Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Бюджет бўйича очиқ маълумотлар

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

АСОСИЙ СТАТИСТИК АХБОРОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Yanvar 2022 >>
DUSECHPAJUSHYA
     12
3456789
10111213141516
17181920212223
24252627282930
31      

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 62 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


ВИЛОЯТ ҲОКИМИ ХАЙРУЛЛО БОЗОРОВНИНГ ФАРҒОНА ВИЛОЯТИНИ ИЖТИМОИЙ-ИҚТИСОДИЙ РИВОЖЛАНТИРИШ БЎЙИЧА ЖОРИЙ ЙИЛДА АМАЛГА ОШИРИЛГАН ИШЛАР ВА 2022 ЙИЛ УЧУН БЕЛГИЛАНГАН ЭНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРГА БАҒИШЛАНГАН МУРОЖААТНОМАСИ

×

 2021-12-20 19:20:07    402

PDF юклаш
Чоп этиш


Ассалому алайкум, ҳурматли депутатлар, сессия қатнашчилари! Ҳурматли оммавий ахборот воситалари вакиллари ва жамоатчилик фаоллари! Қадрли юртдошлар!

Сўнгги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар ҳамда оламшумул янгиланишларнинг навбатдаги босқичига қадам қўйиш арафасида бугун Сизлар билан биргаликда жорий йилда амалга оширилган ишларни сарҳисоб қилишимиз ҳамда келгуси йил учун устувор йўналиш ва вазифаларни белгилаб олишимиз лозим.

Муҳтарам Президентимиз раҳбарликларида ўтган тарихий беш йилда халқимизда адолатга, ҳақиқатга ишонч пайдо бўлди, инсон қадри, унинг ҳуқуқ-манфаатлари устуворлик касб этди, аҳолининг дарду ташвишлари, ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш давлатнинг бош вазифасига айланди.

Юртимизда тарихан қисқа даврда барқарор иқтисодий ривожланиш таъминланган ҳолда, бугун жаҳонда кечаётган коронавирус пандемияси шароитида ҳам Ўзбекистон ижобий ўсиш суръатларини сақлаб қолаётгани халқаро майдонларда ҳам юқори эътироф этилмоқда.

Жорий йил октябрь ойида бўлиб ўтган Президент сайлови натижаси – Ўзбекистон аҳлининг, шу жумладан, фарғоналикларнинг бугунги кунидан мамнунлиги ҳамда эртанги ёруғ кунга, фарзандларимиз, оиламиз, мамлакатимиз келажагига бўлган катта умид ва ишонч туйғуларининг яққол изҳори бўлди десам, ҳақ гапни гапирган бўламан.

Халқимиз талабларини инобатга олган ҳолда, ишлаб чиқилган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш асосий ғоя ва бош мезон сифатида кун тартибига қўйилди.

Бу борада, “Халқ давлатга эмас, давлат – халққа хизмат қилиши керак”, деган бош ғоя билан, инсон қадрини улуғлаш, инсон манфаатини таъминлаш тамойили асосида вилоятимизнинг 3,9 млн. нафар аҳолисига муносиб турмуш, меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, камбағаллар ва ишсизлар билан ишлаш фаолиятимизга баҳо берадиган энг устувор мезондир.

Ҳурматли депутатлар,

Рухсатингиз билан, Фарғона вилоятини 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида амалга оширилган ишларга қисқача тўхталиб ўтсам.

Вилоятда 2021 йилнинг 11 ойи якуни билан барча соҳаларда иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари қайд этилди.

Хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7,8 фоизга (24,4 трлн.сўм), хизмат кўрсатиш 21,3 фоизга (16,3 трлн.сўм), қурилиш ишлари 8,9 фоизга (6,0 трлн.сўм), чакана савдо айланмаси 7,1 фоизга (17,1 трлн.сўм) ўсди.

Ҳисоб-китобларимизга кўра, 2021 йил якунлари бўйича макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнози барча йўналишлар бўйича ортиғи билан бажарилиши кутилмоқда. Хусусан, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 45,4 трлн. сўмга етиб, ўсиш кўрсаткичи 8,0 фоизни ташкил этади.

Вилоятда 2021 йил учун белгиланган макроиқтисодий кўрсаткичлар прогнозининг бажарилишига қуйидаги омиллар сезиларли туртки бўлди.

Аввало, Ҳурматли Президентимизнинг жорий йил 4-5 февраль кунлари вилоятимизга ташрифларида белгилаб берилган янги йўналишлар ва вазифалар асосида, Фарғона вилоятида янги “ўсиш нуқта”ларини шакллантириш, “маҳаллабай” ишлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш борасида берган топшириқлари бўйича амалга оширилган ишлардан бошласам.

Бу борада, ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила, ҳар бир фуқаро ҳаётидаги муаммоларни ўрганиш ва ҳал этиш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш бўйича, “маҳаллабай” ва “фуқаробай” ишлашнинг янги тизими жорий этилиб, 1052 та маҳаллага иқтисодий комплекснинг раҳбар-ходимлари бириктириб чиқилди.

Улар томонидан ҳар бир маҳаллани ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган “йўл хариталари”га киритилган 115 мингга яқин муаммо ва таклифларнинг бугунги кунга қадар қарийб 80 фоизи ижобий ҳал этилди. Бунда фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик масалаларини ҳал этиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш учун бўш турган бино ва ер майдонлари ҳамда имтиёзли кредитлар ажратиш, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш каби масалалар, шунингдек, коммуникация таъминотидаги муаммоларнинг ечими устуворлик касб этди.

Иккинчидан, ўтган йили қабул қилган мурожаатномамизга асосан вилоятда бизнес муҳитини янада яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга асосий эътибор қаратилиб, вилоят, шаҳар ва туманларда ташкил этилган “Тадбиркорлар уйлари” (Кенгашлари)да ҳар ҳафтанинг душанба куни тадбиркорлар қабулини ўтказиш йўлга қўйилди.

Ўтган вақт мобайнида, тадбиркорларни қийнаб келаётган 5 минг 800 та мурожаатлар ва муаммоли масалалар кўриб чиқилиб, уларнинг 3 минг 900 таси ёки 67% ижобий ҳал этилди. Жумладан,1600 дан зиёд тадбиркорнинг кредит ажратиш, 700 га яқин тадбиркорнинг бўш турган бинолар ва ер майдонлари ажратиш бўйича мурожаатлари қабул натижасида ижобий ечим топди.

Учинчидан, кичик бизнес субъектлари сонини 2 бараварга ошириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида ўтган даврда вилоятда 8 минг 542 та янги кичик бизнес субъектлари ташкил қилиниб, уларнинг умумий сони 41 минг 672 тага етди. Янги ташкил этилган субъектларда 21,6 мингта иш ўринлари яратилди. Ҳисобот даврида 81 та янги хорижий сармоя иштирокидаги қўшма корхоналар ўз фаолиятини бошлади.

Шунингдек, инвестиция дастурига мувофиқ 2021 йилда қиймати 4,2 трлн.сўм бўлган 809 та лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 16 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган бўлиб, январь-ноябрь ойларида 3,2 трлн. сўмлик 889 та лойиҳалар фойдаланишга қабул қилинди. Ушбу лойиҳалар доирасида 13 минг 133 та янги иш ўринлари яратилди.

Бу ўринда Қувасой шаҳрида "Кварц" АЖ томонидан умумий қиймати 736,6 млрд. сўм бўлган қурилиш ойнаси ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси фойдаланишга қабул қилиниб, 280 та янги иш ўринлари яратилганини алоҳида қайд этиш мумкин.

Йил якунига қадар, яна 1,1 трлн. сўмлик 203 та лойиҳалар ишга туширилади ва 6,4 мингта янги иш ўринлари яратилади.

“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида жорий йилда қиймати 1,8 трлн. сўм бўлган 55 та инвестиция лойиҳалари фойдаланишга топширилиб, жами фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 96 тага, ишловчилар сони эса 11 минг тага етди. Ўтган вақт мобайнида мазкур корхоналар томонидан 1 трлн. 550 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва 50,1 млн. долларлик экспорт амалга оширилди.

Фойдаланишга топширилган “Квантити Класс” МЧЖнинг ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш, “Корона гипс” МЧЖнинг гипсокартон ишлаб чиқариш ва “Бест гранд элит” МЧЖнинг кунгабоқар ёғи ишлаб чиқариш лойиҳаларининг ҳар бири қиймати 40 миллиард сўмдан ортиқ эканини қайд этиш лозим.

Шу билан бирга, шаҳар ва туманларда 751,7 гектар майдонларда ташкил этилган 90 та кичик саноат ва ёшлар тадбиркорлик саноат зоналарига жойлаштирилган 732 та лойиҳаларнинг 110 таси ўз фаолиятини бошлаб, жорий йилнинг 11 ойида 603 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Ушбу саноат зоналарида бугунги кунда 4 минг 100 дан зиёд нафар фуқаролар ва ёшларни бандлигини таъминлашга эришилди. Мисол учун оладиган бўлсак, Фарғона шаҳридаги "Фарғона Механика" кичик саноат зонасида "Фергана Глобал текстиль" МЧЖ томонидан 580.0 млрд. сўмлик лойиҳани ишга туширилиб, 1050 та янги иш ўринлари яратилди.

Бўш турган 1014 та объектлар фаолиятини тиклаш, уларнинг бино-иншоотларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида, ишлаб чиқилган Дастур доирасида вилоят бўйича бўш турган 809 та объектлар негизида 590,0 млрд. сўмлик лойиҳалар амалга оширилиб, 4836 та иш ўринлари ташкил этилди.

Тижорат банкларининг барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан тадбиркорлик субъектларини лойиҳаларини амалга ошириш ва қўллаб-қувватлашга 5,5 трлн. сўм (2020 йилга нисбатан 2,2 баравар кўп) кредит маблағлари йўналтирилди.

Тўртинчидан, вилоятда 2021 йилнинг январь-ноябрь ойларида 429,5 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди.

Йил якуни билан бу кўрсаткични 519,6 млн. долларга (336,7 млн.долларлик режага нисбатан - 154 фоиз) етказиш борасида тегишли чоралар кўрилмоқда.

Мисол учун, Бешариқ туманидаги “Фарғона Ясин Қурилиш Моллари” МЧЖда цемент ишлаб чиқариш лойиҳасида йил якунига қадар 46,5 млн. доллар, Фурқат туманида “БНБМ Билдинг материалс Централ Азиа” МЧЖ ХК (Хитой) томонидан гипсокартон ва метал профиллар ишлаб чиқариш лойиҳасида 17,6 млн. доллар ўзлаштирилиши кутилмоқда.

Бешинчидан, жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида 695,1 млн.долларлик (613,4 млн. долларлик режага нисбатан - 113,3%) маҳсулотлар экспорти амалга оширилди.

Шундан, саноат маҳсулотлари экспорти 489,3 млн. долларни (116,5%), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти 205,8 млн. долларни (63,2 %) ташкил этди.

Йил якуни билан эса экспорт ҳажмини 764,2 млн.долларга етиши ва ўтган йилга нисбатан 138 фоизга ўсиши кутилмоқда.

Олтинчидан, аҳоли бандлигини таъминлаш, ишсизлик даражасини қисқартириш борасида январь-ноябрь ойларида жами 145 908 нафар фуқароларни доимий ва 238 342 нафар фуқароларни мавсумий (такрорий экинга ер бериш орқали) ишларда бандлиги таъминланди. Жумладан,

- бандлик дастури доирасида яратилган иш ўринларига 37 745 нафар (109,7%);

- “маҳаллабай” тизими орқали хизмат кўрсатиш лойиҳаларини ишга тушириш ҳисобига 17 128 нафар;

- бўш турган бино-иншоотлардан самарали фойдаланиш ҳисобига 2 354 нафар;

- бандлик хизматлари кўрсатиш (субсидия, бўш иш ўринларига жойлаштириш, касбга ўқитиш ва бошқалар) орқали 88 681 нафар аҳолини бандлиги таъминланди.

Амалга оширилган ишлар натижасида вилоятда жорий йил якуни билан вилоятда ишсизлик даражаси 9,6 фоизни ташкил қилиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 бандга қисқартирилишига эришилади.

Еттинчидан, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш жами 598,0 млрд. сўм (республика бюджетидан 123,0 млрд. сўм, маҳаллий бюджетдан

475,0 млрд. сўм) маблағлар ажратилди.

Ушбу йналишдаги ишларимизни давом эттирган ҳолда 2022 йилда ҳам эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий нафақалар билан кенг қамраб олиш кўзда тутилган. Мазкур мақсадларга 877,4 млрд.сўм маблағ йўналтиришни мақсад қилиб олганмиз (2021 йилга нисбатан 279,4 млрд. сўм кўп).

Шунингдек, 3 та дафтарга киритилган фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни моддий тарафдан қўллаб-қувватлашга жорий йилнинг 11 ойи давомида 153,2 млрд. сўм маблағлар йўналтирилди.

- “Темир дафтар”га киритилган оилаларни бандлигини таъминлаш, уларни доимий даромад манбаини яратиш, моддий ва ижтимоий ёрдамлар кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар ҳисобига январь-декабрь ойларида 13 191 та оилалар дафтардан чиқарилди (25,3 млрд. сўмлик ёрдам кўрсатилган). Уларнинг 10 279 нафар меҳнатга лаёқатли оила аъзоларини бандлиги таъминланди.

- “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларнинг жамиятда фаоллигини ошириш, уларни бандлигини таъминлаш ва моддий қўллаб-қувватлаш борасида 1-босқичда, 30 ёшдан юқори хотин-қизларнинг 47 554 нафарига (100%) 59,8 млрд. сўмлик, 2-босқичда 52 540 нафар аёлларга 37,5 млрд. сўмлик жами 97,3 млрд. сўмлик ёрдамлар кўрсатилди.

Аёлларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида 154 нафар хотин-қизларга 2,2 млрд.сўм маблағ Республика Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фондидан дастлабки бадал сифатида тўлаб берилди.

Шунингдек, 2022 йилда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш учун 15,5 млрд.сўм субсидия ажратилади.

- “Ёшлар дафтари”га киритилган 80 минг 79 нафар ёшларни касб-ҳунар ўргатиш, имтиёзли кредитлар, ер майдонлари ва субсидиялар ажратиш ҳамда ижтимоий-моддий қўллаб-қувватлаш борасида кўрилган чоралар натижасида 76,2 минг нафар (95,2 фоиз) ёшлар дафтардан чиқарилди. Тадбиркорлик истагида бўлган ёшларга тижорат банклари томонидан 263,1 млрд. сўм имтиёзли кредит ажратилди.

Саккизинчидан, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, арзон уй-жойлар қуриш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини яхшилаш борасида ҳам қатор ижобий ишлар амалга оширилди.

1) жорий йилда Инвестиция дастурига мувофиқ 829,7 млрд.сўм маблағ доирасида жами 163 та ижтимоий ва инфратузилма объектларида пудрат ташкилотлари томонидан қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда (788,2 млрд.сўмлик ишлар бажарилган – 95%).

Бугунги кунга қадар, 160 та объектларда қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилди. Қолган 3 та (2 та мактаб, 1 та соғлиқни сақлаш) объектларни жорий йил 25 декабрга қадар фойдаланишга топшириш чоралари кўрилмоқда.

