Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 105 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида

 2017-12-16 09:54:01    92

PDF юклаш
Чоп этиш


Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Юртимиз азалдан ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий ва бошқа кўплаб алломалар номи нафақат ислом, айни вақтда жаҳон цивилизацияси тарихида ҳақли равишда олтин ҳарфлар билан битилган. 

Мустақиллик шарофати ўлароқ диний ва миллий қадриятларимиз тўлалигича тикланди, улуғ аждодларимизнинг хотираларига муносиб эҳтиром кўрсатилди, улар қолдирган диний-илмий ва маънавий-маърифий меросни ўрганиш учун имкониятлар яратилди. 

Ўзбекистонда диний таълим тизими ўзининг кўп асрлик ва бой анъаналарига эга. Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент мадрасалари ўрта асрларнинг университетлари вазифасини бажарган. Ўрта асрлардаёқ Бухоро ўзининг мадрасалари ва уламолари билан шуҳрат қозонган ва ҳақли равишда “Ислом оламининг қуввати” унвонига сазовор бўлган. 

Мусулмон ренессанси, яъни илмий-маърифий уйғониш даврига асос солган улуғ аждодларимиз томонидан яратилган ва бугунги кунда ҳам маърифатли дунёни ҳайратга солиб келаётган илмий меросни ўрганиш, илмий-тадқиқот ишлари олиб бориш, улар яратган илмий йўналишлар ва мактаблар анъаналарини давом эттириш бугунги авлод олдида турган долзарб вазифалар сирасига киради. 

Айни пайтда шиддат билан ўзгариб бораётган замон муқаддас ислом дини аҳкомларини нотўғри талқин қилиш, уларни сохталаштириш йўли билан турли фитна ва бузғунчиликлар содир этилаётгани динимизнинг софлигини сақлаш, унинг тинчлик ва инсонпарварликдан иборат асл моҳиятини жамият аъзолари ва, айниқса, ёшларга етказишга қодир, юқори даражада илмий ва диний салоҳиятга эга мутахассисларни тайёрлашни тақозо қилмоқда. 

Республикада фаолият олиб бораётган олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларини юқори малакали илмий кадрлар билан таъминлаш, тайёрланаётган мутахассисларнинг илмий ва касбий салоҳиятини ошириш, қуръоншунослик, тафсир ва фиқҳ, ҳадисшунослик, калом илми йўналишлари бўйича магистрларни, етук илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида: 

1. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтининг Ўзбекистон Ислом академиясини (кейинги ўринларда Академия деб аталади) ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин. 

Белгилансинки, Академия Ўзбекистон мусулмонлари идораси муассислигидаги диний ва дунёвий таълим берувчи нодавлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. 

2. Ўзбекистон Ислом академиясининг тузилмаси иловага мувофиқ маъқуллансин. 

Академия ректори, зарур ҳолларда, муассис томонидан белгиланган ходимларнинг умумий сони доирасида Академиянинг тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилсин.

3. Қуйидагилар Академиянинг асосий вазифалари этиб белгиланиши инобатга олинсин: 

“Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассислиги бўйича магистрларни, шунингдек, ушбу соҳада чуқур тадқиқотлар олиб борувчи илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш; 

ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, фиқҳ, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини ҳар томонлама теран ўрганиш ва тадқиқ қилиш; 

ислом динининг асл моҳиятини, унинг башариятни эзгуликка элтувчи дин эканлигини илмий асосланган ҳолда теран ўрганиш ҳамда тарғиб этиш; 

ислом дини соҳасидаги долзарб мавзулар бўйича халқаро илмий-амалий анжуманларда иштирок этиш; 

мамлакатимизда фаолият олиб бораётган ва хорижий олий диний таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш; 

кадрлар тайёрлаш жараёнига етук мутахассислар ва ўқитувчиларни жалб қилиш орқали илм-фан ва таълимнинг ўзаро интеграциясини чуқурлаштириш; 

илмий тадқиқотлар натижалари бўйича диний-маърифий, маънавий-ахлоқий йўналишлардаги илмий-оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр қилиш; 

ислом оламида юзага келаётган долзарб масалаларга оид илмий-амалий анжуманлар ўтказиш; 

илмий тадқиқотларнинг йўналишлари ва мавзуларини белгилаш, халқаро тадбирларда иштирок этиш, илмий-амалий анжуманлар ташкил қилиш, илмий меросни ўрганиш ишларида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорлик қилиш. 

4. Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг таклифига мувофиқ қуйидагилар: 

Академия магистратурасига (кейинги ўринларда магистратура деб аталади) олий таълим муассасаларининг камида бакалавр даражаси дипломига эга бўлган, Академияда тайёрланадиган мутахассисликлар ихтисослигига мос келадиган йўналишларни битирган Ўзбекистон ва хорижий давлатлар фуқаролари қабул қилиниши; 

2018/2019 ўқув йилида ва кейинги йилларда магистратурага қабул қилиш Республика олий таълим муассасаларининг магистратурасига ўқишга қабул қилиш бўйича белгиланган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилиши; 

магистратурада ўқиш муддати икки йил ҳисобланиб, у кундузги таълим шаклида олиб борилиши; 

Академияда юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш олий ўқув юртидан кейинги таълимга қўйиладиган давлат талаблари асосида амалга оширилиши; 

магистратурага 2018/2019 ўқув йили учун қабул квотаси жами 16 та ўрин этиб ҳамда кейинги йиллар учун қабул квотасини шакллантириш ушбу соҳадаги талаб ва эҳтиёждан келиб чиққан ҳолда Академия муассиси томонидан белгиланиши назарда тутилсин. 

5. Белгилансинки, магистратура битирувчиларига бериладиган давлат намунасидаги диплом Ўзбекистон Республикасида олий диний таълим соҳасидаги тегишли мутахассисликлар бўйича магистрлик даражасини берувчи олий маълумот тўғрисидаги ҳужжат деб эътироф этилади. 

6. Ўзбекистон мусулмонлари идорасига: 

Академиянинг устави, магистратура таълим йўналишлари бўйича давлат таълим стандартлари, ўқув жараёнини сифатли ташкил этиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқишда жаҳондаги илғор ижобий тажрибани атрофлича ўрганиш, таҳлил этиш ва амалиётга жорий қилиш; 

Академия магистратураси мутахасисликларида ўқишни давом эттириши мумкин бўлган мос бакалавр йўналишлари рўйхатини белгилаб бериш; 

Академиянинг илмий-педагог кадрлари таркибини асосан мамлакатимиздаги олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида ҳамда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият кўрсатаётган, шу жумладан, хорижий таълим (илмий) муассасаларида малакасини ошириб келган, юқори савияли профессор-ўқитувчилар ва илмий ходимлар, шунингдек, соҳанинг салоҳиятли етук мутахассислари – амалиётчилардан шакллантириш тавсия этилсин. 

7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2018/2019 ўқув йили бошлангунга қадар Академияни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган олий таълим муассасалари учун мажбурий бўлган зарур ўқув-методик ҳужжатлар билан бепул таъминласин. 

8. Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги Академияда олий таълимдан кейинги таълим босқичида ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, тафсир ва фиқҳ, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асослари бўйича тадқиқот ишларини олиб борувчи юқори малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлашга кўмаклашсин. 

9. Академия фаолияти қуйидаги манбалар ҳисобидан молиялаштирилиши инобатга олинсин: 

муассис томонидан ажратиладиган маблағлар; 

жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳомийлик хайриялари; 

халқаро молиявий институтлар, хорижий ташкилотлар, донор мамлакатлар ва ташкилотларнинг грантлари; 

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар. 

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бир ой муддатда Академиянинг давлат рўйхатидан ўтказилишида амалий ёрдам кўрсатсин. 

11. Академия Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази биносида текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлашиши маълумот учун қабул қилинсин. 

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчилари Х.Султонов ва Р.Камилов зиммасига юклансин. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти                                            Ш.МИРЗИЁЕВ
 

Тошкент шаҳри, 2017 йил 15 декабрь 


* * *
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига
Ш А Р Ҳ 

Юртимиз азалдан ислом илм-фани ва маданияти марказларидан бири сифатида эътироф этилади. Имом Бухорий, Бурҳониддин Марғиноний, Имом Термизий, Ҳаким Термизий, Маҳмуд Замахшарий, Муҳаммад Қаффол Шоший, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор Валий, Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий сингари кўплаб мутафаккирларимизнинг боқий номи ва бой мероси нафақат минтақамизнинг маънавий ривожида, айни вақтда жаҳон цивилизацияси тарихида муҳим ўрин тутади. 

Ўзбекистонда диний таълим тизими ўзининг қадим ва ўлмас анъаналарига эга. Масалан, ўрта асрлардаёқ Бухоро ўзининг мадрасалари ва уламолари билан шуҳрат қозониб, ҳақли равишда “Ислом оламининг қуввати” унвонига сазовор бўлган. Самарқанд ва Бухорода Мирзо Улуғбек қурдирган мадрасалар ўрта асрларнинг университетлари вазифасини бажарган. 

Мустақиллик шарофати билан юртимизда диний ва миллий қадриятларимиз тўла тикланди. Улуғ аждодларимизнинг хотираларига муносиб эҳтиром кўрсатилиб, улар қолдирган бой илмий-маънавий меросни ўрганиш учун кенг имкониятлар яратилмоқда. 

Айни вақтда аждодларимизнинг диний-маърифий меросини янада теран ўрганиш ва таҳлил қилиш, уларнинг илмий анъаналарини муносиб давом эттириш бугунги авлод олдида турган долзарб вазифалардан саналади. 

Бугун шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув даврида дунёда муқаддас ислом дини аҳкомларини нотўғри талқин қилиш, уларни сохталаштириш йўли билан турли фитна ва бузғунчиликлар содир этиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай мураккаб вазият динимизнинг софлигини сақлаш, унинг тинчлик ва инсонпарварликдан иборат асл моҳиятини аҳоли ва, айниқса, ёшларга етказишга қодир, юқори даражада илмий ва диний салоҳиятга эга мутахассисларни тайёрлашни тақозо қилмоқда. 

Бугунги кунда Республикамизда фаолият юритаётган Тошкент ислом институти ва Бухородаги Мир Араб олий мадрасасида 366 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга илм ўргатаётган 87 нафар ўқитувчидан 12 нафари фан номзоди ва 38 нафари фан магистри илмий даражасига эга. Ўрта махсус ислом билим юртларида эса жами 1071 талабага 246 нафар педагог дарс бермоқда. Улардан 12 нафари фан номзоди ва 33 нафари магистрлик илмий даражасига эга. Ушбу илмий даражалар учун ҳимоя қилинган диссертацияларнинг мавзулари бевосита ислом дини илмлари йўналишида бўлмай, илмий изланишлар асосан ёндош соҳаларда олиб борилганини таъкидлаш зарур. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 1 сентябрида Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуасида давлат, жамоат ва ёшлар ташкилотлари, диний соҳа вакиллари билан учрашувида диний таълим тизимини таҳлилий ўрганиб чиқиш ва замон талаблари асосида такомиллаштириш, юқори илмий тайёргарликка эга мутахассисларни тайёрлашни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон Ислом академиясини тузиш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди. 

Буюк мутафаккир аждодларимиз асос солган илмий мактаблар ва йўналишлар давомийлигини таъминлаш, олий ва ўрта махсус диний таълим ўқув юртлари, илмий тадқиқотлар марказларини юқори илмий савия ва малакага эга мутахассислар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти таклифига асосан Ўзбекистон Ислом академияси ташкил этилмоқда. 

Мамлакатимиздаги амалдаги қонунчилик ва дунёвий мамлакатлар қонунчилигини эътиборга олган ҳолда тузилаётган мазкур академия нодавлат олий диний таълим муассасаси мақомида фаолият олиб боради. 

Академия ҳузурида магистрлик ва докторлик диссертацияларини ҳимоя қилиш, исломшунослик фанлари магистри, фалсафа доктори ва исломшунослик фанлари доктори илмий даражаларини бериш бўйича Ихтисослашган илмий кенгаш фаолияти йўлга қўйилади. 

Академиянинг ташкил қилиниши юртимизда ислом дини назариясини чуқур эгаллаган, буюк аждодларимизнинг бебаҳо илмий-маърифий меросини теран ўрганган, диний ва дунёвий илмлар, хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ҳар томонлама етук мутахассислар тайёрлаш имконини яратади. 

Академияда машғулотлар ўтказиш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнига Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Миллий университетининг профессорлари, фан докторлари ва номзодлари, шунингдек, хорижий давлатларидан исломшунос олим ва мутахассислар жалб этилади. 

Ўзбекистон Ислом академияси ҳузурида магистратура (2 йил), таянч докторантура (3 йил) ва докторантура (3 йил) фаолият юритади. Ўқиш ва илмий машғулотлар контракт-грант асосида ташкил қилинади. Мустақил тадқиқотчилар учун масофадан ўқиш, тадқиқот ишларини мустақил олиб бориш имконияти яратилади, хориждан докторантлар ва тадқиқотчилар ўқиш ва амалиётга шартнома асосида қабул қилинади. 

Академияда олиб бориладиган илмий-тадқиқот ишлари натижалари асосида Ўзбекистон Ислом энциклопедияси, буюк аждодларимиз тўғрисида илмий-оммабоп адабиётлар, илмий-маърифий китоблар яратилади, илмий журнал чоп этилади. 

Ўзбекистон Ислом академиясининг ташкил қилиниши олий диний таълим тизимини янада такомиллаштириш, диний ўқув юртларида таълим сифатини ошириш ва замон талабларига жавоб берадиган юқори илмий савияли мутахассислар тайёрлашга хизмат қилади.

манба: ЎзА