Металл панелли радиаторлар энди ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда









Учкўприк туманидаги “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси ҳудудида “Thermo Tech” МЧЖ томонидан металл панелли радиаторлар ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилиб, тантанали равишда фойдаланишга топширилди. Очилиш маросимида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, нуронийлар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар. Тадбиркор Зиёвиддин Юнусов томонидан умумий қиймати 30 миллион долларлик лойиҳа амалга оширилди. Шундан 5 миллион доллари тадбиркорнинг ўз маблағи, 25 миллион доллари эса хорижий инвестиция ҳисобланади. Корхона йилига 900 минг дона панелли радиатор ишлаб чиқариш қувватига эга. Ускуналар Италия ва Туркиядан олиб келинган. Корхона томонидан йилига 600 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиши режалаштирилган ва 300 та иш ўрни яратилган. Тадбирда сўзга чиққан вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган "Қўқон" эркин иқтисодий зонаси тадбиркор ва инвесторларга катта имкониятлар бераётганлигини, бу ерда кўплаб йирик лойиҳалар амалга оширилаётганини таъкидлади. Ушбу лойиҳа вилоят иқтисодиётини мустаҳкамлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва янги иш ўринлари яратишда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди. - Учқўприк туманида кўплаб инвестиция лойиҳалари ишга тушмоқда. Ўйлайманки, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасини битта туман мисолида ҳам кўриш мумкин, - деди вилоят ҳокими ва тадбиркор фаолиятига омад тилади. Рамзий тасма қирқилиб, меҳмонлар корхона фаолияти билан яқиндан танишдилар. Корхонада дастлабки маҳсулотлар синов тариқасида ишлаб чиқарилиб, ички ва ташқи бозорга тахт қилиб қўйилди.
Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!
Tavsiya etamiz
Tavsiya etamiz




Фарғонада меҳнат ярмаркаси ва “Бизнес марафон” тренинг машғулотлари бўлиб ўтди

Фарғонада замонавий пахта териш техникалари йиғилмоқда