Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 68 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


Фермер – миллиардер!

×

 2018-12-12 09:46:52    67

PDF юклаш
Чоп этиш



Олтиариқ туманидаги “Нурли обод” фермер хўжалиги жорий йилда пахтачиликдан 650 миллион сўм, ғалладан 350 миллион сўмга яқин соф фойда олиб, бу икки тармоқ бўйича 1 миллиард сўм даромадга эришди.

Бир пайтлар бу жойларни ёввойи ҳайвонлар макон тутган, қамишзор, ботқоқзор, Қўқон шамоли чанг-тўзон кўтарса одамнинг юрагини ваҳима босадиган файзсиз масканлар эди. Неъматжон Муротов Марказий Фарғонанинг деҳқончилик қилиш учун ноқулай ушбу қумлоқ ерлари файзиёб далаларга айланиши учун умрининг 50 йилини бахшида этди.

Лолахон Муротова отаси, биринчи устози Неъматжон Муротовга эргашиб биринчи маротаба бу ерларга келганида унинг киприклари сув ўтларидек узун-узун, сочлари патила-патила дугоналари ҳали тўптош ўйнаб юрадиган ёшда эди. Ўша воқеага ҳам мана 45 йилга яқин вақт ўтди.

Бу йиллар ичида Лолахон Муротова ҳеч бир муболағасиз ҳаётнинг деҳқончилик академиясида ўқиди – оддий ишчи, тракторчи, механик, табелчи, бригадир, бўлим бошлиғи, раис, бугун эса ўзгача ғурур билан жаранглайдиган фермер деган мақомга эришди. Бугун фермер опа пахта ва ғалла етиштириш соҳасида профессор.

Агар мен моҳир рассом бўлганимда, бундай таърифу тафсифларни сўз билан ифодалаб ўтирмай, опанинг қалби, руҳияти, жайдари фалсафаси, ҳаётининг мазмун-моҳиятини битта сурат орқали мўйқаламда тасвирлаб берардим. Унда ўзимизнинг сахий тупроғимизга ўхшайдиган қадрдон дала йўлида ҳамиша бошидан қуёш, ой, юлдузлар шуъла сочиб турадиган мунис бир аёл тасвирланган бўлар эди.

Атрофи мўъжазгина мевазор боғ бўлган ораста шийпонда суҳбатлашиб ўтириб, опа ҳазилнома оҳангда “далалар – менинг севгилим”, деб қўяди. Ҳақиқатдан ҳам ҳаётининг мазмунига айланган шу далалар опа учун оппоқ тонглар, орзу-умидлар, келажак билан боғлиқ эзгу ташаббуслар маскани гўё. Опа-сингилларимиз таърифича, шундай катта, эпли-сепли хўжаликнинг раҳбари бўлган опага қойил қолиш керак: у ҳамма нарсага улгуради, ҳар бир ишга вақт топади. Иссиқ-совуғи, яхши-ёмони хўжалик аъзолари билан бирга ўтади. Зариф қўшиқлар куйлаб оқадиган зилол сувли ариқлар бўйида ҳар куни ўнлаб меҳмонларни ширин мулозамат, манзират билан кутиб олиб, кузатади. Фарғона Тошкент ораси бир қадам, матбуот ва телевидениени синчков кузатади, билганларини ҳамкасбларига ўргатиб, янгиликларни ўз фаолиятига татбиқ этишдан чарчамайди. Опа замон шиддати, тараққиётидан ортда қолишни истамайдиган фермер.

Муҳтарам Президентимиз қишлоқ хўжалигига илм-фан ютуқлари, инновацияни жорий этиш ташаббускори бўлаётганликлари биз фермерларни улкан ютуқлар сари рағбатлантиради,-дейди Лолахон Муротова. – Бунинг самараси сифатида навлар танлаш, агротехник тадбирларни олиб бориш, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан ишлов бериш, ҳашоратларга қарши курашиш, ҳосилдорликни ошириш сингари барча йўналишларда соҳага ихтисослашган олимлар билан ҳамкорликни йўлга қўймоқдамиз. Айнан бизнинг хўжалигимизда ҳам бир неча илмий тажрибалар олиб бориляпти. Иш унуми ва сифатини яхшилаш имконини берадиган янги техникаларимиз кўпайиб бормоқда.

