Шрифт ўлчами Ранг Расм

ВИРТУАЛ ҚАБУЛХОНА

ИНТЕРАКТИВ ХИЗМАТЛАР

НОРМАТИВ ХУЖЖАТЛАР

Очиқ маълумотлар (бюджет)

ОЧИҚ МАЪЛУМОТЛАР

Фарғона вилояти ҳокими
Бозаров Хайрулло Хайитбаевич

Ижтимоий тармоқлар

Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида ажратиладиган имтиёзли кредит ҳисобидан фуқароларга маҳсулот етказиб берувчи таъминотчи корхоналарнинг рўйхати
<< May 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
  12345
6789101112
13141516171819
20212223242526
2728293031  

.

.

Фарғона вилояти инвестицион салоҳияти

Сайтни бахолаш




Янгиликларга обуна бўлиш

Ҳозир сайтда 34 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
Ишонч телефонига берилган бахолар


Медиалагер. ЎЗБЕК ЖУРНАЛИСТИКАСИНИНГ ЮКСАК ИСТИҚБОЛИ

×

 2017-12-27 17:15:08    79

PDF юклаш
Чоп этиш


Вилоятимизда 17-24 декабрь  кунлари республика журналистларининг VII анъанавий Чимён ўқув- медиалагери бўлиб ўтди

 Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа  институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди, Фарғона вилоят ҳокимлиги, республика товар ҳом ашё биржаси, Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда “Ҳаракатлар стратегияси: ислоҳотлар жараёни ва оммавий ахборот  воситалари” мавзусида ташкил этилган медиалагер республикамизнинг 8 та вилоятидан ташриф буюрган журналистларни гўзал ва бетакрор Фарғона заминига чорлади.

Меҳмонларни тантанали кутиб олиш маросимидан сўнг медиалагер иштирокчилари буюк аллома Аҳмад ал-Фарғоний ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов, “Ўзбекистон овози” газетаси муҳаррири Сафар Остонов, уюшманинг вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов ва медиалагер қатнашчилари иштирок этган тадбир ижод аҳлининг улуғ аждодларимизга бўлган эҳтироми рамзи бўлди.

Шундан сўнг медиалагер қатнашчилари Фарғона ўлкашунослик музейида ташкил этилган фотожурналистлар Шамсиддин Қорабоев ва Муқимжон Қодировларнинг “Лаҳзада ҳаёт манзаралари” номли  ижодий кўргазмаси очилиш маросимида иштирок этишди.

Фарғона вилоят ҳокимлигида республикамизнинг 100 дан зиёд журналистлари ташрифи муносабати билан қабул маросими бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят ҳокими ўринбосари Илҳомжон Носиров жамиятимизда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва аҳамияти, журналистнинг таъсирчан сўзи, халқимиз маънавиятини юксалтириш, инсонлар қалбида юксак ислоҳотларга, Ватан тақдирига дахлдорлик ҳисси, она юртга садоқат ва муҳаббат туйғуларини жўш урдиришга хизмат қилишини эътироф этди ва медиалагер ишига муваффақиятлар тилади.

Республикамиз вилоятларидан ташриф буюрган журналистлар юз йиллик тўйини нишонлаган вилоят ҳокимлигининг бош нашрлари  -“Фарғона ҳақиқати” ва “Ферганская правда” газеталарини қутлуғ сана билан қутладилар ва таҳририятларга табрикнома, эсдалик совғаларини топширишди. Фарғона вилояти ҳокими Ш.Ғаниевга вилоятда ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, оммавий ахборот воситалари фаолиятини янада ривожлантиришга қаратган алоҳида эътибори учун Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг “Ташаккурнома”си тақдим этилди.

Медиалагер қатнашчилари Қувасой шаҳридаги “Кварц” акционерлик жамияти бўлдилар. Фарғона шаҳрида қад ростлаган мустақиллик иншоотлари, амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, ҳудуддаги янгиланишлар билан яқиндан танишдилар, фарғоналик фахрий журналистлар ҳолидан  хабар олинди.

