Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< SENTYABR 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
      1
2345678
9101112131415
16171819202122
23242526272829
30      

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 237 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


ФАРҒОНА ВИЛОЯТИДАГИ 18 ТА МАКТАБДА СИНОВ ТАРИҚАСИДА ЯПОНИЯ ТАЪЛИМ ТАЖРИБАСИНИ ТАТБИҚ ЭТИШГА КИРИШИЛДИ

×

 2023-08-04 16:30:32    794

PDF юклаш
Чоп этиш


Дунёдаги замонавий ўқув дастурлари, ўқитиш методикаларини ўрганиб, юртимиз умумтаълим мактабларида жорий қилиш бўйича Давлатимиз раҳбарининг кўрсатмаларидан келиб чиққан ҳолда жорий ўқув йилидан вилоятимиз бўйича ҳар бир шаҳар ва тумандан танлаб олинган биттадан мактабда синов тариқасида Япония таълим тажрибаси татбиқ этилади.

Бугун Фарғона шаҳридаги “Тадбиркорлар уйи” мажлислар залида ушбу масалага бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят ҳокимининг Япония таълим тажрибасини Фарғона вилоятида синов тариқасида татбиқ этиш бўйича япониялик маслаҳатчиси Гото Микако, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, секторлари раҳбарлари, вилоят, шаҳар ва туманлар таълим соҳаси масъуллари ҳамда танлаб олинган умумтаълим мактаблари директорлари иштирок этдилар.

Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги Фарғона вилояти делегациясининг 2022 йил 5-11 декабрь кунлари Японияга амалий ташрифи доирасида Токио шаҳридаги Фужимигаока мактабида олиб борилган ўрганишлар ҳамда мулоқотлар натижасида, таълим ва тарбияни уйғун ҳолда олиб бориб, болаларни ҳаётга тайёрлашни асосий мақсад қилган Япония таълим тизимини вилоятимизда синов тариқасида жорий этишга қарор қилинганди.

Учрашувда вилоят ҳокимининг маслаҳатчиси Гото Микако таълим соҳасидаги дунёнинг энг илғор давлатлардан бири бўлган Япония таълимининг ўзига хос жиҳатлари ҳақида маълумотларни тақдим этди, таълим жараёнини ташкил этишнинг самарали усуллари, ота-оналар ва мактаб ҳамкорлиги, мактабдан ташқари ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, синф хоналарини жиҳозлаш борасидаги талаблар юзасидан тақдимот ўтказди.

Ўқувчиларда эркин ва креатив фикрлашни шакллантириш бош ғояси бўлган Япония таълим тизими, юқори билим бериш билан бирга, тозаликка риоя қилишни ва соғлом турмуш тарзини болаликдан ўргатиш, ўқувчиларни ёшликдан касбий таълимга йўналтириш, меҳнат кўникмаларини шакллантириш каби жиҳатларни ҳам ўз ичига олгани билан эътиборлидир.

Шаҳар ва туманлар ҳокимлари, секторлари раҳбарлари, мактабгача ва мактаб таълими бўлимлари бошлиқлари ўз ҳудудларидаги синов тариқасида танлаб олинган мактабларда Япония таълим тажрибасини татбиқ этиш учун зарурий шарт-шароитлар яратишга бевосита масъул эканликлари белгилаб қўйилди. Бунда ўқувчилар билан бирга ўқитувчилар учун ҳам етарли шароитлар яратиш, ўқитувчилар хонасини кунлик тажриба ва фикр алмашиниш, дарсга киришдан олдин режалар ҳамда дарсдан сўнг якунлар бўйича доимий очиқ муҳокамалар ўтказиш майдончасига айлантириш, ҳар бир ўқитувчининг алоҳида ишлаш жойи бўлишини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Ҳар бир танланган мактабда педагогик жамоа ва ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида Япония таълим тажрибасининг хусусиятларини тушунтириб бериш учун амалий семинарлар ўтказиладиган бўлди.

Вилоят мактабгача таълим ва мактаб таълими бошқармасига синов мактаблари ўқитувчилари учун ҳар бир фан бўйича Япония таълим методикасидан келиб чиққан ҳолда дарс қўлланмалари ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.

Японияда мактаб директори этиб тайинланиш учун фақатгина кўп йиллик тажрибага эга, олий тоифали ўқитувчилар орасидан икки йилда ўтказиладиган икки босқичли имтиҳонлардан ўтганлар танлаб олинади. Ушбу талабдан келиб чиққан ҳолда, вилоятимиздаги Япония таълим тажрибасини татбиқ этиш учун танлаб олинган мактаблар директорлари, ўқув йили якунига қадар касбий сертификациялашдан ўтишлари шартлиги маълум қилинди.

Таълим жараёнини тарбия билан ҳамоҳанг ташкил этиш, ўқувчиларни китоб ўқишга қизиқишини орттириш учун мактаблар кутубхоналар фондини кўпайтириш, ота-оналарни кенг жалб қилган ҳолда ҳар бир фандан “очиқ дарслар” ўтказишни доимий ташкил этиб бориш, фан тўгараклари ва касбга ўргатиш машғулот хоналари фаолиятини кенгайтириш борасида вазифалар белгилаб берилди.

Танлаб олинган мактаблар ҳудудида ўқувчилар учун телефондан фойдаланиш таъқиқланади, ўқитувчилар ҳам дарс жараёнларига телефонсиз кириши йўлга қўйилади. Мактаблар ҳовлиси ҳар бир синфга бўлиб берилади, ўқувчилар ўзига бириктирилган участкада меҳнат кўникмаларини олишади. Синф хоналарини ўқувчилар ўзлари тозалашлари йўлга қўйилади, тажриба давомида мактаб фаррошлари умумий фойдаланишдаги майдонларни тозалаш билан чекланишади. Мактаблар ҳудудида ва коридорларда кўплаб қўл ювиш воситалари ўрнатилади.

Ўқувчилар ва ўқитувчилар учун миллийликка хос бўлган кийиниш тартиблари ишлаб чиқилади ва жорий этилади.

Педагог ходимларнинг малакасини доимий ошириб бориш асосий йўналишлардан бири бўлади. Ўзлаштириши паст бўлган ўқувчилар билан ишлаш ўқитувчилар ва синф ўқувчиларининг умумий мақсади бўлади.

Йиғилиш давомида япон жамиятида сифатли мактаб таълими келгуси муваффақиятли ҳаётнинг асосий калити ўлароқ қабул қилиниши, японларда ўқитувчи ва мураббийларга бўлган ўзига хос ҳурматнинг шаклланишига омил бўлгани вилоят ҳокими томонидан қайд этилиб, ўқитувчи обрўсини юксалтириш, жамиятдаги нуфузини ва мавқеини оширишга қаратилган амалий ишларни йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram