Фарғонада “кумуш тола” – пилла терими бошланди







Ёзёвон тумани пиллакорлари мамлакатимизда биринчилардан бўлиб жорий йилги чилги ҳосили – “кумуш тола”ни йиғиб олишга киришди. Дастлабки пилла ҳосилини йиғиб олиш жараёнида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров иштирок этди. Туманда 2 минг 145 қути ипак қурти парваришланиб, 129 тонна ҳосил етиштириш мақсад қилинган. Бунинг учун 900 дан ортиқ ипак боқувчи оилалар билан ички шартномалар тузилган. Ёзёвонда узоқ йиллар давомида ипак қурти парваришлаб, бу борада кўпчиликка ибрат бўлиб келаётган тажрибали пиллакорлар кўп. “Гастон” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Исроилжон Акбаров оиласи ана шундай тажрибали пиллакорлардан саналади. Мазкур хонадонда 30 йилдан буён ипак қурти парваришланади. Жорий йил ҳам оила аъзолари билан 4 қути ипак қурти парваришлади. Тумандаги пилла териш мавсуми айнан унинг хонадонидан бошланди. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров мазкур хонадонда бўлиб, етиштирилган пилла ҳосилини кўздан кечирди. Оила эгалари билан самимий суҳбатда бўлиб, чилги ҳосилга барака тилади. Мазкур хонадон томорқасида ташкил этилган иссиқхонада шафтоли, картошка, қалампир каби қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириляпти. Вилоят раҳбари оиланинг бу каби ибратли ишларини эътироф этди. Шунингдек, Аъзамжон Ҳакимов, Малоҳатхон Юнусова каби илғор пиллакорларнинг хонадонида ҳам бўлди. Суҳбатда пиллачиликнинг иқтисодий аҳамияти, оилавий даромад манбаи сифатидаги ўрни ва соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганига эътибор қаратилди. Жорий йилда Фарғона вилоятида 46 минг 436 қути ипак қурти парваришланиб, 2 минг 786 тонна пилла етиштирилиши режалаштирилган. Бу мақсадда 4 минг 252 та фермер хўжалиги ва 13 минг 755 нафар касаначи билан шартномалар тузилган. Соҳада 132 минг нафардан зиёд ишсиз аҳолини иш билан таъминлаш кўзда тутилган. Маълумот учун, Фарғонада йилига тўрт мавсумда ипак қурти парвариш қилиниб, ҳар мавсум учун алоҳида режа ва тайёргарлик ишлари амалга оширилиши анъанага айланмоқда. Бугунги кунда эса Ёзёвон тумани билан бир қаторда вилоятнинг бошқа ҳудудларида ҳам пилла терими қизғин тус олмоқда.
Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!
Tavsiya etamiz
Tavsiya etamiz



