Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Mart 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
25262728293031

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 138 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 535 йиллигига

×

 2018-02-14 11:58:38    99

PDF юклаш
Чоп этиш


“Бобурнома”да баҳор ҳайратлари

 Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг бетакрор меъмориал асари “Бобурнома” да табиатнинг инжа фасли баҳорни, Наврўзи айёмни кўп маротаба қаламга олади.

Асарни варақлар экансиз, Фарғонадан Ҳиндистонга қадар ер, жой, тоғ, ўлкаларнинг баҳор фаслидаги таровати, боғу роғлар, қир-адирлар бағридаги бинафша, лолалар, ўт-ўлан, гуллар ҳақида қимматли маълумотлар билан танишиб борасиз. Шоир ижод уммонида нозик дид ва фасоҳат билан баҳор муждаларини тасвирлайди. Бу тасвирлар шунчаки ижод маҳсули эмас, балки табиатни ўрганиш, кашф этиш давомидаги теран хулосалардир. Шу билан бирга шоир ҳайратлари замирида буюк Ватан соғинчи яширинган эди.

Қизиғи шундаки, шоир баҳор манзараларини бир вақтнинг ўзида ўлкашунос, ўсимликшунос сифатида назарий жиҳатдан исботлаш билан бирга, бадиий санъат мезонида сатрларга чизиб боради. Фарғонада ўсаётган митти гиёҳдан тортиб, азамат дарахтларнинг хусусиятларига шарҳ беради:

“Фарғона вилоятининг теварак-атроф тоғларида яхши яйловлари бор. Тобулғу дарахти бу тоғларда бўлади. Ўзга ҳеч ерда бўлмайди. Тобулғу шундай дарахт: пўсти қизил, ҳасса, қушларга қафас қиладилар, тарашлаб камон ўқи қиладилар, хийла яхши дарахтдир. Табаррук қилиб йироқ жойларга элтадилар.”

Мовароуннаҳр ҳудудлари табиатини синчиклаб ўрганиш жараёнида баҳор фаслини жуда ҳаётий ва жонли мисоллар асосида тасвирлайди:

“Андижон сойи Ўш маҳаллалари ичидан ўтиб, Андижонга кириб боради. Бу сойнинг иккала томони ҳам боғлар билан обод. Боғлар шундайгина сойга туташиб кетган. Бинафшаси беҳад нафис бўлади.  Кўп лола ва чечаклар очилади”.

Бу таърифлар замирида Бобурнинг Андижонга, унинг фусункор баҳорига муҳаббати яширингандек. Асарнинг 1502-1503 йил воқеалари баёнида эса Наврўзи айём ҳақида сўз очаркан, унинг мусофирликдаги кечинмалари байтга кўчади. Ички туйғулари ижтимоий кайфият билан уйғунлашади. Шоҳ навкарлар билан Қобулдан Ҳиндистонга оталанаркан  Бангаш ва Нагар тоғларидан ўтиб Дашт кентларининг орасига тушади: “Илгари кўрилмаган йўллар бўлгани учун йўлнинг яқин-йироғини билмай, мужмал мулоҳаза билан йўлга тушдик. Ийд намозини Гўмал сойининг бўйида ўтадик. Наврўз шу ийдга яқин келиб эди. Тафовути бир-икки кун эди. Шу муносабат билан бу ғазални айтиб эдим:

            Янги ой ёр юзи бирла кўруб эл шод байрамлар,

            Манга юзу қошингдин айру байрам ойида ғамлар.

            Юзи наврўзи васли ийдини Бобур ғанимат тут,

            Ки мундин яхши бўлмас бўлса юз наврўзу байрамлар.

Бобур Наврўз ва ҳайит байрамининг кетма-кет келганига алоҳида урғу бераркан, бу яқинликдан у саодат, бахт ва фатх калитини топгандек шод бўлганини англаш мумкин. У гарчи бу икки байрамни ёр жамолидан айрилиқда, ғамлар билан ўтказаётган бўлсада, наврўзнинг ташрифи унга кўнгил ҳаловатини бағишлаган эди. Шу боис у шеърий санъатнинг гўзал намунасини яратди.

Бобур тоғлар, даралар, дарёлардан кечиб ўтаркан, йўл машаққатлари ҳам баҳор манзаралари қаршисида чекинади. “Қобул ва Синд дарёларининг қўшилишидан пастроқда икки дарёнинг орасида табиат гўзаллигидан завқланиб ёзади: “Худди режалаштириб экилгандек, бир тепаликнинг олти тарафида бир жойида сариқ ва иккинчи жойида  қизил гуллар қатор-қатор бўлиб олти бурчак шаклида очилиб ётибди. Икки четда гул камроқ очилган, бироқ кўзимиз илғаган ерларнинг ҳаммаёғи гулзор эди. Паршавор атрофларида ҳам баҳор чоғи яхши гулзорлар бунёд бўлади”.

“Бобурнома”нинг бир нечта бобларида баҳор чоғи очиладиган гуллар, лолалар, уларнинг турлари ҳақида таърифлар келтириладики, ўқувчи шоҳ ва шоирнинг ҳайратларидан баҳраманд бўлиб боради. Унга илҳом берган табиатнинг инъомлари эканига ишонч ҳосил қилади.

Мазкур китоб мутолааси жараёнида воқеалар ечимида Бобурнинг ўктам шахсияти, забардаст сиймоси, шоирона қалби янада баркамоллик касб этаверади.

 

 Шоҳидбек АСЛОНОВ.

фото: fikr.uz