Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 40 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


ОЛДИМИЗДАН ОҚҚАН ДАРЁЛАР

 2017-06-29 17:25:35    79

PDF юклаш
Чоп этиш


Ҳаётда кимдир бугуннинг насибаси дея элга иссиқ нон тутади. Кимдир боғ яратиб эл дастурхонини тўлдиради. Сочлари ижод дарди билан оқарган аҳли қалам, оташин юрагида ёзиш шавқи жўш урган ёш мухбирларингиз эса айни кунларда сиз азиз ўқувчиларимизга мўйсафид газетанинг 24128 сонини  тутқазди.

Бир қарашда бу сон оддий рақамга ўхшайди. Лекин ана шу рақамлар моҳиятида умр бекатлари, ўткир кўзларнинг нури, тиниқ фикрларнинг ҳосилалари бор.  Муноқаша қилиб айтадиган бўлсак, “Фарғона ҳақиқати” юз йилдан буён тарих ғилдираги устидаги ҳаёт  нафасини сўзга айлантириб саҳифаларга муҳрлаб келади. Унинг 1917 йилдаги биринчи сони Санкт-Петербургдаги музейлардан бирида сақланади.

Лекин бугун гап бу ҳақда эмас. Гап бўёқ ҳиди уфуриб турган газетанинг янги сонидан ҳам тақдири учун насиба туядиган, ҳар бир сатр устида қалам юргизиб мулоҳаза қиладиган  қалби дарё устоз журналистлар ҳақида боради.

Улар рамзий маънода олдимиздан оққан дарёлардир. Дарё суви ҳеч қачон орқасига қайтмайди. Гоҳ шошиб, гоҳ сокин оқиб ўтаркан, тўлқинларида тубларидаги садолар акс этади. Бу тўлқинлар соҳилларга урилганда қумликларда излар қолади. Бироқ табиатнинг ажойиб эркаликлари бу изларни аёвсиз ўчириб юборади. Инкишофларимиз тўғри бўлса газетачилик ҳам шундай. Заррабин йиғилган таффаккур томчилари кўл бўлади, дунё юзини кўради,  вақт шамоли эса уларни ёдлардан ўчиради. Зотан журналистнинг ижод фаолияти янги кун бўсағасида бошланади. Эрта, индин, бир куни ёзаман деган иқрор унга бегона. Бугуннинг нафасини халққа етказади,  ижодини ҳам бугуни билан камолга етказади. Озми-кўпми касб асрорларини билишнинг  оҳанрабо йўлларини устозларимдан ўрганганман.

Таҳририятда иш бошлаганимда саҳни серсоя чинорлар, ҳовлиси олма-ю ўриклар билан файз тўкиб турадиган бино назаримда жуда салобатли кўринарди. Эҳтимол  ижод машаққатини юрагида кўтарган заҳматкаш сиймолар борлиги учун шундайдир.

Кирсам мумкинми? – муҳаррир ўринбосари эшигини оҳиста очаман.

Кўзойнак остидан маъноли қарайдиган камтарин сиймо Аъзамжон ака Ортиқов  кечагина топширган “материалларимни”(газета атамасида мақола шундай дейилади) қўлимга қайтаради.

 Мана бундайда, қизим, жумлани жуда чўзиб юборманг, газетхон мақолангизни ўқишга қийналади. Кейин воқеа жараёнини таъсирли ёзишга ўрганинг, хатоларга эҳтиёт бўлинг!