Дарвоқе, дунёга машҳур футболчилар шахсий қимматбаҳо автомашиналар парки билан мақтанишни яхши кўришади. Фермернинг автопарки ҳам уларникидан кам эмас: 2 та “Класс Орион” комбайни, 3 та “Белорусс” қатор орасига ишлов берувчи техника воситалари, 2 та транспорт трактори, 1 та минерал ўғитлар билан ишлов беришга мослашган техника, “Дамас”, “Нексия”лар... Хуллас, ўша Месси, Роналдолар ҳавас қилса арзийди.

Фермер билан бир мавсумда ўнлаб маротаба юзма-юз бўламиз. Ерга барака уруғи чигит экиш, бир текисда ундириб олиш, агротехник ишлов бериш, ҳашоратларга қарши курашиш, суғориш, ҳар бир жараёнда опанинг ўзи ҳам тинмайди, аъзоларини ҳам тиндирмайди. Ахир, опанинг 10 та футбол жамоасига тенг – 110 нафар аъзоси бор. Агар мавсумий ишчилар ҳам ҳисобга олинадиган бўлса, бу кўрсаткич камида икки маротаба ортади. Бу ҳамкасбларнинг ҳар бирида ўртача 4-5 нафар оила аъзолари бўлса ҳам бевосита опанинг саъй-ҳаракатлари орқали 450-500 нафар инсоннинг ҳаёти фаровонлиги таъминланмоқда. Бундай инсон ўз-ўзидан миллиардер бўлади-да!

2018 йилнинг ўзида фермер хўжалиги аъзолари 350 гектар ерда халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган “Аср”, “Гром” навли ғалла парваришлаб, режадаги 870 тонна ўрнига 1100 тонна буғдой йиғиштириб олишди. Давлат омборларига қўшимча 250 тонна ғалла топширилди. 127 гектар ерда етиштирилган “Наманган-77” навли уруғлик пахта ҳосили янада мўл бўлди. Пахта қабул пунктларига 440 тоннага яқин сифатли саноат хом ашёси етказиб берилди. Ҳар гектар ердан олинган ҳосилдорлик 40 центнердан ортиб, йиллик шартнома режаси қарийб 155 фоизга уддаланди.

Айни кунларда ҳам далада иш қизғин давом этмоқда. Шудгорлаш ишлари тугатилиб, ерни текислаш ишлари олиб бориляпти. Келгуси йил ҳосили учун экилган буғдой тўлиқ ундириб олинди. Машҳур фермерда қишда ҳам бекор ўтиришга вақт йўқ. Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати, тажрибали фермер сифатида турли йиғилишлар, жамоат тадбирларига опа ҳамма вақт улгуриши зарур. Олтиариқда, Полосонда ҳам давраларнинг тўри опаники – ҳамюртлар ҳамиша опанинг ҳаётий ўгитлари, хулосаларини эшитишга муштоқ. Маҳалладаги тўй ва маъракаларда ҳам опа билан бир даврада ўтириб, суҳбатлашишга иштиёқмандлар кўпчиликни ташкил этади.

Боиси Лолахон Муротованинг шарафли фаолияти барча учун ўзига хос ибрат ва намуна мактабидир. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, “Эл-юрт ҳурмати”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳиби бўлган фермер учун бу кўп йиллик машаққатли меҳнатига берилган муносиб баҳо, албатта.

Ҳаётда шундай инсонлар бўладики, уларни кўрганда ёки суҳбатлашганда, яшашга, меҳнат қилишга ва эртанги кунга бўлган иштиёқ кучаяди. Чунки бундай инсонларда атрофдагиларга ўзгача руҳ, кайфият, куч-қувват бахш этувчи хислат бўлади. Лолахон Муротовада ҳам худди шундай: унинг қалби солланиб оқаётган дарё. Бир қарашда опанинг ҳаётий қарашлари, фалсафаси оддийдек туюлади. Лекин ана шу оддийлик замирида фидойилик мужассам. Фермернинг таъбирича, ҳаёт курашлардан иборат, ҳар куни курашга – меҳнатга чиқмаган одам яшашга ҳақли эмас. Ҳаёт – ҳаракат, меҳнат демакдир.

Олтиариқда йилнинг тўрт фаслида ҳам она тупроққа таъзим қилиб, элимизнинг ризқ-насибаси бутун бўлиши учун умрини бахшида этаётган сизу бизга замондош бўлган бир аёл бор. Агар фурсати топилиб, бу фермер опа билан юзма-юз бўлиб қолсак, ҳаммаси учун сизга қуллуқ, ташаккур, десак арзийди.

Бу ҳаётда аслида ҳар бир инсон шундай яшаши, шундай ҳурмат ва эъзозга сазовор бўлиши керак. Мамлакатни ана шундай фидойилар юксалтиради!

Ботир ОМОН.