Вилоятимизда ҳам маҳалла раислари сайлови бошланди






Бугун, 1 май куни мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлганидек, вилоятимизда ҳам маҳалла раислари сайлови бошланди. Ушбу муҳим сиёсий тадбир муносабати билан вилоятимиздаги 1 минг 62 та маҳаллада сайловларни юқори савияда ташкил этиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилди. Маҳалла бугунги кунда халқчил тузилмага айланиб, ваколатлари янада кенгаймоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ташкил этилди. Барча соҳаларда “маҳаллабай” ишлаш усули кенг жорий этилди. Аҳолини иш билан таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, оилаларда тинчлик-тотувлик ва ҳамжиҳатликни тарғиб этиш мақсадида “Маҳалла еттилиги” фаолияти кенг йўлга қўйилди. Бу эса маҳалла раислари ваколати ва масъулиятини янада кенгайтиришда, маҳаллага оид барча ишларни юқори самара билан йўлга қўйишда муҳим омил бўлмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар йиғини раиси сайлови тўғрисида”ги қонунига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг ваколат муддати 5 йилга узайтирилди. Эндиликда илк бор сайловлар янгича демократик тамойиллар асосида, очиқлик ва ошкораликда, фуқароларимизнинг хоҳиш ва иродасини эркин ифода этиш принципларига хос тарзда ўтказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шаҳар ва туманларда бўлиб ўтаётган сайловларда энг муносиб номзодлар маҳалла раиси этиб сайланмоқда. Сайловнинг биринчи куни вилоятимиздаги 23 та МФЙда сайловлар бўлиб ўтди.
Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!