Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 44 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


ИНСОН –АЗИЗ, ХОТИРА –УЛУҒ

×

 2017-05-13 08:53:11    106

PDF юклаш
Чоп этиш


Муҳтарам Президентимизнинг 2017 йил 4 апрель кунги “Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора – тадбирлари тўғрисида” қарори бу борада вилоятимизда ҳам кенг кўламли саъй-ҳаракатларни амалга оширишда муҳим дастуриламал бўлди.

Айни жараёнда вилоятимизнинг ҳар бир ҳудудида байрам тадбирлари, юзма-юз мулоқотлар, самимий суҳбатлар ташкил этилиб, уруш қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийларига юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди.

Ўз навбатида ушбу ҳуқуқий ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида нафақат Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фронти фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган жасоратли ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзоларини моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларга эҳтиром кўрсатишга қаратилган тадбирлар ҳам ўтказилди.

Байрамни муносиб ўтказишга қаратилган тадбирларда ёш йигит-қизларнинг фаол иштироки эса уларнинг бугунги дорилолмон, тинч-осойишта, фаровон кунларнинг қадрига етишга, озод ва обод Ватанга муносиб фарзанд бўлишга чорлаши билан аҳамиятлидир.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят Кенгаши томонидан шаҳар ва туманларимизда ўтказилган хайрия акциясида фаол ёшлар “Хотирлаймиз ва қадрлаймиз!” шиори остида давлатимиз байроғи рамзи туширилган 30 мингдан ортиқ тасмалар, 25 минг дона автомобилларга мўлжалланган ёрлиқларни ҳайдовчилар ва ҳамюртларимизга тақдим этдилар.

Вилоятимизда истиқомат қилаётган элимиз ардоғидаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг бир гуруҳи 9 май – Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан пойтахтимизда бўлиб ўтадиган байрам тантаналарида қатнашиш учун вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, кенг жамоатчилик иштирокида кузатиб қўйилди.

Шунингдек, байрам арафасида вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, “Камолот” ЁИҲ вилоят Кенгаши ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Фарғона шаҳри бўйлаб ҳарбий оркестр жойлашган ҳарбий техникаларнинг кичик паради ташкилланди. 

“Ватан – улуғ, бурч – муқаддас”, “Инсон – азиз, хотира – абадий”, “Ҳеч ким ҳеч қачон сизларни унутмайди!”, “Аждодларни хотирлаш – муқаддас қадрият”, “Жасоратингиз абадий қалбимизда!” деган ёзувлар туширилган ҳарбий техникалар, аскарлар, ҳарбий либосдаги йигит-қизлар, қадрдон куй-қўшиқлар  ҳамшаҳарларимизга хушнудлик бахш этди. Тинчлик, ҳарбий ватанпарварлик қўшиқлари қаторида уруш йиллари ашула ва мусиқалари дилбар Фарғонанинг марказий кўчалари бўйлаб янгради.

***

9 май. Фарғона шаҳридаги Хотира майдони ҳар кунгидан ҳам гавжум ва файзли. Гўзал хиёбонга уруш ва меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари жамул-жам бўлишган.

Вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев майдонга кириб келди ва Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбар қўйди. Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо этди. Шундан сўнг Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, Миллий хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси, вилоят  прокуратураси, вилоят ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, божхона, давлат солиқ бошқармалари, Фарғона шаҳар ҳокимлиги номидан Мотамсаро она ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйилди.

Шунингдек, вилоятда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар, меҳнат ва ўқув жамоалари, фахрийлар, ёшлар ҳайкал пойига гулчамбарлар қўйиб, Иккинчи жаҳон урушида қурбон бўлган минглаб юртдошларимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирилди.

 Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради. Ҳарбий оркестр садолари остида ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари тантанали саф тортиб ўтдилар. Юрт посбонларини ва ҳарбий техникалар намойишини фарғоналиклар қарсаклар билан олқишладилар.

Шу кунги суҳбатларда уруш кўрган, ҳаётнинг не-не яхши-ёмон кунларини бошдан ўтказган оталар бугунги тинч ва дориломон кунларга такрор ва такрор шукрона айтишди. Фахрийларимиз мустақил юртимиз, Президентимизнинг эъзози ва ғамхўрлигидан миннатдор эканликлари уларнинг юз-кўзларида, дуоларида акс этди.

***

Фарғона шаҳридаги “Наврўз” мажмуасида Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фронти фахрийлари, мустақиллик йилларида жасорат ва мардлик кўрсатган ҳарбий хизматчилар учун вилоят ҳокимлиги томонидан байрам тадбири ташкил этилди.

Тантанада вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси  Шуҳрат Ғаниев байрам иштирокчиларини Хотира ва қадрлаш куни билан самимий қутлади. 

Хотира ва Қадрлаш куни байрами муносабати билан бу йил фахрийларимизга ҳар қачонгидан кўра юксак эҳтиром кўрсатилмоқда, – деди вилоят раҳбари. – Нуронийларимиз хонадонларида самимий мулоқтлар ўтказилди. Ёрдамга муҳтож хонадонлар таъмирланди. Биз ҳамиша ота-боболаримиз жасорати олдида таъзим қиламиз. Фахрийларни эъзозлаш ва қадрлаш ҳар бир юртдошимиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Улар ҳамиша мана шундай иззату икромга муносибдирлар.

 Байрам тадбирида вилоятимизнинг барча шаҳар-туманларидан келган Иккинчи жаҳон  уруши қатнашчилари ва фронт орти меҳнат фахрийларига эсдалик совғалари топширилди.

Ёш авлодни ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялашдаги фаоли иштироки учун фахрий ҳарбийларнинг бир гуруҳи Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг кўкрак нишони билан тақдирландилар.

Тантанада вилоят санъат усталарининг чиқишлари фахрий отахонларни даврага чорлади. Қўшиқларда ҳам тинчлик, бугунги бахтли ҳаётимиз тараннум қилинди. Уруш даври мусиқалари ва ашулалари, театрлаштирилган томошалар ижро этилди. Уруш ва меҳнат фахрийларининг куй-қўшиқларга ҳамоҳанг рақсларини барча бирдек олқишлади.

–Бағдод туманидан вилоят марказидаги байрамда иштирок этиш учун келдим, –дейди 94 ёшли Ўлмасжон ота Долимов. – Фарғонанинг ўзгариб кетганлигини қаранг, таниб бўлмайди-я. Бу ободликни, азиз неъмат тинчликни қадрланглар, болаларим.

–Тарғибот гуруҳимиз аъзолари орасида Ўзбекистон халқ артистлари, таниқли актёрлар, эл ардоғидаги шоирларнинг борлиги биз кириб борган хонадонларга янада кўтаринкилик бахш этди, –дейди республика Тарғибот гуруҳи раҳбари, юридик фанлари доктори, профессор Феруза Муҳиддинова. – Президентимизнинг ташаккурномаларини қўлларига олган отахонларнинг кўзларидаги севинч ёшлари, уларнинг ибратли ҳикоялари тадбирларда фаол иштирок этган ёшлар учун муҳим аҳамиятга эга.

Дарҳақиқат, ота-боболаримизнинг тинчлик ва Ватан озодлиги ва ободлиги йўлидаги жасоратини ҳамиша ёдда сақлаш, урушда қурбон бўлганларни хотирлаш, ўз ҳаётини бугунги дориломон кунлар учун бахшида этган табаррук нуронийларимизни қадрлаш бизга ҳамиша ҳаёт сабоқларини берувчи ибрат мактабидир.