Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< Aprel 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
1234567
891011121314
15161718192021
22232425262728
2930     

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 261 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


БИР АСРКИ СЎЗИ ТИРИК, ҚАЛАМИ УЙҒОҚ

×

 2017-12-20 11:30:02    100

PDF юклаш
Чоп этиш


“Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталарининг юз йиллигига бағишланган анжуман вилоятимиз ижодкорларининг чинакам байрами, журналистлар тантанасига айланди

 Миллий матбуотимизга асос солинган дастлабки йилларда “Мақсад ва маслагимиз – халқ манфаатига хизмат этмак” деган эзгу ғоя билан майдонга чиққан маърифатпарвар боболаримизнинг шарафли ишларига тарихнинг ўзи гувоҳ. Истиқлол қуёши  порлаган бугунги кунларда миллат маънавияти дея жонфидолик қилган улуғ аждодларимизнинг муносиб ворислари шаклланиб келаётгани, бошқача қилиб айтганда,  ўзбек журналистикаси том маънода ривожланиш ва дунёга бўйлашиш палласида тургани Ватанимиз ижодкорларини, шубҳасиз, меҳнатсеварлик, фидойилик ва изланувчанлик сари  руҳлантираётир.

Соҳа фидойилари эътироф этганидек, матбуот, шубҳасиз, давр ойнасидир. Йиллар, асрлар ўтар. Аммо газета тахламлари, электрон хотираларда замон нафаси, тарихи қолади. Бундан бир аср муқаддам юртимиз газетачилик тарихида дастлабки нашрлари олам юзини кўрган газеталар бугун “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” номи билан ўзининг юз йиллик салобатини кашф этиб турибди.

Фарғона шаҳридаги “Фармуз” мажмуасида вилоят ҳокимлигининг бош нашрлари  “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталарининг чиқа бошлаганига юз йил тўлиши муносабати билан ташкил этилган байрам тадбири вилоятимиз ижодкорларининг қутлуғ тантаналари билан уйғунлашиб кетди.

Анжуманга фахрий ижодкорлар, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар ҳамда асрга тенгдош газеталар таҳририятларининг ходимлари таклиф этилдилар.

Вилоят ахборот-кутубхона маркази томонидан мажмуа фойесида “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталари 100 ёшда” номли кўргазма ташкил этилди. Мажмуа марказига ўрнатилган экранда вилоят телерадиокомпанияси томонидан тайёрланган видеороликлар намойиш қилинди. Уларда отахон газеталар тарихининг ёрқин саҳифалари, таниқли устоз ижодкорлар, фахрий журналистлар ҳаёти,  ижодий фаолияти, таҳририят жамоалари эришган  ютуқ ва муваффақиятлар, шунингдек, Фарғона матбуотининг бугунги қиёфаси акс этди.

Тантанали тадбирда вилоят ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Шуҳрат Ғаниев иштирок этиб, ижод аҳлини яқинлашиб келаётган Янги йил байрами ва отахон газеталарнинг юз йиллик тўйи билан самимий қутлади. Ижодкор меҳнатининг нақадар машаққатли ва масъулиятли экани, оммавий ахборот воситалари жамият ҳаётида муҳим ўрин тутиши, матбуот фидойиларининг ижодий ишлари халқимиз, айниқса, ёш авлод маънавиятини шакллантиришга хизмат қилишини эътироф этди.

 Вилоят раҳбари Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси ва Ўзбекистон  Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимларига енгил автомобиль калитларини тантанали равишда топширди.

Фарғона журналистикаси ва адабиётининг илғор вакиллари, “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталарининг фахрий ижодкорлари, устозлар ва ёш журналистлар, таҳририятлар ходимлари вилоят ҳокимлигининг “Ташаккурнома”си, “Фахрий ёрлиқ”и ва пул мукофотлари билан тақдирланишди. Ижодга, қалам аҳлига кўрсатилган юксак ишонч, рағбат ва ғамхўрлик Ватан манфаати, халқ фаровонлиги, мустақиллик ғояларига садоқат йўлида шарафли вазифаларни адо этаётган ижодкор-журналистларга қаратилган   алоҳида эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Эътироф ва рағбатдан миннатдор юракларнинг акс-садоси, дил сўзлари тилларга кўчди.

