Фарғона ва Омск вилоятлари ўртасида ҳамкорлик янги босқичда давом этади








Фарғона ва Омск вилоятлари ўртасида ҳамкорлик янги босқичда давом этади
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Россия Федерациясининг Омск вилоятида бўлди. Ташриф доирасида Фарғона делегациясининг Омск вилояти ҳукумати расмийлари билан учрашуви ташкил этилди.
Мулоқотда таълим, туризм, саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти, аҳоли бандлиги каби муҳим йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
Мазкур ташриф икки ҳудуд ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий, маданий ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш йўлида муҳим қадам бўлгани эътироф этилди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугунги кунда Ўзбекистон - Россия муносабатлари янги босқич – кўпқиррали стратегик иттифоқчилик ва ишончли ҳамкорлик даражасига кўтарилганини қайд этиб, ҳудудлараро алоқалар фаоллашаётганини билдирди. Вилоятимизда Россия Федерацияси билан ҳамкорликда 122 та корхона фаолият олиб бораётгани, ўтган йилда 26 та лойиҳа амалга оширилиб, 113 млн долларлик тўғридан-тўғри инвестиция жалб этилганини маълум қилди.
Мазкур йўналишдаги ишлар янги босқичда давом этишини билдириб, икки ҳудуд ўртасида савдо-иқтисодий қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, туризм, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти, IT, тиббиёт каби йўналишларда ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига эътибор қаратди. Икки вилоятнинг Савдо-саноат палаталари ўртасида доимий кўргазма-ярмаркалар, форумлар ва ҳунармандчилик тадбирларини ташкил этиш, омсклик тадбиркорларни Фарғонага бориб, иқтисодий-инвестициявий имкониятлар билан танишиш, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга оширишни таклиф қилди.
Мулоқотда Омск ва Фарғонадаги олий ўқув юртлари ўртасида дуал таълимни йўлга қўйиш, тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш, талабаларга юқори даражадаги билим ва амалий тажриба олиш имконини яратиш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Мазкур учрашувда видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этган Омск вилояти губернатори Виталий Хоценко икки ҳудуд ҳамкорлигини янада ривожлантиришни, қўшма дастур ва лойиҳалар амалга оширилишини билдирди.
Тақдимотлар давомида ҳар икки ҳудуднинг мавжуд салоҳияти ва имкониятлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди. Ҳамкорликда янги лойиҳаларни бошлаш, ишларни жадаллаштиришга келишиб олинди.
Шунингдек, тадбирлар доирасида бизнес вакиллари билан ҳам самимий мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда Россия Федерациясининг иқтисодий ривожлантириш вазири ўринбосари Дмитрий Вольвач ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов иштирок этди.
Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!
Tavsiya etamiz
Tavsiya etamiz

Учрашувлар самарали бўлди

Урумчи шаҳрида Фарғона вилояти ҳамда Шинжон-Уйғур автоном районининг 200 дан зиёд ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди

Хушхабар: Фарғонадан Урумчига авиақатнов йўлга қўйилди

Шинжонлик тадбиркорлар Фарғонага инвестиция киритишга катта қизиқиш билдирмоқда

Фарғона вилояти ҳамда Хитойнинг Шинжон-Уйғур автоном райони ўртасида кўп томонлама ҳудудлараро ҳамкорлик йўлга қўйилмоқда

Фарғона вилояти делегацияси Омск вилоятидаги илғор ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишдилар