Фарғонада “Тулпор” бренди билан тракторлар ишлаб чиқариш корхонасининг қурилиши бошланди










Фарғонада “Тулпор” бренди билан тракторлар ишлаб чиқариш корхонасининг қурилиши бошланди Қувасой шаҳри Пакана МФЙ ҳудудида жойлашган “Қўқон” эркин иқтисодий зонаси филиалида "FERGHANA TULPOR MACHINERY” МЧЖ томонидан қишлоқ хўжалиги техникаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳасининг қурилиш ишларига киришилди. Шу муносабат билан ўтган тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов, вилоят ИИБ бошлиғи Азизбек Икрамов, шаҳар ҳокимлиги масъуллари, тадбиркорлар, хитойлик инвесторлар иштирок этди. Вилоят ҳокими ўз сўзида бир неча ой олдин Хитойга ташриф давомида мазкур компания раҳбарияти билан музокаралар олиб борилгани, аниқ режалар қилиниб, бугун олдинга қўйилган катта мақсадни амалга ошириш бошланаётганлигини қайд этди. Ўзбекистон билан Хитой ўртасидаги муносабатлар жуда юқори даражада ривож топаётганлиги, бунга икки давлат раҳбарларининг ўзаро дўстона, самимий муносабатлари асос бўлаётганлиги, Хитой инвесторлари учун Ўзбекистонда катта шароит ва имкониятлар бериб келинаётганлиги, уни натижаси сифатида кундан-кунга Хитой бизнесменларининг сони ортиб бораётганлиги таъкидланди. Кейинги йилларда Хитой Ўзбекистоннинг етакчи савдо шерикларидан бирига айлангани, 2024 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 13 млрд доллардан ортгани айтиб ўтилди. Қувасой шаҳрида бошланган навбатдаги лойиҳа ҳам ишончли ҳамкорлик натижаси сифатида эътироф этилди. 7 гектар майдонда бошланган лойиҳа қиймати биринчи босқичда 30 млн долларни ташкил қилади. Кейинги босқичларда янада кенгайиб, уч йилда 300 млнга етказилади. Мазкур корхонани ташкил қилиниши пировардида унинг ёнида кейинчалик эҳтиёт қисмларни ишлаб чиқарувчи қўшимча корхоналар барпо қилиниши айтилди. - Бу ерда йирик машинасозлик мажмуаси барпо этилади. Корхонани ташкил қилиш учун анча вақтдан буён тайёргарлик қилинди. Хитойлик инвесторларимиз билан биргаликда бунга “Тулпор” деган ном бердик, алоҳида дизайнга эга бўлган қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқарилади. Агротехник тадбирларни ҳам амалга оширувчи тракторлар ҳам ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Боғ ораларида ишловчи кичик тракторлардан тортиб 400 от кучига эга бўлган тракторларгача ишлаб чиқаришни режа қилганмиз. Бу техникалар нафақат Ўзбекистон бозорида қолаверса, Марказий Осиё, МДҲ давлатлари, қўшни давлатлар бозорларида ҳам ўз ўрнига эга бўлади, яхши брендга айланади деган умиддамиз, - деди вилоят ҳокими ўз нутқида. Тадбирда хитойлик инвесторлар ҳам сўз олиб, яратилаётган қулайликлар, имкониятлар ва кўмак учун миннатдорчилик билдирдилар. Лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўринлари яратилиши маълум қилинди. Тамал тоши қўйилиб, тантанали тарзда корхона пойдевори қурилишига киришилди. Шу ерда янги корхонада ишлаб чиқариш режалаштирилаётган тракторларнинг илк нумуналари билан танишилди.
Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzating!
Tavsiya etamiz
Tavsiya etamiz

Йирик инвестициявий лойиҳаларга старт берилди.



Фарғонада хитойлик тадбиркорлар иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди