Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР


ВИЛОЯТИМИЗ АҲОЛИСИГА!

 2017-12-19 12:16:00    158

PDF юклаш
Чоп этиш


Қадрли юртдошлар!

Азиз фарғоналиклар!

Биз, 2018 йил остонасида, мамлакатимизда буюк ўзгаришлар рўй бераётган, халқимиз ўзининг ёрқин келажагига комил ишонч билан бораётган, дунё Ўзбекистонга ҳавас билан бўйлаётган, ҳар бир фуқаронинг садоқати, ватанга дахлдор ҳисси, синовдан ўтаётган улуғ кунларда яшамоқдалар.

Бугун Президентимиз Ҳаракатлар Стратегиясида белгилаб берган, инсон қадр-қиммати олий қадрият ҳисобланган адолатли янги жамиятни қуришда тараққиётнинг янги асрига чиқиш вазифаси, мен шу юрт фарзандиман деган ҳар бир юртдошимиздан огоҳлик, жонфидолик, жипсликни талаб этади.

Курраи заминдаги барча инсонлар учун ҳаётда энг қадрлиси-тинчлик ва саломатлик. Бу ҳар икки неъмат ҳам жиноятдан холи юртда юксак мақомга эришади. Жиноятни буткул йўқотиб бўлмас, аммо кескин камайтириш унинг ўз қўлимизда.

 Бугун сизларга ўз халқини, юртини севган, Ватан тақдирига, жамият тақдирига бефарқ, лоқайд қараб турмайдиган инсонлар ўлароқ жиноятчиликнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик мақсадида мурожаат қилмоқдамиз. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда жиноятчиликка қарши курашиш ташаббускори бўлдилар. Уларнинг берган тавсия, йўл-йўриқлари асосида вилоятимизда ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

 Ҳуқуқбузарлик, жиноятчиликнинг олдини олиш масаласи миллат тақдири, келажаги билан боғлиқ ғоят долзарб масаладир.Чунки жиноятчилик миллатнинг ўзлигига, келажагига таҳдид солади.

Олдимизда учта муҳим вазифа турибди. Булар, ҳуқуқбузарликка йўл қўймаслик, жиноятчиликнинг олдини олиш ва жиноятга қарши курашиш. Баъзида тилимизга эрк берамиз, кимларнингдир шаънини топтаймиз. Ёки, автомобилда кетаётиб йўл қоидасига риоя қилмаймиз. Ҳуқуқбузарликнинг заминида Қонунни менсимаслик сари биринчи қадам туради.Бундай ҳолга йўл қўймаслик учун аввало ҳаётий тажрибага эга ота-она, қўни-қўшни, тарбиячилар, матбуот ходимлари зиммасида катта масъулият турибди. Танбеҳ ва тарғибот йўлини мустаҳкамлайлик.

 

Жиноятчиликнинг олдини олиш ҳуқуқий саводхонлик билан чамбарчас боғлиқ. Қай бириизнинг ҳонадонимизда Қонунлар тўплами, ҳеч йўқ Қонун чоп этилган газета тахламлари бор? Биз қабул қилинаётган Қонун, қонун ости меъёрларини дастлаб ўзимиз ўқиб, англаб, унга риоя этиб яшаяпмизми? Фарзандларимиз, яқинларимизни улардан бохабар қиляпмизми? Ҳали бу ишларга астойдил киришишимиз лозим.

 Биз жиноятчиликка қарши курашайлик, деймизу, маҳаллада, иш жойимизда жиноят содир этаётганларни кўра-била туриб тегишли идораларга ҳамиша ҳам ҳабар бермаймиз. Шундай қилсак, гўё ўзгалар бизни чақимчи деяётгандек ҳис қиламиз. Аксарият ҳолда “билдим деб тутилдим, билмадим деб қутилдим”, деган аслида нотўғри ғояга ён берамиз. Наҳот жиноят ёки жиноятчи ҳақида хабар бериш, ўз маҳалласи-ю шаҳар-қишлоғи тинчлигига, миллатимизнинг маънавий соғломлигига хизмат қилиш чақимчилик бўлса?! Биз шундай фикрга чалғиб катта хато қилмаяпмизми? Ўйлаймизки, бу масалада ҳар бир юртдошимизнинг фикри, муносабати ва уни матбуотда ошкора изҳор этиш, баҳслашиш ҳар қачонгидан ҳам бугун долзарб. Биз қонунларга риоя этиб яшашни ўрганишимиз ва кўникишимиз лозим.    

Ўзбек аёли томонидан  турли жиноятларнинг содир этилиши ғоят ачинарли ҳолдир. Бежиз улуғ бобомиз Рудакий: “Қайси бир миллатни яксон қилмоқчи бўлсангиз, қизлари, оналарини издан, тарбиядан чиқаринг, қайси миллатни улуғламоқчи бўлсангиз, бўлажак оналарини чиройли тарбияга, гўзал ахлоққа ўргатинг” – демаганлар. Чунки аёл миллат тарбиячисидир.

Қадри баланд эркаклар!

Қадим-қадимдан эркаклар оиланинг орияти, ор-номуси, ҳамият қўрғони бўлиб келганлар. Афсуски, бугун эркакларимизнинг оиладаги ўрни, обрўсига дарз кетиб бормоқда. Бозорларда қоп кўтарган, четга ишлагани кетаётган, эркакшода бўлиб бораётган аёлларнинг ҳам оиласида эркаклар бор. Оилада орият, ҳамиятни уйғотишимиз керак! Паҳлавон Маҳмуд шундай демиш:

Агар сенда бордир мардликдан асар,

Аҳли аёлингни этма дарбадар.

