Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 161 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


БУГУНГИ ШОҲИМАРДОНГА САЁҲАТ

×

 2019-08-24 15:17:43    107

PDF юклаш
Чоп этиш



Шоҳимардонга йўл тушганида дилтортар табиати, машҳур Оқсувию Кўксувига кўнглингиз кетади. Фарғоналик шоира Малика Мирзо ҳам ана шу табиатни жуда гўзал тасвирлаган, раҳматли Охунжон Мадалиев маромига етказиб айтган эди...Ҳар бир фарғоналик болалигидан Шоҳимардон билан боғлиқ афсоналарни эшитиб катта бўлган. Ўша улуғвор, афсонавий тоғлар бағрида не-не сиру синоатлар, не ўланчию бахшиларни илҳомлантирган афсона ва эртаклар бўлса экан? Ана Ҳазрат Али оти туёғининг изи қолган ер, ана Ҳазрат Али суянган тош...  Бу ерларда деярли ҳар бир деталь афсона сўйлайди. Бу қишлоқда Ҳазрат  Али, Шоҳ Толиб каби тарихий шахсларнинг мақбаралари мавжуд.

Бу жаннатмонанд сўлим гўша ҳақида ёзмаган одам кам бўлса керак. Куни кеча “Америка овози” сайтида ҳамкасбимиз  Навбаҳор Имомованинг  Шоҳимардон саёҳатидан олган таассуротларини кўриб, бир томондан хурсанд бўлдик, иккинчи томондан эса кўнгил хижил бўлди. Тўғри, Навбаҳор  юртга чет эллик кўзи билан қарамоқчи бўлган, ҳарна бўлсин, шу жойда шароит яхшилансин деб ўйлаган бўлиши мумкин. Бунинг учун раҳмат. Аммо ушбу сўлим гўшада аҳоли учун яратилган шароитлар, туризм ривожи учун қилинган ишларни кўрмаслик адолатсизликдир. Икки йил, ҳатто бир йил олдин бу ерда ҳаёт қандай эдию, бугун қандай эканлигини шу қишлоқда яшаётганлар яхши билади, бошқа ҳеч ким эмас. Атиги бир йил олдин Шоҳимардонга кунига 800 нафардан  2000 нафаргача одам ўтарди, холос. Бугунга келиб эса кунига 20-25 минг одам чегарадан Шоҳимардон зиёратига ўтмоқда. Бу натижа эмасми? Йўлларнинг хавфсизлиги, чегаралардан аҳолининг бемалол ўтиб бориб-келишлари  дипломатик музокаралар, вилоятлараро яхши қўшничиликнинг йўлга қўйилгани оқибати эмасми? Шоҳимардон “кўп жиҳатдан қаровсиз” деган сўзлар аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлди. Тўғри, замонавий ҳожатхоналар ҳали йўқдир, лекин шу кунгача қилинган ишларни рад этмаслик керак. Тоғ шароитида канализация қуришнинг имкони йўқ, раҳбарлар ҳозир бунинг бошқа йўллари устида ўйламоқдалар. Ахир Шоҳимардон Оллоҳнинг бизга берган жуда ҳам катта олий неъмати, азиз жойдир. Ҳар бир ишни ўйлаб қилиш керак.Замонавий шарт-шароитлар, кўпқаватли уйлардан табиатга ошиққан одамлар, чет элликлар учун  ўша гувала деворларимиз, ҳамма нарса табиий ҳолида эканлиги экзотика эканлигини ҳам унутмаслигимиз керак.

Асрлардан бери ушбу даргоҳ одамларни ўзига чорлаб келмоқда. Бироқ      Қирғизистон Республикаси ҳудудидан ўтиб борилгани ва йиллар давомида чегарадан ўтишдаги қийинчиликлар ушбу ҳудудлар аҳолисига жиддий муаммо бўлиб келгани, вақтинча Шоҳимардонга борувчилар сони камайиб кетгани айни ҳақиқат. Кейинги ўн йилликда давлат чегараларини мустаҳкамлаш доирасида Шоҳимардонга эркин усулда дам олувчилар ва хорижий сайёҳларнинг бориши тўхтатилган, бу гўзал қишлоқ Ўзбекистоннинг анклав ҳудудига айланиб қолган эди. Сўнгги йилларда Ўзбекистон раҳбариятининг, хусусан давлатимиз раҳбари муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари билан Қирғизистон ва Ўзбекистон чегаралари очилди, аҳолига қулайлик яратиш йўлида кўп ишлар амалга оширилди. Президентимиз юритаётган оқилона сиёсат туфайли қўшни мамлакатлар билан дўстона алоқаларимиз кундан-кун яхшиланиб бормоқда, узоқ йиллик “муз”ларни эритган ислоҳотлар туфайли бугун ушбу сўлим экотуристик имкониятлари чексиз манзилга яна қайноқ ҳаёт қайтди.

Ўтган йиллар давомида Шоҳимардон аҳолисига керакли шароитни яратиш учун барча имкониятлар ишга солинди. Айниқса, охирги икки йил давомида вилоят раҳбариятининг  бу борадаги чора-тадбирлари туфайли ҳудудда ички туризм яна ривожланди, ҳозирда Шоҳимардонни аввалги ҳолига қайтариш, керак бўлса йилнинг тўрт фаслида ҳам туристлар оқимини таъминлаш учун катта ишлар олиб борилмоқда.

Аҳолининг ҳаётдан розилиги ва кайфияти муҳим аҳамиятга эга. Ана шу мақсадда Фарғона вилояти ҳокимлиги томонидан Шоҳимардон ва Ёрдонда тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитни мустаҳкамлашга қаратилган ишлар изчил амалга оширилмоқда. Айниқса, экотуристик салоҳияти юқори бўлган ҳудудда айни пайтда мавжуд дам олиш манзиллари, болалар оромгоҳларини қайта ташкил этиш орқали янги иш ўринлари яратилмоқда. Ички туризм ривожи ҳудуд аҳолисининг муқим даромад манбаини таъминловчи яна бир муҳим омил бўлмоқда. Ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли ҳам бугун ўз ҳаётидан мамнун!

 “Шоҳимардон” брендини тиклаш, бу сўлим масканда туризмнинг экологик ва алпинизм йўналишидаги турларини ривожлантириш бўйича ҳаракат бошланди. “Farg’ona Vodiy Sayyox” МЧЖ туризм агентлиги ҳам Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларидаги турли корхона ва ташкилотларга тегишли дам олиш масканларидан сайёҳлик базаси сифатида фойдаланиш бўйича ташаббус билан чиқди. Вилоят ҳокимлиги ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлади. Натижада 2016 йилда Фарғона тумани, Ёрдон қишлоғида жойлашган 50 ўринли вилоят Давлат Солиқ бошқармасига қарашли дам олиш маскани негизида “Шоҳимардон” экотуризм маркази” ташкил этилди. Бинони жорий таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 150 млн сўм банк кредити ва 100 млн сўм агентлик  маблағлари сарфланди. Мазкур дам олиш масканида шу кунгача 7500 нафардан кўпроқ маҳаллий саёҳатчиларга экотуризм йўналишида хизмат кўрсатилди. Янги 24 та иш ўрни яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг туризмни ривожлантиришга оид қарор ва фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида вилоят ҳокимлиги томонидан “Шоҳимардон ва Ёрдон МФЙ худудида туризмни ривожлантириш дирекцияси” ташкил этилди. Шоҳимардон ва Ёрдон қишлоқларида жойлашган, вилоятнинг турли ташкилотларига қарашли бўлган 40 га яқин фойдаланилмай турган дам олиш масканлари дирекция ҳисобига ўтказилиб, туризм соҳасида фаолият кўрсатувчи тадбиркорларга шартнома асосида берилди.

Жумладан “Farg’ona Vodiy Sayyox” туризм агентлигига ҳам фойдаланилмай турган дам олиш масканларидан бири шартнома асосида бириктириб берилди. Мавжуд бинолар жорий таъмирланиб, 2019 йил дам олиш мавсумида саёҳатчиларга хизмат кўрсатишни бошлади. Бу ерда ҳам янги 6 та иш ўрни яратилди.


