Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 102 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


Сайёр қабуллар: ҲЕЧ БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛМАСЛИГИ КЕРАК

×

 2017-12-19 11:58:02    84

PDF юклаш
Чоп этиш


ҲЕЧ БИР МУРОЖААТ ЭЪТИБОРСИЗ ҚОЛМАСЛИГИ КЕРАК

зеро, уларда инсон тақдири ва манфаатлари бор.

Жорий йилнинг 14-15 декабрь кунлари вилоятимизда “Суд, ҳуқуқ-тартибот ва назорат органлари фаолиятида коррупция ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилишга қарши кураш, адолатли жамият қуришда фуқароларнинг  қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш муаммолари” мавзусида аҳоли билан учрашувлар ташкил этилди.

Вазирлик, давлат идоралари раҳбарлари шаҳар ва туманларимизда аҳоли билан сайёр қабулларни ўтказдилар.

Учкўприк туманидаги транспорт коллежи биносида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг ўринбосари Эркабай Таджиев фуқароларни қабул қилди.

Мулоқотларда Бағдод, Бешариқ, Бувайда, Данғара, Риштон, Фурқат, Ўзбекистон туманлари ва Қўқон шаҳрида истиқомат қилувчи ҳамюртларимизнинг аризалари, оғзаки мурожаатлари тингланди.

– Учкўприк туманидаги Сариқўрғон қишлоғи, “Гўзал” маҳалласида истиқомат қилувчи хаста акам Алишер Тошмирзаевнинг собиқ  консерва ишлаб чиқариш корхонаси томонидан берилмаган 3 йиллик иш ҳақини ундириб бериш масаласидаги мурожаат билан бош прокурорнинг ўринбосарига юзланмоқчиман, – дейди фуқаро Фотима Тошмирзаева. – Ўйлайманки, бу муаммо ижобий ечимини топади.

Учкўприк туманидаги Юқори дашт қишлоғида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Абдукарим Абдураҳимов катта йўлдан ўтган темирйўл кесишмаси туфайли қишлоқ аҳлига қийинчилик туғилаётгани, бу ерга маош оладиган назоратчи ўрнатиш  зарурлиги ҳақидаги мурожаат билан сайёр қабулда бўлди.

–Шу тумандаги Момочор қишлоғи,“Оқ-сув” маҳалла фуқаролар йиғинида 390 та хўжалик, 2000 га яқин аҳоли яшайди, – дейди Абдусалом Абдулҳақов. – Ҳудудимизда 45-мактаб ҳам жойлашган. Аммо ичимлик суви мавжуд эмаслиги туфайли аҳоли ҳовуз ва анҳорлардан сув ичиб келади. 2014 йилдан бери мазкур масалада қилинаётган мурожаатларимиз ўз ечимини топмаётган эди. Шу муаммони ижобий ҳал қилиш бўйича мурожаат билан келдик.

Учрашувларнинг илк кунида Қўқон ҳудудидан 145 нафар фуқаро Республика Бош прокурорининг ўринбосарига мурожжаат қилиб, 31 та мурожаатга ўрнида жавоб топилди.

Худди шундай самимий суҳбатлар Фарғона шаҳридаги “Тадбиркорлар маркази”да ҳам бўлиб ўтди.

–Хонадонимизда 3 та хўжалик, 10 нафар киши яшайди, – дейди Марғилон шаҳридаги “Чорчинор” МФЙ, “Бозорбоши” кўчасида истиқомат қилувчи Каримахон Ҳолиқова. –1980 йилда туғилган кенжа фарзандимни уйлай олганим йўқ, икки нафар неварам ҳам уйланадиган. Шаҳримиздаги арзон уй-жойлардан ажратилишини сўраб Бош прокурорнинг ўринбосарига мурожаат қилдик.

Учкўприк туманидаги 20-болалар мусиқа ва санъат мактаби биносида Республика Олий  суди раиси Козимжон  Комилов ва масъул ходимлар билан учрашув, суҳбатлар бўлиб ўтди.

 Бу ерда ҳам Қўқон ҳудуди туманлари ва шаҳар аҳолиси қатнашди.

Адвокат  Мансуржон Аҳмадалиев қўқонлик Алишер Арслоновга сунъий айб қўйилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 273-моддаси 5-қисми 2 марта қўлланилганлиги юзасидан норозилик акс этган шикоят билан келган.

Мижозим 26 ёшда, унга 11 йил озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган. Ҳақиқат ва адолат қарор топишидан унинг оиласи, онаси, турмуш ўртоғи жуда умидвор, – дейди А.Арслоновнинг адвокати Мансуржон Аҳмадалиев. –Олий суд раиси бизни шахсан ўзи қабул қилиб, агар қонун бузилиши содир этилганлиги аниқланса, А.Арслоновга қўйилган иккинчи айблов олиб ташланишини айтди.

Қабулнинг биринчи кунида Республика Олий суди раиси ва судьялари 119 нафар фуқаронинг 102 та мурожаати билан танишиб чиқдилар. Улардан 79 таси жойида ҳал этилиб, аҳолига тушинтиришлар берилди. 23 та ариза эса кўриб чиқиш учун қабул қилинди.

15 декабрь куни Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши биносида Республика Олий  суди раиси ва Олий суднинг судьялари иштирокида очиқ мулоқотлар давом этди.

Мурожаатчиларнинг жиноят ишлари, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судга оид аризалари билан танишиб чиқилди.

Олтиариқлик 60 ёшли аёл маст эридан ўзини ҳимоя қилиш чоғида ўзи хоҳламаган жиноятни содир этган, –дейди Олтиариқ тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Муҳаббат Турдиматова. –Ҳозир суд ҳукми кутиляпти. Бу ҳолат ўрганиб чиқилиб, беш фарзанди, 13 нафар набираси бор онахонни кафилликка оляпмиз. Унга нисбатан енгиллик берилишини жуда хоҳлаймиз. 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-майор Пўлат Бобожонов иштирокидаги сайёр қабуллар эса Учкўприк саноат касб-ҳунар коллежида ташкил қилинди.

–14 декабрь куни 202 нафар фуқаро Ички ишлар вазири қабулида бўлди, –дейди Бошқарма жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, иш юритиш бўлими ўринбосари, майор Алишер Шерматов. –Мурожаатларнинг аксарият қисми уй-жой, моддий ёрдам ажратилиши, соғлиқни сақлаш, бандлик, иш ҳақи, тадбиркорлик, электр-энергия, сув, газ, кўмир масалалари бўйича, шунингдек, раҳбар ходимлар хатти-ҳаракати устидан, ҳуқуқий ва суд идораларидан норозилик кайфиятидаги, судланганликни олиш тўғрисидаги, маиший муаммолар, объектлар, йўл ва асфальт қуриш, таълим соҳасига оиддир. Ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолмаяпти. Муаммаларнинг жойларнинг ўзида ҳал қилиниб, ўрнида ечим топилаётганлиги сайёр қабулларнинг амалий натижасидир.

–Қумариқ қишлоғида тадбиркорлик билан шуғулланаётган ўғлим Холбек Раҳимжоновга умумий ер майдони 200.0 кв.метрдан иборат бино фойдаланиш ҳуқуқи асосида ўтказиб берилган, аммо айрим одамларнинг тўсиқлари билан у бинодан фойдалана олмаяпти. Агар мурожаатим ижобий ечим топса, дурадгорлик устахонасини кенгайтириш ва қўшимча иш ўрни яратиш имкони туғилган бўларди, –дейди фуқаро Ҳамида Исақова.

Кеча Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов “Водийгазтаъминот” биносида   Фарғона ҳудуди туман ва шаҳарлар аҳолисини қабул қилди.

Бобур Жабборов жорий йилда Фарғона политехника институтига тўлов шартнома асосида ўқишга кирган. Тўловни ўз вақтида  тўлай олмагани сабабли шартнома бекор қилинган. Учрашувда Б.Жабборов ўз мурожаати орқали ўқишни давом эттириш истагини билдирган. Унинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

       Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят Кенгаши биносидаги  аҳоли билан мулоқотда Республика Давлат Божхона қўмитаси раиси ўринбосари М.Салиев иштирок этди.

        – Фарғона туманидаги Оқтепа қишлоғида истиқомат қиламан. Мақсадим юртимиз равнақи учун қўлимдан келганича ишлаб ўз ҳиссамни қўшиш. Бугунги мулоқот жараёнида ўз мутахассислигим бўйида давлатимиз идораларидан бирига ишга жойлашиш истагимни билдирдим ва бу мурожаатим ижобий ҳал бўлади, деган умиддаман, – дейди Давронбек Ҳакимов.

       Марғилон шаҳрида ҳам суд, ҳуқуқ-тартибот органлари вакиллари билан учрашувлар ташкил қилинди.

Шаҳардаги маданият ва аҳоли дам олиш марказида ўтказилган учрашувда Марғилон шаҳри, Қўштепа, Тошлоқ, Ёзёвон туманларидан келган фуқаролар Давлат солиқ қўмитаси бошлиғи Ботир Парпиев билан мулоқотда бўлдилар.

– Момиқ маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимизни экспортга ҳам йўналтирганмиз, – дейди Марғилон шаҳридаги “Турон водий текс” МЧЖ раҳбари Абдусамад Маърупов. – Фаолиятимизни янада ривожлантириш учун “Асакабанк”нинг шаҳар филиалидан кредит сўраб мурожаат қилган эдик. Лекин ҳалигача мурожаатим ҳал этилмаётганди. Бугунги учрашувда қатнашиб, адашмаган эканман. Қисқа вақтда жамиятимизга кредит ажратиб бериладиган бўлди.

– Шаҳарда аҳолига транспорт кўрсатиш фаолияти билан шуғулланамиз. Банкдан маблағ олиш учун ҳаракат қилдик. Лекин кредитлар фоизининг юқорилиги бизни ўйлантириб келаётган эди, – дейди “Йўловчи уюшмаси” МЧЖ таъсисчиси Маъруфжон Турғунов. – Пасайтирилган фоиз билан кредитлар ажратиладиган бўлди. Бу сармояга янги автобуслар сотиб олишни мақсад қилганмиз. Янги иш ўринларини яратамиз.

Марғилондаги 10-болалар мусиқа ва санъат мактабида бўлиб ўтган учрашувда юртдошларимиз Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири Русланбек Давлетов билан юзма-юз мулоқот қилдилар. Унда таълим тизими, коммунал соҳалар, меҳнат муҳофазаси, тадбиркорлик, судларда фуқаролик ишлари, бандлик ва бошқа йўналишларга оид муаммолар таҳлил этилиб, ҳал этишга йўналтирилди.

– 2015 йилда Марғилон 1-тиббиёт коллежини ҳамширалик иши мутахассислиги бўйича тамомлаганман. Афсуски, шу давргача ишга жойлаша олмаётгандим, – дейди Қўштепа туманида яшовчи Моҳичеҳра Юсупова. – Адлия вазири билан саимимий мулоқотда бунга ечим топилди. Туманимиз тиббиёт бирлашмасида иш бошлйдиган бўлдим. Ёшларга кўрсатилган эътибордан жуда миннатдорман.

Сайёр қабуллар учун алоҳида миннатдорчилик билдираман, – дейди Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Холбек Юсупов. – Нафақахўрмиз, вақт ва маблағ топиб, пойтахтга ўз масаламиз билан боришимиз қийин эди. Мана, суд, ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбарлари, вазирлар одамларни тинглагани келишибди. Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари деб шунга айтамиз-да!

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ ва

Мадаминжон СОЛИЖОНОВлар олган.