Фарғона туманидаги “Чимён” сиҳатгоҳида ўқув семинари очилди. Медиалагернинг асосий мақсад-вазифалари, дастури ҳақида маълумотлар берилди. Суҳбат ва мулоқотларда миллий журналистикамизнинг бугунги қиёфаси, ютуқ ва камчиликлари сарҳисоб қилиниб, оммавий ахборот воситалари олдида турган муҳим вазифалар ўртага ташланди. Ўзбекис­тон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб, халқимизнинг турмуш фаровонлигини янада яхшилаш ва мамлакатимиз тараққиётини янги бос­қичга кўтаришда жамият ҳаётининг барча соҳаларида юз бераётган туб ўзгаришлар аҳоли манфаатларига хизмат қилаётгани, ислоҳотлар одамларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш билан бирга, тафаккурини ҳам ўзгартираётганига алоҳида урғу берилди. Таъкидланганидек, ислоҳотлар жараёнида ОАВлар ролини оширишга қаратилган ишлар кўламини кенгайтириш эса ғоят муҳимдир.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси раиси Саъдулла Ҳакимов “Ўзбек матбуоти  олдидаги долзарб вазифалар ва журналист масъулияти” ҳақида сўз юритди. Шунингдек,  “Америка овози” радиоси мухбири Навбаҳор Имомованинг “Ташқаридан назар: таҳлил ва таклиф” мавзусидаги видеомаърузаси тингланди. Мавзулар юзасидан қилинган савол-жавоблар, мунозараларда  бугунги замон журналисти масъулиятига атрофлича  тўхталди.

Самарқанд вилояти ҳокимлигининг “Зарафшон” газетаси тақдимоти мазкур нашр фаолияти, унинг ўзига хос анъаналари, эришган ютуқлари хусусида батафсил маълумот олиш имконини яратди.

Сиёсатшунослик фанлари доктори, “Халқаро пресс клуб” раҳбари Шерзодхон Қудратхўжаев томонидан “Матбуотда очиқлик, ошкоралик, ҳозиржавобликнинг ўрни ва аҳамияти” мавзусида тайёрланган видеомаъруза иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Туркиянинг “Анадўли” ахборот агентлиги Ўзбекистондаги мухбири Бахтиёр Абдукаримовнинг ўзбек журналистикаси истиқболи хусусидаги мулоҳазалари,  шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё  ҳамда Самарқанд вилоятининг Жонбой туманлари газеталарининг тақдимоти ҳар бир журналистни ўз фаолияти, ижодий салоҳиятини танқидий таҳлил қилишга ундади.

“Озодлик” радиоси мухбири Сарвар Усмоннинг Ўзбекистонда ахборотларни кенг оммага етказиш бўйича журналист маҳоратини ўстиришга оид видеоролик орқали йўллаган таклиф ва мулоҳазалари тингланди. Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Муҳаммаджон Обидов  “Журналистикада ахборот йиғиш, мавзунинг туғилиши ва мақола тақдири” мавзусидаги маърузасида бугунги кун журналистида мавзу танлаш ва унга индивидуал, ижодий ёндашиш маҳоратини шакллантириш каби масалаларни таҳлил қилди.

Қўштепа тумани ҳокимлиги муассислигидаги “Истиқбол йўли” газетасининг  тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

-Фарғоналик ҳамкасбларимизнинг журналистик маҳорати, соҳа ривожи йўлидаги изланишлари, албатта, эътирофга лойиқ, – дейди  Самарқанд вилояти ҳокимлигининг “Зарафшон” газетаси муҳаррир ўринбосари Ғолиб Ҳасанов. –Бироқ бугунги тезкор ахборотлашган замон, маънавий таҳдидлар, айниқса, уларга қарши жиддий курашда журналист аҳли лоқайд бўлишга ҳаққи йўқ эканлигини, қолаверса, мамлакатимизда амалга оширилаётган эзгу  ислоҳотлар жараёнида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўз масъулиятини теран ҳис этиши лозимлигини унутмаслигимиз керак.

Ўқув семинарида Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультети доценти Аҳмаджон Мелибоевнинг “Ҳаракатлар стратегияси –Ўзбекистон танлаган йўлнинг мантиқий давоми” номли маърузаси журналистларни бугунги  ислоҳотлар жараёнининг фаол, ташаббускор ва фидойи иштирокчиси бўлишга руҳлантирди. “БиБиСи” радиоси мухбири Паҳлавон Содиқ, “Дунё ўзбеклари” интернет газетасининг муҳаррири Исмат Хушевнинг “Ташқаридан назар: таҳлил ва таклиф” мавзусидаги видеомулоҳазалари тингланиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

VII анъанавий Чимён медиалагери журналистлар учун чинакам маҳорат мактаби, замонавий ўзбек журналистикаси юксак истиқболини белгилайдиган ижодий жараёнларнинг илҳомбахш манбаига айланди. 

 

Соҳиба АБДУРАҲМОНОВА,

Дилнавоз ҚЎЛДОШЕВА,

“Фарғона ҳақиқати” махсус мухбирлари.

Шерзод ҚОРАБОЕВ олган сурат.