Саёҳатчилар учун қўшни Қирғизистон Республикаси туризм агентликлари билан ҳамкорликда баланд тоғлар орасида жойлашган “Кўли Қуббон” ва “Дугоба” дам олиш масканларига саёҳатлар ташкилланмоқда. Бу ерда Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан келган саёҳатчилар учун осма йўлларда, қайиқларда ва катамаранларда сайр қилиш ташкил этилган. Зиёрат туризми йўналишида “Ҳазрат Али”, “Шоҳи Толиб”, “Чакка томар” каби зиёратгоҳлар сайёҳларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Шоҳимардоннинг минг йиллик тарихи билан қизиққанлар учун музей фаолият кўрсатмоқда.

Шоҳимардон иқлими ва табиатидан келиб чиқиб, кемпинг типидаги жойлаштириш масканлари ташкилланмоқда. Бу йўналишда ёш тадбиркор Хожиакбар Комилов томонидан янги ташкил этилган “SHOXIMARDON CAMPING SERVICE” МЧЖ фаолиятини мисол қилиш мумкин. Х.Комилов Президентимиз томонидан ёш тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ажратилаётган имтиёзли кредитдан фойдаланиб, қисқа муддатда кемпинг типидаги дам олиш масканини таъмирлаб, ишга туширди. “Капитал банк” томонидан ажратилган 150 миллион сўм имтиёзли кредит хисобига замонавий жиҳозланган мазкур дам олиш масканини таъмирлашга тадбиркорнинг 150 миллион сўмдан ортиқ маблағи сарф қилинди. Бугунги кунда бу маскан нафақат Фарғона водийси, балки бутун республика вилоятлари сайёҳларининг севимли дам олиш масканига айланиб улгурди. Бу ерда бир кунда 70 нафар сайёҳга хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Уларга Шоҳимардонлик ёшлардан иборат 8 нафар ишчи ходимлар хизмат кўрсатишмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг 2019 йил 13 август куни қабул қилган фармонларига асосан Шоҳимардонга келгуси дам олиш мавсумидан бошлаб хорижий сайёҳларни ҳам олиб ўтиш имконияти яратилади. Демак, “Шоҳимардон” бренди халқаро туризм йўналиши сифатида қайта тикланади. Бу ерга хорижий инвесторлар кириб келиши натижасида замонавий туризм инфраструктураси яратилади.

Бу ишлар ўз-ўзидан бўлмаган, албатта. Шоҳимардонликлар учун яшаш шароитини яхшилаш катта меҳнат эвазига юзага келган. Илгари маҳаллий аҳоли билан гаплашсангиз, шароитдан кўп нолир эди, бугун эса юзларида қувонч, бизни табассум билан қаршилашди ва охирги йиллардаги ўзгаришлардан хурсанд эканликларини билдирдилар.

Дастлабки суҳбатимиз қишлоққа кириб бораверишдаги отахону онахонлар билан бўлди. Юртимиз тинч, маҳалла ободлиги учун улар юртбоши ва раҳбарларни узундан-узоқ дуолар қилишди.

Шоҳимардонда туғилиб ўсган Аҳад Полвон (Аҳаджон Набиев) ҳар қандай шароитда ҳам доимо шоҳимардонликлардан хабар олиб келинганлигини, Шоҳимардон ҳеч қачон ташлаб қўйилмаган, қаровсиз жой эмаслигини айтиб, бу ишларнинг бошида турган муҳтарам Президентимизга ва вилоят ҳокимига алоҳида миннатдорчилик билдирди:

-Мана икки йилдирки, чегара йўллар  очилди. Бу, энг аввало, қишлоғимиз аҳолисининг ризқидир. Шу раҳбарларнинг шарофати, саъй-ҳаракати билан ҳозирги шароитларга эришдик. Илгари бу шароитлар бўлмаган, мана, ҳозир кредит олиб бемалол тадбиркорлик қилиш имконияти бор, аста-секин туризм ривожланяпти, электр таъминоти яхши, қишда ўтин-кўмирдан қийинчилик йўқ, раҳбарларимиз таъминлаб беришади. Бу йил табиий газ ҳам берилиши кутилмоқда, - деди у.