– Фарғона матбуотининг кўзгусига айланган,  бир асрки бағрида ижод булоғи қайнаб, қанчадан-қанча улуғ инсонларга устозлик қилган отахон газеталар – “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталари бугун ўзининг қутлуғ тўйини вилоят ҳокимлиги бошчилигида тантана қилаётгани барчани, айниқса, биз каби фахрий журналистларни ғоят тўлқинлантириб юборди , – дейди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Дониёр Эргашев. – Узоқ йиллар матбуот билан ҳамнафас яшадик, газетачилик тарихидаги қийинчиликларни, синовларни ва муваффақиятларни ҳам кўрдик. Айни дақиқаларда Фарғона журналистикасини ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган эътибор ва шунга жавобан соҳа фидойилари, қалби қайноқ ёш журналистларнинг сафи кенгайиб бораётганидан  ҳар қанча қувонсак арзийди.

Тантанада сўз олган Ўзбекистон халқ шоири Анвар Обиджон, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси  вилоят бўлими раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Энахон Сиддиқова, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Муҳаммаджон Обидов, “Тоҳир-Бағдод” телевидениеси раҳбари Тоҳиржон Ҳамроқулов, сўхлик ижодкор Али Муҳаммадхон Пўлодий, “Қува ҳаёти” газетаси бош муҳаррири, шоира Зухро Алиевалар қутлуғ тантана билан ижодкорларни қутлаб, ўзининг юз йиллик бўй-басти, миллий матбуотимиз ривожига қўшаётган муносиб ҳиссаси, ўзига хос маҳорат мактаби билан обрў қозониб келаётган  “Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталарининг шарафли фаолиятига зафарлар тилашди.

-Республикамизда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига алоҳида ишонч билдирилаётгани, уларнинг машаққатли  меҳнати, таъсирчан сўзи  ва ижодий маҳоратига юксак баҳо берилаётгани барча фарғоналик журналистларни янада уйғоқ ва шижоаткор бўлишга, ҳамиша эл-юрт манфаатини ўйлаб яшашга ундаши шубҳасиз, – дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Сайдали Одилов. – Бугунгидай эзгу тадбирлар журналист деган олижаноб касб эгалари, маҳоратли ёзувчи ва шоирларни доимо ҳаётнинг қайноқ нуқталарига, том маънода халқ қалбига кириб боришга руҳлантиради. “Фарғона ҳақиқати” газетаси таҳририятининг 2012 йилда “Олтин қалам” Миллий мукофоти учун халқаро танловининг Бош мукофотини қўлга киритгани, айниқса, мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллиги арафасида таҳририят бўлим мудири Маъмура Абдураҳимованинг “Дўстлик” ордени билан тақдирлангани газета тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилди. Қолаверса, бугун қутлуғ даргоҳдан етишиб чиққан устозларига чексиз ҳурмат ва ҳавас ҳисси билан меҳнат қилаётган ёш ижодкорларнинг изланувчанлиги ҳам эътирофга лойиқ.

Байрам тадбирини ташкиллаш ва ҳар томонлама ёдда қоларли тарзда ўтказиш ишларига бош-қош бўлган вилоят ҳокимлигига тантана иштирокчиларининг чуқур миннатдорчилиги етказилди.

Республикамиз ва вилоятимизнинг таниқли хонандалари, ёш ижрочилар томонидан тақдим этилган мусиқий дастурлар кечага алоҳида файз ва кўтаринкилик бағишлади. Ботир Қодиров, Отабек Муҳаммадзоҳид, Шерали Раҳмонов, Иззатбек Қўқонов, Муҳаррам Муродова, Сарвиноз Камолова, Сайёда Нортожиеваларнинг дилбар куй-қўшиқлари, “Наво” ансамбли, “Севинч” рақс дастасининг чиқишлари байрам иштирокчиларини жўшқин рақсларга чорлади.

Бир асрки сўзи тирик, бир асрки қалами уйғоқ ижодхонанинг нури мудом эл кўнгли, газетхонлар қалбини  маънавият ва маърифат, эзгулик ва яхшилик ёлқини билан безашига ишонч билдирилди. Асрга тенгдош газеталарга халқ минбари, деган юксак номга муносиблик, яна кўплаб матбуот фидойиларини тарбияламоқлик ва албатта, юртимиз, Ватанимиз ишончи, меҳр-у эҳтиромидан баҳрамандлик толейи насиб этсин!

 

 

Соҳиба АБДУРАҲМОНОВА,

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА,

“Фарғона ҳақиқати” махсус мухбирлари.

Суратларни Шерзод ҚОРАБОЕВ олган.