Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ЭНАХОН СИДДИҚОВАНИ ЁДГА ОЛИБ: УМР ЯХШИЛИККА САФАР БЎЛСАЙДИ

×

 2023-09-06 18:46:09    408

PDF юклаш
Чоп этиш


Бугун Фарғона шаҳридаги Ислом Каримов номидаги вилоят театр-концерт саройида Ўзбекистон халқ шоири, жамоат арбоби Энахон Сиддиқованинг хотирасига бағишланган “Умр яхшиликка сафар бўлсайди” деб номланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Вилоят ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида ўтказилган кечада таниқли шоир ва ёзувчилар, ижодкорлар, кенг жамоатчилик вакиллари, ёшлар иштирок этди.

Тадбирда вилоят ҳокимининг ўринбосари Файзулло Қосимов, Ўзбекистон халқ шоири Маҳмуд Тоир, Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари Ботир Эргашев ва бошқалар Энахон Сиддиқованинг адабий мероси ва ижодий фаолияти ҳақида сўз юритди. Шоиранинг ибратли умри, эзгу ишлари ёдга олинди, шеърлари ўқилди, асарлари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Дунёда шундай инсонлар борки, доимо халқимиз қалбида, юрагида яшайди. Ўзбекистон халқ шоири, Фарғонанинг фидойи фарзанди Энахон Сиддиқова шулардан биридир. У бутун умрини эзгу ишларга, гўзал назм ва наср бўстонини яратишга бағишлади. Халқимизнинг фаровонлиги, тараққиёти учун сидқидилдан меҳнат қилди.

Унинг кўп йиллик ижодий изланишлари маҳсули бўлган, эл-юртимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат туйғуси маҳорат билан тараннум этилган “Қоракўз турналар”, “Кўнглим уфқлари”, “Сўз устидаги дунё”, “Эъзозли аёллар”, “Она ҳақида қўшиқ”, “Барханларда унган гул” сингари ўнлаб асарлари китобхонлар қалбидан муносиб жой эгаллади.

Энахон Сиддиқова 2001 йилдан 2023 йил январь ойига қадар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Фарғона вилояти бўлими раҳбари сифатида қизғин меҳнат қилди. У вилоятда адабиёт, маданият ва санъатни ривожлантириш, жойларда илм-фан ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш орқали халқимиз маънавиятини юксалтириш борасида самарали хизмат қилди. Юзлаб ёшларга устозлик қилиб, уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқаришда ташаббускор бўлди.

Айниқса, Фарғона вилоятида Ўзбекистон Қаҳрамони, улуғ ўзбек шоири Эркин Воҳидов номидаги ижод мактабини ташкил этиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйишда чинакам жонбозлик кўрсатиб хизмат қилди.

Энахон Сиддиқованинг ўзбек адабиёти ва маданиятини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланди. У “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Дўстлик” орденлари билан тақдирланган эди.











Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram