Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 123 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


ҚОРАҚАЛПОҚ ДЎСТЛАРИМИЗ - ФАРҒОНАДА

×

 2019-06-23 15:29:08    77

PDF юклаш
Чоп этиш



Қорақалпоқ ўлкаси...

Тарихда “қора бўрклилар” деб ҳам аталган, бир неча бор юртдан кўчган, аламдийда халқ... “Қирққиз”у “Шаҳриёр”да, “Алпамис”у “Едигей”да ана шу дардлардан ҳосил бўлган ижод маҳсуллари, халқнинг орзу-умидлари мужассам. Тарихда Ажиниёзу Бердақ шоирлар, ўтган асрда эса Тўлепберген оғалар шу эл дардини куйлаб ўтган. Айниқса, Тўлепберген Қайипбергеновнинг “Қорақалпоқнома”, “Бобомга хатлар” асарларини ўқиган одам қорақалпоқ халқини шу асарлар орқали севиб қолади, ҳамдард бўлади. “Бобомга хатлар”  - Орол фожиасидан туғилган бир дард.

Бир киши айтиб берганди: Қорақалпоқ ўлкасига борганимизда, қуриб қолаёзган Оролни кўриб, “Орол илгари қандай кўринишда эди”, деганимизда, ўша ерлик кишининг кўзига бир томчи ёш қалқиб чиқди-да, “Орол шу кўзимдаги ёш каби эди”, деб жавоб берди... Қорақалпоқ дарди ҳаммамизнинг дардимиз, Орол дарди бутун дунёнинг дарди.

Сўнгги пайтларда Президентимиз ушбу масалани кўтариб, дунё ҳамжамиятининг ҳам эътиборини қаратдилар. Қорақалпоқ ўлкасига давлатимиз раҳбари томонидан берилаётган эътибор барчамизни қувонтиради. Жумладан, Мўйноқ туманини ривожлантиришга фарғоналиклар ҳам ҳисса қўшмоқдалар.  Ўртада дўстлик, ҳамкорлик, ҳар томонлама алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Куни кеча эса Фарғона вилоятига Қорақалпоғистон Жуқорғи Кенеси раиси ўринбосари Довуд Қурбонниёзов бошчилигида Қорақалпоғистондан шоир, ёзувчилар, тарихчи олимлар, журналистлар, санъаткорлардан иборат  100 кишилик делегация ташриф буюрди.

Делегация раҳбарларининг қабул маросими Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги Халқ қабулхонасида бўлиб ўтди. Меҳмонларнинг вилоят фаоллари билан ушбу учрашувида Фарғона вилояти ҳокимининг ўринбосари Файзулла Қосимов сўзга чиқди ва вилоят фаолларини таништириб ўтди.

Қорақалпоғистон Жуқорғи Кенеси раиси ўринбосари Довуд Қурбонниёзов меҳмонларни таништирди.

Қорақалпоғистондаги “Билим” нашриёти директори, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Мурод Низамов, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Олий Мажлис сенати аъзоси Кенесбой Каримов, Қорақалпоғистон Халқ   шоири Бахтиёр Генжемурод, тарихчи олим, этнограф Мақсет Қарлибоев, Фарғонадан Ёзувчилар уюшмаси Фарғоа вилояти бўлими раиси Энахон Сиддиқова, филология фанлари доктори, профессор Йўлдош Солижонов, “Нуроний” жамғармаси раиси Топволди Холдоров ва бошқаларнинг сўзларида китобхонлик, адабий-маърифий алоқалар, дўстлик, фикр, тажриба алмашув кабилар илгари сурилди. Учрашув жараёнида қорақалпоқлардаги қиссахонлик, ошиқлик достонлари, қадимги туркий тилнинг қорақалпоқ тилида сақлаб келинаётганлиги, келгусида Фарғона ва Қорақалпоғистонда адабиёт декадалари ўтказиш режалари ҳақида самимий суҳбат бўлиб ўтди.

Шундан сўнг Фарғона шаҳридаги ҳарбийларнинг “Маданият ва маърифат” саройида Қорақалпоғистон ўлкаси “Айкулаш” миллий фольклор ансамбли, таниқли санъаткорлари ва фарғоналик санъаткорлар иштирокида катта концерт дастури бўлиб ўтди. Концерт аввалида Ф.Қосимов ва Д.Қурбонниёзовлар сўзга чиқиб, кечани тантанали очиб бердилар. Ҳар икки томон ўзаро эсдалик совғалари алмашдилар. Қорақалпоқ миллий эстрадаси, миллий фольклор ансамблининг, айниқса, рақс жамоасининг чиқишлари томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Куннинг иккинчи ярмида делегация Марғилондаги “Ижодкорлар боғи”да бўлиб, “Ижод мактаби” фаолияти билан танишди ва бу ерда мушоира бўлиб ўтди. Шунингдек, Қўштепа туманидаги “Исмоилжон гиламлари” оилавий корхонасида ҳам бўлдилар. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган  миллий  матолардан тикилган маҳсулотлар меҳмонларнинг кўзини қувонтирди.

Шундан сўнг делегация аъзолари Ёзёвон туманидаги  1200 нафардан ортиқ қорақалпоқ миллатига мансуб аҳоли яшайдиган Такалик маҳалласига олиб борилди. Бу ерда маҳаллага кираверишда гуллар билан кутиб олган аҳоли вакиллари орасида мактаб ўқувчиларининг қорақалпоқ тилида айтган шеърлари меҳмонларни хғушнуд этди. Қишлоқ аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашувда аҳолининг ёши катта оқсосқолларига қорақалпоқ чопонлари кийгизилди. Қорақалпоқ дўстларимиз совға сифатида олиб келган ўтов ушбу масканга ўрнатилди. Меҳмонлар ушбу ҳудуддаги 35-умумтаълим мактабига ҳам ташриф буюрдилар. Мактаб рақс жамоасига қорақалпоқ миллий либослари совға қилинди.

“Толқудуқбуво” дам олиш масканидаги меҳмонларимиз намойиш этган концерт дастури эса узоқ вақт Такалик маҳалласи аҳолисининг ёдида қоладиган энг катта воқеа бўлди. Жонли ижро, қадим туркона оҳанглар ва туркона рақслар барчанинг юрагида меҳр уйғотди. Халқимизнинг жонли ижродаги ҳақиқий санъатга ошуфталиги дақиқа сайин кўпайиб бораётган томошабинларнинг эътирофи, қарсаклари, юзларида акс этган ҳаяжонлардан маълум эди. Саҳнадаги қизлар ва йигитларнинг либослари орнаментлари, ёрқин ранглар ва профессионал ижро кўнгилларни мафтун этди.

Ушбу бир кунлик ташриф келгусидаги катта адабий, маданий, дўстлик алоқаларига дебоча бўлди.

Гулбаҳор Саидғаниева