Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 76 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


МЕНИНГ ШАҲРИМ ФАРҒОНА

×

 2018-11-21 18:06:39    105

PDF юклаш
Чоп этиш



Ушбу шиор остида вилоятимиз марказида “Фарғона шаҳри куни” маънавий-маърифий тадбирлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 15 ноябрдаги “2012-2015 йилларда Фарғона шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, ижтимоий ва транспорт-коммунал инфратузилмаси объектларини қуриш ва реконструкция қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 1641- сонли қарори бўйича вилоятимиз марказида катта ҳажмда бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилган эди.

Мазкур тарихий жараёнга 7 йил тўлиши муносабати билан вилоят ҳокими томонидан тасдиқланган режага биноан шаҳар ҳудудида“Менинг шаҳрим Фарғона” шиори остида “Фарғона шаҳри куни” маънавий-маърифий тадбирлари бўлиб ўтди.

Таъкидлаш жойизки, ўтган давр мобайнида шаҳар қиёфаси мутлақо ўзгариб кетди. Ислом Каримов номли вилоят Театр концерт саройи, сув спорти мажмуаси, “Истиқлол” ўйингоҳи, ўнлаб кўркам иншоотлар, кўприклар, 14,7  километрлик кичик халқа йўли, Аэропорт, Ал-Фарғоний кўчаларидаги  4 тасмали йўллар чинакам маънода шаҳар кўркига кўрк қўшиб турибди. Ўз умрини яшаб бўлган эски чинорлар  ўрнида хориждан келтирилган манзарали табиат галареяси барпо этилди.

Шаҳардаги  7 та хиёбонда ландшафт дизайни асосида янгиланишлар рўй берди.

Ана шундай хушманзара, кўркам масканларда Фарғона шаҳри кунининг шодиёна сифатида нишонланиши ўзига хос мазмун-моҳият касб этади, Фарғона аҳлига ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Маънавий-маърифий тадбирларнинг илк дебочаси вилоят ахборот кутубхона марказидан бошланди. “Менинг шаҳрим Фарғона” мавзусидаги мушоира кечасида ФарДУ профессори, шоир Сиддиқ Мўмин сўзга чиқиб Ўзбекистон гавҳари – Фарғонанинг бугунги жамоли ҳақида ўз фикрларини билдирди, ижодидан намуналар ўқиди.

Эркин Воҳидов номидаги она тили ва адабиётини чуқурлаштириб ўқитиш ҳамда хорижий тилларга ихтисослаштирилган мактаб интернатининг истеъдодли ўқитувчи ва ўқувчилари янги шеърларидан ўқидилар.

Шеърхонлик кечасида 15 ёшда 30 ёшгача бўлган ижодкорлар ўртасида танлов ўтқазилди. Танлов ғолибларига сертификат ва совғалар тақдим этилди.

Фарғона санъат коллежи ўқувчилари тайёрлаган концерт дастури барчага манзур бўлди.

Шу куни эрта тонгданоқ байрам иштирокчилари карнай-сурнай садолари остида Аҳмад ал-Фарғоний номидаги истироҳат боғига кириб бордилар. Буюк аждодимиз Аҳмад ал-Фарғоний  ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилиб, аллома  хотирасига хурмат бажо келтирилди.

Тадбирда меҳнат фахрийси,  “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Омонжон Хошимов  сўзга чиқиб,  бугунги кунда  Фарғона шаҳрининг чинакам  Марказий Осиё гавҳарига айланганлиги, ободонлаштириш, қурилиш, кўкаламзорлаштириш ишлари давомида шаҳримизнинг қиёфаси, архитектураси замонавий кўриниш олганлигини  фахр билан таъкидлади.  Ёшларни она-юртимизни севиш, ардоқлаш ва унга муносиб фарзанд бўлишга ундади.

Сув спорти саройида шаҳар кунига бағишланган ёшлар ўртасида Фарғона очиқ чемпионати ўтказилди.

Мусобақада қиз болалар – 50 метр, ўғил болалар – 100 метр масофага сузиш бўйича беллашдилар. Спортчилар сузишнинг эркин, чалқанча сузиш, баттерфляй (капалак усули) усулларида ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

Ғолиблар Фарғона вилояти жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси томонидан диплом ва совринлар билан тақдирландилар.     

