Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ВА ХИТОЙНИНГ ЧЭНДУ ШАҲРИ ЎРТАСИДА ҚАТОР ЙЎНАЛИШЛАРДА ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ ЙЎЛГА ҚЎЙИЛМОҚДА

×

 2024-03-21 16:19:41    2438

PDF юклаш
Чоп этиш


Вилоят ҳокимлиги қабуллар уйида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг Чэнду шаҳри Саноат ва савдо федерацияси раисининг ўринбосари Денг Бо бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Учрашувда хитойлик ишбилармонлар томонидан саноат, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаси бўйича Фарғонада келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган янги лойиҳалар бўйича фикр алмашилди.

Юртимизда нишонланаётган Наврўз байрами муносабати билан ўз табрикларини билдирган Денг Бо, бу галги ташриф давомида вилоятимизда йирик Хитой саноат парки ташкил этиш, унинг таркибида автомобилсозлик, Хитой саноат компанияларининг, шу жумладан, автомобилсозлик корхоналарининг ишлаб чиқаришларини йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги йўналишида вилоятимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини Хитойга экспорт қилиш, фарғоналик тадбиркорларга Хитойда ўз бозорини топишга кўмаклашиш, туризм соҳаси бўйича ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини кўриб чиқиш мақсад қилинганини қайд этди.

Вилоят ҳокими ҳар бир билдирилган таклиф Фарғона иқтисодиёти учун аҳамиятли эканини таъкидлаб, уларни қўллаб-қувватлашга, барча йўналишлар бўйича ҳамкорликда ишлашга тайёр эканлигини билдирди.

Учрашувда муҳокама қилинган ҳамда ҳамкорлик қилиш бўйича келишиб олинган барча масалалар юзасидан икки ҳудуд қўшма “Йўл харитаси”ни тайёрлаш ҳамда унинг асосида ҳамкорликни кенгайтириб боришга келишиб олинди.

Учрашувда Фарғонада Чэнду савдо уйи очилгани ҳам маълум қилиниб, Денг Бога унинг рўйхатдан ўтказилгани ҳақидаги гувоҳнома топширилди. Бу орқали янги бозорларга кириб бориш бўйича ҳамкорликда иш ташкил қилинади. Чэнду шаҳрида Фарғонанинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркасини ташкил қилиш учун жой ажратилгани ҳам таъкидланди.

Шу ўринда қайд этиб ўтиш лозимки, Чэнду шаҳри ишбилармонлари билан ҳамкорликда Фарғона шаҳрида “Ақлли шаҳар” ва “Ақлли транспорт” технологияларини тажриба тариқасида жорий этишга киришилган. Бугунги кунда лойиҳа ишлари якунланиб, амалий ишлар босқичига ўтилган. Ушбу тажрибадан самарали натижа қўлга киритилса, уни бутун вилоят бўйича жорий этиш режалаштирилган. Ушбу жараён вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Азизбек Икрамов томонидан мувофиқлаштириб борилмоқда.





Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram