Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 101 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


УРУШ ВА МЕҲНАТ ФРОНТИ ФАХРИЙЛАРИГА ИМТИЁЗЛИ СЕРТИФИКАТЛАР

×

 2017-04-17 14:17:13    80

PDF юклаш
Чоп этиш


Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ вилоятда 1941-1945 йиллардаги Иккинчи жаҳон урушининг ҳар бир қатнашчисига, фронт орти меҳнат фахрийларига, мустақиллик йилларида хизмат бурчини адо этиш чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг оила аъзоларига моддий, маънавий ва бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатишни кўзда тутган хайрли ишлар адо этилмоқда.

ФАРҒОНА ШАҲРИ.

Фарғона шаҳрида бир гуруҳ Иккинчи жаҳон уруши ва фронт орти меҳнат фахрийларини рағбатлантириш мақсадида вилоят ҳокимлиги, “Нуроний” жамғармаси, “Автотеххизмат” МЧЖ ва бир қатор жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан фахрийлар хонадонига ташриф буюрилиб, уларга “GM O’zbekiston” АЖ томонидан ишлаб чиқарилган енгил автомобилларни навбатсиз сотиб олиш ва бепул техник хизматдан фойдаланиш учун  имтиёзли сертификатлар топшириш маросими ўтказилди.

Сертификатларни вилоят ҳокими ўринбосари Қамариддин Имомов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси Топволди Холдоровлар топширди. Фахрийларга шаҳар ҳокимлигининг эсдалик совғалари улашилди.

Мазкур сертификатлар орқали ёши улуғ уруш қатнашчиларининг ўзи ёки яқинлари навбатсиз енгил автомобил сотиб олиш ва унга бепул техник хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлишлари таъкидланди.

Виктор Рамус,  Лариса Шарова, Акбарали Асқаров, Наримон Эркинов, Клинских Артем сингари 23 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийлари давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ҳурмат ва эътибор, моддий ва маънавий рағбатдан миннатдор эканликларини изҳор этишди.

–Отамнинг Иккинчи жаҳон уруши даҳшатларига жонли гувоҳ бўлгани, тинчлик учун курашган мард инсон эканлиги бизга юксак фахр ва катта ибратдир, – дейди “Ифтихор” МФЙда яшовчи уруш қатнашчиси Ашир ота Дадажоновнинг қизи Гулнора Дадажонова. –У каби жасоратли, ватанпарвар фахрийлар давлатимиз ва халқимиз эҳтиромида. Бугунги рағбат ҳам кўнглимизни тоғдек кўтарди.

“Мирзо Улуғбек” маҳалласида умргузаронлик қилаётган Гильмутдин Хусаинов бу йил қутлуғ 90 ёшни қарши олади. Урушдан сўнг узоқ йиллар ички ишлар органларида хизмат қилган отахон ўзининг жанггоҳларда кечган ёшлик йилларини ўкинч билан эсласа-да, Истиқлол қуёши порлаган кунларни кўрганига, тинчликка, кўрсатилаётган ғамхўрликларга шукрона келтириб яшайди. “Бутун дунё, халқимиз, болаларимиз сира уруш кўрмасин, тинчлигимизга кўз тегмасин”, дейди у.

Ҳудудларда уруш ва меҳнат фронти фахрийларига имтиёзли сертификатлар топшириш ва уларни моддий-маънавий рағбатлантириш тадбирлари давом этмоқда.

ҚЎҚОН ШАҲРИ.

“Ёшлар” кўчасидаги 36-уй. “Ушбу хонадонда фашизм устидан қозонилган ғалабага бебаҳо ҳисса қўшган Иккинчи  жаҳон уруши қатнашчиси истиқомат қилади” деган ёзувнинг ўзиёқ қалбда чексиз эҳтиром туйғусини уйғотади.

Ҳа, бу табаррук хонадонда Солижон ота Содиқов яшайди. У 1941-1945 йилларда Украина, Польша, Чехославакия, Германияда, урушнинг энг қайноқ ўчоқларида бугунги тинч, дориломон кунлар учун жанг қилган.

Муҳаббат ая билан турмуш қурганларига бу йил 70 йил тўлади. Тўрт ўғил, бир қизни эл корига камарбаста этиб тарбияладилар.

Вилоят ҳокими ўринбосари Олимжон Аҳмедов Солижон ота Содиқовга автомашина сотиб олиш учун имтиёзли сертификатни тақдим этар экан, унинг ҳаёти, жасорати бугунги кун ёшлари учун ибрат мактаби эканлигини таъкидлади.

Отахонннинг кўзларига севинч ёшлари инди, қўллари дуога очилди. Юртга тинчлик, барака тиланди.

– Президентимизга катта раҳмат, – дейди отахоннинг турмуш ўртоғи Муҳаббат ая Содиқова. – Навбатсиз енгил автомобиль сотиб олиш учун бу имтиёзни айтайликми, Ҳаж зиёрати учун имконият берилганлигини санайликми, баридан миннатдормиз. Уруш фахрийларини эъзозлаган халқимиздан айланай!

Худди шундай имтиёзли сертификатни топшириш учун вилоят, шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, “Автотеххизмат” МЧЖ ходимлари Қўқон шаҳридаги “Ўрмонбоғ” маҳалласида истиқомат қилувчи Абдулҳай ота Мелибоев хонадонида ҳам бўлдилар.

94 ёшли отахон ғалабани Берлинда кутиб олганлардан. Икки қиз, уч ўғилни оқ ювиб, оқ тараб, элга қўшди. Бугун 14 невара, 17 нафар чеваралар ардоғида.

– Ўзимда йўқ шодман, – дейди Абдулҳай ота сертификатни қўлига олар экан кўзда ёш билан, – Юртбошимиздан миннатдорман, уруш қатнашчиларига шунча имконият яратиб бергани учун мингга кирсин! Хонадонимизни таъмирлаш учун ҳам пул ажратилибди. Маҳалламиз кун исиши билан асфальт қилинар экан, булардан қувонмай бўладими? Фақат бу тинчликка, ривожланишга шукур қилиш лозим, осойишталикни асраб-авайлаш керак. Урушни биз кўрдик, сизлар асти кўрманглар!..

Имтиёзли сертификатларни топшириш маросими Қўқондаги Акрам Орипов, Карим Раҳимов, Мамадали Мелиев, Валентина Биришева, Ғуломжон Қосимов, Фаррахутдин Ҳайруллин, Усмон Раҳимов, Игор Рамашев хонадонларида ҳам тантанали равишда ўтказилди. Уруш фахрийларига энг эзгу тилаклар билдирилди. Қутлов, йўқлов ва имкониятлардан уларнинг боши кўкка етди.

Кекса авлод вакилларини қадрлаш биз учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Уларга қарата “Борлигингиз учун раҳмат!” дегингиз келади...

МАРҒИЛОН ШАҲРИ. 

9 Май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Марғилон шаҳрида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига юртимизда ишлаб чиқарилган замонавий енгил автомобилларни навбатсиз сотиб олиш ва бепул техник хизматдан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи сертификатларни топшириш маросимлари бўлиб ўтди. 

Вилоят ҳокими ўринбосари Қамариддин Имомов бошчилигида шаҳар ҳокимлиги вакиллари, “Нуроний” жамғармаси шаҳар бўлими, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши ва “Маҳалла” жамоат фонди шаҳар бўлими вакиллари 11 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронторти фахрийларига ана шундай сертификатларни тантанали равишда топширдилар.

–Тинч ва фаровон кунларга шукур, – дейди Надирмат маҳалласида яшовчи Акрамжон ота Ҳакимов. – Бизга кўрсатилаётган бундай эътибордан доимо хурсанд бўламиз. Ҳар битта байрам арафасида ҳолимиздан хабар олишни сира канда қилишмайди. Барчаларига ташаккур. Илоҳим юртимиз тинч, ҳаётимиз янада обод бўлсин.

Юз билан юзлашиш бахтига муяссар бўлиб, бугун фарзандлари, набиралари ва чеваралари даврасида кексалик гаштини сураётган Имомназар ота Қурбонов бу йил 103 ёшни қарши олди. Имомназар отага тақдим этилган сертификат нафақат отахонни, унинг яқинларини, қўни-қўшниларини ҳам қувонтириб юборди.

–Отамиз урушдан кейин корхонада кўп йиллар тўқувчи бўлиб фаолият кўрсатганлар,–дейди нуронийнинг қизи Мухлиса Қурбонова. – Фарзандларни ҳамиша ҳалол ва меҳнатсевар инсон бўлиб яшашга ўргатиб келганлар. Амалга оширган ана шу эзгу ишлари,  қилган меҳнатлари роҳатини кўриб умргузаронлик қилаётган отажонимизни хамиша соғ-омон бўлиб юришларини истаймиз.

Маориф маҳалласининг Улуғбек кўчасида истиқомат қилувчи Эргашжон Юсупов   Иккинчи жаҳон урушидан ғалаба билан қайтганидан сўнг  кўп йиллар темир йўл соҳасида меҳнат қилди. Турмуш ўртоғи билан 5 нафар фарзандни тарбиялаб, 30 га яқин набира ва чевараларнинг бобоси  бўлди.

–Энг яхши даврда, тинч осойишта умр кечираётганимиз бизни катта бахтимиз,– дейди Эргашжон ота. – Оилаларимиз фаровон, турмушимиз обод. Фарзандларимиз доимо ёнимизда парвона. Бунинг учун Яратганга ҳар қанча шукроналар, ҳукуматимизга раҳматлар айтсак арзийди. Мана шундай эзгу ишларни амалга ошираётган Юртбошимиздан чексиз миннатдормиз.

БУВАЙДА ТУМАНИ.

Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийларига енгил автомобилларни навбатсиз сотиб олиш учун имтиёзли сертификатлар топшириш маросимлари кўтаринки руҳда ўтказилди.

Тумандаги Найман қишлоғида яшовчи Зиятали ота Бозоров бу йил 91 ёшни қаршиладилар. Етти фарзанднинг ардоғида, 21 нафар невара, 73 нафар чеваранинг дуойи жонида.  Бугун эрк ва тинчлик учун кўрсатган жасорати муносиб қадр топаётган, давлатимизнинг доимий эҳтиромида турган отахоннинг кўзларида  шукроналик ва миннатдорлик ёлқинлари акс этди.

Янгиқўрғон қишлоғилик Кенжабой ота Эгамқуловнинг 1943-1944 йиллари Беларусиядаги жангда чап оёғидан олган оғир жароҳати унга машъум урушнинг даҳшатли кунларини эслатади. Уруш фахрийси хонадони ҳам байромона шукуҳ билан тўлди. Отахон имтиёзли сертификатни қабул қилар экан,  давлатимизга, Юртбошимизга ташаккур билдирди.

БАҒДОД ТУМАНИ.

Ҳозирда туманда истиқомат қилувчи Алижон Ғаниев, Абдуғаффор Турдиқулов, Ўлмас Далимов, Тўйчибой Умаров, Абдусалим Умрасулов, Жўрабой Халимов, Муҳаммаджон Қодиров, Раҳмат Тошпўлатов, Шокирали Тешабоев сингари 13 нафар уруш қатнашчиларининг ҳар бири имтиёзли сертификатларга эга бўлишди.

Эҳтиром тадбирлари бугун сафимизда юрган, сўнмас ирода ва жасорат соҳиби бўлган кексаларнинг эъзозланиши халқимизга хос бўлган олижаноб қадриятнинг ёрқин ифодаси эканлигини яна бир бор намойиш этди. 

БЕШАРИҚ ТУМАНИ.

Қорабўйин маҳалласида яшовчи Абдуқодир Мамажонов иккинчи жаҳон урушининг қора кунларини бошидан ўтказган. Ота эндигина 20 ёшни қаршилаган пайтида Украинага фронтга жўнатилган. Урушдан қайтгач тумандаги 18 мактабда  фаолият олиб борди.  9 нафар фарзандни вояга етказиб эл қаторига қўшди. Бугун эса зурёдлари ардоғида, давлатимиз эътиборида сиҳат-саломатликда умргузаронлик қилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони  табаррук боболаримизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Шу куни жамоатчилик вакиллари Орифхўжа ота Расуловни  йўқладилар. Унга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган автомашинани навбатсиз харид қилиш сертификати ҳамда 2 миллион сўм миқдорида  пул тантанали топиширилди.

“Уруш дунёда ҳеч бир халқнинг бошига тушмасин. Мана биз ўша қийин кунларни бошдан ўтказдик. Бугун Ватанимизнинг эътиборида, ғамхўрлиги оғушида яшаяпмиз. Бу эҳтиромлардан бошим осмонга етди. Президентимизга ташаккурлар айтаман”, дея қўлини дуога очди уруш фахрийси.

Ўзбекистон инсон қадр топган, кексалари эъзозланган юрт. Бундай юртда ҳамиша файз барокат  бўлади. Ғанибой Кенжаев ҳам туманда истиқомат қилаётган 11 нафар уруш қатнашчиларидан бири. Ташрифдан отанинг кўнгли тоғдай кўтарилди. Тинчлик, осойишталик қадрига етинглар,  дейди ота суҳбатда.

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларига сертификатлар ва пул маблағларини вилоят ҳокими ўринбосари Қамариддин Имомов ва туман жамоатчилик вакиллари топширдилар.

ЁЗЁВОН ТУМАНИ. 

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва меҳнат фронти фахрийларига  “GM Uzbekistan” қўшма корхонасида ишлаб чиқарилган енгил автомашиналарни навбатсиз ҳарид қилиш ҳуқуқини берувчи имтиёзли сертификатлар ҳамда 2 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари  топшириш маросимлари катта тантаналарга айланиб кетди.

Обод бир даврда роҳат ва фароғатда умр кечираётганимдан хурсандман, – дейди Қорасоқол  қишлоқ фуқаролар йиғини Мустақиллик кўчаси 47 уйда яшовчи 94 ёшли Маъмурхўжа ота Маҳмудов. Биз кексаларга эътибор кўрсатиб, шундай мукофотларни тақдим этаётган Президентимизга, ҳукуматимизга рахматлар айтаман.

Маҳмуджон ота Тешабоев хонадонида ҳам катта тантана. Отахон унга тақдим этилган мукофоту совғаларни қабул қилар экан, қўзларида қувонч ёшлари қалқиди. Тараққиёт маҳалласи Қайирма кўчасида яшовчи  нуроний  муборак 92 ёшни яқинлари даврасида нишонлади.  Отахон турмуш ўртоғи Ачахон ая билан 6 фарзандни тарбиялаб  60 йилдан зиёд биргаликда аҳил ва тотув ҳаёт кечиришди. 30 нафарга яқин набира 7 нафар чевараларга бобо бўлган Маҳмуджон ота бугун фарзандлари ардоғида яшамоқда.

Агар сайт модераторларига сайт ҳақида фикр мулоҳазаларингиз бўлса,
бу жадвалларни тўлдириб жўнатинг