Олтиариқ туманида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг сайёр мажлиси бўлиб ўтди










Олтиариқ туманида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигида Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Унда Миллий ва ҳудудий кенгашларнинг аъзолари, сенаторлар, Фарғона вилояти халқ депутатлари туман, шаҳар Кенгашлари депутатлари, вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари, фаоллар ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Йиғилишни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров очиб, мамлакатимизда коррупция ва жиноятчиликка қарши курашиш ишлари мазмун ва сифат жиҳатидан янги босқичга чиқаётганлиги, бу борада вилоятимизда аниқ чора-тадбирлар асосида тизимли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди. Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда 2025 йилнинг биринчи чорагида Сенат томонидан ўтказилган таҳлиллар муҳокама қилиниб, жиноятларнинг профилактикасида муаммо ва камчиликлар ечимига эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди. Жиноятчиликни жиловлашдаги муҳим вазифаларга эътибор қаратилди. Шунингдек, “маҳалла еттилиги” фаолиятида масъулият ва самарадорлик етишмаётгани, хавфли ҳудудлар тўлиқ қамраб олинмагани, айрим маҳаллаларда “йўл хариталари” фақат қоғозда қолиб кетаётгани танқид қилинди. Соҳаларга масъул бўлган раҳбарлар томонидан қайд этилган масалалар юзасидан тушунтиришлар берилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан мутасадди раҳбарларнинг шахсий жавобгарлигини белгилаш, ижро интизомини ошириш ва тегишли раҳбарларга нисбатан интизомий чоралар кўриш тавсия этилди. Шу билан бирга, профилактика ва маҳалла тизимини такомиллаштириш, ёшлар, аёллар ва ишсиз фуқаролар билан манзилли ишлаш бўйича янги, аниқ режа ва ёндашувлар ишлаб чиқилиши лозимлиги қайд этилди. Муҳокама якуни бўйича масъуллар зиммасига тегишли вазифалар юклатилди.
Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!