Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 93 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


МАТБУОТ КЎНГИЛЛАРГА НАҚШЛАНАДИ, ТАФАККУРНИ БОЙИТАДИ

×

 2018-11-21 18:01:12    76

PDF юклаш
Чоп этиш


 Президентимизнинг юртимизда китобхонликни кучайтириш, китоб савдоси ҳамда кутубхоналар тизимидаги ишларни янада яхшилаш борасида қабул қилган қатор қарорлари, аввало, фарзандларимизни бундан-да билимдон, зукко, дунёқараши кенг инсонлар қилиб тарбиялашда улкан аҳамиятга молик тарихий воқеликдир, десак муболаға бўлмайди.

Шу ҳақда сўз кетганда, ичимизда бир савол туғилади: хўш, китобхонлик нимадан бошланади ўзи? Ўзимизга савол берамизу беихтиёр болалик чоғларимиз эсга тушади.

Ёдимда — ҳали мактабга бормаган пайтларим эди, кунига маҳалла кезиб юрувчи почтачи тоға обуначиларнинг кўча эшиги тирқишига газета-журналларни қистириб кетар, агар кўчада ўйнаётган бўлсак, “Ҳў, фалончининг ўғли, ма, уйингга ташлаб чиқ”, деб уларни қўлимизга тутқазарди. Бошқаларни билмадим-у, мен газета-журналларни уйга олиб кирибоқ, ўқишни билмасам-да, бирма-бир варақлаб, суратларини томоша қилардим.

Булар орасида болаларга аталган нашрлар ҳам бўларди, опаларим уларни талашиб ўқиб, баъзи қизиқарли мақола ёки ҳикоялар мазмунини бир-бирига айтишга тушарди. Дадам кечки овқатдан сўнг газеталарга кўз ташлаб чиқар, айрим жойларини синчиклаб ўқий бошлар, у-бу янгиликлардан аям билан бувимни ҳам хабардор қилган бўларди. Шундай вақтда, қанийди, мактабга бориб тезроқ саводим чиқса-ю, буларни ўзим шариллатиб ўқий олсам, деб орзиқардим. Мутолаага нисбатан ички иштиёқ бизда шу зайл вужудга келганди.

Бу билан айтмоқчимизки, қалбларда мутолаага қизиқиш шаклланишида босма нашрларнинг аҳамияти улкан, улар кишини китобхонлик деб аталмиш фараҳбахш йўл сари етакловчи ойдин сўқмоқлардир. Зеро, янги китобларни тез-тез сотиб олиб туриш имкони бизда ё бўлади, ё бўлмайди.

Ўзимиз обуна бўлган оммавий нашрлар эса деярли ҳар куни қўлимизга етиб келади, фикримизни мунтазам равишда чархлаб борамиз, энг муҳими — мутолаага бўлган кўникмамиз занглаб қолишдан асранади.

Ҳозирги кунга келиб, газета-журналларнинг жамиятимиз ривожида тутган ўрни, кундалик турмушимиздаги зарурати нечоғлиқ экани борасида турлича фикрлар билдирилмоқда, баҳслар юзага келяпти. Бу яхши, албатта. Бундай мунозаралар бўлмаган жойда таҳририятларда изланувчанлик, журналистларда масъулият, мазмундорликка, рақобатда синмасликка интилувчанлик ўз-ўзидан сусайиб боравериши табиийдир. Лекин босма нашрларнинг даври ўтди, энди тезкорликда тенгсиз ҳисобланмиш электрон ахборот воситаларининг замони келди, деган сўзларга тўлиқ қўшилиб бўлмайди. Чункихоҳ янгичаси бўлсин, хоҳ эскичаси, ҳар бир нарсанинг ҳаётда ўзигагина хос томони, ўзигагина мос вазифаси бор. Электр арра кашф этилганидан кейин дастарраларга бўлган зарурат йўқолиб кетмади, иккаласи ҳам ҳамон ўз жойида бирдек коримизга яраб келмоқда. Шундай экан, керакли тошнинг оғири йўқ деганларидек, жойида керакли бўлиб турган нарсага писандсиз муносабатда бўлиш тўғри эмас.

Маҳалламизда Турсунбой тоға деган киши бўларди, турли соҳаларга оид қонунлар, ҳукумат қарорларини газеталардан қирқиб олиб, сандиғининг бир четида асраб юрарди. Маҳаллада бирон-бир муаммо туғилса, ўша эски қирқимларни титкилаб, мавзуга мосини топиб, мана, ҳукуматимиз бу тўғрида мана бундай ҳужжатлар қабул қилган, деб, уларни маҳаллий идораларга пеш қилишга тушар, агар бирон киши чигал масалага дуч келиб қолса, э-э, ҳақ-ҳуқуқингни билмайдиган одам экансан, бу хусусдаги қонуннинг манави жойида бу нарса қандай ҳал қилиниши ёзиб қўйилган, деб унга йўл-йўриқ кўрсата бошларди.

Хўш, бугун ҳар бир тадбиркор, фермер, ҳунарманд кабилар, лоақал, ҳукумат уларга қандай имтиёзлар яратиб бераётганлигига оид янгиликлар мазмунидан хабардорми? Ё бўлмаса, у ёки бу ташкилот-муассаса раҳбарлари, жилла қурса, ўз соҳасига тегишли дастурий ҳужжатлар билан матбуот орқали мунтазам тарзда танишиб бориб, кундалик фаолиятида уларга таяниб иш юритишни одатга айлантириб олганми? Турли йўналишларга тааллуқли қонун ва қарорларни оддий фуқароларнинг қай бири матбуот нашридан қирқиб олиб, зарур пайтда ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қила олиш мақсадида сандиғида сақлаб юрибди?