Аҳолининг бошқа вакиллари ҳам гўзал табиатли қишлоқда яшаётганлари, меҳнат қилган инсон ризқи бутун эканлиги, 12 йил йўл ёпиқ пайтида ҳам доимо давлатнинг эътиборида бўлганларини айтиб, Оллоҳга шукрона келтирдилар.


Маҳаллий аҳоли вакиллари бу йил Шоҳимардон ва Ёрдонликлар учун қувонарли йил бўлганини, айниқса, тиббиёт соҳасига қаратилган эътибордан жуда миннатдорликлариниалоҳида таъкидладилар. Шоҳимардонга қурилган, шаҳардаги каби барча қулайликларга эга 20 ўринли шифохона аҳолининг чексиз қувончига сабаб бўлди. Эндиликда тоғ ошиб, чегарадан ўтиб 60 км узоққа шаҳарга боришга эҳтиёж йўқ. Бу ерда ҳатто туғруқ ҳам қабул қилинмоқда. Малакали врач ва ҳамширалар билан таъминланган шифохонада тез ёрдам хизмати ҳам бор. Вилоят ҳокимлиги томонидан 4 та машина – 1 та матиз, 1 та уаз, 2 та дамас русумли автомобиллар берилган.

Шифохонанинг ҳаволари шифобахш тоғ бағрида эканлигининг ўзи ҳам Яратганнинг буюк марҳаматидир. Шифохона бош врачи Фозила Мамажоновани суҳбатга тортдик:

-Бу шифохона илгари қишлоғимиздаги учта қишлоқ врачлик пунктининг бири эди. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёевнинг ташаббуслари, вилоят ҳокими Ш.Ғаниевнинг эътиборлари билан шифохонага айлантирилди. Икки йил олдин аҳоли 60 км масофага бориб даволанишига тўғри келарди, мана ҳозир шу ерда тўлиқ даволаниб чиқиб кетишяпти. 20 ўринли шифохонамизда ички касалликлар бўлими, болалар бўлими ва туғруқ бўлими жойлашган. Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, туман соғлиқни сақлаш бўлими томонидан етарли дори-дармон билан таъминланяпти. Шифокор сифатида эмас, оддий фуқаро сифатида айтаман, тўғриси, Шуҳрат Мадаминовичдан олдинги вилоят ҳокимларининг кимлигини ҳам билмас эдик. Бу инсон эса деярли ҳар куни Шоҳимардондан хабар оладилар, юрагимнинг бир парчаси Шоҳимардон, деб айтадилар. 2-3 кунга дам олишга келаётганлар тушунмасдан қаровсиз деган фикрни айтмасинлар, бугун Шоҳимардон қаровсиз эмас, аҳоли Президентимиз сиёсатидан ва вилоят ҳокимимиздан жуда миннатдор.

Палаталарга кириб касаллар билан ҳам суҳбатлашамиз. Ўзини Ҳакимжон Азизов деб таништирган ота шифохонада даволанмоқда экан:

-Шифохонада шароитлар яхши. Энг чекка ҳудудда ҳам беморларга шундай шароитларни яратиб беришаётгани учун, аввало, давлатимиз раҳбарига, кеча-кундуз тинмай меҳнат қилаётган вилоятимиз ҳокимига алоҳида раҳмат. Духтирларимиз доимо бизнинг хизматимизда. Озиқ-овқат уч маҳал берилади, дори-дармонлар бепул, даволаниш бепул.Телевизорлар бор, газета-журналлар бор. Ҳаммаси учун катта раҳмат.

Яна бир суҳбатдошимиз шифохонада даволанаётган Озодахон Собирова. Унинг ҳам  қувончи ва миннатдорчилиги чексиз:

-8 кун олдин қон босими билан ҳассада зўрға юриб келгандим. Мана оёққа туриб кетдим, дори-дармон, озиқ-овқатлар, хизматлар ҳам кўнгилдагидек, даволаниш бепул.  Илгари шифохона йўқ эди, Водил ёки Фарғонага борар эдик. Барча шароитларни яратиб беришгани учун Президентимизга, вилоят ҳокимимизга, бизга хизмат қилаётган шифокорларга катта раҳмат.

Шоҳимардон МФЙ раиси Икромжон Абдухолиқов эса шундай дейди:

- Охирги бир йил давомида қишлоғимизда катта ўзгаришлар бўлди, аҳолимиз жуда хурсанд. Яқинда қишлоғимизда тикувчилик цехи очилди. ГЭС қурилиши бошланмоқда, табиий газ тортиб келинмоқда, ички йўлларнинг ҳаммаси асфальтланади. Қишлоғимизга келиб дам олиб кетаётганлар муҳтарам Президентимизнинг эътиборлари, вилоят ҳокимимиз ва бошқа барча раҳбарларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан бўлаётган ободончиликларни  ўз кўзи билан кўриб тургандир. Азиз меҳмонларимиз хоҳласалар, дам олиш оромгоҳларида, хоҳласалар хонадонларимизда дам олишсин, икки қўлимиз кўксимизда, ҳаммаёқ обод бўлмоқда, меҳмонлар учун шароитлар яратилган.

Ниҳоят Ёрдон қишлоғига кўтариламиз. Кўз олдимизда Ҳазрат Али зиёратгоҳи ҳамда қаршисида виқор тутган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий мемориал музейи намоён бўлади. Музейга ёндош Ҳамзанинг қабртоши кўзга ташланади. Бу ерда дам олишга келган зиёратчилар яхши ниятлар билан Ҳазрат Али мақбарасига алоҳида эҳтиром кўрсатадилар. Шоҳимардоннинг асосий зиёрат жойи шу ер.

- Ҳар томондан тоғ билан ўралган Оллоҳ назари тушган жойда яшаймиз. Музей 1989 йилда ЮНЕСКО ташкилоти томонидан қурилган бўлиб, кўпроқ Шоҳимардон тарихи ҳақида маълумот беради. Йўллар беркилиб қолган пайтларда ҳам вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев доимий хабар олганлар. Ишсизликнинг олдини олиб музейни яна қайта очиб бердилар, - дейди музей директори Гулноза Нажмиддинова – Эрта баҳордан туризм ривожи учун вилоят раҳбарияти томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилди. Бугунги кунда Шоҳимардон аҳолиси ёрдамга сира муҳтож эмас, бу ерга келаётган зиёратчилар, меҳмонларга хизмат кўрсатиш ҳисобидан халқнинг оилавий шароити яхшилана бошлади, оилалар бюджетига маблағ тушмоқда.

Айни шу ерда зиёратга келганлар ичида  санаторийда дам олаётган юртдошларимиз ҳам бор экан. Ўзини Мамалатипова Каримахон деб таништирган қувалик аёл Шоҳимардон санаторийсида умр йўлдоши билан дам олмоқда. Бу аёл озиқ-овқат, шароитларнинг яхшилиги, хизмат кўрсатиш ва даволашдан рози эканлигини билдирди. “1993 йилда келганимча энди келдим. Ўзгаришлар яхши, мақбаралар, зиёратгоҳлар таъмирланибди, биз учун шароитларни яратаётган вилоят раҳбарларига раҳмат айтаман” деди у.

Кичик камчиликларни дунёга достон қилишдан кўра мана шундай улуғ ишларни айтиб жар солганимиз яхшироқ эмасми? Ахир бугун одамларнинг кўзларида қувонч кўрдик, розилик кўрдик. Ахир энг мураккаби, эришиш қийин бўлган вазифа - халқнинг розилигига эришиш-ку. Ҳаётидан рози, турмуши фаровон бўлса, қолган ҳамма майда камчиликлар ва муаммолар ўз-ўзидан ечим топади.

Бу жаннат юрт бизники, муаммою камчилиги билан бизники. Ўша муаммоларни ҳам ўзимиз ечамиз, меҳнатни ҳам ўзимиз қиламиз. Қаерда нима қилиш кераклигини ипидан-игнасигача ўзимиз биламиз.  Шунинг учун азиз дам олувчилар, меҳмонларимиз, ҳурматли журналистларимиздан қилдан қийиқ ахтармасликларини сўраймиз.

Гулбаҳор Саидғаниева