Қишлоқ хўжалигида бугунги кунда илғор технологияларни жорий этишга муҳим эътибор қаратилмоқда





Қишлоқ хўжалигида бугунги кунда илғор технологияларни жорий этишга муҳим эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ёзёвон туманида пахта, ғалла, шоли ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда бундан кенг фойдаланиляпти. Айни кунларда Шоличилик илмий-тадқиқот институти билан ҳамкорликда маҳаллий иқлим шароитига мос юқори ҳосилли навларнинг синови олиб борилаётган бўлиб, “Баҳромбек” фермер хўжалигининг 17 гектар майдонида илғор тажриба қўлланиляпти. Кўргазмали кўчатзорлар ташкил қилиниб, ресурстежамкор агротехнологиялар жорий этилади. Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров бугун мазкур жараён билан танишди, амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Шоличилик соҳаси олдида ҳам сувни иқтисод қилиш, кам харажат қилиб кўп даромад олиш, сувсизликка чидамли, маҳаллий иқлим шароитимизга мос янги навлар яратиш, маҳсулот таннархини арзонлаштириш каби вазифалар турганлиги таъкидланди. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, шоличиликда кўчатлаб экиш технологияси туфайли сувни 50 фоизга тежаб қолиш имкони бор. Янги усулдаги шоли етиштириш сув ва бошқа харажатларни камайтириш ва манфаатдорликни оширишга хизмат қилиши айтиб ўтилди. Уруғчилик йўналишидаги “Баҳромбек” фермер хўжалигида 50 гектар майдонда буғдойнинг “Давр” нави агротехник талаблар асосида парваришланмоқда. Вилоят раҳбари ғалла парваришини кўздан кечирди.
Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!