Немис ишбилармонлари билан Фарғонада истиқболли лойиҳалар амалга оширилади





Немис ишбилармонлари билан Фарғонада истиқболли лойиҳалар амалга оширилади Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Берлин шаҳрида олиб бораётган учрашувлари давомида Германиялик тадбиркорларнинг Фарғона вилоятида бизнес юритишга бўлган қизиқиши ортиб бормоқда. Бир қатор истиқболли лойиҳалар бўйича амалий келишувларга эришилгани бунга яққол мисолдир. Хусусан, “Waltec Maschinenbau” компанияси раҳбари Петер Райх билан Фарғонада юқори сифатли шиша маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича музокаралар ўтказилди. “Waltec Maschinenbau” — Германиянинг машҳур автоматлаштирилган шиша ишлаб чиқариш технологиялари бўйича ускуна ва линиялар яратувчи компанияси ҳисобланади. У 50 дан ортиқ мамлакатда амалга оширилган лойиҳалар ва ишончли ҳамкорлик тажрибасига эга. Учрашув якунида жорий йил июль ойи охирида компания вакиллари Фарғонага ташриф буюриб, лойиҳа бўйича зарур ҳужжатларни расмийлаштиришни бошлашга келишиб олинди. Шунингдек, “Munich Carpet Manufactory” компанияси раҳбари Мартин Гребенер билан бўлиб ўтган музокарада гиламчилик йўналишида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Суҳбатда Фарғонада миллий ҳунармандчилик, айниқса, қўлда тўқилган ипак гиламлари кенг тарқалгани ва машҳур эканлиги таъкидланди. Замонавий технология ва дизайн асосида Европа бозорида ўз ўрнига эга бўладиган гилам маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!
Tavsiya etamiz
Tavsiya etamiz

Берлин шаҳрида Фарғона-Германия бизнес форуми бўлиб ўтди

Фарғонада Германия меҳнат бозори учун малакали мутахассислар тайёрланади



Фарғоналик ёшлар касбга ўқитилиб, Германияда ишлаши мумкин