Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Mart 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 92 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


ЎзА: Анор брендини яратаётган ўзбек аёли

×

 2019-02-27 20:16:23    86

PDF юклаш
Чоп этиш


Фарғонада анор ҳақида гап борса, албатта, Мастурахон опани ҳам фахр билан тилга олишади. Меҳнатда суяги қотган, офтоб мисоли юзлари доимо кулиб турувчи бу аёл анор етиштиришда катта мактаб яратган. “Анорчи опа”, “Анорзорлар маликаси” каби таърифлар ҳам ана шундан.

Бир пайтлар Фарғона – Қува йўналишидаги катта йўлнинг икки томонида ташландиқ, қақраб ётган қир-адирларда анорзор барпо этилади, деса ҳеч ким ишонмасди. Тўғри-да, сувсиз, тошлоқ ерларда боғ яратишнинг ўзи бўладими, ахир? Ўтган икки йил давомида биргина Қува эмас, Қувасой шаҳри ва Тошлоқ туманининг туташ ҳудудида ҳам катта ишлар амалга оширилди. “Фарғона анорчилик” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирма ташкил этилиб, Қуванинг машҳур анори шуҳратини тиклашга астойдил киришилди. Ўша жонсарак аёл – Мастурахон Сайфитдинова эса бу ишларга бош-қош.

Дастлабки йилнинг ўзидаёқ 270 гектар ер ўзлаштирилиб, 50 гектарига кўчат ўтқазилди. Ўтган йили яна 300 гектардан зиёд ер очилди. Унинг 289 гектарига ҳар хил навли 272 минг тупдан зиёд анор кўчати экилиб, парваришланмоқда. Жами экин майдони яқин келажакда 2 минг гектарга етади. Шуниси ҳайратланарлики, аксарият кўчатлар кейинги йил ёзидаёқ беш-ўнтадан ҳосил тугди.

Биз опани шинамгина шийпонда учратдик. Буни қарангки, шу куни Фарғона давлат университетида агрономия-анорчилик йўналишида таҳсил олаётган талабалар ҳам келишган экан. Опа уларга анор етиштириш бўйича ўз маслаҳатларини берди. “Булар бизнинг издошларимиз”, деб қўйди ғурур билан уларга ишора қилиб. Опадаги ўзбек аёлига хос самимийлик, меҳрибонлик, меҳнатсеварлик каби фазилатларни биринчи суҳбатдаёқ сезасиз.

– Анорнинг бошида тожи бор, шунинг учун ҳам у мевалар пошшоси ҳисобланади, – дейди опа. – Болалигимда онам Саодатхон менга буни кўп уқтирган. Қўлимга супурги тутқазиб, ҳар бир туп анорнинг тагини ҳам тозалатарди. Шунданми дейман, анорга меҳрим ўзгача. Қува туманидаги адирларда анорзорлар барпо этдик, шу ердаги анорчилик хўжалигига кўп йиллар раҳбарлик қилдим. Шу анорлар туфайли давлат арбоби ва ажойиб ёзувчи Шароф Рашидов билан ҳам бир неча бор учрашиш бахтига муяссар бўлганман. Қува анорининг довруғи бутун дунёга таралгани мени ҳам беҳад мамнун этади. Фермер хўжалигини ташкил этиб, маҳаллий анор навлари етиштиришни йўлга қўйдик. Ўртада анорчиликка ҳам бироз эътибор сусайган эди. Мана, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Фарғонада анорчиликни ривожлантириш бўйича қатъий топшириқлар берди. Бундан жуда хурсанд бўлдик.

Давлатимиз раҳбари ўтган йил 12-13 июнь кунлари Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Фарғона анорчилик” агрофирмасида ҳам бўлиб, бу ердаги ишлар билан танишди. Опа билан суҳбатлашиб, Фарғона давлат университетида анорчилик йўналишини очиб, янги навлар яратиш, мутахассислар тайёрлаш борасида таклиф ва тавсиялар берди. Ўтган қисқа вақтда бу ерда салмоқли ишлар амалга оширилди. Университетда кафедра ташкил этилиб, агрономия-анорчилик мутахассислари тайёрлаш йўлга қўйилди. Янги навлар яратиш борасида ҳам ишлар бошланган.

– Президентимизнинг топшириқлари асосида Фарғонада анор мактаби ва брендини яратиш бўйича ҳам ишларни бошлаб юборганмиз, – дейди М.Сайфитдинова. – Жорий йилда 5 минг гектар майдонда янги анорзорлар барпо этмоқдамиз. Айни пайтда дунёда анорнинг 140 дан зиёд нави мавжуд бўлиб, вилоят ҳокимлиги кўмагида қишлоқ хўжалиги соҳаси олимларини жалб этган ҳолда, ташишга чидамли, экспортбоп янги навларни парваришлаш, маҳаллийлаштириш, ўзаро чатиштириш орқали янги навлар яратиш устида илмий изланишлар олиб борилмоқда. Илмий тажрибадан маълум бўлишича, Қува анорининг шарбатлилик даражаси 50-55 фоиз бўлиб, бу дунё миқёсида энг яхши кўрсаткичлардан биридир. Анор – нозиктаъб дарахт, унинг “тили”ни тушуниш осон эмас. Бунинг учун илмни изчил йўлга қўйиб олишимиз лозим. Бу анор мевасининг доривор маҳсулот эканини илмий асослаб беришга, амалиёт билан назарияни боғлаш орқали экспортбоп маҳсулотлар, дори-дармон ва косметик воситалар ишлаб чиқаришга асос бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 октябрдаги “Фарғона вилоятида анор етиштиришни кўпайтириш ва соҳани ривожлантириш чора-тадбирлари тўғ​​рисида”ги қарори асосида ҳам анор кўчати етиштиришни янада ривожлантириш, қайта ишлаш ва экспорт ҳажмини ошириш борасида аниқ вазифалар белгиланган. “Анор етиштирувчилар” уюшмаси ташкил этилиб, опа унга раис этиб сайланди. Вилоят туманларида 2018-2020 йилларда 20 минг гектар майдонда анорзорлар ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозирги кунда Жанубий Корея, Малайзия, Эрон, Чили, Озарбайжон сингари ўнлаб мамлакатларда Фарғона анорчилиги тажрибасини ўрганишга қизиқиш катта. Ватани Фарғона вилояти бўлган “Қаюм“, “Қозоқи“ каби анор навлари АҚШ ва Европа давлатларида маҳаллийлаштирилмоқда.

Айни кунларда агрофирмада фойдали элементларга бой Қуванинг “Қаюм” ва “Қизилпўчоқ” анори, Қашқадарёнинг “Улфи”, Сурхондарёнинг “Қозоқи”, Озарбайжоннинг “Бола мурсан” каби кўплаб дони ва шарбати ширин анор навлари етиштирилмоқда.

Опа бахтли оиланинг бекаси, турмуш ўртоғи Баҳодир ака доим ёнида. Қайнонаси Оминахон аянинг хизматини қилиб, унинг дуосини олгани боисми, бугун ўзи ҳам келини ардоғида. М.Сайфитдинованинг меҳнатлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. 2017 йилда “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

Миришкор опанинг айтишича, анор барака, тинчлик ва фаровонлик рамзидир. Кашталаримизда акс этган анор гули ҳам шундан дарак беради.