Мева шохи девордан ошса

Йўловчилар унга бешак қўл чўзар.

Азиз аёллар!

Сиз бирор давлат ишида, корхонада ишламасангиз ҳам, оиладаги фарзандингизни чиройли тарбия қилиб, жамиятга солиҳ фарзандни қўшишингиз қаҳрамонликдир. Ўзбек аёлига панжара орти эмас, обод гулшан – оила қўрғони ярашади. Оила –муқаддас. Ота-она ибрат, намуна. Ибрат ҳам тарбия. Давлатга, Ватанга садоқат намунасини кўрсатиш энг улуғ тарбиядир. Оилада китобхонлик маданиятини шакллантиришимиз керак. Китоб ўқимаётган болаларимиз – бизнинг йўқотган болаларимиздир.

Ҳурматли юртдошлар!

Ёшларимизни бировларга бериб қўймайлик! Уларнинг тарбияси билан ўзимиз шуғулланайлик. Ахир ёшларнинг бўш вақти – душманнинг иш вақтидир. Тиббиёт ходими касби тақозоси билан қасамёд қабул қилганидек, ҳар бир муаллим ҳам ўзига сўз бермоғи керак. Ёшлар онгида маънавий бўшлиққа йўл қўймайлик.

Ҳурматли ота-оналар!

Ота-она ҳар қандай ҳолатда ўз фарзандига яхшилик истайди. Аммо фарзандингизга моддий жиҳатдан ўта меҳрибонлигингиз келгусида уларнинг ҳою ҳавасларга берилиши, натижада турли балоларга гирифтор бўлишига олиб келиши мумкин. Уларга маънавий озуқа беринг, диний, маърифий, ахлоқий тарбия оилаларимизда устун бўлсин! Миллий қадриятларимиз моҳиятини теранроқ тушунтиринг. Фарзандларини на тилга, на ҳунарга ўргатмай туриб чет элларга пул топишга юбораётган ота-оналар ҳам йўқ эмас. Ҳаётда яшашдан мақсад фақат пул топиш эмас. Илгари оналаримиз фарзандларига аллалар, эртаклар айтиб беришарди. Чақалоқлигиданоқ уларда китобхонлик маданиятини шакллантиришарди. Миллий қадриятлар руҳи ана шулар билан бирга сингдирилган. Ҳозир бундай анъана давомийлик истайди.

Келажак эгаси бўлган ёшлар!

Сиз жамиятнинг мустаҳкам устунларига айланинг! Сизга берилган имтиёзлар, имкониятлардан кенг фойдаланинг, Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшинг.  Бу йил таъсис этилган “Мард ўғлон” мукофоти ва бир қатор имтиёзлар сизларнинг келажагингиз учун қўйилган янги, юксалиш зиналаридир. Ота-оналарингизга қариганда тиргак бўлинг, кекса чоғида уларнинг кўз ёшини оқизманг!

Маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудларга айлантиришимиз керак. Профилактика инспекторларига маҳаллардан уй-жой, хизмат машиналари берилди. Улар ҳам шу маҳалланинг фарзанди қаторида энди. Бизни яқин ҳамкорликда ишлаш кутяпти.

Умр инсонга бир марта берилади. Энг азиз, энг олий неъматнинг қадрига етмоқ лозим. Академик шоир Ғафур Ғулом ўзининг файласуфона қарашлари билан ана шу ҳақиқатни моҳирона ифодалайди:

Азиз асримизнинг азиз онлари

Азиз одамлардан сўрайди қадрин.

Фурсат ғаниматдир, шоҳ сатрлар-ла

Безамоқ чоғидур умр дафтарин.

Ҳа, фурсатлар югурик, умр лаҳзалари ғанимат, яхшилик, эзгуликлар қилиш учун улгурмоқ зарур. Ўтажак умримизнинг ҳар бир лаҳзаси  тақдиримизни шоҳ сатрлар билан безасин.

Ҳаммамизда бу менинг кўчам, бу менинг маҳаллам деган туйғу бўлмоғи шарт. Ҳамжиҳатликда ишлайлик, лоқайдлик, бефарқликка барҳам берайлик! Токи “Жиноятчиликдан холи ҳудуд – бу менинг маҳаллам!” дея айта олайлик!

 

 

Вилоят фаоллари номидан:

Вилоят ҳокимлиги

Вилоят Ички ишлар бошқармаси

Вилоят прокуратураси

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси

“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими

Вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди

Вилоят Маънавият ва маърифат Кенгаши

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши

 

Манзура Мадалиева, Ўзбекистон Қаҳрамони

Патила Эргашева, Ўзбекистон Қаҳрамони

Улуғбек Умаров, Ўзбекистон Қаҳрамони

Ботир Темиров, Ўзбекистон Қаҳрамони

Абдуғани Абдуллаев, Ўзбекистон Қаҳрамони

Анвар Обиджон, Ўзбекистон халқ шоири,

Охунжон Ҳакимов, Ўзбекистон халқ шоири,

Энахон Сиддиқова, Ўзбекистон халқ шоири,

Шафоат Рахматуллаева, Ўзбекистон халқ артисти,

Робахон Маҳмудова, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фарғона вилоятидаги халқ қабулхонаси мудири.

Отабек Муҳаммадзоҳид, хонанда,

Бектемир Мелиқўзиев, бокс бўйича жаҳон чемпиони.