Буларни ўқиб, кимдир эътироз билдириши мумкин — бунинг учун газеталарни сақлаш шарт эканми, ана, интернетдан керакли сайтларга, порталларга кириб, истаган пайтида ўқиб-билиб олаверсин. Шундай ўйлаётган бўлсангиз, демак, сиз шаҳарда истиқомат қиласиз, замонавий электрон ускуналарга эга ва улардан самарали фойдалана биладиганлар тоифасидансиз. Аҳолимизнинг каттагина қисми яшаётган қишлоқларда эса, компьютер кириб борган хонадонлар неча фоизни ташкил этишини айтиб ўтирмайлик, ҳатто тузуккина муассаса, хўжаликларнинг барчаси ҳам интернетга уланган бундай воситаларга эга дея олмаймиз. Қолаверса, аҳолимизнинг талай қисми ҳозирча ушбу ускуналарни ишлата билмаслигини, электр токи таъминотида узилишлар юз бериб турадиган шароитда бор компьютердан ҳам доимо фойдалана олиш имкони мавжуд эмаслигини-да назардан қочирмайлик. Аммо бу билан санаб ўтилган муаммолар ечимини топиб бораверса, пайти келиб, кундалик нашрларга барибир эҳтиёж қолмайди, демоқчи эмасмиз. Юқорида айтганимиздек, ҳар бир нарсанинг турмушимизда ўз ўрни бор, электрон воситалар ҳатто тоғу саҳроларда бизга дилкаш суҳбатдош бўла олгувчи китобнинг ўрнини босолмаганидек, чойхонаю сартарошхоналаргача кириб боргувчи газета-журналларнинг вазифасини ҳам тўлиқ бажаролмаслиги тайин.

Яна бир гап шуки, эндиликда “мажбурий обуна” деган янгича ибора пайдо бўлди. Ўрта таълим барча учун мажбурийлиги кабиларни сокингина қабул қилишга кўникиб кетган эсак-да, кўп вазиятларда “мажбурий” сўзи ишлатилиши биланоқ бир сесканиб тушамиз. Лекин мундоқ ўйлаб қаралса...

Йўқ, фалон ёки писмадон нашрга обуна бўлишинг шарт, дейдиганларга ён босишдан йироқмиз. Бироқ қайси йўналишдаги идора ходимлари, қайси касб эгалари ўз фаолияти учун зарур бўлган қандай газета-журналларга обуна бўлгани маъқуллигини тарғиб қилиш, зарур пайтда, уларнинг ўз савиясини ошириб боришини таъминлаш ниятида, юқори ташкилотлар томонидан зарур тавсиялар бериб туриш ҳам зиён қилмайди. Масалан, мактаб директори ўқитувчиларни йиғиб, ҳар ким ўз фанига оид нашрларга обуна бўлиши жоизлигини қатъийроқ йўсинда таъкидлаб ўтса, буни мажбурлаш эмас, муаллимлардан янада мустаҳкамроқ билимга эга бўлишни талаб қилиш, деб қабул этишимиз ўринлироқ, шекилли.

Умуман олганда эса, фуқароларининг бир қисми янгича тузум шароитида яшашга, фаолият юритишга етарлича кўникма ҳосил қилиб улгурмаган, эндигина қаддини ростлаб, бири-биридан улкан ислоҳотларни амалга оширишга дангал киришган мамлакатда ҳокимият ўз мақсад ва режалари моҳиятини оммага етказиб туришига, халқни бу йўлда бирдамлик, фидойиликка чорлашига, юксак марраларни забт этмоққа руҳлантиришига, айни чоғда, меҳнат аҳли фикри, таклифи, дарду муаммоларини очиқ айтиб бора олишига хизмат қилувчи кучли нашрга — эл билан мулоқот минбарига эга бўлиши, бу иш давлат томонидан қўллаб турилиши мақсадга мувофиқдир. Минбарни бой бериш — ташаббусни бой бериш дегани. Муҳим ва зарур ишларнинг ҳеч бирини бугун ўз ҳолига ташлаб қўйиб бўлмайди, йўқса, эртага ўзимизга яна бир муаммо орттирган бўламиз.

Қишлоғимиздаги кекса ўқитувчи Эркин оға Иброҳимий, гапдан гап чиқиб, бир куни шундай деганди:

— Лоақал уч-тўрт хил газета-журналнинг тахлами сақланмайдиган идорани идора дейишга, эрталаб ишга киришишдан олдин газеталарга бир кўз югуртириб чиқишга одатланмаган раҳбарни раҳбар дейишга тилим бормайди. Қанийди, хонадонларимизнинг ҳар бирига, ҳеч бўлмаса, битта газета кириб турса. Кишиларимизнинг маънавиятини юксалтиришдаги энг самарали воситалардан биттаси — кундалик нашрлар.

Ҳовлисининг бир четидаги сўрида, истироҳат боғидаги узункурсида, поезд вагони ёки автобус салонида бири газета, бири журнал ўқиб ўтирган кишиларни кўрганимизда, ҳали уларнинг касби, насл-насабини билмай туриб, бошимизда ўз-ўзидан бир ўй чақнайди — зиёли одамга ўхшайди! Ниманингдир баҳосини ошириб, ниманидир ерга уриш ниятимиз йўқ, фақат шунчаки айтиб ўтмоқчимиз — компьютер қаршисида ўтирган ёки телефонини титкилаётган кишини учратганда қачон шундай хаёлга борганмиз?

Келинг, қай восита кўмагида бўлмасин, зиёга интилишдан чарчамайлик! Бу жудаям шавқли, бунинг фойдаси ҳам, аҳамияти ҳам беқиёс!

 

Анвар ОБИДЖОН,

 Ўзбекистон Республикаси халқ шоири.