Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ФАРҒОНА ВИЛОЯТИ ВА КОРЕЯНИНГ ЧУНГЧОНГНАМ-ДО ПРОВИНЦИЯСИ ЎРТАСИДА ҲАМКОРЛИК АЛОҚАЛАРИ ЯНГИ БОСҚИЧГА КЎТАРИЛАДИ

×

 2024-05-06 22:50:44    4761

PDF юклаш
Чоп этиш


Бугун вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Фарғонага амалий ташриф билан келган Корея Республикасининг Чунгчонгнам-до провинцияси губернатори Ким Таэ Хэум бошчилигидаги катта делегацияни қабул қилди. Учрашувда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Нуриддин Мамажонов ва Шерзод Раҳимов ҳам иштирок этдилар.

Вилоят ҳокимлигида ўтган учрашувда ҳудудлараро инвестициявий, савдо-иқтисодий, ижтимоий соҳалардаги тўғридан тўғри ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш ва янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

2023 йилнинг март ойида Фарғона вилояти делегациясининг Кореяга ташрифи давомида Чунгчонгнам-до провинциясида губернатор Ким Таэ Хэум билан ўтказилган учрашувда эришилган келишувлар изчил ҳаётга татбиқ этилаётганини қайд этган вилоят ҳокими, бугунги учрашув Фарғона ва Чунгчонгнам-до ўртасида ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришига ишонч билдирди.

Кореянинг Фарғона вилояти билан ҳамкорлик алоқалари бўлган хорижий давлатлар орасида ўрни беқиёс эканини таъкидлаган вилоят ҳокими, Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Феннинг бу ҳамкорликни кучайтиришдаги хизматларини алоҳида миннатдорчилик билан эътироф этди.

Вилоят ҳокими учрашувда ҳамкорликда ташкил қилиниши кўзда тутилган қатор таклифларни ҳам билдирди. Хусусан, Чунгчонгнам-до провинциясида инвестицион ваколатхона, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси ва вилоятимиз маҳсулотлари кўргазмасини ўз ичига олган "Фарғона Савдо уйи" очиш таклифи илгари сурилди.

Фарғонадаги кичик саноат зоналари ва “Қўқон” ЭИЗ имкониятлари ҳақида маълумот берилиб, вилоятимизда Корея ишлаб чиқарувчилари парки ташкил этилаётгани ва ушбу технопаркка ўз лойиҳаларини жойлаштириш истагида бўлган Чунгчонгнам-до тадбиркорларига ҳар томонлама кўмак берилиши билдирилди.

Қишлоқ хўжалиги, IT ва электротехника, шаҳарсозлик ва муҳандислик йўналишларида Sun Moon университетининг Фарғона шаҳридаги Корея халқаро университети билан бир қаторда Фарғона давлат университети билан ҳам ҳамкорлигини кенгайтириши самарали бўлиши қайд этилди, шунингдек, Фарғона политехника институти билан техник йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш таклиф қилинди.

Чунгчонгнам-до провинцияси губернатори Ким Таэ Хэум провинцияда ваколатхона очишда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенг йўлга қўйишда кўмак беришга тайёр эканликларини маълум қилди.

Бундан ташқари, провинцияда 1300 нафарга яқин ўзбекистонлик талабалар таҳсил олиши, ўқиш учун келган ёшлар ҳам ўқиб, ҳам ишлашлари учун имкониятлар мавжудлиги ҳақида айтилди. Фарғонадаги олий ўқув юртларидаги намунали ўқиган талабаларга грантлар ажратиш ҳам маълум қилинди. Таълим, маданият ва санъат йўналишларида алоҳида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича ҳам режалар белгилаб олинди.

Билдирилган таклифлар асосида икки томонлама “Йўл харитаси” ишлаб чиқишга ва келишувларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликда иш ташкил қилишга келишиб олинди.

Учрашувда шунингдек, Фарғона вилояти ва Чунгчонгнам-до провинцияси ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми ҳам имзоланди.







Бизни ижтимоий тармоқларда кузатинг
Facebook, Telegram, Facebook, YouTube, Instagram