Марғилон шаҳрида “Янги Ўзбекистон” массиви ҳамда Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий туризм марказининг қурилиш ишлари давом этмоқда







Айни кунларда Марғилон шаҳрида “Янги Ўзбекистон” массиви ҳамда Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий туризм марказининг қурилиш ишлари давом этмоқда. Бу ерда кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий объектлар, мажмуада эса сунъий кўл ва мусиқали фаввора, мақом театри, Бурҳониддин Марғиноний илмий-тадқиқот маркази, музей, Отабек ва Кумуш уйи, савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуалари, меҳмонхоналар, Ҳунармандчилик маркази қурилмоқда. Электр, ичимлик суви, табиий газ таъминоти, автомобиль ва ички йўллар барпо этилмоқда. Бугун вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бу ерда бўлиб, қурилиш жараёнини кўздан кечирди, масъулларга амалга ошириладиган аниқ вазифаларни белгилаб берди. Қурувчилар, мутасадди ташкилотлар раҳбарларига ҳар бир объектнинг қурилиш ишларини жадаллаштириш, ишларни тизимли ташкил қилиш борасида топшириқлар берилди. Лойиҳаларга масъуллар бириктирилди. “Янги Ўзбекистон” массивида 15 та 12, 14 ва 16 қаватли уйларнинг қурилиши бошланган. Шунингдек, бу ерда мактаб, боғча ва бошқа иншоотлар бунёд этилади. Вилоят раҳбари янги массивдаги уй-жойлар замонавий архитектура талаблари асосида қурилиши, аҳоли учун зарур қулайликлар яратилиши, яшил ҳудудларни кўпайтириш лозимлигини таъкидлади. Эндиликда бу ердаги штабларда кунлик қурилиш ишлари муҳокама қилиб борилади.
Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!