Тадбир доирасида Каштанзор кўчасида “Менинг шаҳрим” мавзуида расмлар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмадан шаҳардаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллеж ўқувчиларининг ижодий ишлари жой олди. Миллий анъаналаримиз, қадриятларимиз, диёримизнинг гўзал табиатини акс эттирган ҳунармандчилик буюмлари, санъат асарлари, ёш мусаввирларнинг ижод намуналари намойиши тадбир қатнашчиларида таассурот уйғотди.

Шунингдек ёшлар маркази қошида ташкил этилган тўгарак аъзолари ўзлари яратган миллий ҳунармандчилик буюмлари билан тадбирда иштирок этдилар.

***

“Менинг шаҳрим – Фарғона” шиори остида бўлиб ўтган маънавий-маърифий тадбирларнинг якунловчи қисми Ислом Каримов номидаги вилоят Театр-концерт саройида бўлиб ўтди.

 Муҳташам сарой кенг жамоатчилик вакиллари, тиббиёт ходимлари, ёшлар билан янада гавжум бўлди.

Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев барча йиғилганларни Фарғона шаҳри куни билан самимий қутлаб, 7 йил мобайнида олиб борилган бунёдкорлик ишлари, сўнгги йилларда Фарғонада ўтказилган катта тадбирларга тўхталиб ўтди.

Шунингдек, вилоятимиз раҳбари анъанага айланиб қолишига ишонч билдирилаётган Фарғона шаҳри кунида тиббиёт ходимлари яхши ташаббус билан чиққанликларини эътироф этиб, уларнинг меҳнатларига алоҳида баҳо берди.

Яқинда ўтказилган видеоселекторда давлатимиз раҳбари ислоҳотлардан  асосий мақсад одамлар ҳаётини яхшилаш экани, сифатли тиббий хизмат бу борада муҳим ўрин тутишини таъкидлади. Тиббиёт ходимларининг кенг жамоатчилик, фаоллар олдида қасамёд қилишлари юзасидан топшириқ берди.

Бўлиб ўтган тадбирда 500 нафар тиббиёт ходимлари ўз касбига садоқатли бўлишга, халқимизга чин дилдан хизмат қилишга, ўз қасамёдларига умрларининг охиригача содиқ қолишга тантанали равишда қасамёд қилдилар.

– Видеоселекторда Президентимиз соғлиқни сақлаш тизимида кутилган натижалар бўлиши, айниқса, туманлар,  чекка қишлоқлардаги аҳоли тиббий хизматдаги жиддий  ва туб ўзгаришларни ўз ҳаётида сезиши лозимлиги ҳақида куйиниб гапирди, – дейди вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокори Рўзимбой Раҳмонов. – Тиббиёт тизимидаги муаммоларни вақтида аниқлаш ва ҳал этиш, бунинг учун ҳудудлардаги ҳолатни қайта кўриб чиқиш,  ўрганишларда қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникадан марказий тиббиёт муассасаларигача қамраб олиш кераклиги айтиб ўтилди. Соҳанинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболда ривожлантириш йўналишлари муҳокама қилинар экан, тиббиёт ходимларининг жамоатчилик олдида қасамёд қилишлари зарурлигига урғу берилди. Бугун ҳамкасбларимиз билан биргаликда қасамёд қабул қилиб, фарғоналиклар олдида ўз касбимизга садоқатли бўлишга, халқимизга чин дилдан хизмат қилишга тантанали ваъда бердик.

Шундан сўнг Фарғонамиз юлдузлари, таниқли санъаткорлар, ёш ижрочилар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Фарғонача катта ашула жонли овозда янгради. Алёрлар, шўх тароналарда дилбар Фарғонамиз тараннум этилди. Яллаларда, мумтоз қўшиқларда, кўнгил байтларида Фарғонанинг одамохун кишилари куйланди, бунёдкор халқи улуғланди.

Театр-концерт саройи экранларида эса бугунги Фарғона, обод қишлоқлар ва обод маҳаллалар бўйи басти билан намоён бўлди.

Фарғона шаҳри куни ва тиббиёт ходимларининг тантанали қасамёд қабул қилишлари уйғунлашиб кетган байрам тадбири дилларга шукуҳ, ўзгача кайфият ва кўтаринкилик бағишлади.

“Фарғона ҳақиқати” мухбирлари.

Жаҳонгир Мирзаматов олган суратлар.