Олтиқўшликлар орзуси ушалди: янги мактаб фойдаланишга топширилди










Олтиқўшликлар орзуси ушалди: янги мактаб фойдаланишга топширилди Бугун Данғара тумани Олтиқўш МФЙда замонавий, барча талабларга жавоб берадиган янги мактаб биносининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов соҳа мутасаддилари, маҳалла аҳли, нуронийлар ва ёшлар иштирок этди. Мактаб қурилиши туман прокурори ташаббуси ва ҳомийлик маблағлари ҳисобига амалга оширилди. Илгари Олтиқўш МФЙда 1972 йилда қурилган, таъмирталаб бўлган ва фақат 100 ўқувчига мўлжалланган 39-сонли мактаб филиали фаолият юритган бўлса, эндиликда ўрнида 2 қаватли, 240 ўқувчига мўлжалланган, замонавий таълим талабларига жавоб берадиган янги 25-умумтаълим мактаби биноси қад ростлади. Мазкур таълим муассасаси фаолият бошлаши натижасида аввал 3 км масофадаги бошқа маҳаллага қатнаб ўқишга мажбур бўлган 180 нафардан зиёд ўқувчи учун қулай ва хавфсиз таълим муҳити яратилди. Бино қурилиши учун жами 5 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди. Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ушбу амалий ишлар Президентимиз ташаббуси билан таълим соҳасини ислоҳ қилиш, замонавий инфратузилмалар ташкил этиш ва ёшларга қулай таълим шароити яратиш борасидаги олиб борилаётган ислоҳотларга елкама-елка туриб, фаоллик кўрсатиш орқали ўзига хос муносиб жавоб бўлгани қайд этилди. - Илм-фанга эътибор қаратиш тараққиётнинг асосий омилидир. Шу боис, Президентимиз ташаббуси билан таълим соҳасини ривожлантириш учун махсус дастурлар ишлаб чиқилиб, катта маблағлар ажратилмоқда. Айниқса, ҳомийлар, ташаббускор фуқаролар ва аҳолининг кўмагида барпо этилаётган мактабларнинг ҳам таълим-тарбиядаги ўрни беқиёс. Бундай эзгу ташаббусларни оммавий ҳаракатга айлантира олсак, жойлардаги кўплаб муаммоларга ижобий ечим топишимиз мумкин, - деди вилоят ҳокими. Маҳалла аҳли номидан сўзга чиққанлар кўп йиллик муаммо ҳал этилиб, янги мактаб қурилгани барчани беҳад мамнун этганлигини билдирди. Рамзий тасма кесилиб, меҳмонлар янги қурилган таълим масканида яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!