2) “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 30 та қишлоқ ва 8 та маҳалланинг архитектура қиёфасини янгилаш борасида 261,9 млрд.сўмлик ишлар бажарилиб, ушбу қишлоқ ва маҳаллалардаги 156,5 минг нафар аҳолини турмуш шароити яхшиланди.

3) вилоятда уй-жой бозори фондини яратиш, аҳолининг уй-жойларга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида жорий йилда жами 290 та кўп қаватли 9129 хонадонли уй-жойлар қурилиши ишлари олиб борилмоқда. Жумладан,

- 2021 йил давлат Дастури бўйича 97 та (2760 хонадон) уй-жойлар қурилмоқда. Мазкур уйларни 87 таси фойдаланишга топширилди;

- Давлатимиз раҳбарининг аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш, бу борада танлаш имкониятини кенгайтириш бўйича топшириқларидан келиб чиқиб, 2021 йилда илк бор шаҳар ва туманларда тажриба сифатида кўп қаватли уй-жойлар қурилишини хусусий пудрат ташкилотларини жалб этган ҳолда амалга оширдик.

Бу кутилган натижани берди десак муболаға бўлмайди. Сабаби, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан жорий йилда 193 та (6369 хонадонли) кўп қаватли уйлар қурилиши амалга оширилмоқда.

Бугунги кунга қадар ушбу уй-жойларнинг 133 таси фойдаланишга топширилди. Янги йил байрами арафасида яна 37 та янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилади.

Мисол учун, массив шаклида Бағдод тумани “Гулистон” МФЙда 61 та (1236 та хонадон), Фарғона шаҳрида 29 та (980 та хонадон), Олтиариқ туманида 9 та (258 та хонадон), Учкўприк туманида 10 та

(250 хонадон), Бувайда туманида 11 та (380 хонадон) уйлар фойдаланишга топширилди.

Шунингдек, Риштонда (11 та), Тошлоқда (6 та), Фарғона туманида (38 та), Қўқон шаҳрида (11 та), Марғилон шаҳрида (7 та) қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар йил якунига қадар фойдаланишга топширилади.

Тўққизинчидан, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш борасида 1 трлн.сўмлик 216 та лойиҳалар тўлиқ ишга туширилди ҳамда 2422 та янги доимий иш ўринлари яратилди.

1) Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 2021 йил ҳосили учун жами 354,1 минг гектар (246,1 минг гектар аосий, 90 минг гектар такрорий ҳамда 18 минг гектар оралиқ) майдонларга қишлоқ хўжалиги экинлари экилди ҳамда қишлоқ хўжалиги экинлари экиладиган асосий майдонлар ўтган йилга нисбатан 4 513 гектарга кўпайтирилди.

2) Энг муҳими, жорий йилда вилоятда фермер хўжаликлари ва агрокластерлар тасарруфидаги 18 минг гектар экин ерлари 135 минг нафар (19,4 минг нафар “Темир дафтар”, 20,7 минг нафар “Ёшлар дафтари”, 17,1 минг нафар “Аёллар дафтари”га киритилган фуқаролар, 131,6 минг нафар расмий ишсизлар, 15,6 минг нафар мактаб битирувчилари) ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳолига ажратиб берилди (382 минг тонна маҳсулот етиштирилган).

3) Шунингдек, соҳанинг асосий тармоқлари ҳисобланган ғаллачилик ва пахтачиликда 2021 йилда энг юқори кўрсаткичга эришилди.

Жумладан, ғалладан ўртача 75 центнердан (ўтган йили олинган ҳосилдан 7,8 центнер юқори) жами 744 минг тонна (ўтган йилган нисбатан 53 минг тонна кўп ёки 108 фоиз), пахтадан 33 центнердан (ўтган йили олинган ҳосилдан 3 центнер юқори) жами 274 минг тонна ҳосил олинди.

4) Чорвачиликни ривожлантириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида четдан 6 минг бошдан зиёд наслли қорамол ва 5 минг бошга яқин наслли қўйлар олиб келинди.

Шунингдек, 2021 йилда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик ва асаларичилик йўналишларида қиймати 373 млрд.сўм бўлган жами 146 та лойиҳа амалга оширилди.

5) Қўшилган қиймат занжирини яратиш, фермер, деҳқон хўжаликларини қўллаб-қувватлаш ҳамда кластерларни ривожлантириш бўйича белгиланган дастурга асосан 11 та йирик лойиҳалар ишга туширилди.

Жумладан, 2021 йилда Бешариқ туманида “Lux Yan Tex” МЧЖ, Бувайда туманида "Prof Tekst Plyus", Ўзбекистон туманида “Bulut textile” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластерлари фаолияти йўлга қўйилди.

Пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан пахта хомашёси етиштиришда қўшилган қиймат занжирини яратиш бўйича 737,3 млрд. сўмлик инвестиция лойиҳалари ишга туширилиб, 5032 та янги иш ўринлари яратилди.

Шунингдек, республикада биринчи бўлиб, вилоятнинг барча туманларида ғалла кластер усулида етиштирилди. Бунинг учун ҳудудларда 4 та чорвачилик, паррандачилик йўналишидаги йирик фермер хўжаликлари, 3 та хусусий донни қайта ишлаш крхоналари негизида ғаллачилик кластерлари фаолияти йўлга қўйилди.

Қишлоқ хўжалигида ҳудудларни ихтисослаштириш орқали маҳсулот етиштириш ва экаспорт қилиш ҳамжмини кўпайтириш мақсадида Қувасой шаҳри ва 5 та туманларда ташкил этилган 19 та мева-сабзавотчилик кластерларини қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга 11,4 минг гектар (1,7 минг гектар кластер корхоналарининг ўз ерлари, уларга бириктирилган 1,1 минг нафар фермер хўжаликларининг

9,7 минг гектар) ер майдонлари бириктириб берилди.

6) Ер ва сув ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича белгилаб олинган тадбирлар доирасида 2021 йилда 21,3 минг гектар майдонлар фойдаланишга қайтарилиб, 1,7 минг гектар майдонлар ўзлаштирилди.

Ушбу майдонларнинг 9,2 минг гектарига сабзавот, 134 гектарига полиз, 4,9 минг гектарига дуккакли, 4,1 минг гектарига бошқа экинлар экилиб, 4183 гектарида боғ ва токзорлар ташкил қилинди.

Ҳурматли депутатлар, сессия қатнашчилари!

Барчангизга маълумки, жорий йилда юртимизда муҳим сиёсий жараён – Президентлик сайлови бўлиб ўтди.

Ҳурматли Президентимизнинг Фарғона вилояти сайловчилари билан учрашувида келгуси 2022-2026 йилларда амалга ошириладиган энг муҳим устувор еттита йўналишлар бўйича вазифалар ва режалар аниқ белгилаб берилди.

Ушбу йўналишлардан келиб чиққиб ҳамда сайловчилар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда, барча йўналишлар бўйича “Фарғона вилоятини 2022-2026 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури”ни ҳамда уни амалга ошириш бўйича 2022 йил учун мўлжалланган “йўл харитасини” ишлаб чиқдик.

Навбатдаги вазифамиз, Давлатимиз раҳбарига камарбаста бўлиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшишимиз, келаётган 2022 йилда барча соҳаларда ижобий натижаларга эришиш учун мавжуд имкониятларимиз ва ресурсларимизни тўлиқ сафарбар этиш ҳисобланади.

Ҳурматли депутатлар,

2022 йилда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда олиб бориладиган ишларимизни устувор йўналишлари ва вазифаларини белгилаб олишимиз керак.

Биринчи навбатда, Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 6 ноябрь куни Президентлик лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқларида қайд этилган 7 та устувор йўналишлар асосида ишларни ташкил этишга асосий эътиборни қаратамиз.

Бунда, энг асосий вазифамиз – “маҳаллабай” ишлаш орқали камбағалликни ҳамда ишсизликни қисқартириш, вилоятимизнинг 1055 та маҳаллаларига тайинланган “ҳоким ёрдамчилари”га ҳар томонлама кўмаклашиш орқали маҳаллаларни комплекс ривожлантиришдан иборат бўлади.

Биз ушбу лавозимга Республика ишчи гуруҳи вакиллари ҳамда маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда “ҳоким ёрдамчилари” лавозимлари учун 1 924 та номзодлар билан суҳбатлар ўтказилиб, энг салоҳиятли 1 055 нафар номзодларни танлаб олдик.

Маълумот учун: “ҳоким ёрдамчилари” бўйича номзодларни

-712 таси (67,5%) шаҳар ва туман даражасидаги (143 та раҳбар, 152 та раҳбар ўринбосарлари, 411 та бўлим бошлиқлари, ва бошқа);

-101 таси (10%) вилоят даражасидаги ташкилотлардан (1 та раҳбар, 10 та ўринбосар, 71 та бўлим бошлиғи, 12 та шўба мудири, 7 та бош мутахассис) шакллантирилган.

Бундан ташқари, ушбу лавозимида ишлаш истагини билдирган, тадбиркорлик соҳасида етарли билим ва тажрибага эга бўлган салоҳиятли 129 нафар (12%) тадбиркорлар танлаб олинган.

“Ҳоким ёрдамчилари”га юклатилган вазифаларни ўз вақтида бажариш ҳамда халқимизни рози қилиш учун уларга молиявий дастаклар берилди.

Иккинчидан, вилоятимизда ҳозирги кунда 163 минг нафар ишсизлар мавжуд. Ҳар йили ўртача меҳнат бозорига 50-60 минг нафар ёшлар кириб келмоқда. Ишсизлик даражаси Сўх (10,4%), Ёзёвон (10,4%), Бувайда (10,3%) туманларида юқорилигича қолмоқда.

Ҳозирги кундаги амалга ошираётган ислоҳотларимизнинг асосий мақсади ҳам мана шу ишсизликни камайтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали уларни даромадларини ошириш пировард натижаси камбағалликни қисқартиришга қаратилган бўлиши зарур.

Шундан келиб чиққан ҳолда, келгуси йилда 152,9 мингта доимий иш ўринлари яратиш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилади. Жумладан,

1) Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан пахта ва ғалладан қисқартириладиган ер майдонларини 10 йил муддатга фуқароларга ижарага бериш тизими йўлга қўйилмоқда.

Вилоятимизда келгуси йилда 4863 гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилади ва бу орқали 35,0 минг нафар фуқароларни бандлигини таъминлаш чоралари кўрилади. Бунда, биринчи навбатда 3 та дафтарга киритилган оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларига ер бериб, уларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади;

2) Қишлоқ хўжалигида мавжуд имкониятлардан келиб чиқиб, 2022 йилда ҳудудларда фойдаланишга қайтариладиган ва янги ўзлаштириладиган 2,5 минг гектар ер майдонлари коперация шаклида аҳолига (10 сотихдан 1 гектаргача) деҳқончилик қилиш учун бўлиб бериш ҳисобига 15,0 минг нафар фуқаролар бандлиги таъминланади;

3) Ишсиз 13,1 мингта фуқаролар жамоат ишларига жалб этилади, бунга жамғарма ҳисобидан 29,9 млрд.сўм йўналтирилади;

4) Бандлик жамғармасидан 40,7 млрд.сўмлик субсидия ажратиш ҳисобига 11,5 минг нафар фуқаролар бандлиги таъминланади. Шундан;

- 14,1 млрд.сўмлик субсидия маблағлари ҳисобидан 4726 та фуқароларга иссиқхоналар қуриб бериш ҳамда суғориш воситалари, уруғлик ва кўчатлар етказиб бериш орқали,

- 10,3 млрд.сўмлик субсидия маблағлари ҳисобига 2715 та фуқароларга асбоб-ускуналар сотиб олиб бериш,

- 16.3 млрд.сўм субсидия ажратиш ҳисобига кооперативлар ташкил этиш ҳисобига 4054 нафар фуқароларнинг бандлиги таъминланади;

5) Келгуси йилда 8,7 мингта янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш хусусан, “ҳоким ёрдамчилари” томонидан аҳолини тадбиркорликка ўқитиш, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида 900 млрд.сўм имтиёзли кредит маблағларини ажратиш ҳисобига 22,6 минг нафар аҳолининг бандлиги таъминланади;

6) Вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида қиймати 7,1 трлн.сўмлик жами 791 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳисобига 28,3 мингта янги иш ўринлари яратилади;

7) Давлат аҳамиятидаги йирик 46 та саноат лойиҳаларида 7,3 мингта иш ўринлари ташкил этилади;

8) Ўзини-ўзи банд қилиш орқали 20,1 минг нафар аҳолини рўйхатдан ўтказиш орқали уларни ижтимоий ҳимоясини таъминлаш ва уларни расмий секторда бандлигини таъминлашга эришилади.

Юқоридаги айтилган иш ўринлари яратилишига шахсан вилоят ҳокимининг ўринбосарлари масъул бўлади. Жумладан,

- вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари - 66,3 мингта;

- вилоят ҳокимининг Инвестиция масалалари бўйича ўринбосари - 31,6 мингта;

- вилоят ҳокимининг Қурилиш бўйича ўринбосари – 4 мингта;

- вилоят ҳокимининг Қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосари – 50 мингта;

Вилоят ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари – 1,0 мингта доимий иш ўринлари яратилишини таъминлаш бўйича иш олиб боради.

Учинчидан, олдинги йилдаги мурожаатномада айтганим каби, тадбиркорликни ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш кунлик фаолиятимизнинг ажралмас қисми бўлиб қолади.

Сабаби, мураккаб пандемия давридаги синов ва қийинчиликлар пайтида халқимизга мададкор бўлган, янги иш ўринларини яратиб, ишсизликни камайтирган ва муҳтожларга кўмак бераётган ҳам тадбиркорлар бўлди десак – бу ҳам айни ҳақиқат!

Шундан келиб чиқиб, ҳудудларда фаолият кўрсатаётган “Тадбиркорлар Кенгаши” фаолияти янада кучайтирилади.
2022 йилда 8,7 мингта тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, улар сони қарийб 51,0 мингтага етказилади, банклар томонидан бу соҳага ажратилаётган кредитларни 2 баробар ошириб, 10 трлн. сўмга етказиш таъминланади.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорлар билан ишлаш борасида “Фарғона тажрибаси”ни яратишга жиддий киришамиз.

Тўртинчидан, вилоятда 2022 йилда жами 32,0 трлн. сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бу кўрсаткич қуйидаги омиллар ҳисобига таъминланади:

1) 2022 йилда вилоятимизда қурилиш материаллари ва енгил саноат тармоқлари “драйвер” соҳага айлантирилади.

Қурилиш саноатида - мавжуд имконият ва ресурсларни инобатга олган ҳолда, вилоятимизда Ўзбекистон тумани ва Қувасой шаҳрини қурилиш материаллари саноатига ихтисослаштирилиб, маҳсулот ишлаб чиқариш кластер усулида ташкил этилади.

Шунингдек, қурилиш материаллари саноати йўналишида қиймати 675 млрд. сўмлик 67 та лойиҳалар амалга оширилади ва 490 млрд. сўмлик қўшимча ишлаб чиқариш қувватлари яратилади. Бунда Ўзбекистон туманидаги “Модерна цемент индастри” МЧЖда қиймати
111 млрд. сўмлик цемент ишлаб чиқариш ёки Қувасой шаҳридаги “Цемент техно сервис” МЧЖда қиймати 106 млрд. сўмлик керамогранит плиталар ишлаб чиқариш лойиҳаларини алоҳида қайд этиш лозим.

Енгил саноат йўналишида - 2022 йилда кенг қамровдаги ишлар давом эттирилади. Мисол учун, мамлакатимизда илк бор Учкўприк туманида енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва логистика маркази иш бошлайди.

Барпо этилаётган замонавий енгил саноат мажмуасида 2 та логистика маркази, 212 та ишлаб чиқариш цехи, 336 та савдо дўкони, 560 та кичик савдо растаси ташкил этилади. Шу ҳисобига вилоятимиздаги 7,7 мингдан ортиқ аҳоли доимий иш ўринларига эга бўлади.

Шунингдек, енгил саноат йўналишида қиймати 2,1 трлн. сўмлик 100 та лойиҳалар амалга оширилади ва 1,1 трлн. сўмлик қўшимча ишлаб чиқариш қувватлари яратилади. Данғара туманидаги “Ша-София текстил” МЧЖда лойиҳа қиймати 121 млрд. сўмлик тайёр тикув маҳсулотлари ишлаб чиқариш, Риштон туманидаги “Рус-ўзбек-текс” МЧЖда лойиҳа қиймати 247 млрд. сўмлик мато ишлаб чиқариш каби корхоналарнинг фойдаланишга топширилиши вилоятимиз енгил саноатида сезиларли ўсишга эришиш имконини беради.

Шу билан бирга, нефт ва нефт-кимё, электротехника, чарм пойабзал ва озиқ-овқат саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Мазкур йўналишларда 2022 йилда жами 1,5 трлн. сўмлик 139 та лойиҳалар амалга оширилади. Жумладан,

- нефть-кимё саноатида 356 млрд.сўмлик 12 та лойиҳада - 360 млрд. сўмлик;

- электротехника саноатида 178 млрд.сўмлик 24 та лойиҳада - 528 млрд. сўмлик;

- чарм-пойабзал саноатида 103 млрд.сўмлик 28 та лойиҳада – 120 млрд. сўмлик;

- озиқ-овқат саноатида 839 млрд.сўмлик 75 та лойиҳада - 1,3 трлн. сўмлик; қўшимча ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилади,

2) “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида қиймати 378,0 млрд. сўмлик 16 та лойиҳаларни фойдаланишга топширилиши ҳисобига 1,0 трлн. сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этилади. Бу лойиҳалар орасида “Moллис” МЧЖ томонидан барпо этилаётган лойиҳа қиймати 143 млрд. сўмлик момиқ сочиқ ишлаб чиқариш каби йирик ишлаб чиқариш мажмуалари ҳам ўрин олган.

3) Шаҳар ва туманларда ташкил этилган 90 та кичик саноат ва ёшлар тадбиркорлик саноат зоналарига жойлаштирилган 622 та лойиҳаларда тўлиқ маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

 4) Бўш турган объектларни фаолиятини тиклаш, уларни самарали ишлашини таъминлаш борасида жорий йилга белгиланган дастурга киритилган 180 та объектлар бўйича лойиҳаларни ҳамда қўшимча аниқланган бўш турган объектларни ишга тушириш бўйича дастур ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилади.

Бешинчидан, маҳаллаларда хизмат турларини кўпайтириш, шу жумладан 18 хил турдаги хизмат кўрсатиш шаҳобчаларини ташкил этиш мақсадида 2022 йилда умумий қиймати 4,7 трлн.сўм бўлган 3881 та лойиҳалар амалга оширилади ва 69 мингта янги иш ўринлари яратилади.

Мисол учун, вилоятнинг хусусиятидан келиб чиқиб, туризм салоҳиятидан тўлақонли фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилади.

- жойлаштириш воситалари (меҳмонхоналар) 59 тага, улардаги хоналар сони 1266 мингтага;

- оилавий меҳмон уйлари 200 тага;

- туристларга хизмат кўрсатувчи туроператор ва турагентлар сонини 46 тага етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, Фарғона шаҳри марказида “Сайилгоҳ”, “Юксалиш”, “Ал-Фарғоний” ва “Каштанзор” кўчаларини мужассамлаштирган “Туризм мавзеси” фаолияти йўлга қўйилади.

Юқорида кўрсатилган тадбирларни амалга ошириш натижасида 2022 йилда вилоятга ташриф буюраётган чет эл ва маҳаллий туристлар сони 1 млн. 200 минг (шундан хорижий сайёҳлар 300 минг) нафарга етказилади.

Олтинчидан, келгуси йил учун хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда экспорт режасини 2021 йилга нисбатан 50 фоизга ортиғи билан таъминлаш чоралари кўрилади.

Бу борада, вилоят иқтисодиётига 2022 йилда 1,0 млрд. доллар миқдорида хорижий инвестициялар ва хорижий кредит линиялари маблағларини ўзлаштириш чоралари кўрилади. (2022 йил қарорига 505 млн. долларга таклиф берилган).

Келгуси йилнинг энг йирик хорижий инвестицияларига Ўзбекистон туманидаги “Фарғона Вест Интернейшнл Цемент” ҚК МЧЖ томонидан амалга оширилаётган цемент ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасини кўрсатиш мумкин. Бу корхонада 215,0 млн. доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши натижасида 800 та янги иш ўринлари ташкил этилади.

Шунингдек, маҳсулотлар экспортини 1,0 млрд. долларга (шундан, 850,0 млн. доллар саноат маҳсулотлари, 250,0 млн. доллар қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари) етказишга ҳаракат қилинмоқда (2022 йил қарорига 900,6 млн. долларга таклиф берилган).

Еттинчидан, келгуси йилда қурилиш соҳасини ривожлантиришга устувор вазифа сифатида асосий эътиборни қаратамиз. Жумладан,

1) Инвестиция дастури доирасида 2022 йилда 540,1 млрд.сўм маблағлар ўзлаштирилиши ҳисобига 103 та ижтимоий ва инфратузилма объектларида қурилиш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилади.

2) “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида вилоятнинг 19 та шаҳар ва туманларда 30 та қишлоқ ва 8 та маҳаллаларни архитектура қиёфасини янгилаш, ободонлаштириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини яхшилаш орқали 138,0 мингдан ортиқ фуқароларнинг турмуш шароити яхшиланади. Жумладан,

- 80 та ижтимоий соҳа (17 та боғча, 39 та мактаб, 24 та тиббиёт) муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш;

- 398,1 км ичимлик ва 46,6 км оқава сув тармоқларини тортиш, 95 та сув иншоотларини қуриш;

- 76 та трансформатор пунктлари, 101,8 км электр тармоқлари ҳамда 2443 та таянч устунларини янгилаш;

- 15,2 км газ тармоқлари ҳамда 145 та газ тақсимлаш пунктини таъмирлаш, аҳолига 428 та газ баллони етказиб бериш;

- 464,8 км узунликдаги (407,4 км йўлларни асфальтлаш, 57,4 км йўлларни шағаллаштириш) ички хўжалик йўлларини таъмирлаш ишлари бажарилади.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан эътиборан барча туман (шаҳар)ларнинг маҳаллий бюджетлари тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.

“Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштириш учун шаҳар ва туман ҳокимликлари қошидаги “Фуқаролар ташаббуси жамғармаси”га 178,2 млрд. сўм миқдорида маблағлар ўтказилади.

