Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 75 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


Қишлоқ хўжалиги – 2018. Баҳорнинг бир куни йилга татийди

×

 2018-03-27 12:47:00    95

PDF юклаш
Чоп этиш


   Вилоятимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида олиб борилаётган ҳаётбахш ислоҳотларни замонавий мезонлар ва аниқ тизим асосида ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратилди

 Қадрдон қалдирғочларнинг ота юртга қайтиши, ялпиз ҳидли ариқларнинг зариф қўшиқларини куйлаб пўртана-пўртана бўлиб оқиши, қуёшнинг ажиб жилва қилиши эрта кўкламда бир сиқим тупроқни кафтига олиб, баҳорги юмушларни режалаштирадиган бободеҳқоннинг тинчини ўғирлайди. Шу тариқа бободеҳқонлар, фермерлар, томорқа миришкорлари яна умид билан ерга уруғ экади, ҳосил кутади ва даромадни чамалайди.

Бу борада ота-боболаримиздан қолган ҳикматли иборалар жуда кўп. Йилнинг серҳосил, баракали бўлиши унинг кўкламидан маълум деганларидек, эрта эккан эрта ўради. Баҳорнинг ҳар бир куни ғанимат, чунки ушбу фаслнинг бир куни йилга татийди, керак бўлса, бир йиллик ҳосил тақдирини ҳал этади.

Наврўз байрами арафасида вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан Олтиариқ туманининг Қизилтепа массивида ўз фаолиятини бошлаган Марказий Фарғона штаби бу борадаги ишлар кўламини тизимли асосда ташкил этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Марказий Фарғона штабининг очилиши вилоятимизда чигит экиш мавсумининг бошланишига бағишланган амалий семинар ҳамда қишлоқ хўжалиги ходимларининг Наврўзи олам тантаналарига уланиб кетди. Тадбирда вилоят ҳокимлиги, қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси, вилоят фермерлар Кенгаши, “Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, умуман соҳага дахлдор барча корхона ва ташкилотлар раҳбарлари, маҳаллий ҳокимликлар ва тегишли мутасадди идоралар масъул ходимлари, фермер хўжаликлари бошлиқлари иштирок этдилар.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев қатнашди.

Миллий қадриятларимизга кўра деҳқончилик юмушлари ҳамиша пок ниятлар билан бошланади,-деди тадбирда сўзга чиққан вилоят раҳбари. – Боиси элимизнинг ризқ-насибасини яратувчи фидойи соҳа ходимлари ҳамиша эзгу ниятлар билан меҳнат қилади. Роҳат астойдил қилинган меҳнат ва машаққат остида эканлигини жуда яхши англайди. Шу сабабли айни кунларда яхши ният билан экаётган уруғимиз яхши ҳосил бериши ва барча фермер хўжаликларининг иши бароридан келишига тилакдошмиз. Чунки қишлоқ хўжалиги ходимлари ўз меҳнати билан юртни обод қилади, халқимизнинг ҳаёти фаровон бўлишини таъминлайди.

Таъкидланганидек, Марказий Фарғона штаби ташкил этилгани бундан буён вилоятимиз қишлоқ хўжалиги соҳаси, хусусан, пахта ва ғалла етиштириш борасидаги ишларни тизимли асосда ташкил этиш имконини беради. Замонавий мезонлар бўйича фаолият олиб борадиган Марказий Фарғона штабида вилоят ҳокимидан тортиб, барча қишлоқ хўжалиги корхона ва ташкилотлари учун алоҳида жой ажратилиб, илмий ва амалий қўлланмалар, деҳқончилик юритиш хариталари, кўргазмали воситалар, маслаҳат ва мониторинг марказлари, мажлислар зали, инновацион ғоя ва технологияларни амалиётга жорий этишга кўмаклашувчи мутахассислар билан таъминланди. Марказлашган машина трактор парки фаолияти йўлга қўйилди ва керакли барча турдаги техника воситалари захираси яратилди.

Тадбир доирасида вилоятимизда жорий йилги чигит экиш мавсумини белгиланган муддатда ва уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида амалий семинар ҳам ташкил этилди.

Вилоят қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Одилжон Ҳожиматовнинг эътироф этишича, жорий йилда вилоятимизда 92 минг 800 гектар ерга чигит экиш режалаштирилган. Унинг 45 минг гектардан зиёди қўшқатор усулида экилиши кўзда тутилган бўлиб, бугунги кунга қадар чигит экиш мавсумига жалб этиладиган 2 минг 200 дан ортиқ техникалар сифатли таъмирдан чиқарилди. Бу йил вилоятимизда “Наманган-77”, “Султон”, “С-8290”, “С-6524” каби навларни экиш ва юқори ҳосил олиш мўлжалланмоқда. Айни пайтгача 165 та чигит экиш отрядлари фаолияти шакллантирилди.

Ҳозирги кунга қадар вилоятимизда ерни чигит экишга тайёрлаш ишлари тўлиқ ниҳоясига етказилиб, 803 та чигит экиш сеялкалари шай ҳолатга келтирилди. Чигит экиш сеялкаларининг 90 таси юқори унум билан ишловчи замонавий техникалар ҳисобланиб, 1 та селяка билан бир кунда ўртача 25 гектар ерга чигит экиш мумкин. Чигит экиш сеялкаларини тўлиқ ишга тушириш бир кунда 9 минг гектар ерга барака уруғини қадаш имконини беради. Бу эса чигит экиш ишларини қисқа фурсатларда якунлашда муҳим аҳамиятга эга.

Марказий Фарғона ҳудудида бугунги кунда вилоятимизнинг 8 та тумани жойлашган бўлиб, жорий йилда ушбу ҳудуддаги 30 минг гектар ерда пахта парваришланади, – дейди Бувайда тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Мўйдинжон Йўлдошев.    – Биргина ана шу жиҳатнинг ўзи ҳам Марказий Фарғона штаби фаолияти йўлга қўйилиши фермер хўжаликларининг иқтисодий салоҳиятини ошириб, ўз навбатида техника воситалари, минерал ва маҳаллий ўғитлар, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари харажатларини камайтиришда жуда ҳам қўл келади.

2017 йил ғалла ва пахта етиштириш соҳасида Бувайда тумани учун жуда ҳам омадли келди. Бу йил ҳам ютуқлар бардавомлигини сақлаш учун астойдил ҳаракат қиляпмиз. Марказий Фарғона штаби бу борада туманимиз фермерларига яқин кўмакчи бўлади, албатта.

Шу куни тадбир қатнашчилари учун файзли дастурхон ёзилиб, кўклам пишириқлари, тансиқ таомлар тортилди. Санъаткорларнинг куй-қўшиқлари барчани шодон даврага чорлади. Эзгу ниятлар билан дуога қўл очилиб, жорий йилги деҳқончилик ишларига қут-барака тиланди. Омборларимиз донга тўлиши, пахта хирмонлари осмон қадар юксалиб, муҳтарам Президентимиз ва халқимиз олдида юзимиз ёруғ бўлиши учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ишлашимиз зарурлиги таъкидланди.

 

Ботир МАДИЁРОВ.

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.


Маълумот учун: 2018 йил 23 март кунидан вилоятимизнинг барча туманларида чигит экиш ишларига киришилди. Бу борадаги белгиланган вазифалар ижроси Марказий Фарғона штабида умумлаштирилиб, кунлик мониторинг ишлари олиб борилмоқда.