Сатрларим бўялиб, чизилиб кетган, сатр ораларига янги сўзлар қўшилган мақоламни олиб қайта тераман. Салкам уч вароқли “ҳикоям” бир қоғозга етиб-етмаган ахборотга айланади. Лекин узтознинг таҳриридан ҳеч қачон хафа бўлмайман, аразламайман. Қайтанга унинг донолиги,  беназир таҳрири, жумлаларни мухтасар тузишидан қувонаман. Шундай қилиб салкам беш йилча устознинг пишиқ-пухта таҳрири соясида мухбирлар қаторига қўшилиб олдим. Узтознинг зўр мухбирларнинг ҳам мақоласини таҳрир қилгандан кейин ўқиб кўриб унинг маҳорати ва фасоҳатига ичдан қойил қолардим. Манбаларни титкилаб кўрсам “таҳрир” сўзи ортиқча сўзларни олиб ташлаш, матнни тартибга келтириб асар яратиш дегани экан. Ҳа, журналистика оламида мақолани таҳрир қилишдек мураккаб ва нозик юмуш йўқ  десам ишонаверинг.

Минг шукрки, мен каби мухбирларнинг бахтига бугун  Аъзамжон аканинг ўрнида унга муносиб ворис Абдужалил ака ўтирибди. Узтознинг у ер бу ерига қалам теккизиб,баъзи сатрларини ўчириб ташлаган мақолаларимни қайта ўқиб, хатоларимни тан олиб барибир ғўр эканман,   дея ўзимни койиб қўяман.

Бир куни болалар шифохонасидан “тўшакдай” мақола ёзиб келибман. Устозларимдан бири, ўткир қаламли журналист Маҳфуза опа Усмонова мақолани  ўқиб кўриб ўша заҳоти қўлимга қайтариб берган. Бемор болалар ҳақида  ўзингиз ҳам оғриб ёзинг-да, деганлари эсимдан чиқмайди.

Устознинг ўзи сарлавҳа кашфиётчиси эди. “Ғалаба қилишинг шарт эди, юрак”, ”Онажон Каъбам ўзингиз”, “Бўронларда бордек ҳаловат”, “Ҳидинг нондек ширин, пахта”,  “Ҳайратни билмаган одамлар шўрли”, каби мақолаларининг сарлавҳасиёқ ўқувчини ўзига тортарди. Ҳар бир бир мақоласида публицистик руҳ, пафос, аччиқ ҳақиқатнинг тиниқ чашмалари ифода топарди.

Устоз ниҳоятда кўп китоб ўқирди. Столи устида ҳамиша уч-тўртта китоб турарди. Китоблардан олган таассуротлари сўз бўлиб қуйилиб келарди. Бир зарбда ўтириб каттагина мақолани қоралаб қўярди. Баёнчилик,  сийқаси чиққан жумлалардан қочар, воқеликнинг оригинал ечимини топқирлик билан ифодалай оларди. Мақоланинг ибтидосиёқ газетхоннинг юрагини “жиз” эткизарди.

Мен юқорида номларини тилга олиб ўтган узтозлардан ташқари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар Дониёр Эргашев, Абдужаббор Ҳусанов,  алп журналист  Воғиз Музаффаров, Иброҳимжон Ашуров, Ҳафиза Саляҳова, Содиқжон Сайфуддинов, Машрабжон Саримсоқов каби устоз ҳамкасбларимдан фаолиятимизнинг нозик сир-асрорларини, ҳаётий тажрибаларни ўргандим.

Гоҳида газетачиликда бирор муаммо туғилиб қолса бир зумда олдимдан оққан дарёлар-устозларим кўз ўнгимдан ўтадилар. Хўш улар бундай вазиятда қандай йўл тутган бўлардилар, дея ўзимга савол бераман. Гоҳида эса кўнглимда бир армон бўй чўзаётганини сезаман. Устозларни қадрига етиш деганда уларни ҳамиша эъзоз ва икром қилишни тушунмаслик керак экан. Балки улардан кўпроқ сабоқ олиш, айтганларига амал қилиб яшаш ва улар каби ҳаётни севиш ва қадрлаш зарур экан.

Айтган сўзини қайтиб олмайдиган, донишманд, сермулоҳаза, касбини ардоқлаган, эзгу сўзи, ҳассос қалби, беминнат ёрдами билан дарёларга айланган устозларимга умрим борича таъзимдаман.