3) Шаҳар ва туманларда 2022 йилда массив шаклида 167 та (3816 хонадонли) кўп қаватли уй-жойлар қурилишини амалга ошириш ҳисобига 3816 та оила уй-жой билан таъминланади, ипотека кредити бўйича субсидия бериш орқали 2610 та эҳтиёжманд оилаларга хонадонлар ажратилади.

Шу билан бирга, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан шаҳар ва туманларда кўп қаватли уйлар қурилаётган массивларда 2022 йилда яна 100 та турар-жойлар қурилади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 декабрдаги ПФ-32-сонли Фармонига мувофиқ, Фарғона шаҳар, Ёзёвон, Фарғона туманларида “Янги Ўзбекистон массивлари” барпо этилади ва жами 143 та кўп қаватли уйлар қурилади.

Хабарингиз бор, Фарғона шаҳрида 300 гектар майдонда “Эко шаҳар” барпо этишга киришилди. 80 та 4362 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар, 3 та мактабгача таълим ташкилоти, 2 та умумтаълим мактаби, 1 та тиббиёт муассасаси қурилади. 60 гектар майдонда кичик саноат зонасини ишга туширилиши ҳисобига 24 мингта янги иш ўрни яратилади. 70 гектарлик “Янги Ўзбекистон” боғига дарахт экиш ишлари жадап олиб борилмоқда. Ёзёвон туманида 600 хонадонли 30 та, Фарғона туманида 1428 хонадонли 33 та кўп қаватли уй-жойлардан иборат янги массивлар қад ростлайди.

4) Шаҳар ва туманлардаги эскирган 2-3 қаватли 37 та турар жой бинолари ўрнида реновация дастури асосида 7, 9, 12 қаватли замонавий уйлар қурилиши ҳисобига 1989 та оилалар уй билан таъминланади.

5) Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш йўналишида қиймати 680 млрд.сўм бўлган 69 та лойиҳаларни амалга ошириш орқали 1,0 трлн. сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилади, 7,0 млн. долларлик импорт ҳажмини қисқартирилишига эришилади ҳамда 2,0 мингта иш ўринлари яратилади.

6) Бугунги кунда фойдаланилаётган 158 та фойдали қазилма конларига 2022 йилда қўшимча яна 69 та янги фойдали қазилма конларидан фойдаланиш йўл қўйиш мақсадида, улар аукцион савдоларига чиқарилади. Ушбу конларни ўзлаштириш бошланади.

7) Вилоятда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик корхоналар негизида 9 та қурилиш кластерлари фаолияти йўлга қўйилади. ("Олтиариқ Файз Бинокор" МЧЖ, "426-ХИМКК" МЧЖ, "296 ХКМК" МЧЖ, "Турон эко цемент" МЧЖ, “Farghona West International Cement” ҚК, “Albus Cement Group” ҚК, “Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи”, “Фарғона азот” АЖ, “Кварц” АЖ). Ушбу клестерлар томонидан уй-жой қурилиши учун зарур материаллар ишлаб чиқарилиши ҳисобига 1 м2 уй-жойларнинг нархи 4,5 млн.сўмдан – 3,6 млн.сўмга арзонлашади.

8) Аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатишни яхшилаш бўйича:

- “Қўқон - Наманган - Андижон - Қўқон” ҳалқа темир йўли бўйлаб, 3 та тез юрар электропоездлар қатновини йўлга қўйилади;

- Фарғона халқаро аэропорт инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчи оқимини ошириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида реконструкция қилинади;

- шаҳар ва туманларда 7 та янги автовокзал ва автостанциялар, 30 та автобус бекатлари қурилади, 12 та янги йўналишлар очилади, Хитой, Туркия ва Россия давлатларидан 175 та автобус ва 168 та микроавтобуслар сотиб олинади.

Саккизинчидан, вилоятда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш борасида 6,5 трлн. сўмлик 2100 та лойиҳлар амалга оширилади. Жумладан,

1) Ҳудудларда 8 минг гектар (6618 гектар оборотдан чиқиб кетган ва 1321 гектар қир-адирликлар) майдонлар сув таъминотини яхшилаш ва ер ости сувлари ҳисобига тик суғориш қудуқларини ўрнатиш орқали ўзлаштирилади.

2) Аҳоли томорқаларида озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда қўшилган қиймат занжирини тўлиқ қамраб олиш мақсадида ҳудудларда 68 та “Томорқа хизмати” МЧЖлар, 18 та кластер ва кооперациялар фаолияти йўлга қўйилади.

Хусусан, Фарғона туманининг Водил ҳудудидаги 5600 та хонадонлар ва 500 гектар экин ер майдонларини қамраб олган ҳолда малиначилик кластери, Риштон туманида 300 гектар майдонда пистачилик кластери ташкил қилинади.

3) Бошоқли дон етиштиришда ҳосилдорлик 77,8 центнердан 80,4 центнерга ва пахтачиликда 35,0 центнердан 40,0 центнерга етказилади.

4) Ҳар бир ҳудуднинг “драйвери” ҳисобланган соҳаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратган ҳолда:

- Учкўприк, Бешариқ, Ўзбекистон, Қува ва Риштон туманларидаги 13 та ҳудудлар боғдорчиликка, Олтиариқ, Қўштепа ва Фарғона туманларидаги 8 та ҳудудлар узумчиликга ихтисослаштирилади ва 2022 йил якунига қадар 4,7 минг гектар интенсив боғ ва токзорлар барпо этилади;

- Олтиариқ, Қўштепа ва Фарғона туманларида 9,0 минг гектар майдонда саноатбоп, хўраки ва кишмишбоп интенсив узумзорлар барпо этилиб, 7 та узумчилик кластерлари ташкил этилади.

5) Вилоятда чорвачиликдаги мавжуд имкониятлардан тўлиқ ва тўғри фойдаланиш, энг аввало, озуқа-ем базасини кенгайтириш мақсадида:

- Ёзёвон ва Бағдод туманларида ҳосилдорликни ошириш ҳисобига, 3000 гектар паст рентабелли пахта ва ғалла майдонлари, фойдаланишга киритиладиган 290 гектар ерлар чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик хўжаликларига ажратилади;

6) Ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига 125 та лойиҳага бюджетдан 121 млрд. сўм, мелиоратив объектларни таъмирлаш-тиклаш ишларига 193,4 млрд. сўм маблағ ажратилади.

Шунингдек, 2022 йилда Сўх туманида қиймати 78,6 млрд. сўм бўлган икки босқичли “Қайроқ” насос станциясини қуриш ишлари якунланади. Натижада, қўшимча 1448 гектар янги ерлар фойдаланишга киритилиб, ушбу ер майдонларида каврак, лаванда доривор ўсимликлари плантациялари ташкил этилади.

Тўққизинчидан, ижтимоий соҳани ривожлантириш борасида:

1) Мактабгача таълим тизимида 2022 йилда 33 та давлат мактабгача таълим ташкилотларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш;

- Фарғона, Қувасой шаҳарлари, Сўх ва Ўзбекистон туманларидаги 4 та педагогика коллежларининг бўш турган биноларида мактабга таълим ташкилотларини ташкил этиш,

- ҳудудларда 254 та (250 та оилавий ва 4 та давлат ва хусусий шерикчилик) асосида мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш ҳисобига 6840 нафар 6 ёшли болаларни қамраб олиш ҳисобига қамров кўрсаткичлари 85 фоизга етказилади.

Шунингдек, Мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатлантиришни ташкил этиш мақсадида 2022 йил давомида 250 та таълим ташкилоти “аутсорсинг” ва 47 та таълим ташкилоти “кейтеринг” тизимига ўтказилади.

2) Халқ таълими тизимидаги умумий ўрта таълим мактаблари ҳолатини яхшилаш мақсадида вилоятдаги 25 та (20 та реконструкция ва 5 та мукакммал таъмирлаш) мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 147,3 млрд.сўм маблағ йўналтирилади.

Ўқувчиларни мактабга қатнаш давоматларини яхшилаш бўйича мутлақо янги – давоматни назорат қилиш ахборот тизими жорий қилинади.

Ўтган йилги ўрганишларимиз натижасида Қўқон шаҳрида давомат жуда пастлиги аниқлангач, ушбу Фейс АйДи (ўқувчилар давоматини юздан аниқлаш) тизимини тажриба сифатида жорий қилгандик. Ота-она - мактаб - маҳалла ҳамкорлигини мустаҳкамлашга қаратилган ушбу тизим ўзининг яхши самарасини берди. Давомат ўсиши 15 фоизни ташкил этди.

Вилоятимизда таълим сифатини тубдан яхшилаш учун хусусий мактаблар сонини кўпайтириш учун Махсус имтиёзли кредит дастури ишлаб чиқилади, кредитнинг бир қисми учун вилоят ҳокимлиги кафиллиги берилади. Энг яхши натижалар қайд этган хусусий мактаблар учун вилоят маҳаллий бюджетидан субсидиялар ажратиш тизими йўлга қўйилади.

Таълим соҳасида илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ҳамда вилоятимизда тадбиқ этиш мақсадида вилоятимизнинг энг яхши ўқитувчиларидан ташкил этиладиган делегациялар хорижий давлатларга йил давомида вилоят ҳокимлиги томонидан тажриба ўрганиш ва малака ошириш учун юборилади.

Келгуси 2022/2023 ўқув йили якуни бўйича ҳар бир мактаб дастурига киритилган фан бўйича энг яхши кўрсаткичларга эришган ўқитувчилар учун вилоят ҳокимининг махсус устамаси жорий этилади. Бу устама бир ўқув йили давомида тўлаб борилади, унинг талаблари ҳамда низоми ишлаб чиқилиб, барча педагогларга етказилади.

Ахборот ресурс марказларини ривожлантириш бўйича - Ҳаммангиз яхши биласиз, 2019 йил 7 июнда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Қарорнинг 7-бандида туманлар, шаҳарлар марказларида кутубхоналар учун бино ажратиш вазифаси белгиланган. Афсуски, икки ярим йил ўтган бўлса-да, кўпгина туман ҳокимликлари томонидан кутубхоналарга бино ажратилмаган. Мисол учун, Олтиариқ туман кутубхонаси ҳалигача ўз биносига эга эмас. Кутубхона эски қабристон ўрнида ташкил этилган боғдаги битта хонада фаолият кўрсатмоқда. Риштон, Фурқат, Фарғона, Тошлоқ туманлари, Марғилон шаҳар кутубхоналари умуман талабга жавоб бермайдиган биноларга вақтинча жойлаштириб қўйилган. Бешариқ, Сўх туман кутубхоналари учун ажратилган жой капитал таъмирга муҳтож бўлиб, иситиш тизими мутлақо ишламайди, фаолият учун етарли компьютер техникалари ажратилмаган. Шу муносабат билан маҳаллий бюджет маблағлари ёки давлат-хусусий шериклик асосида кутубхоналар учун янги бино ажратиш бизнинг асосий вазифамиз бўлади. Шу билан бирга, Фарғона шаҳар “Сайилгоҳ” кўчасида Туркиялик лойиҳачиларни жалб этган ҳолда, қарийб 100 млрд. сўм маблағ ҳисобига 13 қаватли, барча шароитларга эга бўлган замонавий АйТи Парк, муҳташам кутубхона ва инновацион тил ўрганиш марказидан иборат мажмуа ташкил этилмоқда. Ушбу марказни 2022 йилда ишга тушириш чоралари кўрилмоқда.

3) Соғлиқни сақлаш тизимини яхшилаш, аҳоли саломатлиги, сурункали касалликларни даволаш ва профилактика қилиш, сифатли ва малакали тиббий хизматларни маҳаллагача етказиш мақсадида:

- Инвестиция дастури доирасида 15 та тиббиёт муассасаларини реконструкция қилинади ва мукаммал таъмирланади;

- вилоятдаги 10 та оилавий шифокорлик пунктлари ва 6 та оилавий поликлиникалар фаолияти ташкил этилади, тиббиёт муассасаларини таъмирлаш, замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш чоралари кўрилади;

- бирламчи тиббий хизматда дори воситалари ва тиббий буюмлар харид қилиш учун ажратиладиган маблағлар 3 баробарга оширилади, бунинг учун, бюджетдан ҳар йили камида 50 млрд. сўмдан зиёд маблағ ажратилади;

- ихтисослашган тиббий хизматларни кенгайтириш ва сифатини яхшилаш мақсадида Бағдод, Ёзёвон туманлари ва Қўқон шаҳрида туманлараро шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказлари, ҳар бир шаҳар ва туман поликлиникаларида болалар бўлимлари фаолияти қайта тикланади, шифохоналарда эса болалар реанимацияси ташкил этилади;

- вилоятнинг 40 ёшдан ошган 1 млн.га яқин аҳолиси ўртасида юрак-қон томир ва диабет касалликлари бўйича манзилли скрининг текширувлари ўтказилади;

- аҳоли, айниқса аёллар орасида учрайдиган энг кўп касалликларни (буйрак, эндокрин тизими, онкология) камайтириш мақсадида вилоят Перинатал марказини реконструкция қилиш, тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш бўйича “Кластер” тизимини жорий этиш, тиббиёт бирлашмалари болалар бўлимлари ва туғруқхоналарда реанимация бўлимларини ташкил этиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, келгуси йилда вилоятда Ҳиндистоннинг “Apollo Hospital” клиникасининг филиали ташкил этилади. Ушбу муассасанинг асосий фаолияти тиббиётнинг трансплантология, ортопедия, кардиохирургия, ошқозон-ичак аъзолари касалликлари, кўз касалликлари ҳамда нейрохирургия йўналишида даволаш ишларини амалга ошириш ҳисобланади.

Бундан ташқари, вилоят соғлиқни сақлаш тизимига хорижий инвесторларни жалб этиш ҳамда даволаш ишларини самарали ташкил этиш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жорий йилда Халқаро молия корпорацияси (IFC) ҳамкорлигида вилоятда давлат хусусий-шерикчилик асосида ҳозирги замон талабларига мос равишда вилоят Кўп тармоқли тиббиёт марказини ташкил этиш (қуриш, жиҳозлаш ва хорижий замонавий технологиялар билан таъминаш) бўйича келишув меморандуми имзоланди.

Ўнинчидан, аҳолини кенг кўламда маданий ва спорт тадбирларига жалб этиш, соғлом турмуш тарзи ва соғлом овқатланиш масаласига ўргатиш керак.

Спорт соғлом турмуш гарови эканлигига бир мисол келтирмоқчиман. Яқинда вилоятимизга ташриф буюрган Япония инвесторлари билан учрашувда икки нафар инвесторлар эътиборимини тортди. Кўринишидан 60-65 ёшга ўхшайди. Суриштириб билсам, бири 76 ёш, иккинчиси эса 81 ёшда экан.

Бунинг сирини сўраганимда, 76 ёшдагиси ҳар куни 1 соат “электрон югуриш йўлакчасида” югуришини, 81 ёшдагиси эса ҳар куни эрталаб 10 км пиёда юришини ва тўғри овқатланишини айтди.

Шу ўринда халқимизнинг “Соғлом бўламан десанг югур, чиройли бўламан десанг югур, узоқ умр кўраман десанг югур” деган мақоли бекорга айтилмаганлигига яна бир бор амин бўлдим.

Японлар мисоли - биз ҳали ҳеч нима қилмаганлигимизни кўрсатди. Шунинг учун аҳолини дам олишга ҳам, спортга ҳам ўргатиш керак.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунёда касалликларнинг 50-55 фоизининг келиб чиқишига соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик, ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш, ҳаракатсизлик сабаб экан. Ортиқча вазн муаммоси республикамизда ҳам соғлиқни сақлаш тизимида жиддий оқибатларни юзага келтираётгани, кўплаб касалликларнинг келиб чиқишида асосий сабаб бўлаётганидан келиб чиқиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда “Фарғона тажрибаси” йўлга қўйилади.

Бунда вилоятда яшовчи меъёрдан ортиқча вазнга эга фуқаролар, махсус дастур доирасида рўйхатдан ўтиб, ортиқча вазнни йўқотишга эришсалар, ҳар бир килограм озиш учун 500 минг сўм миқдорида пул берилади. Барча ижро органлари бу тажрибани оммалаштириш бўйича иш олиб борадилар.

Бу борада махсус низом ишлаб чиқилади. Дастурда иштирок этиш истагида бўлган фуқаролар яшаш жойи бўйича поликлиникада вазнни тортириб, қайддан ўтишлари керак бўлади. Олти ойдан сўнгра такрорий кўрик ўтказилади, бир йил давомида қайд этилган натижага кўра, энг камида 5 кг вазн йўқотишга эриша олган фуқароларга тўлов амалга оширилади.

2) Маданий мерос объектларини реставрация қилиш, янги туризм машрутларини кўпайтириш мақсадида 10 та объектлар таъмирланади ҳамда уларга олиб борувчи инфратузилма яхшиланади.

3) 2022 йил сентябрь ойида Қўқон шаҳрида II-Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказишга пухта тайёргарлик кўрилади.

4) Бетакрор шоир, миллатпарвар, халқимизни бир умр илму маърифатга, тараққиёт ва ёруғ келажакка чорлаб ўтган шахс – Зокиржон Фурқатнинг эл-юртимиз олдидаги буюк хизматларини инобатга олиб, унинг ижодини янада кенг оммалаштириш мақсадида Қўқон шаҳридаги Фурқат боғи реконструкция қилинади, аҳоли маданий хордиқ чиқарадиган сўлим гўшага айлантирилади ва боғда шоирнинг ҳайкали ўрнатилади.

5) Фарғонадан етишиб чиққан халқ меҳрини қозонган улуғ санъаткорларнинг номларини абадийлаштириш мақсадида Марғилон шаҳар “Ижодкорлар боғи” ҳудудида уларнинг бюстларини ўрнатиш, “Санъаткорлар хиёбони” ташкил этилади.

Ҳурматли сессия иштирокчилари, қадрли оммавий ахборот воситаси вакиллари, блогерлар, жамоатчилик фаоллари!

Мана, вилоятимизда келгуси йилда олдимизга қўяётган катта мақсадлар, режалар ва вазифалар ҳақида батафсил гапирдик. Лекин, буларни тўла амалга ошириш учун, келгусида янада юксак марраларни забт этиш учун аввало аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириб, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга эришишимиз керак бўлади.

Коррупция деган иллат бор экан, жамиятимизга адолат, ҳалоллик, масъулият, халқ эҳтиёжларини қондириш, халққа хизмат қилиш каби тушунчалар тўла сингдирилмас экан, ҳеч қачон олдинга қўйилган мақсадларга эришиб олмайди. Давлатимиз раҳбари бу борада куюниб гапирганларидек, “Кимни ҳисобига коррупция бўляпти? Халқимиз ҳисобига. Умид билан яшаган бечора онамиз, синглимиз, опамиз, ўғилларимиз, қизларимизни ҳисобига”.

Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозимки, коррупцияга қарши курашиш фақатгина давлат органларининг эмас, балки бу борада жамоатчиликнинг ҳам фаол иштироки билангина амалга оширилиши мумкин. Бу борада барчангиздан янада фаол бўлишингизни, жамоатчилик назоратини янада кучайтиришингизни сўрайман.

Бугундан бошлаб вилоятимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш йўлида ҳамкорликда ишга киришамиз. “Қонун устувор, жазо муқаррар” тамойили вилоятимизда ҳар жабҳада бош мезон бўлади. Очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик ҳар бир давлат органининг асосий қоидасига айланади.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари, ижтимоий тармоқлардаги каналлар ва гуруҳлар администраторлари ҳамда блогерларга вилоятимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгариш ва янгиланиш жараёнларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, жойлардаги ижтимоий муаммолар, хато ва камчиликларни дадиллик билан ўртага ташлаб, ҳокимият органлари, давлат идоралари ва жамоатчилик эътиборини қаратаётганингиз учун алоҳида миннатдорчилик билдирмоқчиман.

Мен матбуотда, телевидениеда, ижтимоий тармоқларда ўртага ташланган, ҳар бир танқидий чиқишни шахсан ўзим кузатиб бораман. Агар танқид холислик, ҳаққонийлик ва бетарафликка асосланган бўлса, энг қисқа муддатларда ечими таъминланиб келмоқда. Ишонаманки, бундан кейин ҳам холисликка таянган, халқ манфаатини кўзлаган ҳолда самарали жамоатчилик назоратини давом эттирасизлар.

Яна бир масала - барча оммавий ахборот воситаларини, блогерларни очиқ эшиклар тамойили асосида ҳамкорликка чақирамиз. Хато ва камчиликлар, танқидлар тўғри бўлса, тан оламиз. Танқиднинг меваси ширин, деган ибора бор халқимизда. Ўринли, асосли танқидни ҳурмат қилиш, ёқмаса ҳам қабул қилиш керак. Аслида танқиддан эмас, мақтовдан қочган ютади.

Бу тамойилда шаҳар ва туманларда ҳам иш ташкил этилади. Агар керак бўлса, аноним тарзда савол-жавобга ҳам тайёрмиз.

Биз бундан кейин ҳам фуқароларимизнинг оғирини енгил қилиш, вилоятимизда аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, жамиятда адолат тамойилини мустаҳкамлаш, шунингдек, вилоят аҳли билан узвий мулоқотни янги босқичга олиб чиқишда оммавий ахборот воситалари ва блогерларга суянамиз, ҳамкорликни янада кучайтирамиз.

Оммавий ахборот воситаларини, айниқса, хусусий телеканалларни ривожлантириш, танқидий ва таҳлилий материалларни кўпайтириб, уларни ижтимоий тармоқларга фаол жойлаштириш мақсадида вилоятимиздаги “Рухсор”, “Мулоқот” ва “Бағдод” телеканаллари билан келгуси йилдан бошлаб ижтимоий ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз.

Ҳурматли сессия иштирокчилари!

Ўйлайманки, бугунги Мурожаатномада ўртага қўйилган устувор вазифалар бўйича Сиз, депутатлар ва жамоатчилик вакиллари, ўз фикр-мулоҳазаларингизни билдирасизлар. Ишончим комилки, вилоятимизда ушбу марраларни эгаллаш ва белгиланган мақсадларга эришиш учун ҳар томонлама имкониятлар ва салоҳият етарли. Энг асосийси, Муҳтарам Президентимизнинг бир фарғоналикларга бўлган алоҳида эътиборлари ва ғамхўрликлари бизга қўшимча куч бағишлаб туради.

Барчангизни кириб келаётган Янги йил билан самимий муборакбод этаман. Юртимиз ва халқимиз учун Инсон қадр-қиммати барча ислоҳотларнинг бош мезонига айланган давр – Янги Ўзбекистон даврини бошлаб берган 2021 йил ортидан кириб келаётган 2022 йилнинг қадами Фарғонамиз учун қутлуғ бўлсин. 2022 йил мамлакатимизда ҳар соҳада Фарғонанинг ўсиш йили бўлсин.Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг

Facebook, Telegram, Facebook, YouTube