қилиб, жанжалга нохолис аралаштириш инсонийликка зид бўлса керак…

А.Навоий кўчасидаги бузилаётган икки қаватли эски уйлар аҳолисининг деярли ҳаммаси янги уйга кўчиб миннатдор ҳолда яшамоқда, 3-4 та хонадон эгаларигина кўчмаймиз деб оёқ тираб туриб олган (жами 62 та хонадон бўлиб, бугунги кунгача 48 таси кўчган, 1 таси эртага кўчиб ўтади, 12 таси қолган). Лекин ер давлатники экан, давлат бош режа асосида қуриладиган иншоот учун ўз еридан фойдаланишини ҳамма билса керак. Албатта, узоқ йиллар яшаб ўрганиб қолган жойидан кетиш қийин. Лекин бу хонадонларга ўринма-ўрин бу ердаги яшаш жойидан унча узоқ бўлмаган (3 км) замонавий типдаги қулай уйлар таклиф қилинган. Бу ҳолат “Маҳаллада дув-дув гап” фильмидаги кадрларни кўз олдимга келтиради.

Биз аҳоли билан суҳбатлашдик. Хонадон эгалари мустақилликнинг дастлабки йилларида квартираларни приватизация қилиб олган. Бир-икки хонадон эгалари эса кейинги йилларда ана шу уйлардан квартиралар сотиб олган. Аҳолининг асосий эътирози янги берилаётган уйнинг шаҳар марказидан, мактаб, боғча, ишга узоқлиги, марказда яшаб ўрганганмиз, пиёда бориб келганмиз деган фикрлари эди. Суҳбат давомида уларнинг фақат марказдан уй оламиз деган талаблари маълум бўлди.

Аниқлашимизча, бир хонали квартиралар ўрнига икки, икки хоналилари ўрнига уч хонали квартиралар ўринма-ўрин берилмоқда. Бундан, албатта, аҳоли миннатдор. Лекин айрим сайтлар аҳоли вакиллари билан тил бириктириб провокаторлик ҳаракатларини содир этмоқда. Масалан, 32-уй, 4-а хонадон эгаси Вяльшина Светлана ўғли ва келини билан бирга биз борган пайтда шаҳар ҳокимлиги вакиллари, ички ишлар ходимларини ҳақоратлаб, атай жанжал чиқарган. Шовқин-суронни эшитиб жамоат тартибини сақламоқчи бўлган Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.Ҳасановга ташланиб, тош отмоқчи бўлди ва унинг юзларини тирнаб олди. Шу билан бирга, миллатлар ўртасидаги дўстликка рахна соладиган миллий айирмачилик кайфиятини ҳамда Ўзбекистонда кечаётган ислоҳотлар ва сиёсатга қарши кайфиятини  намойиш қилди. Шунингдек, Fergana.ru мухолиф сайти билан доимий ахборот алмашишини билдирди.

Шу аснода шаҳар ҳокими ўринбосари Ш.Ниязметовдан бизга ахборот беришини сўрадик:

— Бу ерда янги иншоотлар барпо этиш учун шаҳар ҳокимининг қарори билан бузиш ишлари бошланган. Фуқаролар ўз вақтида огоҳлантирилган. Ҳатто айрим уйлар одамларни босиб қолиш даражасига келган экан. Одамларни ҳозирча шаҳар ҳокимлигининг кафолат хати билан янги уй квартираларига чиқаряпмиз. Шу квартираларга эгалик ҳуқуқини берувчи кадастр ҳужжатлари ҳам тайёр бўлиб қолди. Кадастр ҳужжатлари бепул тайёрлаб берилади. Янги уйларимиздаги квартираларда коммунал муаммолар йўқ, замонавий иситгичлар қўйилган, яхши ремонт қилинган, барча қулайликларга эга, “Фарғона” Халқаро аэропортига яқин. Уйларнинг 1-қаватида боғча, поликлиника ишга тушади. Ҳозир ҳам “Парвоз” ўрта таълим мактаби қошида болалар боғчаси ишлаяпти. Ҳозирда шаҳар транспорти — автобус ва “Дамас” маршрутли такси қатнови йўлга қўйилди. Қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилмаган, аҳолини янги квартиралар – яшаш жойи билан таъминлаяпмиз. Бу жараён ҳақидаги мақолаларга келсак, “Озодлик” ҳам, fergana.agency ҳам бизга расман мурожаат қилиб, маълумот сўрагани йўқ.

У бизга берган ҳужжатлар ичида ўтган йилнинг август ойида берилган огоҳлантириш хати ва квартираларга тарқатилган почта реестри нусхаси ҳам мавжуд.

Шундан сўнг уйларни бузаётган усталар ёнига яқинлашдик. Уларга бу уйларни ҳали  мустаҳкам эди дейишади деб айтдик.

— Йўқ, — дейди ишчилардан бири, — яхшиям бузганимиз, айрим уйлар зўрға турган экан. Айниқса, ичкарида уйлар шўрлаган, биринчи қаватлар ёмон аҳволда эди. Бу уйларда подвал йўқ, поллари чириб кетган. Бир-бирига зах ўтиб ётибди, ёрилган жойлар бор. Одамлар ҳаёти учун хавфли бўлиб қолган.

Албатта, бошқа давлатда ўтириб ёлғон тўқишдан осони бўлмаса керак. Биз таъмир ишлари охирига олиб борилмаган, шароити ёмон, ҳавоси ёмон дейишгани учун янги берилган Регистон кўчасидаги 4-уйга бордик. Ўз кўзимиз билан кўрганимиз яхши бўлди, бу ер янги “Истиқлол”стадионининг рўпарасида, жудаям барҳаво жой бўлиб чиқди.У ердаги уйларнинг биринчи қаватлари маиший хизмат кўрсатиш учун мўлжалланган, шаҳар марказидан 3 км масофада жойлашган. Биз юқорида келтирган Э.Эҳсонов мақоласидаги фактлар тасдиғини топди. Бу ерда ҳарбийлар учун ҳам уй қурилган бўлиб, улар бирор-бир шикоятсиз бир йилдан бери яшаб келишмоқда.

4-уйнинг 5-хонадони эшигини тақиллатамиз. Бизга Евгений Денисов эшикни очди. Биз унга газетадан келганимизни, шароит билан танишмоқчи эканимизни айтганимизда: “Шикоятим йўқ. Олдинги уйимиз эски эди, аллақачон бузиладиган бўлганди. Ҳозирги берилган уй эса янги, яхши. Газ, сув, электр муаммоси йўқ”, дея миннатдор эканини билдирди. Уйларининг ички деворларини уриб, тақиллатиб кўраман, В.Денисов ҳайрон бўлади. Биз деворлар гипсокартон билан ажратилган дейишганди, шунга текшириб кўряпман, дедим. У кулиб, ҳаммаси ғиштдан, деди. Шунингдек, 28-хонадон эгаси Виктор Чреватыйни кўчада учратганимизда у ҳам “Бу ер чиройли, менга ёқди. Хоналар иссиқ, сув, газ, электрдан муаммо йўқ, яхши” деди.

Қуйида яна бир неча янги хонадон соҳибларининг фикрларини келтирамиз.

Наталья Асанова, янги уйнинг 19-хонадони эгаси:

-Мен Президентимизга, ҳокимликка ғамхўрлик учун катта раҳмат айтмоқчиман. Уйлар яхши, ғиштли, сув, электр ўчмайди. Газ бор, иситиш тизими яхши ишлайди, уй яхши таъмирланган. Хуллас, мен розиман, хурсандман. Ҳеч қандай шикоятим йўқ. 54 ёшдаман, бу йил пенсияга чиқаман, бу хонадон эса жуда яхши совға бўлди.

Қосимова Гулнорахон, пенсионер:

-Ҳаётимизга янгиликлар кириб келяпти. Йилнинг бошидан Президентимиз қулайликлар яратиб беряптилар, эски уйларни янгисига алмаштириб беришяпти. Янги уйда ҳамма қулайликлар бор, кенг, ёруғ. Бошида ўрганган жойимиз, шаҳар марказидан кетамизми, деб хафа бўлгандек эдик, борганимиздан сўнг иссиққина, кенггина экан деб хурсанд бўлдик. Тинчгина, яхши жой. Энди автобуслар қатнови йўлга қўйиляпти. Шаҳар ҳокимлиги юкларимизни ўзлари машиналар ажратиб, олиб бориб қўйишди, ёрдам беришди. Нимага одамлар норози бўлишади? Олдин норози бўлганлар ҳам боргандан кейин шароитни кўриб хурсанд. Президентимизга, вилоят ва шаҳар ҳокимлигига минг раҳмат!

Одамларнинг рози эканлигидан-ку хурсандмиз. Энди яна иғво тарқатган сайтлар масаласига қайтсак. Кўрсатилган муаммолар тасдиғини топмади. Бунинг устига сайт тақдим этган расмлар ҳам қалбаки бўлиб чиқди. Расмдаги дарахтларданоқ фарқини сезишингиз мумкин. Янги уй олдида арчалар экилган, яшнаб турибди, улар кўрсатган расмда эса қуриган дарахтлар. Таъмирталаб бино расми билан янги битган уй расмининг фарқини ҳамма ажрата олса керак. Уларнинг бошқа-бошқа эканлигини ўзингиз солиштириб кўришингиз мумкин. fergana.agency сайти шов-шув учун аллақайдан топган расмларини ёлғондан шу уй деб эълон қилибди.

Ахир ёлғон, асосланмаган маълумотлар тарқатиш, аҳоли ўртасида атай норозилик кайфиятини пайдо қилиш, миллий низоларга йўл очиш, бу билан аста-секин давлат қўпорувчилигига ҳаракат қилиш эмасми?

Ўқувчиларимизга сўзларимиз қуруқ бўлмаслиги учун қуйида расмлар ва видеоинтервьюларни жойладик. Кўринг, ўзингиз хулоса қилинг. Шунда айрим сайтларнинг манфур башарасини кўриб оласиз.

“Ит ҳурар – карвон ўтар” дейдилар. Шаҳримиз қиёфаси гўзаллашиб бораверади, аҳоли турмуши яхшиланаверади, шаҳар ҳавосини бузмоқчи бўлганлар, икки хил ҳаво пайдо қилмоқчи бўлганлар эса унутилади.

Гулбаҳор Саидғаниева