Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 132 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОНГА ЯРАШГАН “ШОДИЁНА” МАҲАЛЛАСИ: ПРЕЗИДЕНТ ТАШРИФИДАН СЎНГ ЯНГИ ҚИЁФА КАСБ ЭТГАН МАҲАЛЛАДА “УЧ АВЛОД УЧРАШУВИ” БЎЛИБ ЎТДИ

×

 2021-08-04 21:37:39    108

PDF юклаш
Чоп этиш


Фарғона шаҳрининг Шодиёна маҳалласи вилоятнинг шаҳар ва туманларидан келган нуроний отахон ва онахонлар, меҳнат фахрийлари ва ёшларнинг “Уч авлод учрашуви”га мезбонлик қилди. Самимий мулоқотларда тинч ва хотиржам ҳаётимиз, фаровон кунларимизга шукроналик тилга олинди.

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров тадбирда сўзга чиқиб, барчани яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан табриклади:

“Барчамиз учун энг улуғ, энг азиз байрам – Мустақиллигимизнинг ўттиз йиллиги арафасида учрашиб турибмиз. Бугун бу ерда уч авлод вакиллари йиғилди. Сизлар босиб ўтган йўл иккинчи жаҳон урушидан кейинги қийинчилик йилларини, иқтисодиётни тиклаш йўлидаги машаққатли даврларни, мустақиллигимизнинг илк йилларини ҳам ўз ичига олади. Давлатимиз мустақил деб эълон қилинганига ўттиз йил бўлди. Давлатни шакллантириш, оёққа турғазиш, юқори даражага олиб чиқиш жуда қийин эканини ҳаммамиз яхши биламиз. Тарих учун ўттиз йил қисқа давр, аммо инсон учун катта вақт. Бу йиллар давомида машаққатли, шижоатли ва оғир йўллар босиб ўтилди ва яна бу жараён давом этмоқда.

Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчиликларида охирги беш йилликда ислоҳотлар шиддат билан авж олди. Иқтисодиётни эркинлаштиришда салмоқли натижаларга эришилди, очиқлик сиёсатига дадил қадам ташланди. Ўзбекистон дунёга қайта бағрини очди. Барча давлатлар билан, тенг шериклик тамойили асосида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бугун қўшниларимиз, ривожланган давлатлар билан яқин дўстмиз.

Мана шу Шодиёна маҳалласи кеча қандай эдию, бугун қандай бўлди. Оламшумул ўзгаришларни, ислоҳотларнинг натижасини мана шу маҳалла мисолида билсак ҳам бўлади. Шу боис ҳам учрашувни айнан бу ердан бошладик. Президентимиз жорий йил февраль ойида бу маҳаллага келганларида аҳвол қандай эди, мана ҳозир Шодиёна қандай кўринишга эга бўлди! Кўп қаватли уйларнинг бешинчи этажига сув чиқмас эди, мана ичимлик суви таъминоти тўла йўлга қўйилди. Болалар майдончалари, қўшимча хизмат кўрсатиш, ишлаб чиқаришлар ва ҳоказо, қилинган ишларнинг кўлами чексиз. Битта маҳалла мисолида ўзгаришлар булар бари. Биласизми, Президентимиз Тошкентга қайтиб кетган куннинг эртасига вилоятимизга Шодиёна маҳалласида янгиланиш ва бунёдкорлик ишларини амалга ошириш учун 30 миллиард сўм ташлаб берилди. Бунинг ортидан республикамизнинг барча вилоятлари марказларида аҳоли турмуш даражасини яхшилаш мақсадида жами 300 миллион доллар маблағ ажратилди. Жорий йилда вилоятимизга сув, газ, электр таъминотини яхшилашга, йўлларни таъмирлашга, мактаб ва боғчаларни қуришга 2 триллион сўм маблағ берилди. Бу 2017 йилга нисбатан 6 баробар, ўтган йилга нисбатан 2,5 баробар кўп демакдир”.

Дарҳақиқат, айни кунларда вилоят марказидаги “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғини ободлик ва фаровонлик масканига айланди. Президентимизнинг жорий йил вилоятга ташрифи чоғида кутилмаганда бу ерга ташрифи ва аҳоли билан мулоқоти ҳақиқий ҳолатни очиб берди. Ҳудудда кўплаб ечимини кутаётган муаммолар бор эди. Давлатимиз раҳбарининг топшириғи асосида маҳаллада улкан бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Орадан олти ой вақт ўтмоқда. Айни кунларда маҳалладаги қурилиш-таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари якунига етмоқда. Бугун бу ерга келган киши обод ва тароватли масканга гувоҳ бўлади.

“Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғинининг биноси хароба аҳволда эди. Қисқа вақт ичида бош режаси ишлаб чиқилиб, 1 қаватли маҳалла гузари ҳамда 2 қаватли маҳалла биноси маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан қуриб битказилди. Маҳалла тизими ходимлари фаолият олиб боришлари учун барча шароитлар яратилди, зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ҳудудда иш билан банд бўлмаган ёшлар ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Ёшлар меҳнат гузари” бунёд этилди. Маиший хизмат кўрсатиш ҳамда нон ишлаб чиқариш цехлари бузилиб, ўрнига замонавий лойиҳа асосида янгитдан қурилиш ишлари якунланди. Хусусан, “Ziyo nashr” масъулияти чекланган жамияти томонидан китоб савдо мажмуаси ва тикувчилик цехи ишга туширилди. Айни кунларда бу ерда 50 нафар “Ёшлар дафтари”, “Аёллар дафтари”га кирганлар муқим иш ўрни билан таъминланди.

Маҳалладаги 16 та кўп қаватли уйларни мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилиб, болалар майдончаси ўрнатилди. С.Темур кўчасида жойлашган кўп қаватли турар жойлар ҳудудида “Аллея” майдони ташкил этилиб, манзарали дарахт ва гуллар экилди. Кўп қаватли турар жойларда яшовчи аҳолининг бўш вақтларини мароқли ўтказиш учун барча шароитлар яратилди. Электр-энергия, табиий газ ва ичимлик суви тармоғи янгиланди. 5,6 километр ички йўлларда мукаммал таъмирлаш ва қуриш ишлари бажарилди, 2,8 километр ирригация тизимлари ҳамда 3,1 километр пиёдалар йўлаги реконструкция қилинди. Маҳаллада мавжуд ички ва йўл бўйидаги кўчаларда жойлашган турар жойларнинг меъморий қиёфасини яхшилаш мақсадида намунали лойиҳа асосида таъмирлаш ишлари ташкил этилди.

Маҳалла фуқаролар йиғинидаги “Фарғона механика заводи” кичик саноат зонасида умумий қиймати 870,8 миллиард сўмлик 29 та инвестиция лойиҳалари жойлаштирилган. Ҳозирга қадар 17 та лойиҳалар ишга туширилган бўлиб, 1 минг 485 та янги иш ўринлари яратилди.

Мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи қай бир юртдошимиз билан суҳбатлашманг, Президентимизнинг қадами етган бу маскан юртимизнинг энг гўзал ва фаровон маҳалласига айланганини, барча муаммолар ечим топганини мамнуният билан таъкидлашмоқда. “Шодиёна”нинг шодиёна кунлари энг улуғ, энг азиз байрам-мустақиллигимизнинг 30 йиллиги тантаналарига уланмоқда.

Уч авлод учрашуви иштирокчилари “Шодиёна” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари билан танишдилар. Бир пиёла чой устида давом этган тадбирда санъаткорларнинг қўшиқлари завқу шавқ улашди. Йиғилганларга вилоят ҳокимлиги совғалари топширилди.































Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube