Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ЗАРАРЛИ ТЕРМИТЛАР

 2017-10-05 09:56:23    290

PDF юклаш
Чоп этиш


Термитлар ҳашаротлар синфи вакили ҳисобланади. Ҳозирги вақтда термитлар масаласи дунё миқёсидаги йирик глобал муаммолардан бири бўлиб, ер юзида уларнинг 2800 га яқин тури мавжуд. Шундан 160 га яқин тури зараркунанда ҳисобланади. Ўзбекистонда эса икки тури – Туркистон термити ва катта Каспий орти термити қайд этилган. Термит сўзи грекчадан олинган бўлиб, “термит” – тамом деган маънони англатади. Бундан ташқари илмий манбаларда кўрсатилишича, “термит” (иссиқ), яъни иссиқ жойда яшовчи деб, уларнинг уяси термосга таққосланган.

Термитлар ташқи кўринишидан чумолига ўхшаш бўлиб, халқимизнинг турли шеваларида “сариқ чумоли”, “қабристон оқ чумолиси”, “вахмак”, “ёғоч қурти” деган номлар билан аталган. Улар иссиқликни севувчан бўлганлиги учун, иқлими илиқ ва иссиқ ҳудудларда кенг тарқалган.

Термитлар, табиатда асосан қуриган ўсимликлар, дарахтларнинг ёғочли қисмлари билан озиқланади.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ўсимликлар ва ҳайвонот олами генофонди институтининг Умумий энтомология ва арахнология лабораториясида профессор А.Ш.Ҳамраев раҳбарлигида “Ўзбекистонда турар жойлар, тарихий ёдгорликлар ва бошқа иншоотларга жиддий хавф туғдирувчи термитларга қарши самарали кураш тизимини ишлаб чиқиш” мавзусидаги лойиҳа бўйича илмий изланишлар олиб борилмоқда.

Термитларни ўрганган олимлар уларнинг ҳақиқий офат эканлигини тасдиқлайдилар. Бунинг мисоли сифатида турар жойларнинг мебель, либос ва оёқ кийимларининг яроқсиз ҳолатга келиши, турли дарахт ва бошоқли экинларнинг қуриши, тўғон, суғориш каналлари ва тўғон уламаларининг вайрон бўлганлигини эслатиб ўтиш кифоядир.

Илмий адабий манбаларда келтирилишига кўра, 1948 йили зилзила туфайли Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрининг вайронага айланишига ҳам ушбу термитлар етказган зарар асосан сабаб бўлган.

Чунки улар туфайли бино ва иншоотларга жуда катта зарар етмоқда. Юз куб сантиметр ҳажмни эгаллаган 25 минг индивиддан иборат термитларнинг бир оиласи, бир йил давомида тахминан 50 минг куб сантиметр ҳажмдаги турли кўринишдаги целлюлозани йўқ қилар экан.

Бинобарин, термитлар ҳозирги пайтда мамлакатимизнинг Фарғона водийси, Тошкент шаҳри (Фозил тепа), Жиззах, Самарқанд, Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларидаги аҳоли турар жойларида, тарихий-маданий обидалар ва бошқа қурилиш иншоотларида тез кўпайиб, мисли кўрилмаган даражада талофат етказмоқда.

Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда, республикамизда термитларга қарши курашиш самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 2 февраль кунидаги “Республикада термитларга қарши курашиш ишларини жадаллаштириш ва уларнинг зарарини бартараф қилиш тўғрисида”ги 27-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан, дезинфекция станциялари томонидан аҳоли яшайдиган уй-жойларда, ижтимоий соҳа объектларида, корхона, ташкилот, маданий-тарихий обидаларда ҳамда Ўсимликларни ҳимоя қилиш марказлари (ҳозирги кунда “Агрокимёҳимоя” ҲАЖ) томонидан табиий шароитда термитлар тарқалган ҳудудларда (далаларда, қабристонларда, чўл зоналарида ва бошқа очиқ жойларда) термитларга қарши кураш ва профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш вазифалари белгилаб қўйилган.

Қарор ижросини таъминлаш, термитлар тарқалган аҳоли хонадонлари, қабристонлар ва очиқ майдонларга аниқликлар киритиш, термитлар кўрсатган талофат ва зарарни чамалаш мақсадида, Фарғона вилояти бўйлаб ўрганиш ишлари олиб борилди.

Олиб борилган ўрганишлар давомида вилоятнинг 5 та шаҳар ва туманлари (Фарғона шаҳар, Риштон, Ўзбекистон, Данғара, Фарғона туманлари)да аҳоли хонадонлари, қабристонлар термит ҳашароти билан зарарланганлиги аниқланиб, уларга қарши курашиш тадбирлари олиб борилди.

Шу боис ҳозирги кунда жойлардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, хонадон эгалари ва ташкилот раҳбарлари термитлар тўғрисида маълумотга эга, уларнинг тарқалишини олдини олиш борасида эътиборли бўлишлари, мазкур зараркунандаларга қарши кураш чораларини ўз вақтида амалга оширишлари лозим.