Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 41 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


БОБУРЛАРИН УНУТМАС ЭЛИМ

 2017-05-10 13:53:48    100

PDF юклаш
Чоп этиш


Яна баҳор келди. Киштут қишлоғидаги Бобуржоннинг қутлуғ қони тўкилган ўша адирлик алвон лолаларга тўлди.

Хотира! У ўтмишнинг гоҳ аччиқ, гоҳ ширин кунларини ёдга солади. 17 йилдан буён айрилиқ азобига дош бериб яшаётган Мунаввархон опа Ғаниева дам кулиб, дам эса йиғлаб эслайди Марғилоннинг асл фарзанди жасур ўғли Бобуржонини.

Мана, бу Бобуржонимнинг ёшлиги, дейди бир суратни бағрига босиб...

Бўлинмага келган шошилинч хабар ҳаммани бир зумда оёққа турғазди. Сурхондарёнинг Сариосиё туманида бир гуруҳ жангарилар чегарани бузиб, муқаддас юрт остонасига манфур қадамини босаётир. Сониялар ичида воқеа жойига етиб келган махсус гуруҳ мисли шердек душманга ташланди. Ҳаёт-мамот жанги бошланди. Ортга чекина бошлаган газандаларни одимма-одим қувиб бораётган Бобуржон пистирмада пайт пойлаб ётган ёвни сезиб қолади. Марду майдон қўрқмас Бобуржон ортига қайтишни ўйламай, йўлини тўғри террористларнинг устига буради.  Алпқомат, ёш баҳодирни кўрган душман саросимага тушиб, қоча бошлайди, ёвуз ниятлари барбод бўлади. Басма-бас душманга ўқ узаётган Бобуржоннинг кўксига ногаҳонда бир ўқ қадалади. У худди яраланган шердек янада шиддат билан душманга ҳамла қилади, ортга қайтиб жон сақлашни хаёлига ҳам келтирмайди. То тонгга қадар душман билан олишиб, уларга катта талофат етказган метин иродали Бобуржоннинг саккиз жойини ёв ўқлари тешиб ўтади. Яраланган, бадани қизил қонига бўялган Бобуржон дам ҳушига келиб, дам кетар, бироқ, автоматини душман пистирмасидан узмасди...

2000 йил 4 август куни тонгда катта ўғлим Баҳодиржон Бобуржоннинг жасади солинган тобутни олиб келди. Онажон, мени кечиринг укамни асраб қололмадик, деди у кўзларида шашқатор ёш билан...

Сенда айб йўқ, ўғлим, айб ватанфуруш газандаларда, дедим қатъий. Ўзим кўз ёшларимни тиёлмаяпману, тўнғичимга далда бераман: укангнинг қони беҳудага тўкилгани йўқ, унинг ҳар томчиси Ватан ҳимоясига бахшида бўлди. Бобуржон Ватанни беҳад севар, унинг душманларига нафрати ғоят кучли эди, дейман яна фарёдла. Хоинларнинг ҳам онаси бор-ку, улар ҳам фарёд чекаяптимикан, юртфуруш ўғиллари учун, дейман ғазабдан. Шунда ичимдан бир нидо келди. Сен ботирнинг онасисан, қаддингни кўтар, ўғлинг жонини юрт учун фидо этди. Сен ботирнинг онасисан!!!

Эндигина 23 баҳорни қаршилаган навқирон ўғлим бир қизнинг қўлидан тутмай бу дунё билан видолашди...

Ҳамшаҳарларимиз, таниш-билиш, ёру биродарлар мени ёлғизлатиб қў-йишмади. Ҳар дақиқа уларнинг меҳрини, дардимга чин дилдан ҳамдард эканликларини сезиб яшайман. Фарзанд доғи оғир, уни кўтариш учун тоғлардек бардош керак. Худога шукр атрофимда яхшилар кўп. Мен уларга суяниб яшайман, бошимни фахрла баланд кўтариб юраман, - дейди онахон ифтихорла.

Бугун Бобуржон Ғаниев жисман орамизда йўқ. Бироқ у ўлмайди, ҳамиша қалбимизда. У таҳсил олган Тошкент ахборот технологиялари университетида Бобуржон Ғаниев номидаги стипендиянинг таъсис этилганлиги, шаҳримизда унинг болалиги ўтган кўчага Бобуржон Ғаниев номининг берилиши, унинг порлоқ хотирасини абадийлаштириш мақсадида уй-музейининг ташкил этилганлиги, Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучларининг 15, 20, 25 йиллиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 10, 15, 20, 25 йиллиги муносабати билан берилган кўкрак нишонлари, "Жасорат" медали ҳамда "Шон-шараф" ордени унинг музей экспонатлари қаторида сақланаётган костюми кўксини безаб турибди. Костюм ҳозиргина Бобуржон устидан ечгану дам ўтмай яна эгнига иладигандек таасурот қолдиради кишида...

 Ҳа, халқим йиллар,   асрлар ўтсада ўз ботирларини унутмайди. Унинг жасорати аждодлардан авлодларга мангу қўшиқдек ўтаверади. Жонини она Ватан учун фидо этган, жасур йигит Бобуржон Ғаниевнинг қаҳрамонлиги халқ ёдидан асло ўчмайди.